Қайднома

Қидирув

Криштиану Роналду бешинчи «Олтин тўп»ни интизорлик билан кутмоқда

Криштиану Роналду бешинчи «Олтин тўп»ни интизорлик билан кутмоқда

  17.06.2017 04:41
  0
  1683
Криштиану Роналду бешинчи «Олтин тўп»ни интизорлик билан кутмоқда

Криштиану Роналду бешинчи «Олтин тўп»ни кутмоқда. Жамоатчилик эса унга боқиб, тан оляпти: «Ёш - бу шунчаки, рақам, холос». soccer.ru сайти ижодкорлари эса ЧЛ-2016|2017ни рақамлар воситасида тасвирлаб, португалиялик юлдузнинг ўзидангина иборат бўлмаган «Реал»га тасанно ўқимоқдалар...

ЧК|ЧЛнинг 12та кубоги. «Реал» коллекциясидаги клуб футболининг нуфузли соврини 12тага етди. Эътибор беринг, бу «Милан» (7 марта) ва «Барселона» (5 марта)нинг қўшма натижаси билан тенгдир. Ваҳоланки, бу жамоалар ғалабалар сони бўйича «Мадрид»нинг энг яқин таъқибчиси саналади (шунингдек, «Ливерпуль» ва «Бавария» клублари ҳам турнирда 5 мартадан ғолиб чиққан). Хуллас, агар «Реал» яқин йиллар ичида яна бир бора шоҳсупага кўтариладиган бўлса, унда ўтган асрнинг 50-йиллари охиридаги ҳолат такрорланади: ўша вақт президент Сантьяго Бернабеу томонидан йиғилган «Қироллик клуби»га тенг келадиган рақиб йўқ эди. Сиз қандай фикрдасиз, Мадридда эҳтимол, тарихдаги энг қудратли жамоа шаклланаётгандир...

600та гол (фаолият давомида). Криштиану Роналду гол масаласидаги навбатдаги юбилей маррани ЧЛ финалида забт этдики, бунинг замирида катта маъно яшириндек. У охирги 4 йилда 3 марта финал юзини кўрди. Португалиялик катта «босс» - Кришни шундай таърифлаш ҳам асосли! «Спортинг», «МЮ» ва «Реал» клубларида 529 ва мамлакат терма жамоасида 71та аниқ зарба - бу Роналдунинг футбол даҳоси эканлигидан далолат.

503та гол (Европа Чемпионлар Лигасида). «Мадрид» турнир тарихида гол уриш бўйича олтинчи юзталикни майдалай бошлаган биринчи жамоадир. Демак, амалдаги ғолибнинг охирги мавсумнинг ўзида 36та гол ҳосил қилганида ҳайратланарли томони йўқ. Ҳар ҳолда, «Барселона», «МЮ», «Милан» ва «Бавария» каби ҳужумкор клублар ҳам ҳозирча бундай марафон билан мақтанолмайди. Қарангки, 500-гол финалнинг бошланғич қисмида айнан Криштиану Роналду ҳисобига ёзилди.

105 гол (Европа Чемпионлар Лигасида). Криштиану Роналдунинг навбатдаги янги тарихий марраси. Тўп-урарлар рейтингида анча ортда қолган Лионель Месси (94та гол) ҳозирдан кейинги мавсумдаги бош мақсади сифатида яна голеадорлар рўйхати чўққисига чиқиш эканлигини айтмоқда - ғазабнок ҳолда.

96 фоиз аниқ узатма (финалда). Даниэль Карвахаль Кардифф финали давомида 49 марта «пас» берди ва шундан 47тасида тўп йўналтирилган манзилга аниқ борди - ақлга сиғмас натижа! Криштиану Роналдуда  эса узатмалар аниқлиги - 95 фоиз (20та уринишидан биттаси хато бўлди). Каземиро жами 54та «пас»дан 4тасида адашган бўлса, Лука Модрич 7 марта (56та узатма) хатога йўл қўйди. Тони Кроос кўрсаткичи ҳам ажойиб - 73та узатмадан атиги 6таси ноаниқ. Оддий айтганда, «Реал»да тўп билан ишлаш бўйича чинакам даҳолар йиғилишган.

84 балл («Гол}пас» тизими бўйича). Криштиану Роналду мавсум-2012|2013дан буён клубининг ЧЛдаги нақ 84та голида бевосита иштирок этди. Таққослаш учун айтсак, Лионель Месси шу вақт оралиғида «Гол}пас» тизимида «атиги» 53 очко тўплади. Шу статистикадан хулоса чиқарсак, охирги 4 йилда Мессининг шиддати пасайган (барқарор ўйнамаяпти ёки ўйнолмаяпти), Роналду аксинча, худди танк каби кубокларга талпинмоқда.

74,7 фоиз ўйинда ғалаба. «Реал» Зайниддин Зидан бошқарувидаги ўйинларда ажойиб статистикага эга: жамоа ўртача ҳисобда ҳар 4та ўйиннинг 3тасини ўз фойдасига ҳал қилмоқда. Бошқача айтганда, 87та ўйиндан 65тасида 3 очкодан олди. Умуман, Зидан бош мураббий сифатида атиги 7 марта мағлубиятга учради. Ҳаттоки, фрациялик мутахассисининг ўзи ҳам бу каби ёрқин стартдан умид қилмаган бўлса керак. Ахир қисқа вақтда 5та соврин ютиш...

65та ўйинда гол (қаторасига). «Реал» барча турнирлар ҳисобидан 65та ўйинки, рақиблар голкиперига ўз дарвозасини «қуруқ» сақлаш имконини бермаяпти. Ушбу ажойиб серия 2016 йилнинг баҳорида айнан ЧЛ доирасида «Манчестер Сити»га қарши кечган ўйин (0:0)дан сўнг бошланган эди. Ўшанда Зайниддин Зидан инглизлар кипери Жо Харт дарвозасини нишонга ололмаган шогирдларига қаттиқ бақирган кўринади.

60та расмий учрашув. «Реал» якунланган мавсум доирасидаги ҳар бир ўйинда гол қувончини туйди. Ҳаммаси Европа суперкубоги учун «Севилья»га қарши кечган ўйинда бошланиб, Кардифф финалига қадар давом этди. Мадридликлар бу орада жами 173та гол (1та ўйинда ўртача ҳисобда 2,88та) ҳосил қилишди. Хуллас, бирор рақиб кипери «Реал» билан ўйинда гол қўйиб юбормаслик миссиясини уддалай олмади. Ақлга сиғмас мавсум!

60 йил. «Реал» 1957 йилнинг 30 май куни жонажон стадионига йиғилган 120 минг мухлис қаршисида «Фиорентина»ни енгиб, Европа Чемпионлар кубоги турнири ғолибига айланган, бунгача эса ички чемпионатда «Барселона»ни ортда қолдирганди. Жамоадан битта мавсум якунида ҳам ички, ҳам ташқи аренада ғалаба қозонишини нақ 60 йил кутишди. Қизиғи, «Мадрид» бу сафар ҳам примерода «Барса»ни 2-ўринга сурди ва еврокубокда итальян жамоасини совринсиз қолдирди.

47 марта тўп тортиб олиш ва 27 марта илиб олиш. ЧЛнинг яна бир қаҳрамони - Каземирога тегишли статистика. Зиданнинг ишончли таянчи финалда муҳим гол муаллифига айланди ва ЧЛ якунлари бўйича рақиблардан тўп тортиб олиш масаласида жамоасида энг юқори натижага эришди (иккинчи яхши кўрсаткичга эга Даниэль Карвахалда омадли яккакурашлар сони деярли икки баравар кам). Тўпни илиб олиш, яъни рақиблар ҳаракатини бузиш бўйича эса Каземиро фақат Серхио Рамос ва Лука Модричдан ортда қолди, холос.

40та ўйинлик мағлубиятсиз одим. «Мадрид»барча турнирлар  ҳисобидан кетма-кет 40та учрашувда енгилмасдан, бу борада Испания рекордини янгилади (йил бошида). Жамоа сериясини «Севилья» узиб қўйди, шундан кейин ҳимоя зиммасига беқиёс босим тушди, муҳими, Зайниддин Зидан бундай оғирликка чидаш чорасини топди. Энди ажо-йиб серия жамоа тарихида қолади, худди унинг асосий ижодкорлари каби: Лука Модрич, Гарет Бэйл, Даниэль Карвахаль, Марсело, Карим Бензема, Серхио Рамос, Кейлор Навас ва албатта, Криштиану Роналду. Айтиш мумкинки, айни шу енгилмаслик юриши «Реал» вакиллари руҳиятига ижобий таъсир қилиб, улар янада совуққонроқ ҳаракатлана бошладилар.

40 марта тўпни олиб чиқиш. Серхио Рамос ЧЛ давомида тўпни жамоа жарима майдонидан олиб чиқиш бўйича «Реал»да энг юқори кўрсаткичга эришди. Ҳимоя бобида Рафаэль Варан ҳам чакки ўйнамади - 35 марта омадли уриниш. Марсело ва Даниэль Карвахаль эса ўз жамоалари жарима майдони ичида 14 мартадан хавфни бартараф этишди. Кейлор Навас баъзан хатоларга йўл қўйди, аммо ҳимоя ишончли эди.

33та чемпионлик унвони. «Реал»нинг охирги йилларда мутлақо кучайгани - факт. Олдинлари жамоага барчасини ўзиники қилиш учун стратегик айёрлик етишмасди, гўё. Энди эса Зайниддин Зидан ротацияга кенг эътибор бериб, яна 2та энг нуфузли совринни таъминлади. Шу тариқа «Мадрид» ҳар икки йўналишда «Барселона» билан ўртадаги фарқни янада оширди. Испания чемпионлиги: «Реал» - «Барселона» - 33:24; ЧЛ ғолиблиги: «Реал» - «Барселона» - 12:5.

21 ёшу 133 кунлик. Кардифф финалигануқта қўйган гол муаллифи - Марко Асенсио ҳал қилувчи баҳсда рақиб дарвозасига йўл топган «Реал»нинг энг ёш вакилига айланди. Албатта, Ларс Риккен, Карлос Альберто («Порту») ва Патрик Клюйверт финалда гол уришганида, Асенсиодан ёшроқ бўлишган. Дейлик, голландиялик юлдуз 18 ёшу 327 кунлигида финал қайдномасига гол муаллифи сифатида кирганди. Аммо яна бир эътиборли факт шуки, Жанлуижи Буффон «Парма»да дебютини нишонлаган вақт Асенсио ҳали туғилган эмасди.

19,5та зарба (ўртача ҳисобда). «Реал» ЧЛнинг битта ўйинида рақиб дарвозаси томон ўртача ҳисобда деярли 20 марта зарба йўллади. Аниқроғи, 19,5та уриниш (турнир бўйича энг яхши натижа)дан 7,1таси аниқ чиққан. Бутун турнир давомида атиги 2та гол қўйиб юборган Жанлуижи Буффонни финалда 4 бора ожиз қолдириш учун эса атиги 5та аниқ зарба кифоя қилди. Умуман, ЧЛда «Реал»нинг  38 фоиз зарбаси гол билан тугади. Демакки, деярли ҳар 2,5та зарбада 1та гол!

13та ўйин. Криштиану Роналду ЧЛ-2016|2017да 1200 дақиқадан кўпроқ тўп суриб, рақиблар дарвозабонларини 12 бора ранжитди. У барча ўйинларни бошланғич таркибда бошлаган  «Реал»нинг ягона вакилидир.

11та халқаро турнирнинг 10тасида ғалаба. Яна бир ажойиб натижа: охирги 11та халқаро турнирдан 10таси испан жамоалари ғалабаси билан якунланди. «Севилья» ЕЛда 3 бора кубок соҳибига айланган бўлса, «Барселона» ЧЛ ва Европа суперкубогида зафар қучди. Қолган 5та ютуқ «Реал»га тегишли ва мадридликлар 6-совринни ютиш имкониятига ҳам эгалар. Бунинг учун август ойига белгиланган Европа суперкубоги ўйинида «бегона» - «МЮ»дан устун келсалар, бас.

10 нафар иштирокчи. Кардифф финалида «Реал» таркибида майдонга тушган 10 нафар футболчи 2014 йили «Атлетико»га қарши кечган ҳал қилувчи баҳсда ҳам қатнашганди. Зайниддин Зиданнинг охирги 2 йилдаги финаллар учун танлаган бошланғич таркиби эса 2та ўзгариш билан бир-биридан фарқланди: Пепе - Рафаэль Варан, Гарет Бэйл - Иско. Шунинг баробарида Иско «Сан-Сиро»даги финалда захирадан майдонга тушганди. Оддий айтганда, «Реал» ЧЛдаги 3та ғалабани деярли битта таркиб билан расмийлаштирди - шунчаки, ақл бовар қилмас натижа.

10та гол (ЧЛ «плей-офф» бос-қичида). Криштиану Роналдудан мавсумнинг яна бир тўпурарлик рекорди. Эътибор қаратинг, гуруҳ босқичида атиги 2та аниқ зарба йўллаган португалиялик футболчи ўз голларини «Бавария» (5та), «Атлетико» (3та) ва «Ювентус» (2та)га сақлаб қолган экан. Ҳа, Криштианунинг ҳал қилувчи учрашувларда нисбатан суст ҳаракатланиши ҳақидаги фикр-хулосалар чилпарчин бўлди.

7та гол. Криштиану Роналдунинг Жанлуижи Буффон дарвозасига йўллаган голлари сони 7тага етди. Тушунарлики, ЧЛ тарихида ҳеч бир футболчи итальян киперини бунчалик кўп ранжитган эмас. Умуман, кўплаб жамоалар Жижи дарвозасини лоақал бир бора нишонга олишга зор.

7та қўшимча машғулот. КриштиануРоналду яхши спорт формасини сақлаб туриш учун ҳафтасига 7 марта қўшимча тарзда шуғулланади. Табиийки, унда дам олиш кунлари ҳам бор, «Реал» машғулотларида қатнашиш учун вақт топиши ҳам тайин. Португалиялик юлдузнинг бўртиб чиққан мушаклари сири оддий - машғулотлар, тўғри таомланиш қоидаси ва тартиб-интизом. Айтайлик, Криштиану алкоголь ичимликларини мутлақо истеъмол қилмайди, ҳазми оғир таомлардан тийилади. Душ Сантуш Авейру айнан шу тартибли ҳаёт эвазига 32 ёшида ҳам ажойиб спорт формасида. Туғма даҳо ва иқтидорлар бор, аммо Роналду барчасига тинимсиз меҳнат ва тартиб-интизом туфайли эришди. Унинг саломатлиги мустаҳкам ва қуввати ҳам кам эмас, бироқ 32 ёшида 93 миллион еврога тенг йиллик даромадга қарамай, асосий машғулотлардан ташқари, ҳафтасига 7 марта шуғулланишдан эринмаётгани - барчага ўрнак. Ҳа, Роналду дангаса йигит эмас!

6 нафар футболчи. Криштиану Роналду ЧЛнинг 1та финалида 2та гол урган Диего Милито, Филиппо Инзаги, Эрнан Креспо, Карл-Хайнц Ридле ва Даниэле Массаро қаторига қўшилди. Бундай натижага охирги марта Милито эришганди - 7 йил аввал. Умуман, «Реал» етакчиси бу рўйхатга кирган Испания футболининг ягона вакилидир. Финалда қайд этилган 6та «дубль»дан 4таси «А» серияси иштирокчилари номига ёзилганини ҳам алоҳида айтиш ўринли.

5та «Олтин тўп». Криштиану Роналду йил якунида энг залворли шахсий соврин сони бўйича Лионель Месси билан тенглашиб олиши мумкин. Биринчидан, у «Реал»да турли ютуқларга кўмилди, иккинчидан, терма жамоасида ҳам чакки кўрингани йўқ, учинчидан, энди Россияда ўтадиган Конфедерациялар кубогида қатнашади. Хуллас, воқеалар шундай давом этса, аргентиналикка алоҳида мурожаат этишга тўғри келади: «Сеньор Месси, илтимос, сал нари сурилсангиз, энди тахтда ягона рекордчи эмассиз».

5 мавсум. Криштиану Роналду 2013 йилдан буён ҳар сафар ЧЛ бош тўп-урари мақомига эришмоқда. Унинг шахсий рекорди - 17та гол (2014 йил). Бироқ Криштианунинг бу сафарги 12та голи ўша 17тадан ҳам аҳамиятли бўлди, дейиш мумкин.

5та самарали узатма. Криштиану Роналду ва Даниэль Карвахаль 5тадан голга ҳаммуаллифлик қилиб,«Реал»нинг евромавсумдаги бош ассистентлари бўлишди. Умумий ҳисобда айтсак, Зайниддин Зиданнинг нақ 13 нафар шогирди гол ассистенти ролини бажарди.

4та кубок. Криштиану Роналду ҳисобидаги ЕЧЛ бош соврини 4тага етди ва у худди Жозе Моуриньо каби кубоклар нусхасига буюртма бериб, уйида музей бурчагига асос солиши мумкин. Айтиш ўринли, Криштиану турнирдаги ғалабалар сони бўйича Лионель Мессига етиб олди. Футбол тарихида атиги 4 нафар футболчи асосий евротурнир совринини кўпроқ ютган - Франциско Хенто («Реал») - 6 марта; Альфредо ди Стефано («Реал») - 5 марта; Алессандро Костакурта («Милан») - 5 марта; Паоло Мальдини («Милана») - 5 марта. Шунингдек, Кларенс Зеедорф, Хави, Андрес Иньеста ва Жерар Пике ҳам худди Месси ҳамда Роналду каби бош совринни 4 марта ютишган.

3та финал. Криштиану Роналду яна ЧЛнинг 3та финалида гол ургани билан мақтаниши мумкин. У бу борада тарихдаги ягона футболчидир. Португалия  фахри «МЮ» сафида бир марта ва «Реал»да икки бора ҳал қилувчи ўйин натижасига ўз голлари билан таъсир ўтказди.

2,8та узатма. Тони Кроос ЧЛнинг 1та ўйини давомида (ўртача ҳисобда, албатта) ўз шерикларини 2,8 марта зарба йўлига чиқарди ва бу «Ре-ал»даги энг яхши натижадир. Бу борада Марсело (2,1та «пас»), Карим Бензема ва Криштиану Роналду (1,5тадан «пас»)нинг натижаси ҳам чакки эмас. Лекин биргина Тонининг ўзи 32та хавфли вазият яратганки, бу кишини ҳайратга солади.

1та клуб. ЧЛ тарихида 1та жамоа кетма-кет 2 бора бош соврин соҳибига айланди - номини айтиш шарт эмас.«Реал» шунингдек, ЧЛ тарихида финал ўйинларида 2 бора 4тадан гол урган биринчи жамоа бўлди. Мадридликлар биринчи марта «Атлетико»ни 4та гол билан «сийлагандилар». «Милан»га эса финалда 4та гол уриш бир марта насиб этган, итальянлар «Барселона»ни тор-мор қилишганди - 4:0.

ЧЛ-2016|2017 рамзий терма жамоаси (soccer.ru сайти талқини)

Жанлуижи Буффон («Ювентус») - Даниэль Карвахаль («Реал»), Диего Годин («Атлетико»), Жоржо Кьеллини («Ювентус»), Марсело («Реал») - Дани Алвеш («Ювентус»), Лука Модрич («Реал»), Каземиро («Реал»), Тони Кроос («Реал») - Криштиану Роналду («Реал»), Килиан Мбаппе («Монако»). Бош мураббийлар: Зайниддин Зидан («Реал»), Массимилиано Аллегри («Ювентус») ва Леонарду Жардим («Монако»)

Умид уйғотганлар терма жамоаси

Мораес Эдерсон («Бенфика», 23 ёш) - Беньямин Хенрикс («Байер», 20 ёш), Жонатан Та («Байер», 21 ёш), Хосе Хименес («Атлетико», 22 ёш), Бенжамин Менди («Монако», 22 ёш), Бернарду Силва («Монако», 22 ёш), Юлиан Вайгль («Боруссия» Д., 21 ёш), Марко Асенсио («Реал», 21 ёш), Тома Лемар («Монако», 21 ёш) - Усмон Дембеле («Боруссия» Д., 20 ёш),  Килиан Мбаппе («Монако», 18 ёш)

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz