Қайднома

Қидирув

Лю Хуншен: «Спартак»да пул учун ишламадим»

Лю Хуншен: «Спартак»да пул учун ишламадим»

  23.06.2017 00:38
  0
  655
Лю Хуншен: «Спартак»да пул учун ишламадим»

Москванинг «Спартак» клубида хитойлик шифокор Лю Хуншен фаолият олиб борарди. Унинг Москва клубига келганига 13 йил бўлди. Аммо жорий мавсумда у жамоадан кетди. Яқинда россиялик журналистлар Лю билан суҳбат уюштиришди.

- Ҳар қандай касалликни игна билан даволаш мумкинми?

- Саратондан бошқа ҳаммасини. Лекин саратон олдинроқ аниқланган бўлса, Хитой гиёҳлари билан игналар ёрдам бериши мумкин. Худди кимётерапия каби. Иммунитет ошади, гемоглобин яхшиланади.

- Инсультда-чи?

- Вақтини ўтказиб юбормаслик муҳим. Биринчи ҳафтада бошласангиз, беморни ўн кунда оёққа турғазиш мумкин. Бир ойдан кейин бошласангиз, имконият кам бўлади. Касаткина кўчасидаги шифохона раҳбари билан яқин танишман. Ўртоғи реанимацияга тушиб қолган экан. Мени чақиришди ва игналар билан даволадим.

- Муваффақиятлими?

- Ўн кунда оёққа туриб кетди. Ёнида ётганлар эса қимирлашмади.

- Игналар буюк кучми?

- Ҳа! Қон айланишини яхшилайди, энергия беради. Лекин ҳар бир инсоннинг танасида нуқтаси бўлади. Унга игна санчиб бўлмайди. Фақатгина бармоқлар билан массаж қилиш мумкин.

- Сизнинг ишингизда алдоқчилар кўпми?

- Уларнинг қанчасини кўрдиму. Россияда ҳам, Хитойда ҳам. Одамни игна билан ўлдириб қўйиш мумкин. Агар орқага қўйганда бироз чуқурроқ санчиб юборилса, ўпка зарарланади. Яъни пневмония келиб чиқади. Шу заҳоти ўлмаслиги мумкин. Аммо анча қийналади.

- Одам танасидаги энг ҳайратли нуқта қайси?

- Турли касалликларда нуқталар турлича бўлади. Баъзилари билан тезда ёрдам кўрсатиш мумкин.

- У қаерда?

- Бурун остида. Қаттиқ босиш ярамайди. Агар ҳушини йўқотган бўлса, аста-секин бармоқлар билан массаж қилиш керак.

- «Спартак» мухлиси стадион трибунасидан йиқилиб тушганида ёрдам берганингизни эслаймиз.

- Қайси йил эди? 2005ми? Дарҳақиқат, ўшанда бир йигит трибунадан йиқилиб тушган. Борганимда қулоғидан қон келиб, ҳушини йўқотганди. Кейин юқорида айтган нуқтани массаж қилдим. Тирик қолди ва тез ёрдам машинасида олиб кетишди.

- Агар сиз бўлмаганингизда ўлармиди?

- Албатта. Аввал ҳам одамларни қутқарганман. Бир марта кўчада кетаётсам, бир аёл йиқилиб тушди. Кейин бурун остидаги нуқтасини массаж қилдим, сунъий нафас бердим ҳамда юракни ташқи массаж қилдим.

- Бирдан сергак бўлиш учун қайси нуқтани босиш керак?

- Агар рулда кўп вақт юриб, уйқуни қочирмоқчи бўлсангиз, икки кўз ўртасини массаж қилиш керак. Олдинлари «Спартак» билан Узоқ Шарққа учардик. Ўйиндан олдин футболчиларнинг шу нуқталарини массаж қилардим. Бу пайтда ҳатто игна ҳам керак эмас.

- Баъзи одамлар гриппдан халос бўлиш учун бир стакан ароқ ва қалампирдан фойдаланишади.

- Хитойда бунинг учун занжабил ишлатилади. Аралашма тайёрлаб ичилади. Бирпасда касалликдан халос қилади.

- Яна бир гап. Баъзилар ангинани даволаш учун муз ейиш керак, де­йишади. Буни тасдиқлайсизми?

- Агар ангина йиринглаган бўлса, иссиқни яқинлаштирмаслик лозим. Йирингни совуқ билан йўқ қилинади. Ўзингиз кўрганингиздек, жароҳатлар ва тирналишлардан кейин муз босилади.

- Бош оғриғидан қандай халос бўлиш мумкин?

- Хэгу нуқтасини массаж қилиш керак. Яъни бош ва кўрсаткич бармоқлар ўртасини. Бир дақиқада қолдиради. Ажойиб нуқта. Нафас олиш қийинлашганда ва тиш оғриганда ҳам ёрдам беради.

- Таблеткаларни умуман тан олмайсизми?

- Рафиқам ва болаларим бошлари оғриётганини айтишса, шу нуқтани массаж қиламан. Агар қон босими баланд бўлса, таблетка ичиш мумкин. Ваҳоланки, қулоқдаги нуқтани массаж қилиб, уни ҳам тушириш мумкин. Ўғлимнинг йирингли гайморити бор эди. Ўсимликлар ва игна билан даволадим. Врач ҳам буни қандай уддаладингиз, деб ажабланганди.

- Қанақа ўсимликлар?

- Беш-олти хил. Қайнатиб ичилади.

- Ўсимликлар учун Хитойга борасизми?

- Ҳозир бормайман. Россияга ҳаммасини етказиб берадиган фирмалар бор. Мижозимга нима керак бўлса ёзиб юбораман. Сеҳрли ўсимликлар бор. Одатда шамоллашни ҳафталаб даволашади. Мен эса беморни  уч кунда оёққа турғазаман.

- Айтишларича, тўрт соатлик уйқуга тўядиган одамлар бор экан. Шу бор гапми?

- Бунақалар миллиондан битта бўлади. Аслида олти соатлик уйқу ҳам кам. Иштаҳа, энергия йўқолади. Мен 8-10 соат ухлайман. Агар эрталабки бешда турсам, кечқурунги 10гача зўрға етиб бораман.

- Карпин «Спартак»да иккита лавозимда ишлаганида уйқуга тўймаслигини айтганди.

- Биринчи бор эшитиб турибман. Менга мурожаат қилмаган. Черчесов эса Тарасовкада ҳар куни игна қўйишимни сўрарди. Яъни яхши ухлаш учун. «Спартак» мураббийларидан Карпин ва Лаудрупга тегмаганман, холос.

- Нима учун?

- Мурожаат қилишмаган. Эмерининг бўйни оғрирди. Игна ва массаж ёрдам берган. Мурот Яқинда ҳам шундай муаммо бор эди. Унинг ёрдамчиси Вальтер Грютернинг қорин оғриғини игна билан даволаганман.

- Аленичев сизга ишонармиди?

- Ҳа. Футболчилик пайтида ҳам доим ёрдам берганман. Ҳаттоки, Каррера ҳам келди. Унинг тиззаси оғрирди. Артроз.

- Балки Федунни ҳам даволагандирсиз?

- Ҳа, тиззаси ва белини. Лекин бунга кўп бўлди.

- Федун Тарасовкага келганми?

- Унинг уйига борганман.

- Айнан қаерга?

- Манзилини айтмайман.

- Ҳеч бўлмаса туманини айтарсиз.

- Рублёвка. Тушинода ҳам коттежи бор.

- «Спартак»да тиззаси энг кўп оғрийдиган футболчи ким эди?

- Паршивлюк, Ромулу. Бу йигитларнинг тиззаларини икки-уч марталаб операция қилишган.

- Энг кўп бели оғрийдиган футболчи ким бўлган?

- Бу борада Павлюченконинг муаммоси бор эди. Ва албатта, Видич. Ажойиб футболчи. Кўплаб клублар уни харид қилмоқчи бўлишган. Аммо умуртқа грижаси борлигини билиб фикрларидан қайтганлар. Менга Юрий Первак қўнғироқ қилиб, «Агар оёққа турғазишга ваъда берсанг, «Спартак» Видични сотиб олади», деганди.

- Агар йўқ деганингизда Видичнинг тақдири нима бўларди?

- Сербияда оғриқ билан ўйнаб юраверарди. Балки ўшандаёқ футболчилик фаолиятини тугатармиди?! Лекин бундай жароҳатларга кўп тўқнаш келганман. МРТни ўрганиб чиқдим. Кейин умуртқасини ушлаб кўрдим. Вазият оғир эди. Лекин умид қилса бўларди.

- Қаттиқ таваккал қилган экансиз.

- Бу ахир бир пакет олма сотиб олиш эмас-ку. Видич учун уч ёки тўрт миллион доллар тўлашган. Ҳозирги кунда бундай пул эвазига кучли футболчини топиб бўлмайди. Яхшилари саккиз миллиондан баланд.

- Бунинг учун сизга мукофот беришганми?

- Йўқ.

- Видичнинг ўзи рози қилганми?

- Уч минг доллар берган.

- Бунча хасис бўлмаса?

- Ҳечқиси йўқ. Уни ўтган йили ҳам даволадим.

- Видич Москвага келдими?

- Унинг трансфери «Интер»га тегишли эди. Яна белидан жароҳат олган. Лекин операция қилдиришни истамаган. Уни оёққа турғазишимга ишонган. Москвадан қидирган. Тополмагач, дўсти Тошичга қўнғироқ қилган. У эса «Лю одатда захира ўриндиғида ўтирарди. Лекин кўпдан буён кўрмайман. Афтидан, «Спартак»да ишламаяпти», деган. Кейин Видич Италияда жарроҳлик столига ётган.

- Муваффақиятлими?

- Йўқ. Баттар бўлган. Кейин «Спартак»ка қўнғироқ қилиб, телефон рақамимни олган. Биз эса БАА йиғинига йўл олгандик. Видич ўша ерга бориб, қўшни меҳмонхонага жойлашди. Бўш вақтимда у билан шуғулландим. Ҳолати ачинарли эди. Бунга муваффақиятсиз операция сабаб бўлган. Менда бир курс даволанганидан ке­йин яхши бўлиб кетди. Кейин 2 минг доллар берди. Неманья яна ўйнамоқчи эди.

- У фаолиятини якунладими?

- Менга тугатиши ёки Испанияда ўйнашини айтди. Тўртинчи, бешинчи ўринни олган жамоада...

- «Севилья»ми?

- Йўқ!

- «Валенсия»?

- Ҳа, аниқ «Валенсия»! Ўша ерга бормоқчи эди. Кейин қўнғироқ қилиб  «Лю, энди ўйнамайман. Керак бўлиб қолсанг боғланаман», деди.

- Бир пайтлари Видич «Манчестер Юнайтед»га жойлаб қўяй, деганди. Ўшанда ўн минг фунт стерлинг маош олишингиз мумкин эди.

- Менимча, 15 минг таклиф қилишганди. Буниси муҳим эмас. Мен рад жавобини берганман. Москвада ўз мижозларим бор. Уларни йиллаб йиғилади. Ҳаётим шу. Англияда-чи? Бугун жамоадасиз. Эртага ҳайдаб юборишади. Янги мураббий ўз штаби билан келади.

- Нима учун Видич сиз билан тез боғлана олмаган?

- Рақамимни йўқотиб қўйган экан. Тошич эса ҳақиқатан ҳам мени «Спартак»нинг захира ўриндиғида кўрмаган. Ўша пайтларда чиқмай қўйгандим.

- Нима учун?

- Карпин бош директор бўлганидан сўнг офисга чақириб: «Молиявий ин­қироз, маошинг катта. Энди икки баравар камаяди. Агар рози бўлсанг, қолавер», деди. Мен эса рози бўлдим.

- Эвазига нима бўлди?

- У «Ишинг ҳам камаяди. Сафарларга бормаслигинг мумкин Москвада ишларингни қилавер», деди. Ўша кундан кейин фақат Тарасовкадаги маш­ғулотлар ва йиғинларга борганман.

- Аввалига маошингиз 5 минг доллар бўлганми?

- 240 минг рубль. Кейин 120 минг­га айланди.

- Бундай мутахассис учун оз-ку.

- Албатта. Агар Каррера жамоадан кетказмаганида ўзим кетардим. «Спартак»да 13 йил фаолият олиб бориб, оиламни деярли кўрмадим. Рафиқам «Лю, уйга меҳмонхонага келгандек келасан. Нарсаларингни алмаштириб, яна кетасан. Бу оила эмас», дерди. Лекин энди ҳаммаси бошқача бўлади. Бирор-бир жамоада ишламайман.

- Каррера билан ишламаслигингизни ҳис қилдингизми?

- Мавзуга чуқур кириб кетмоқчи эмасман. Агар унинг ёнида Диего Мантованидек ёқимсиз одам бўлмаганида вазият бошқача кечарди. Массимо билан муаммо туғилмаган. Глушаков унга қўнғироқ қилиб «Нима учун Люни кетказиб юбординг?» деган. Каррера эса «Ким уни ишдан бўшатганини билмайман. Мен тегмадим», деб жавоб берган. Клубдагилар эса «Бош мураббий сен билан ишлашни истамаяпти», дейишди. Кимга ишонишни ҳам билмайман.

- Ҳужжатларингизни кўзда ёш билан олиб кетдингизми?

- Ўзимни зўрға тутиб турдим. Тарасовкадаги ишчилар эса нарсаларимга борганимда йиғлаб юборишди.

- Агар бир-икки йилдан сўнг чақиришса, нима деб жавоб берасиз?

- Вазиятга қарайман. Сўнгги йилларда «Спартак»да пул учун ишламадим. Юқорида айтганимдек, маошим қониқтирмасди. Лекин жамоага, йигитларга мослашиб қолгандим.

- Бошқа клублардан таклифлар бўлдими?

- Бир пайтлари «Локомотив» қизиққанди. Юрий Сёмин билан кўпдан бери танишман. Қўли оғриганида игна билан даволаганман. Агар бирор-бир Хитой дориси керак бўлса, мурожаат қилади. Хуллас, унинг қистови билан яхши шартнома таклиф қилишганди.

- «Спартак»дагидан кўпми?

- Албатта. Лекин рад жавобини бердим. Хусусий мижозларим кўп. Уларни ташлаб кетолмасдим. Одамлар эрталабки соат олтидан қабулга ёзилишади ва Медведковога олдимга келишади. У ердан Баковкадаги базагача жуда узоқ. Йўл учун ярим кун сарфлашимга тўғри келади.

- «Спартак»нинг қайси мураббийи хушфеъл бўлган?

- Федотов. Мулойим инсон эди. Футболчиларни худди ўз болаларидек яхши кўрарди. Унинг меҳмони бўлганман. Афсуски, 70 ёшга ҳам етмади.

Ж.БОБОХОНОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz