Қайднома

Қидирув

«МЮ» катта маблағ сарфламоқчи бўлаётган Перишич ким ўзи?

«МЮ» катта маблағ сарфламоқчи бўлаётган Перишич ким ўзи?

  23.06.2017 06:20
  0
  1179
«МЮ» катта маблағ сарфламоқчи бўлаётган Перишич ким ўзи?

Европа Лигасидаги муваффақиятдан сўнг ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритган «Манчестер Юнайтед» таркибни кучайтиришга жиддий бел боғлаган. Ўз сафига кучли футболчиларни жалб этиш тараддудини аллақачон бошлаб юборган «қизил иблислар» «Интер» ўйинчиси Иван Перишичга 50 миллион евро тўлашга тайёрлар. Аслида, хорватиялик ярим ҳимоячи шунга муносибми? Мутахассислар ушбу саволга ижобий жавоб қайтариб, Перишичнинг «МЮ» учун Антуан Гризманндан ҳам фойдалироқ бўлишини таъкидлашмоқда.

Ким ўзи у?

Одатда, футболчининг отаси шахсий қарашларини деб фарзандининг фаолиятига путур етказади. Анте Перишич оилани боқиш лозимлигини айтиб, ўғлининг карьерасини 180 градусга ўзгартириб юборди. «Иван паррандачилик фермамни қутқариш мақсадида Францияга йўл олди», дейди у. Кичик Перишичнинг болалигида фаранг ўлкасида ўтди: товуқхонада отасига кўмаклашди, жўжаларни парваришлади. Ҳаттоки, «Кока» (хорватчасига «товуқ») деган лақаб олди.

Иван 1998 йилги ЖЧ қаҳрамонларидан бири Алёша Асановичга ҳавас қилиши боис, ўзини Аса деб чақиришларини хоҳларди. Айнан шу футболчи каби «Хайдук» сафида ўйнашни орзу қиларди. 17 ёшида Нико Краньчар Хорватиядан кетди, «Хайдук» мураббийи Зоран Вулич ўйинчини йиғинга таклиф қилди. Перишич бу муҳитдан роҳатланди, майдонда тўп йиғиштириш орқали жамоага содиқлигини исботламоқчи бўлди... Сўнгра «Сошо»дан тушган таклиф, Франциядан хусусий самолётдаги парвоз, ажойиб шартнома, онаси ва синглиси учун квартира, кўплаб ваъдалар... Айниқса, клуб мураббийи Ален Перрен бу борада фаоллик кўрсатди.

Аммо Иваннинг иши юришавермади, у «Сошо»нинг иккинчи жамоасида юқорига кўтарилмади, собиқ ва амалдаги клубида қийинчиликларга дуч келди, кейинчалик ўйин амалиётига эга бўлиш мақсадида бош­қа масканларга кўз тикди. Бельгия чемпионатида «жон» сақлашга уринаётган «Руселар» шулар жумласидан. Перишич у ерда жамоага ёрдам берди, «Брюгге» дарвозасини икки марта ишғол қилди, сўнгра ушбу клубдан таклиф тушди - унинг ўйини ҳаммага маъқул келди. Бир сафар «Партизан»га қарши кечган баҳсда Иван пенальтини «Паненка» услубида амалга оширишга уринди. «Нуқта»дан зарба йўллаш ҳуқуқини сардордан сўраб олгач, икки марта изза бўлди - дастлаб рақиб жамоа дарвозабони унинг айёрона ҳаракатини пайқаб қолди, мураббий Адри Костер эса Перишични ҳақоратларга кўмди. Мазкур ҳолат хорватга шу қадар кучли таъсир этдики, иккита гол уриб, сўнгра масъулиятни ўз зиммасига олмасликка қарор қилди.

Кейинчалик вазият ўнгланиб кетди. Перишич Дортмунднинг «Боруссия»си сафида бундеслигада зафар қучди, Кевин де Брюйне билан бир жамоада тўп сурди, беқарорликни бошдан кечираётган «Интер»нинг энг яхши футболчиларидан бирига айланди. Ўтган йилнинг ёзида нафақат паррандачилик фермаси, балки бутун Хорватияни қутқарди - Евро2016да «шахматлилар»­нинг энг яхши ўйинчисига айланди, турнир давомида соч турмагига ўз мамлакати харитасини муҳрлади, Португалия термасига қарши баҳсида эса унинг бошида қизил-оқ катакчаларни кўрдик. Бу ёзда Перишич яна янги саргузаштларга тайёргарлик кўрмоқда - унга ҳозирданоқ трансферлар ойнасининг асосий фигураси сифатида қаралмоқда.

Иван Перишичнинг юксалиш даврида бир нарса ўзгаришсиз қолгани ажабланарли - Анте Перишичнинг паррандачилик бизнеси ҳамон қарздорлик гирдобида.

У қандай ўйнайди?

Перишичнинг трансфери маблағ ва хорватнинг ўсиш эҳтимоли нуқтаи назаридан баҳс-мунозараларга сабаб бўлиши мумкин, аммо Иван Жозе Моуриньо услубига тўлиқ мос тушади. Меҳнаткаш, техникаси юқори, ҳаракатлари самарали, масъулиятни зиммасига олишдан қочмайди.

Перишич - сифатли инсайд сифатида марказга кўчишни ҳам уддалайди, бўш ҳудудларни топа билади, тезлиги ёмон эмас, ҳар қандай ҳимоя­чини ортда қолдириши мумкин.

Хуллас, Иванда «МЮ»даги энг яхши ўйинчилардан бирига айланиш учун зарур бўладиган сифатлар етарлича. Тезлик бобида Хуан Матадан, ҳимоявий ҳаракатлар бўйича эса Антони Мартиалдан устун. «Вольфсбург» ва «Интер»нинг мудофаа чизиғидаги заифликлар, чап қанот ҳимоячининг тез-тез ўзгариши Перишичнинг янада чиниқишига замин ҳозирлади: якунига етган мавсумда хорват бир ўйинда ўртача 1,6та ҳолатда рақибидан тўпни олиб қўйган бўлса, 1,1та вазиятда тўпни эгаллаб олган. Прессинг ишлатиш пайтида жуда фаол.

Мабодо Перишичнинг тезлиги АПЛ ҳимоячиларини ортда қолдириш учун камлик қилса, хорват бош­қа томонлама - соф ҳужумчи сифатида фойда келтириши мумкин. «Интер» мураббийлар штаби мавсум давомида уни шу чизиқда тўрт марта синовдан ўтказди, Стефано Пиоли даврида ҳаводан келадиган тўпларни эгаллайдиган футболчи сифатида кўриниш берди. Перишич бақувват, ҳар қайси ҳимоячини яккакурашда енгишга қодир, очиқ ҳудудларни топа билади, иккинчи форвард чизиғида самарали ўйнайди.

Умуман, Антуан Гризманнинг трансферидан фарқли равишда Перишичнинг хариди «Манчестер Юнайтед» учун мантиқан тўғрироқ қарорга айланади. Франциялик ҳужумчининг мослашиш жараёнида тактик схемани 4-3-3га ўзгартиришга тўғри келади, акс ҳолда, Гризманн ўзи учун ноқулай чизиқда ўйнашга маҳкум бўлади. Перишич учун эса «МЮ»даги услуб тўлиқ мос тушади. Мазкур трансфер ҳамма учун фойдали - ҳаттоки, кимнидир сотиш орқали молиявий «фэйр-плей»дан қутулишни кўзлаётган «Интер»га ҳам.

Кимдан намуна олади?

Перишич «Вольфсбург»га кетаётганда қайсар футболчига айланиб улгурганди. «Захира ўриндиғида ўтирганимда, ўзимни ёмон ҳис қиламан», - деганди хорват Дортмунднинг «Боруссия»сида ўйин амалиётига эга бўлмаётганидан нолиб: «сариқ-қоралар» Марко Ройсни сотиб олишди, бу футболчи соғломлигида у билан рақобатлашиш қийин. Боз устига, Юрген Клопп Перишични ўзини ёш болалардек тутганликда айблаб, уни «Вольфсбург»га берди. Бу ерда эса Ивица Олич ҳамюртини ўз қарамоғига олди. Иван маҳоратли ҳужумчидан нафақат астойдил меҳнат қилишни, балки менталитетга кўникишни ҳам ўрганди.

«Оличнинг ўйнашини кўриб, ҳали кўп ишлашим кераклигини тушундим. Профессионалликка эришиб, унинг ёнида бўлиш учун айрим одатларимдан воз кечишим лозимлигини англадим. Ивицадан ҳар тарафлама намуна олдим, у тўғри йўлни танлашимда кўмаклашди», - дейди Перишич. Ўша пайтдаги «Вольфсбург»да ҳамма Кевин де Брюйненинг иқтидори ёки Бас Достнинг ҳар бир узатмани ақлли тарзда қабул қилиш хусусияти ҳақида гапирарди. Аммо Достни қанотдан ажойиб узатмалар билан таъминлаган футболчи ёддан чиқди.

Таваккалчилик нимада?

Иван Перишичнинг ўйинчилик салоҳиятини вақтинча унутилса, мазкур трансфер пайти кишини ўйлантирадиган иккита жиҳат борлигин таъкидлаш даркор. Биринчидан, албатта, пуллар: дастлаб «Интер» хорват учун 60 миллион евро сўраганди, энди эса клублар 50-52 миллионга келишадигандек. Перишич учун бу сумма бироз кўпдек, ваҳоланки, «МЮ» бундай ҳолга аввал ҳам тушган. Ҳамма гап сотиб олинган футболчи учун қилинган харажатнинг оқланиш ёки оқланмаслигида. Поль Погба билан рўй берган воқеани эсланг.

Иккинчидан, Перишичнинг ёши. Таҳлилчи Колин Трейнорнинг ўтган йилги тадқиқотлари шуни кўрсатдики, вингер учун энг юқори нуқта 26 ёшга тўғри келади, 28 ёшдан эса мунтазам пасайиш кузатилади. Эҳтимол, Иваннинг айнан 28 ёшда эканлиги у қадар хавотирли эмасдир, аммо хорватнинг келажакни ўйлаб харид қилинаётганини унутмаслик даркор. Перишичнинг тезлигини йўқотиши мумкинлиги борасида баҳслашишга ҳожат йўқ, унинг бугунги ҳолати яна 2-3 мавсумга етиши эҳтимоли юқори. Ушбу трансферга қарши фактларни умумий ҳолатда кўриб чиқиш ҳам мумкин: «Интер» юксак формасини йўқотиш арафасида турган асосий футболчиларидан бири учун йирик суммага эга бўлмоқчи.

Жозе Моуриньонинг бу борада ўз қарашлари бор, у ҳозирнинг ўзида ҳамма мусобақада ғолиб чиқишни хоҳлайди. «МЮ»нинг чемпионлик таркибини тузиш чоғида «Беназир»га Перишич трансфери аниқ асқотади.

«Манчестер Юнайтед»га бўлмаса, унда қаерга?

Яна бир яққол вариант - «Челси». Лондонликлар бир йил аввал Перишични сотиб олиш ҳаракатига тушиб қолишган, ўшанда таваккал янада ортганди - Иван эндигина Евро-2016да порлаётган, «Интер» унинг нархини кўтариб юборганди, йирик турнирдан сўнг бундай футболчи учун нисбатан кўпроқ пул тўлаш эса кишини ўйлантириши табиий. Перишич Контенинг 3-4-3 тактик схемасига тўлиқ мос тушарди, айнан шу услубни қўллаган Стефано Пиоли жамоасида ижобий кўрсаткичларни қайд этди - аммо ҳозир «Челси»да Азар, Педро, Виллиан бор. Бундай ҳолатда Иваннинг захира ўриндиғига «михланиши» эҳтимоли ошади. Яхшиси, «МЮ»га боргани маъқул, у ерда асосий таркибдан жой кафолатланади, тактик шарт-шароитлар бинойидек. Айни пайт «қизил иблислар»га катта фойдаси тегиши аниқ.

«Манчестер Юнайтед» «Интер» ярим ҳимоячи Иван Перишичнинг трансфери учун 50 миллион евро тўлашга тайёрлигини маълум қилди. Олдинроқ манкунианликлар футболчи учун Милан клубига 40 миллион евро таклиф қилишган. Бироқ «Интер» рад жавобини берганди.

Италия матбуотининг хабар беришича, «Интер»Перишични 55 миллионга баҳоламоқда. Бундан ташқари клубнинг янги устози Лучано Спаллетти хорватиялик ўйинчини жамоада олиб қолишни режалаштирмоқда.

«МЮ»дан ташқари Перишичга «ПСЖ» ҳам даъвогар бўлиб турибди.

Маълумот учун

Туғилган санаси: 1989 йил 2 февраль (28 ёш)

Фуқаролиги: Хорватия

Бўйи: 187 см. Вазни:74 кг.

Амплуаси: ярим ҳимоячи

Ўйнаган клублари: «Сошо» (2006-2009); «Руселаре» (2009); «Брюгге» (2009-2011); «Боруссия» Дортмунд (2011-2013); «Вольфсбург» (2013-2015); «Интер» (2015-ҳ.в.).

Хорватия миллий терма жамоасида 53та ўйин ўтказиб, 16та гол урган.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz