Қайднома

Қидирув

Австриялик даҳо

Австриялик даҳо

  22.06.2017 06:17
  0
  1070
Австриялик даҳо

Давид Алаба - бугунги кун чап қанот ҳимоячилари орасида энг илғорларидан бири. Қаранг, энди 24 ёшини қарши олган йигит «Бавария»дек клубда асосий ўйинчилар қаторига кириб улгурди. Австриялик ҳимоячи универсаллик хусусияти билан майдонда бошқа амплуадошларидан яққол ажралиб туради. Қолаверса, унинг тезлиги чакки эмас. Яна бир муҳим томони, Алабанинг жарима майдони ташқарисидан ажойиб зарба йўллаш иқтидори таҳсинга лойиқ.

Фаолияти ибтидоси. Австрия пойтахти - Венада туғилган Давид 9 ёшга тўлгач, маҳаллий «Асперн» клуби академиясида таҳсил ола бошлади. Болакай қисқа фурсат ичида мамлакатнинг энг кучли жамоаси - «Аустрия» назарига тушди. Якунда веналиклар иқтидорли йигитчани ўз тарбияланувчилари сафига қўшиб олишди. Шу тариқа 6 йил давомида «Аустрия» тизимида шуғулланган Давид ўйинида сезиларли ўсиш кузатилди. Табиийки, ундаги ривожланиш «кўҳна қитъа»нинг сара жамоалари эътиборини тортмай қолмади. Шундай эътибор самараси ўлароқ, 16 ёшли ўсмир 2008 йили Мюнхен «Бавария»си кўригига таклиф этилди. Германияликларда ҳам яхши таассурот қолдирган Алаба шу аснода футбол таҳсилини немис гранди академиясида давом эттирди. 17 ёшида эса «Бавария»нинг асосий жамоасидаги дебютини нишонлади. Давид ўша мавсум жами 6та учрашувда майдонга тушди, аммо асосий вақти ўринбосарлар сафида ўтди. Мюнхенликлар кейинчалик авс-триялик иқтидорни «Хоффенхайм»га юборишди - ярим йиллик ижара. Унинг зинсхаймликлар таркибида 18та ўйинда майдонга тушиб, 2та гол урганини ҳисобга олсак, амалиёт чакки наф келтирмади. Умуман, энди 18 ёшни қаршилаган Алаба ўзини чинакам профессионал футболчи сифатида намоён этди. Қарангки, «Бавария» айнан сўл қанот ҳимоясида муаммо сезаётганди. Хуллас, жаҳон футболидаги энг кучли чап қанот ҳимоячиларидан бирининг оёққа туриши шу тариқа бошланди.

«Бавария» учун. Давид Алаба жуда ёш бўлишига қарамай, дунё грандларидан бири сафидан бежиз жой олмаганини бирданига исботлашга киришди. У қайтишидан ке-йинги илк мавсумда 47та учрашувда майдонга тушиб, 3та гол урди. Мана, 5 йилдирки, австриялик футболчи «Бавария» етакчилари қаторида. Ҳарқалай, клубнинг қаторасига 5 марта чемпион бўлганида Давиднинг хизматлари катта. Шунингдек, мюнхенликларнинг 2013 йили Чемпионлар Лигаси ғолибига айланишларида ҳам австриялик даҳо бош роллардан бирини бажарди. Умумий ҳисобда айтсак, Давид «Бавария» либосидаги жами 218та расмий ўйинда рақиблар дарвозасини 19 бора ишғол қилди. Охирги мавсумни олсак, қаҳрамонимиз барқарор ўйини билан нафақат «Бавария», балки бутун бундеслиганинг бетакрор футболчилари қаторига қўшилди.

Австрия термаси учун. Давид Алаба фавқулодда юқори савия ва иқтидор билан сийланган элит футболчилар тоифасига мансуб. Дейлик, ҳозирда Австрия миллий жамоасида бош етакчи мақомига эга. Кристиан Фукс яқинда терма жамоадаги фаолиятини  якунлади ҳамда сардорлик боғичи ўз-ўзидан Алабага насиб этди. У мамлакат бош жамоасида 2009 йилнинг октябрида, эндигина 17 ёшга тўлганида, дебют қилган эди. Шундан буён 52та ўйин ўтказиб, 11та гол урди. Давид охирги йилларда терма жамоа сафида мунтазам майдонга тушмоқда. Фақат жиддий жароҳатгина унинг 1-2 марта четда қолишини тақозо этди. Хусусан, футболчи австрияликларнинг Евро-2016 финал раундига йўл очишларида етарлича жасорат кўрсатди. Экспертларнинг очиқ эътироф этишларича, агар Давид ўта ишончли тўп суриш асносида жамоадошларини ўз ортидан эргаштирмаганида, австрияликлар қитъа чемпионатига чиқолмасдилар.

Ҳозирги пайт. «Бавария» бу йил ҳам Германия бундеслигасидаги ғалабани муддатидан аввал расмийлаштирди. Эътиборлиси, Давид «Волфьсбург»га қарши кечган ва чемпионлик масаласига узил-кесил нуқта қўйган учрашувда ҳам ўта фаоллиги билан ажралиб турди. Хусусан, жарима зарбасини қойилмақом даражада бажариб, «Бавария» ғалабасига замин ҳозирлади. Алоҳида айтиш керак, австриялик футболчи айнан «стандарт»лар масаласида даҳо. Комил ишонч билан бемалол тасдиқлаш учун асослар етарли - австриялик йигит жарима зарбаларини эффектли амалга ошириш бўйича замонамизнинг энг яхши чап қанот ҳимоячиларидан биридир.

Совринлар саноғи. Айни пайт Давид Алаба шахсий коллекциясида 6та соврин бор. Австрияда йилнинг энг яхши футболчисини аниқлаш учун ўтказиладиган анъанавий сўров эса ҳозирда шунчаки, расмиятчиликка айланиб улгурди. Боиси, 24 ёшли универсал сайёрамиздаги энг кучли клублардан бири шарафини муносиб ҳимоя қилиш баробарида халқаро ўйинларда ҳам ўзини кўрсатмоқда. Умуман, у  даража бўйича миллий жамоадаги кўплаб шерикларидан бир бош устун туради. Австриянинг 6 карра энг яхши футболчиси мақомини олгани барчасидан далолат. Айтганча, бу шубҳасиз, рекорд натижа саналади. Давид катта аренага чиққунга қадар «йил ўйинчиси» совринини ютиш бобида Ивица Вастич етакчи эди - 4 карра лауреат. Вастичнинг охирги ютуғига ҳам 12 йил бўлибди. Давид шунингдек, УЕФА рамзий терма жамоаси таркибига ҳам киритилган. Аниқроғи, 2013 ва 2015 йиллар якунида тузилган жамоаларга. Қолаверса, у бундеслига-2015|2016 якунига кўра, тузилган рамзий термадан ҳам ўрин олди.

Айрим маълумотларга кўра, айни пайт Давид Алаба Мадриднинг «Реал» жамоаси эътиборида турибди. Бунинг ҳайратланадиган томони йўқ. Ахир чап қанот ҳимоячиси ўз ишини аъло даражада уддалаш асносида даражаси нафақат Германия ва Австрия, балки бутун жаҳон футболи юлдузлари қаторида туришга тортишини тўлиқ исботлаб бўлди.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz