Қайднома

Қидирув

Қуйидан яна юқорига одимлаётган Фалькао

Қуйидан яна юқорига одимлаётган Фалькао

  19.06.2017 06:23
  0
  1017
Қуйидан яна юқорига одимлаётган Фалькао

Радамель Фалькао жаҳон футболи топига Испанияда кирганди, кейин эса АПЛнинг энг ёмон ўйинчисига айланди. Ҳозир бўлса, яна класс даражасидаги ўйинларини кўрсатяпти. Қуйида колумбиялик футболчи карьерасидаги энг ёрқин лаҳзалар ва драмаларга ўрин берамиз.

Аргентинадан Европага

«Фалькаони шуғуллантириш ажойиб иш эди. Аммо Игуаин билан улар доим ҳам келиша олишмасди».

Даниэль Пассарелла, «Ривер Плейт» мураббийи.

Замонавий Европа футболи Жанубий америкалик иқтидор эгаларини доимо назоратида тутади, шу боис бундай ўйинчилар ўз конфедерацияларида узоқ ушланиб қолишмайди. Уларга европалик агентлар ва йирик компаниялар эга чиқиб олишади-да, Португалия ёки Испанияга юборишади, жуда бўлмаса, сохта фирмалар орқали ижарага бериб юборишга интилишади. 13 ёшида Колумбия чемпионатида 1 йил дебютини ўтказган Фалькао ҳам Жанубий Америкада 10 йил тўп сургач, карьерасида бир муддат узилиш юзага келди - университетдаги ўқишини ниҳоясига етказди ва дарҳол Аргентинанинг ўша пайтдаги энг яхши клуби - «Ривер Плейт» таркибида пайдо бўлди. 2007 йилга келиб у жамоанинг тўлақонли етакчисига айланганди. 21 ёшли колумбиялик «Ривер»ни Жанубий Америка кубоги чорак финалига олиб чиқди,  ҳал қилувчи баҳсда «Боке Хуниорс» дарвозасини аниқ нишонга олди ва жамоанинг энг яхши бомбардирига айланди. Бир йидан сўнг, «Ривер Плейт» чемпионатда ғолиб бўлди ва Фалькаога эгалик қилиш учун ов бошланди. «Милан», «МЮ», «Барселона» - «Ривер» трансфер ойнасининг энг ашаддийлари ҳужумига дош беролди. Балким, буни нотўғри қилгандир. Чемпионликдан сўнг уч ой ўтгач, жамоа турнир жадвалининг охирги ўрнига тушиб кетди ва мавсум тугашини ички оғриқ билан кута бошлади. Фаоькао эса барибир, Европа футболини ривожлантириш учун йўл олди.

«Атлетико»дан «Монако»га

«Мен қўлга киритган совринларим билан ёдда қолишни истайман. «Атлетико» билан Европа Лигаси ва суперкубокни қўлга киритдим. Энди эса Чемпионлар Лигаси ва дунё кубоги қоляпти. Бу ҳақда орзу қиляпман».

Радамель Фалькао.

2011 йили Фалькао ҳозир Поль Пог-бани мағрурлантираётган мақомга эга бўлди. Месси ва Криштианудай машҳур эмасди-ю, аммо эришаётган натижалари билан уларга тобора яқинлашиб борар ва дунёда энг яхши деб танилиши кутилаётганди. «Атлетико» Фалькао учун 40 миллион евро тўлади. Симеоне ўшанда эндигина бош мураббий сифатида иш бошлаган ва ўзига хос жамоа тузиш ҳаракатида изланаётганди. Фалькао клубдаги ижодкор ва яратувчилардан бири эди. Испаниядаги биринчи мавсуми мобайнида колумбиялик 36та тўп киритди ва уларнинг 12таси Европа Лигасида эди. Симеоне жамоаси чемпионатдаги ғалаба тўғрисида ўйламасди ҳам, бироқ барча испан клублари каби, еврокубокларга ўта жиддий ёндошарди. Бильбаонинг «Атлетико»сига қарши финал учрашувида Фалькао ўз ҳисобига дублни расмийлаштирди ва даражаси жиҳатидан 2-ўринда бўлган Европа кубогини номига расмийлаштирди. Қаторасига 2-бор, ахир «Атлетико»га ўтгунига қадар колумбиялик ЕЛда «Порту» билан ғолиб бўлганди-да. 2013 йили Фалькао «Атлетико»дан «Монако»га 55 миллион евро эвазига ўтиб кетди. Ўшанда хитойликлар юлдузлар учун борларини сочишмас, шунинг учун Фалькао шахсига нисбатан салбий фикрлар янграганди: «Унинг пулга бўлган меҳри чексиз, футболга бўлган хоинлиги беқиёс».

Аммо муаммо бунда эмасди. 2014 йилнинг 22 январида, Франция кубогида тўп сураётганида, Фалькао «Монако учун биринчи тўпини киритди» - ва карьерасидаги бош жароҳатни олди.

Асосий таркибдан захирага

«Фалькао кўк кийим кийган фаришта мисол далани кезарди».

Барни РонэйThe Guardian мухбири.

Умуман олганда, 2014 йил чиндан ҳам колумбиялик карьерасидаги энг ёмон давр бўлди. У энг муҳим мусобақани ўтказиб юборди, жамоаси эса чорак финалгача етиб борди. Хамес Родригес 6та тўп киритди ва 80 млн. эвазига «Реал»га йўл олди. Аммо бу ҳам ҳали ҳаммаси эмасди. Трансфер ойнасининг сўнгги кунида Фалькао «Манчестер Юнайтед»га ижарага ўтиб кетди. Олдинда - кучли лига, янги имкиниятлар, дунёдаги энг яхши мураббийлардан бири. Асосий мақсад - термадаги муваффақиятларсиз ҳам дунёдаги энг яхши бўлиш мумкинлиги  исботлаш.

Оқибатда, тўла инқироз. «Қизил иблислар» таркибидаги 30 учрашув давомида Фалькао 4 тўп киритди, холос. Ван Гаал даврида муаммо фақат ҳужумда эмасди, бироқ мураббий ўзини оқлаш учун баҳона топа олди. Ҳамма Ницшени ўқиётган ва вангаал фалсафаси мағзини чақаётган пайтда, голландиялик ўйиндан ўйинга унда яхши ҳужумчилар йўқлигини ва асосий муаммо фақат шундалигини такрорлашдан чарчамади. Барча салбий фикрлар эса фақат Фалькао ва Ван Персига қаратилганди. Мазкур «ёввойи» мавсум ниҳоясига етганидан сўнг, Фалькаонинг «Монако»га қайтиши кутилганди. Бироқ, у АПЛда қолди - «Челси» билан ижара шартномасини имзолади. Ўта жасур қарор. Аммо «Челси»да ҳаммаси бунданам баттар бўлди. Мавсумда фақатгина биргина гол ва давомий жароҳатлар - булар ҳақида ҳатто Гус Хиддинк ҳам пичингга тўла ҳазиллар қиларди. Фалькао футболчи бўлмай қолганди. Бир қарасанг, Валерий Карпин уни Армавирга таклиф қилмаслигини айтса, бир қарасанг ижтимоий тармоқларда унинг FIFAдаги қониқарсиз кўрсаткичлари солиштириларди. Фалькао дунё футболининг ишончи оқламаган ўйинчиларидан бирига айланганди. Алам қилганидан колумбиялик сал бўлмаса Питернинг «Зенит»ига йўл олай ҳам деганди. Аммо Виталий Мутко - унинг легионерларга лимити футболчини бу қадамдан сақлаб қолди.

Кулдан оловга

«Фалькао - аъло даражадаги профессионал ва яхши йигит. У аввалги даражасига қайтганидан хурсандман».

Хосеп Гвардиола.

2016 йилнинг 2 ноябрида Фалькао сўнгги олти йилда илк марта Чемпионлар Лигасида тўп киритди. Февралга келиб, «Ман. Сити»га қарши 1/8 финалда дублга эришди, кейин «Боруссия» мусобақадан чиқариб юборилди. 15 майга келиб Фалькао Франция биринчилиги доирасида ўзининг 21-голини урганди. Орадан яна 3 кун ўтгач, «Монако» 2000 йилдан сўнг илк бор мусобақа ғолиби бўлди. Фалькао Францияга катта маош, қимматли казинолар учун келгани ҳақидаги гап-сўзлар тезда босилди. Қишки трансфер ойнасида колумбияликка «Тяньцзинь Цюаньцзянь» катта қизиқиш билдирди. Хитой суперлигасининг янги вакили Фабио Каннаварони мураббий этиб тайинлади, Аксель Витсел ва Алешандро Патони харид қилди, аммо Фалькао хизматидан воз кечди, шекилли. Энг қизиғи, сабаб ўша-ўша - худди «Зенит»дагидай, легионерларга қўйилган лимит. Шундай экан, «Шер» Францияда қолади, ҳозирча.

Интернет хабарлари асосида И.ОБИДОВ тайёрлади.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz