Қайднома

Қидирув

«Сурхон»-«Андижон» ўйинида бўлиб ўтган воқеа тафсилотлари

«Сурхон»-«Андижон» ўйинида бўлиб ўтган воқеа тафсилотлари

  21.06.2017 06:19
  0
  1949
«Сурхон»-«Андижон» ўйинида бўлиб ўтган воқеа тафсилотлари

«Сурхон»-«Андижон» ўйинида бўлиб ўтган воқеа тафсилотлари ҳамма нашрларни бирма-бир айланиб чиқди. Ўзимизнинг матбуот у ёқда турсин, хориж телевидениесида ҳам ёритилган можаро ҳақида яна бирор янги гап айтиш жуда қийин. ПФЛ вазиятни қайта ўрганиб чиқиб, айбдорларга нисбатан чора кўрди. Албатта, муштлашувни келтириб чиқарган футболчилар жазоланади. Бунга шубҳа йўқ. Аммо шу билан муаммо барҳам топадими? Унинг илдизи-чи?

Очиғи, шахсан ўзимда сўнгги йилларда қуйи лига баҳсларини мунтазам кузатиб бориш имконияти кўп бўлмади. Яшаб турган жойимга энг яқин бўлган ҳудуд жамоаси - «Кимёгар» тарқатиб юборилгандан буён аҳвол шу. Баъзан у ёқ-бу ёқда ўйин бўлиб қолмаса, атайлаб ҳафтанинг қайсидир кунини кутиш йўқ. Аммо шунда ҳам бир нарсани айта оламан - биринчи лига учрашувлари кескинлик ва шиддат борасида олий лигадан асло қолишмайди. Тактика ва техника борасида балки фарқ каттадир, аммо футболчиларда курашга чанқоқлик ва иккиланмай яккакурашларга киришиш ҳатто бироз устун ҳам туради.

Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Биринчи лигада футболчиларнинг маоши анча паст. Бундай даромад билан рўзғор тебратиш у ёқда турсин, футболчининг минимал эҳтиёжини қоплаш ҳам қийин. Иккинчи лигада эса вазият ундан-да оғир, арзимаган чойчақага ўйнаб юрганлар бор. Футболчи эса касбининг ортидан ўзи ва оиласини таъминлашни истайди. Бироқ фақат олий лигада буни уддалаш мумкинлигини ҳам яхши билади. У ерга ўтиш эса жуда қийин. Қандай бўлмасин, иқтидорини намойиш этиши лозим. Шу боис на ўзини аяйди ва на рақибни. Баъзан футболчилар бир-бирига ташланишини кўриб, қандай қилиб кейинги ўйинда яна майдонга тушаётганига ҳайрон қоласиз.

Футболчилар ўртасида рақобат бўлгани яхши, албатта. Аммо у ўсишга сабаб бўлмаётгани ёмон. Қуйи лигаларда ўзини кўрсатиб, кейин элитага ўтиш ҳар доим қийин. Нафақат Ўзбекистон, балки футболи ривожланган ўлкаларда ҳам гоҳида бу имконсиз иш. Шу боис, Европада ярим профессионал тарзда фаолият юритадиган клублар талайгина. Бундай жамоалардан юлдуз етишиб чиқмаслиги мумкин, аммо футбол равнақида ўрни катта. Яқинда Германия қуйи дивизионидан биридаги ўйинга йиғилган мухлислар сурати интернетга қўйилганди. Бунақа ташрифга нафақат биздаги клублар, балки анча-мунча грандлар ҳам ҳавас қилиши турган гап. У ерда ҳар бир ҳудуднинг ўз жамоаси ва ўз юлдузлари бор.

Бизда ҳам шундай. Аммо бу клублар қандай кун кўраётганининг ўзи мўъжиза. Ўзбек футболига қуйи дивизионлар жуда керак. Олис туман ва қишлоқлар ўз жамоасига эгалик қилишга ҳақли. «Сурхон» неча йил деганда энди биринчи лигага қайтди. Бутун бошли вилоятда ҳеч йўқ битта қатнашчи бўлмаслиги чатоқ. Аммо ундаги шароит - энди бу бошқа масала.

Биринчи лига клубларида вазият анча оғирлигини юқорида келтириб ўтдик. Бу клублар ўз таъминотини кўтара олмаслиги ҳам ойдек равшан. Олий лиганинг манаман деган жамоаси ҳам бу ишни уддалай олмаганда кичик клубчалар ҳақида индамаган маъқул. Бу ўринда фақат бир нарса кишини ҳайрон қолдиради - нима учун хориждан катта пулга легионер олиб келадиган грандлар ҳам боқиманда бўлгани ҳолда, қуйи лигада 400 минг, 300 минг ва ҳатто 200 минг сўм маош бера олмайдиган клубларга бироз ёрдам кўрсатолмаймиз, шуниси қизиқ.

Қай бир йили «Орол»нинг ашаддий мухлиси билан гаплашиб қолгандик. У жамоаси тушиб қолган оғир вазият ҳақида анча ёзғириб гапирди. Билишимча, клуб футболчилари арзимаган маошни ҳам бир неча ой олмаган эди, ўшанда. Мухлис эса яхши кунлар келишига умид қилади. Биласизми, у ўша кунларни нима билан боғлади - Қорақалпоғистонда газни қайта ишловчи мажмуа ишга тушиши билан. Ўшанда «Орол» ҳам яхши ҳомийга эга бўлиши ва аввалги қудратини тиклаб олишини анча гапирди.

Аслида, мухлис жамоасидаги муаммоларни ўша ҳудудда каттароқ завод ёки фабрика йўқлиги билан боғлашининг ўзи футболимизда нимадир нотўғри йўналишда кетаётганини кўрсатади. Ҳамма нарса ҳомийга боғлиқ. Энг ёмони эса - ўша ҳомийлардан тушаётган пулларни ҳаммага тенг тақсимлаб бера олмаётганимиз. Барча муаммоларнинг илдизи шудир, балки? Нима учун кўпчилик клублар боқиманда бўлгани ҳолда кимдир миллиардлар ичида кўмилиб яшаши керак?

Аввал ҳам бу ҳақида кўп ёзганмиз. Яна бир бор ўша гапларни такрорлашга мажбурмиз. Профессионал футбол лигаси ташкил этилганига кўп йиллар бўлди. Аммо унинг иши бадал пули йиғиб, олий лигани наридан-бери ўтказиб беришдан иборатдек. Гарчи арзимаган тақвим масаласи ҳал бўлмаётган вақтда каттароқ муаммони кўтариш ғалати кўринса-да, айтишга мажбурмиз - ҳомийлик тизимига янгилик киритиш вақти келди. Барча йирик корхоналарнинг футболга атаган пулини умумий қозонга жамлаб, олий, биринчи ва иккинчи лига клубларига эҳтиёжига мос тарзда тенг тақсимлаш наҳотки шунчалар қийин бўлса? Ахир «Бунёдкор», «Локомотив», «Бухоро» ва «Насаф»нинг молиявий масалада «Сўғдиёна» ва «Динамо»дан устунроқ экани ҳеч кимга сир эмас-ку. Чунки уларнинг ҳомийси бақувват. Жиззах ва Самарқандда эса ундаймас.

Сурхондаги битта жанжал ортидан шунча нарса ёзиш шарт эмасдир, балки. Аммо шахсан ўзим бу гапларни ўша жанжалсиз ҳам ҳар куни такрорлаш шарт, деб биламан. Токи клублар ўз кунини кўра олмас экан, ҳомийлик пулларини тенг тақсимлашгина футболимизни янги поғонага олиб чиқиши мумкин. Акс ҳолда, футболчилар асабийлашаверади, мухлислар эса клуби кучайишини эмас, ўша ҳудудда бирор завод қурилишини кутиб яшайдилар...

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz