Қайднома

Қидирув

Қаерда мухлис кўп?

Қаерда мухлис кўп?

  18.06.2017 09:48
  0
  234
Қаерда мухлис кўп?

Газетамизнинг аввалги сешанба сонида Европадаги 7та энг кучли миллий чемпионат якунларига тўхталиб, маҳсулдорлик, турнир жадвали  зичлиги ҳамда пенальти масаласини кўриб чиққан эдик. Бугун ўша мавзуни давом эттириб, сариқ ва қизил карточкалар, тўпурарлар ва мухлислар ташрифига боғлиқ якуний статистик натижалар билан таништирамиз. Ўйлаймизки, қайси чемпионатда кўпроқ карточка кўрсатилганию, кучлироқ «аншлаг» кузатилгани кўпчиликни қизиқтирса керак.

САРИҚ КАРТОЧКА  

Аввалги икки мавсум якунларини солиштирсак, охиргисида аксарият чемптонатларда сариқ карточкалар сони камайди. Аниқроқ айтсак, бу борада биргина Англия премьер-лигасида ўсиш, қолган 6та биринчиликда эса пасайиш кузатилди. Англиялик ҳакамлар мавсум-2015|2016да ҳар бир ўйинда ўртача ҳисобда 3,19 марта «сариқ» берган бўлсалар, якунланган чемпионатда бу кўрсаткич 3,71га ошди. Максимал даражадаги пасайиш эса «А» сериясида қайд этилди: ўртача ҳисобда 5,08та огоҳлантириш ўрнига 4,52та. Одатга кўра, сариқ карточкалар масаласида энг юқори кўрсаткичлар яна Испания ва Португалия  чемпионатларига тегишли бўлди. Ҳакамлар Ла-лиганинг 1та ўйинида ўртача ҳисобда 5,16 марта сариқ карточка кўрсатдилар, Португалия примеросида эса 4,73 марта. Франция (3,40та) ва Россия (3,70та) биринчилигига тегишли ўртача кўрсаткичлар эса энг пасти ҳисобланади.

ҚИЗИЛ КАРТОЧКА

Англияда сариқ тусли карточкалар сони ошган бўлсада, «қизил» сезиларли даражада камайди. Яъни 380та ўйинга бор-йўғи 41та четлатиш тўғри келди. Бир йил олдин «қизил»лар сони 59тага етганди. Демакки, АПЛ футболчилар анча эҳтиёткор ўйнашган. Умуман, Англия чемпионатининг битта ўйинига ўртача ҳисобда 0,11та қизил карточка тўғри келди ва бу бошқа лигалардаги кўрсаткичдан жуда-жуда паст. Ҳа, Германияда ҳам «қизил»лар сони кам. Аммо бир йил олдинги мавсумга нисбатан олганда, биргина бундеслигада ўсиш қайд этилди - ўртача 0,13та ўрнига 0,18та четлатиш. Португалияда эса «қизил» масаласидаги ўртача кўрсаткич сезиларли даражада тушди - 0,39дан 0,26га.

ТЎПУРАРЛАР

Мавсум-2016|2017 бўйича «Олтин бутса» лауреатига айланган Лионель Месси голга кам вақт сарфлаш масаласида ҳам 7та лиганинг энг яхши тўпурарлари орасида 1-ўринни эгаллади. Аргентиналик футболчи примерода «Барселона» учун ўртача ҳисобда ҳар 76,5 дақиқада 1та гол урди. Эътиборлиси, таҳлил учун олинган 7та лигадан 5тасининг бош голеадори 1та тўлиқ ўйин учун 1тадан кўпроқ гол натижасига эга. Фақат Эдин Жеко («Рома») ва Фёдор Смолов («Краснодар») «90 дақиқада 1та ёки кўпроқ гол» қоидасига амал қила олишмади. «А» серияси бош тўпурари ҳар 105,3 дақиқада гол қувончини туйган бўлса, Россия премьер-лигаси вакилида бу кўрсаткич 107,4 дақиқани ташкил қилди. Лекин Смолов бошқа масалада мақтанишга ҳақли - «Краснодар» ҳужумчиси худди Гарри Кейн («Тоттенхэм») каби кетма-кет иккинчи марта чемпионатнинг бош голеадори бўлди. Айтганча, у аввалги мавсумда голга кам вақт сарфлаш масаласида инглиз футболчисини ортда қолдирганди (127 дақиқага 134,8 дақиқа кўринишида).

МУХЛИСЛАР

Бутун мавсум давомида россияликларни битта масала қизиқтирди: маҳаллий премьер-лига мухлисларнинг ўртача ташрифи бўйича Португалия примеросидан ўзиб кета оладими? Чунончи, бир йил олдинги ҳолат 11000 - 10800 кўринишида эди. Охирги мавсумда гарчи Россиянинг ўзида мухлислар ташрифи 11400га ошган бўлсада, Португалия чемпионатида бу борадаги ўсиш янада кўпроқ бўлди. Яъни лига доирасидаги ҳар бир ўйин ўртача ҳисобда 11800 мухлис тўплади. Ачинарлиси, бундеслигада охирги йиллар ҳисобидан илк марта мухлислар сони камайди. Аниқроқ айтсак, ўртача кўрсаткич 43300дан 41500га тушди. Аммо шубҳа йўқ, Германияда кейинги мавсум мухлислар оқими яна ошади. Зеро, сиғими бўйича катта ареналарга эга «Штутгарт» ва «Ганновер» жамоалари бир йиллик танаффусдан сўнг элитага қайтди. Кучлилар сафини эса «Инголь-штадт» ва «Дармштадт» каби энг кичик стадионларда ўйнайдиган клублар тарк этди.

7та лигада энг кўп ва энг кам сариқ карточка олган жамоалар

Англия: «Уотфорд» — 87та (ўртача - 2,29та). «Ливерпуль» ва «Борнмут» — 54тадан (ўртача - 1,42та)

Испания: «Алавес» — 139та (ўртача - 3,11та). «Барселона» — 74та (ўртача - 1,95та)

Италия: «Эмполи» — 107та (ўртача - 2,82). «Наполи» — 58та (ўртача - 1,53)

Германия: «Айнтрахт» Ф. - 85та (ўртача - 2,50та). «Бавария - 47та (ўртача - 1,38)

Франция: «Тулуза» — 89та (ўртача - 2,34). «Монпелье» — 46та (ўртача - 1,21)

Португалия: «Фейренше» — 97та (ўртача - 2,85). «Бенфика» — 58та (ўртача - 1,71)

Россия: «Томь» — 73та (ўртача - 2,43). ЦСКА - 37та (ўртача - 1,23)

«Барселона», «Наполи» ва «Айнтрахт» Ф. клублари бир йил олдин ҳам бу рўйхатга тушганди.

7та лигада энг кўп ва энг кам қизил карточка олган (ёки олмаган) жамоалар

Англия: «Вест Хэм», «Уотфорд» ва «Халл Сити» — 5тадан. «Челси», «Тоттенхэм», «Ливерпуль», «Вест Бромвич», «Кристал Пэлас» ва «Суонси» — 0

Испания: «Сельта» — 8та. «Барселона» — 1та

Италия: «Милан» — 12та. «Ювентус» — 0

Германия: «Майнц» — 7та. «Бавария» — 0

Франция: «Бастия» — 14та. «Марсель» — 1та

Португалия: «Тондела» — 9та. «Сетубал» — 0

Россия: «Ростов» — 8та. ЦСКА ва «Арсенал» - 1тадан

«Тоттенхэм», «Барселона», «Бастия» ва ЦСКА клублари ўтган йили ҳам мазкур рўйхатга тушганди.

7та лигада энг кўп ва энг кам мухлис тўплаган жамоалар (ўртача кўрсаткич)

Англия: «МЮ» — 75,3 минг. «Борнмут» — 11,2 минг

Испания: «Барселона» — 78,6 минг. «Эйбар» — 5,2 минг

Италия: «Интер» - 47,9 минг. «Кротоне» — 7,9 минг

Германия: «Боруссия» Д. - 79,7 минг. «Ингольштадт» — 14,6 минг

Франция: «ПСЖ» — 45,2 минг. «Монако» — 9,4 минг

Португалия: «Бенфика» — 56 минг. «Арука» — 1,7 минг

Россия: «Спартак» — 32,8 минг. «Томь» — 4,5 минг

Ҳ. АТАВУЛЛАЕВ  тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz