Қайднома

Қидирув

Фақат Месси ёки Роналду! Учинчиси ортиқча

Фақат Месси ёки Роналду! Учинчиси ортиқча

  19.06.2017 00:06
  0
  2621
Фақат Месси ёки Роналду! Учинчиси ортиқча

МЕССИ ВА РОНАЛДУ БИЛАН ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ ФУТБОЛЧИСИ  МАҚОМИ УЧУН КУРАШГАН УЧИНЧИ «КУЧ»ЛАР. Июнь ойида футболдаги бош индивидуал соврин - «Олтин тўп» ҳақида гапириш бироз ғалати, албатта. Йўқ, бугун 2017 йил якунида совринга даъвогарлик қилувчилар эмас, балки охирги мавсумларда танловга боғлиқ шаклланган битта тенденцияга эътибор бурамиз. Хабарингиз бор, 2016 йил якунида «Олтин тўп» танлови финалига яна ўша Криштиану Роналду ва Лионель Месси чиқишди. Уларга қаршилик қилишдек масъулият эса Антуан Гризманн чекига тушди. Бироқ француз ҳам якунда аввалги 8 йилдаги даъвогарлар сингари 3-ўринга жойлашиш билан кифояланди. «СЭ» нашри айни шу жиҳатга нигоҳ ташлаб, танловда аргентиналик ва португалиялик жуфтлигидан устун келган футболчи ҳам борлигини алоҳида эслатди - бразилиялик Кака. Тўғри, бунга анча бўлди... Қолаверса, ўшанда Кака танловда учинчи «куч» эмас, балки фаворит саналган. Хўш, 2007 йилдан буён Роналду ва Месси қатори яна кимлар «Олтин тўп»дан умид қилишдию, якунда қандай натижага эришишди?

2007 йил: КАКА

Ўрин: 1

Овозлар сони: 444

Месси ва Роналду айнан 2007 йили илк марта «Олтин тўп»га даъвогарларнинг якуний учлигидан баравар жой олишди. Лекин ўша вақтда уларнинг тандеми жаҳон футболида ҳали энг яхшиси ҳисобланмасди. Шунга яраша, France Football сўровида иштирок этган аксарият журналистлар бразилиялик Каканинг номзодини ёқлашади. Бу адолатдан ҳам эди. Зеро, «Милан» етакчиси ЧЛда ақлга сиғмас даражада яхши ўйнаган ва «плей-офф»нинг барча босқичларида гол урганди, биргина ғалабали финални ҳисобга олмаганда. Лекин бразилиялик футболчи «Ливерпул»га қарши кечган ҳал қилувчи жангда ҳам катта ҳажмда иш бажариб, Филиппо Инзаги голига ассистент вазифасини бажарганди. Хуллас, Кака шу жасоратлари эвазига «Олтин тўп» учун курашда иккинчи бўлган Роналдуни нақ 167та овозга ортда қолдирган.

2008 йил: Фернандо ТОРРЕС

Ўрин: 3

Овозлар сони: 179

Орадан бир йил ўтиб, жаҳон футболидаги кучлар баланси анча ўзгарди. Криштиану Роналду «МЮ»нинг ЧЛда ғолиб чиқишига катта ёрдам берди, Лионель Месси эса бу каби ёрқин зафарларни тантана қилмаган бўлсада, барча сўровларда юқорига интилди. Чунончи, унинг ижросидаги ўйин кўпчиликни маҳлиё қила бошлаганди. «Ливерпул»да чиндан ҳам, ажойиб тўп сурган ва миллий жамоаси билан Европа чемпиони бўлган Фернандо Торрес эса якунда атиги 3-ўрин билан кифояланди. Испан ҳужумчиси сўровда Мессидан 102та кам овоз тўплаганди.

2009 йил: ХАВИ

Ўрин: 3

Овозлар сони: 170

Лео Месси бор экан, «Барселона»нинг ҳар қандай футболчисида «Олтин тўп»ни ютиш имконияти маълум даражада паст бўлади. Ахир Каталония клуби муваффақиятлари биринчи навбатда, аргентиналик даҳоча номига боғланади. Шу маънода айтсак, ҳаттоки, унинг энг савияли жамоадошлари ҳам қиролни қуршаб турган аёнларга ўхшайдилар. Дейлик, 2009 йили айнан шундай қараш Хавининг «Олтин тўп» лаурети бўлиш имкониятини йўққа чиқарганди. Ваҳоланки, ярим ҳимоячи ЧЛда ҳайратланарли тўп сурган ва ҳақли равишда турнирнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилганди. Яна бир томони, ўша мавсум Месси айнан Хавининг заргарона тўп узатишлари сабаб, етарлича гол урганди. Бироқ испаниялик футболчи танлов якунида нафақат жамоадоши, балки Роналдудан ҳам ортда қолди. Оддий айтганда, Хави фақат Англияда совриндор бўлган (чемпионлик ва Лига кубоги) ва сўровда 2-ўринни  банд этган португалияликдан 63та кам овоз олганди.

2011 йил: ХАВИ

Ўрин: 3

Овозлар миқдори: 9,23 фоиз

2010 йили France Football таъсис этилган «Олтин тўп» ва ФИФАнинг «Йил футболчиси» сўровлари бирлаштирилди. Натижада овоз бериш тизими ўзгарди. Хусусан, янги номинацияларга асос солинди - энг яхши мураббий, энг яхши жамоа ва ҳоказо. Асосийси, нафақат журналистлар, балки миллий жамоалар сардорлари ва бош мураббийлари ҳам овоз бера бошлашди. Эътиборлиси, айнан ўша йили инқилобий натижалар қайд этилди - Роналду кучли учликка киролмади. Лекин кейинги йили ҳаммаси яна ўз жойига қайтди: аксарият журналистлар, мураббийлар ва сардорлар Месси учун овоз беришди, 2-ўрин эса Роналдуга насиб этди. Шу тариқа «бечора»  Хави яна 3-«куч» бўлиб қолаверди. Унга бу сафар португалияликка етиш учун 11 фоиз овоз етмади.

 

2012 йил: Андрес ИНЬЕСТА

Ўрин: 3

Овозлар миқдори: 10,91 фоиз

Яна бир йилдан сўнг тарих қайта такрорланди. Андрес Иньеста «Барселона» клуби ва Испания терма жамоасида қанчалик яхши ўйнамасин, Месси - Роналду жуфтлигига қарши курашда ҳеч вақога эришмади. Қисқаси, унинг Евро-2012да «қизил фурия» ғалабасига асос солганию, ЧЛ баҳсларида қойилмақом ҳаракатлангани ва УЕФА томонидан мавсум-2011|2012нинг бош қаҳрамони сифатида тан олингани халқаро танловда заррача аҳамият касб этмади. Журналистлар, сардорлар ҳамда мураббийлардан таркиб топган жамоа аҳиллик билан 1-2-ўринларни яна тегишлича аргентиналик ва португалияликка раво кўришди.

2013 йил - Франк РИБЕРИ

Ўрин: 3

Овозлар миқдори: 23,39 фоиз

Юзида чандиғи бор француз мавжуд анъанани бузиб юбориши ҳеч гап эмасди. «Бавария» учун идеал мавсум ЧЛдаги ёрқин ғалаба билан тугади. Зафарнинг асосий ижодкорларидан бири Рибери УЕФА меҳрини қозониш (ташкилот уни еврокубокларнинг энг яхши футболчиси, деб топди) баробарида журналистлар эътиборига ҳам тушди. Ҳарқалай, матбуот вакиллари «Олтин тўп» сўровида ярим ҳимоячига 524та овоз бериб, уни ўз рейтингларида 1-ўринга қўйишди. Бироқ терма жамоалар бош мураббийлари ва сардорлари журналистлар талқинини бекорга чиқаришди. Уларнинг овозлари натижасида Роналду 1-ўринга кўтарилди, Месси эса 2-қатордан жой олди. Риберига ачиниш мумкин - у умумий ҳисоб-китобда португалиялик ва аргентиналикни озгина олдинга ўтказиб юборганди.

2014 йил: Мануэль НОЙЕР

Ўрин: 3

Овозлар миқдори: 15,72 фоиз

Германия термаси дарвозабони немисларнинг ғалабалари билан тугаган ЖЧ-2014 бош қаҳрамонларидан бирига айланди. Бироқ овоз берувчилар Бразилияда омадсизликка юз тутган Роналдунинг клуб футболидаги натижаларини салмоқлироқ баҳолашди. Португалиялик «Ре-ал»ни ЧЛда зафар чўққиси сари етаклаганди. Боз устига, Криштиану танловда иккинчи бўлган Мессидан анча кўп овоз олди. Айтиш жоиз, ҳар уч тоифадаги овоз берувчилар (журналистлар, мураббийлар ва сардорлар) уни «тож» билан сийлашди. Аргентиналик юлдуз эса Нойердан атиги 0,4 фоиз ўзиб кетди - бу 1тагина овоз демакдир. Дейлик, бош мураббийлар ва журналистлар германиялик киперни 2-ўринга муносиб кўришди, аммо терма жамоа сардорлари ўз одатларига кўра, Мессини ёқлашди. Ваҳоланки, у ўша йили бирорта соврин ютган эмасди.

2015 йил: НЕЙМАР

Ўрин: 3

Овозлар миқдори: 7,86 фоиз

2 йил кучли учлик орасида ўринлар тақсимоти бўйича нисбатан реал «интрига» кузатилгач, мавсум-2015да яна эски ҳолат такрорланди. Месси «Барселона» билан Испания чемпионатида ғолиб чиқди, мамлакат кубогини ютди, ЧЛ бош совринига эга чиқди, Европа суперкубогини ўзига бўйсиндирди ва Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида зафар қучли. Шу самарадорлик эвазига «Олтин тўп» сўровида Роналдуни анча ортда қолдирди. Португалиялик эса ўз навбатида, Лионелнинг Каталония жамоаси ҳужумидаги шериги Неймардан деярли 20 фоиз кўп овоз жамғарди.

2016 йил: Антуан ГРИЗМАНН

Ўрин: 3

Овозлар миқдори: 7,53 фоиз

Ўтган йили мавжуд тенденция барҳам топиши кутилганди. Ҳарқалай, Мессининг ишлари унча юришмади. Ҳар ҳолда, у Евро-2016да «олтин»га бурканган Роналду каби ёрқин нур сочгани йўқ. Тўғри, 3-«куч» ролида гавдаланган Антуан Гризманн ҳам икки буюк финал (ЧЛ ва Европа чемпионати)да мағлубиятни тан олди. Шунга қарамай, унинг танловда лоақал 2-ўринни банд этиши тахмин қилинди. Аммо ФИФАдан «ажрашган» француз нашри француз ҳужумчисини унча сийлагани йўқ. Хуллас, Антуан Мессидан деярли 20 фоиз кам овоз олди ва 3-«куч» яна 3-ўринда... Эҳтимол, жорий йил якунида Месси - Роналду дуэтининг якка ҳукмронлиги барҳам топар... Билмадик, буни билиш учун сабр билан кутиш керак.

ФАКТ. 2007 йилдан кейинги даврни олсак, атиги битта ҳолатда «Олтин тўп» даъвогарларининг учлигида Роналду - Месси жуфтлиги қайд этилмади. Португалиялик юлдуз мавсум-2010 якунида нафақат Месси, Хави ва Андрес Иньеста, балки яна Уэсли Снайдер ва Диего Форландан ҳам ортда қолганди.

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz