Қайднома

Қидирув

«А» серияси: мавсумнинг тўлиқ таҳлили

«А» серияси: мавсумнинг тўлиқ таҳлили

  24.06.2017 00:23
  0
  811
«А» серияси: мавсумнинг тўлиқ таҳлили

Якунига етган мавсум Италия футболи борасидаги кўплаб негатив жиҳатларга барҳам берди. Шиддат пастми? Аксинча, «А» серия Европа топ-чемпионатлари орасида энг сермаҳсул биринчиликка айланиб, бу борада ҳаттоки, Испания примерасини ҳам ортда қолдирди.

Олти футболчи 20тадан кўп гол уришди - ажойиб кўрсаткич! Мавсум якунида мавҳумлик сақланиб қолди, турнирда мотивацияга эга бўлмаган жамоалар ҳам юқори ўринлар учун курашаётган рақибларга муносиб қаршилик кўрсатишди.

Кальчонинг қайта туғилиши мураккаб бўлиб, узоқ муддатни талаб этса, дастлабки ўзгаришлар айнан бизнинг кўз ўнгимизда рўй берганини таъкидлаш даркор. Эҳтимол, «А» сериясининг янги сиймоси у қадар таниш эмасдир, аммо кишини ўзига ром эта олади.

Демак, эътиборингизни ушбу мавсумда Италия элитасида  рўй берган воқеаларга қаратамиз.

ҚОНУНИЙЛИК

«Ювентус» яна чемпион

Қаторасига олти марта чемпионлик «А» серияси учун рекорд ҳисобланади. «Ювентус»нинг гегемонлиги давом этади ва бунинг якуни кўринмаяпти. Эҳтимол майдонда «бьянконери»га қарши тўп суриш мумкиндир, аммо молиявий ҳолат ва ташкилотчилик нуқтаи назаридан туринликларнинг устунлиги яққол сезилади. Ҳозирги «Юве» учун ички чемпионат мажбурий дастурга айланиб, асосий эътибор ЕЧЛга қаратилади. Афсуски, ҳозирча Европанинг клублар ўртасидаги энг нуфузли турнирида «кекса синьора»нинг омади чопмаяпти. Фақат «Ювентус»нинг инқирозигина скудетто учун курашга инт­рига бағишлаши мумкин, бироқ бу воқеа 2018 йилдан аввал рўй бермаслиги ҳақиқатга яқин. Айнан шу паллада Буффон бошчилигидаги фахрийлар бутсаларини михга илишади.

«Рома» ва «Наполи»борларини беришди

Бу жамоалар сўнгги икки тур арафасида назарий жиҳатдан олтин медалларни қўлга киритиш имкониятини сақлаб туришганди. Қаторасига иккинчи мавсумдирки, римликлар ва неаполликлар «Ювентус»га жидий кураш таклиф этишга уринишмоқда, якунда эса айнан шу икки шаҳар вакиллари иккинчи ўрин учун ўзаро баҳс олиб боришмоқда. Биламизки, бу поғона Чемпионлар Лигасига йўлланма беради. Лучано Спаллетти бошчилигидаги «Рома» ҳамда Маурицио Сарри қўл остидаги «Наполи» оқилона пухта ўйланган селекция ва мураббийларнинг топқирлиги эвазига жозибали футбол намойиш этишди. Мавсум якунидаги ишга муносабат эса янада қизиқ кечди: «Наполи» - барқарорлик, «Рома» - ўзгаришлар учун.

Миланликларнинг қайтиши чўзилиб кетди

Айнан «модалар шаҳри» вакиллари узоқ вақт турнир жадвали ўрталарида қолиб кетишмоқда! Милан клублари етакчилар сафига қўшилсагина Кальчодаги ренессансдан умид қилиш мумкин. Етарлича сарф-харажатга қўл урган «Интер» умидларни пучга чиқарди. Бироз камтарроқ бўлган «Милан» эса якунда олтинчи ўрин билан чекланди, ваҳоланки, чемпионат стартида Монтелла бошчилигидаги жамоанинг кашфиётга айланиши кутилганди. Умуман, «россонери» еврокубокларга қайтишни уддалади, бу эса юксаклик сари қўйилган кичик қадам (агар хитойлик хўжайинлар ёқимсиз сюрприз тақдим этишмаса). «Милан»даги трансфер кампаниясининг бошланиши кишини руҳлантирмоқда, «Интер» ҳам жим қараб тургани йўқ. Ривожланишдан умид борми?

Ўртамиёналарда мотивация танқислиги

Ушбу муаммо «А» серия иштирокчиларининг сони билан боғлиқ. Жами 20та жамоадан атиги учтаси даража жиҳатидан пасаяди - турнир жадвалининг қуйи қисмидаги интригага ўзига хос зарба. Италия олий дивизионида 18та жамоа иштирок этган йилларни эсланг, тўртта жамоа тўғридан-тўғри ёки «спареджо» деб номланувчи ажойиб усул орқали элитани тарк этарди. Финишгача ҳеч ким енгил тин ололмасди! Ҳозир эса камида олтита жамоа (10-ўриндаги «Сампдория»дан то 15-ўриндаги «Болонья»гача) мавсумнинг ярмини ўзлари истагандек ўтказишди - Европа Лигаси йўлланмасини берувчи поғонани эгаллаш учун имконият йўқолган, ўз навбатида, хавфли ҳудуддан ҳам узоқда. Бундай кўриниш «Же-ноа»­ни қийин аҳволга солиб қўйгач, қишда сал қолса, инқирозга учраб, «В» серияга равона бўлишига оз қолганди. Италия футбол федерацияси президенти Карло Тавеккьо «А» серия иштирокчилари сонини камайтириш ғоясини қўллаб-қувватламоқда, лекин клублар бунга қарши чиқишлари аниқ: кичиклари қуйи дивизионда ўйнашни исташмаса, катталари ўйинлардан тушган даромадни йўқотишни хоҳлашмайди.

«Палермо» қуйига равона бўлди

Сицилияликлар бундай ҳолатга анча олдин тушиб қолишганди. Клубнинг қизиқ феъл-атворга эга президенти Маурицио Зампарини бош мураббийлар ўзгартиришдан чарчамади, оқибатда жамоа беқарорликка юз тутди. «Палермо» қўшимчасига етакчилардан айрила бошлади, уларнинг ўрни эса муносиблар ҳисобига тўлдирилмади. Якунда кўриндики, «розанери» таркиби «жон» сақлаш учун курашаётганлар билан рақобатлашишга етмади, Шарқий Европадаги номаълум ўйинчиларга ишонч билдириш охир-оқибат ўзини оқламади. Мавсум давомида «Палермо» ишқибозлари анчадан буён кутган воқеа юз берди: клуб эгаси ўзгарди. Эндиликда Зампаринининг ўрнида Пол Баккальини ишлайди. Хўш, у «Палермо»да тартиб ўрната олармикан? Бу савол «В» серияни кузатишга ундовчи қўшимча сабабдир.

КАШФИЁТЛАР

«Аталанта»

Жан Пьеро Гасперинидан мўъжиза! «Аталанта» элитада «жон» сақлаш ўрнига жозибали ўйинлари ҳамда иқтидорларни кашф этиши орқали кўпчиликнинг меҳрини қозонди. Энг яхши кўрсаткич: «Скуадра Адзурра» «Аталанта» футболчилари орасидаги ўсишга беэътибор қолмади. Эртак, роҳат, тарих. Тўртинчи ўрин - Бергамо клуби учун олий ютуқ. Шу мақомни сақлаб қолиш осон бўлмайди, таркибдагиларнинг ярми аста-секин сотиб юборилмоқда. Якунига етган мавсум шуниси билан ҳам қадрли бўлди: Кальдара, Конти, Кесси, Гомес ва «кўк-қоралар» сафидаги бошқа йигитлар шунга муносиблар.

«Лацио»

Марсело Бьелсанинг таклиф этилиши билан боғлиқ можаролардан сўнг «бьянкочелеста»дан ҳеч ким яхшилик кутмаётганди - обрўли мутахассис раҳбарларнинг ваъдаси бажарилмагани туфайли кетишга қарор қилди. Келишувга кўра, бир қатор янги футболчилар сотиб олиниши кўзда тутилганди. «Лацио» бадавлат эмас, юлдузларни харид қилолмайди, Симоне Инзаги ҳам иқтисодий вариант саналарди. Шунга қарамай, мураббийлик соҳасига эндигина кириб келаётган мутахассис қўл остидаги жамоанинг ўсишга эришгани ажабланарли. Тактик қарорлар чиқаришдаги дадиллик, ёшларнинг яхши ўйнаб кетиши, асосийси - натижаларнинг келиши. «Бургутлар» кучли бешлик сафига кириб, кубок финалигача етиб боришди: йўл-йўлакай «Рома»ни мусобақадан чиқариб юборишди. Ҳозирги шарт-шароитдан келиб чиқилса, ёмон кўрсаткич эмас.

«Кротоне»

Чемпионат якунидаги сенсация. Даставвал «А» серия дебютанти ҳисобланган «Кротоне»га биринчи рақамли аутсайдер сифатида қаралди: юлдузлар йўқ, молиявий имкониятлар паст, тажриба кам. Италия жануби шарафини ҳимоя қилаётган клубининг «В» серияга қайтиши ҳақида гапирилди ва «акулалар» сўнгги паллагача айнан қуйи поғоналарда юришди. Ҳал қилувчи қадам 30-турда қўйилди: «Кротоне» сафарда «Кьево» устидан зафар қучди. Кейинги турда кутилмаганда «Интер» мағлубиятга учратилди, жанубликлар бир маромни сақлаб, якунда мўъжиза яратишди. Чемпионатнинг сўнгги 9та учрашувида 6 ғалаба! Бош мураббий Давиде Никола қаҳрамонга айланди, ваҳоланки, у аввал элитада ишламаганди. Ушбу мутахассис жамоани руҳлантира олди, эндиликда «Кротоне»нинг финишдаги жасорати Кальчо учун чиройли афсонага айланади.

ОҚЛАНМАГАН ИШОНЧ

«Интер»

«Нерадзурри» бутун мавсум давомида барқарорликни сақлай олмади. Мавсумолди омадсизликлардан сўнг Манчини истеъфога чиқди, аммо Де Бурга ҳам узоқ ишлаш насиб қилмади. Голландияликнинг ўрнини эгаллаган Пиоли дастлаб оптимал вариантдек кўринди. «Интер»нинг ўйини қовуша бошлади, 7та ўйиндан иборат ғалабали серия намойиш этди, ЕЧЛга чиқиш имкониятлари ортди, яққол ўсиш кўзга ташланаётганди, аммо шу паллада миланликларга кўз тегди. «Аталанта» билан ўйинда 7:1 ҳисобида ғалаба қозонилганда «Интер» ҳаммасини бинойидек уддалади, бироқ кейинчалик мувозанат йўқолиб, исталган рақибга ютқаза бошлади. Охир-оқибат еврокубоклардан четда қолган «нерадзурри» навбатдаги янгиланишларга шайланмоқда.

«Фиорентина»

Йўқотиш у қадар сезиларли эмас, ахир «Фиорентина» Банега ёки Кандрева сингари футболчиларни харид қилиш имкониятидан йироқ. Шунчаки, флоренцияликлар бешинчи ўриндан саккизинча поғонага «шўнғишди». «Бинафшалар» ЕЧЛ йўлланмасидан умид қилишганди, энди эса Европа Лигасидаги оддий ўриндан ҳам маҳрум бўлишди. Паулу Соуза жамоада жозибали футболни таъминлади, аммо мазкур ҳолатда чиройли ўйин натижаларга салбий таъсир кўрсатди. «Фиорентина» ҳимояси «А» сериядаги аксарият жамоалар учун ажойиб «ўлжа»га айланди, ҳужум чизиғидаги потенциал эса кўпинча Виола фойдасига ишламади. Энди клубда жиддий ўзгаришлар рўй бериши кутилмоқда ва «Фиорентина»нинг кучайишини тахмин қилиш мумкин.

«Эмполи»

Даражадаги кутилмаган пасайиш. «Эмполи»дан қаҳрамонлик кутилмаганди, уларнинг нари борса аввалги мавсумлардагидек турнир жадвали ўрталаридан жой олишлари тахмин қилинганди. Жамоа хавф­ли ҳудуддан битта юқори ўриннни эгаллаганда таркибдан келиб чиқиб, буни адолатли ҳолга йўйилди. Аутсайдерлар қуйида жон куйдиришаётган бир паллада «Эмполи» енгил тин олиб, қаторасига 7та ўйинни бой берди ва шу тариқа «Кротоне» билан қаҳрамонлар спринтига киришди. Тан олиш лозим, Мартушьелло жамоаси ҳам якуний паллада ҳақиқий кучини кўрсатди ва сўнгги тургача «жон» сақлаш имкониятига эга эди. Бироқ даражаси пасайган «Палермо»нинг ўжарлиги панд берди. «В» сериясидаги синов «Эмполи» учун осон бўлмаслиги тайин: клуб воқеаларнинг бундай ривожига тайёр эмасди, таркибдаги етакчилар эса ё ижарада ўйнашади ёки ёшлари ўтиб қолган.

Энг қийин танлов ҳужум чизиғига тааллуқли, бу ерда кучли футболчилар бисёр, аммо уларнинг ҳаммасини ҳам асосийга қўйиш имконсиз. Лоренцо Инсинье, Бальде Кейта ёки Мауро Икарди сингари ўз ишининг усталари ҳаттоки захирадан ҳам ўрин олишмаса, бу адолатданми? Аммо шундай қилишга мажбурмиз. Италия чемпионати анчадан буён бунчалик кўп тўпурарлар рўйхатини кўрмаганди.

Мабодо ким учундир Салоҳнинг номзоди баҳсли туюлса, энг яхши жавоб сифатида статистикани кўрсатиш мумкин: 15та гол, 13та самарали узатма. Доннарумма эса, бир қатор қўпол хатоларга қарамай, «сейв»лар бўйича лигада тенгсиз. Қолаверса, барча 38та баҳсни тўлиқ майдонда ўтказган уч футболчидан бири. «Рома» посбони Шенсни ҳамда «Сассуоло» марказий ярим ҳимоячиси Ачерби худди шундай кўрсаткич қайд этишган.

Ушбу термадаги позициялар шарт­ли. Таъкидлаш жоиз, ушбу ўйинчиларнинг айримларига имконият берилмади. Паволетти эса ҳақиқий жабр­дийдага айланди уни «Наполи»га жароҳат олган Миликнинг ўрнига олишганди, аммо мавсум давомида Дрис Мертенснинг ҳужумдаги ишлари қовушди. Ушбу рўйхатга Сапонаруни қўшиш осон бўлмади: «А» сериянинг 2015|2016 йиллар мавсумидаги энг яхши ассистенти («Эмполи» сафида!) мотивацияни йўқотиб қўйди, сўнгра «Фиорентина»да вазиятни ўнглай олмади.

ЭНГ ЯХШИ ЎЙИНЛАР

«Милан»-«Интер»-2:2 (13-тур), «Интер»-«Милан»-2:2 (32-тур)

Миланнинг ҳар икки клуби инқирозни бошдан кечирмоқда, аммо «Дерби делла Мадоннина» одатдагидек томошабоп тарзда кечди. Аншлаг, муросасизлик, кутилмаган натижа. Якунига етган мавсумда иккита тўқнашув турлича тарзда кечди: дастлабкисида ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда «Интер» мағлубиятдан қутулиб қолганди, кейингисида эса «Милан» худди шу вазифани уддалади. Derby della MadonChina деб номланган иккинчи даврадаги дерби «россонери»нинг хитойлик хўжайинлари учун илк ўйин бўлди.

«Рома»-«Лацио»-1:3 (34-тур)

Рим дербиси - яна бир азалий тўқнашув. Бу жуфтликда асосий воқеалар иккинчи даврадаги баҳсда кузатилди. «Лацио»нинг кадрлар масаласидаги муаммолари ҳамда Строотманнинг ажабтовур симуляцияси гўё «бургутлар»ни имкониятдан тўлиқ маҳрум этгандек туюлганди. Аммо Симоне Инзаги ўз вақтида тактик ўзгаришлар қилиши «Лацио»га кутилмаган муваффақиятни келтирди. Тезлик, қарши ҳужумлар ва Бальде Кейта - 2016|2017 мавсум «бьянкочелести»дан қолган таассурот шу.

«Наполи»-«Ювентус»-1:1 (30-тур)

Гонсало Игуаин илк бор Неаполга «Ювентус» футболчиси сифатида ташриф буюрди ва «Сан-Паоло» трибуналаридаги нафратга гувоҳ бўлди. Ўйин эса жамоаларнинг апрелда бир маромга тушиб олган ҳолда юқори даражали ўйин намойиш этишгани билан аҳамиятли бўлди. «Наполи»нинг қисқа узатмалар пайтидаги ўзига хос услуби, «Ювентус»­нинг мустаҳкам ҳимояси ва қарши ҳужумлари - Сарри ҳамда Аллегри ўртасидаги тактик дуэль якунда шон-шуҳрат сари етаклади.

«Фиорентина»-«Интер»-5:4    (33-тур)

Аввалги баҳснинг тўлиқ акси. «Катеначчо» тарафдорларини бу ранжитиши табиий. Голлар шоуси ҳимоядаги қўпол хатолар ва ўйинни назорат қила олмаслик оқибатида юзага келди. Мабодо дарвозага кўплаб тўплар киритилиши ва кутилмаган ҳисоб қайд этилиши тарафдори бўлсангиз, ушбу баҳс айнан сиз кабиларга аталгани кундек равшан. «Интер» биринчи бўлимни ўз фойдасига ҳал этди, аммо «Фиорентина» танаффусдан сўнг 16 дақиқа ичида 1:2ни 5:2га айлантирди! Тўққизта гол ва ютқазган жамоа футболчисининг «хет-трик» қайд этиши - «А» сериянинг бугунги ҳолати шундай.

«Рома»-«Женоа»-3:2 (38-тур)

Чемпионат финишидаги спектакль. «Рома»га ғалаба сув ва ҳаводек зарур эди, аммо мотивацияни йўқотиб улгурган «Женоа» анча хотиржам тарзда сўнгги паллагача курашди. 16 ёшли генуялик футболчи Пеллегрининг голи, «Рома»нинг бир-биридан шиддатли ҳужумлари, танаффусдан кейинги қарама-қарши ўйин, римликларнинг финал ҳуштаги арафасидаги штурми ҳамда 90-дақиқадаги ғалаба голи. Рим сўнгги учрашувини ўтказган Франческо Тоттини шу тариқа кузатиб қўйди. «Император»нинг «Олимпико» трибуналари билан хайрлашиши мавсумнинг энг чиройли, шу билан бирга энг ғамгин воқеасига айланди. Италияликларнинг футболга муносабатининг асл моҳияти ҳам шунда.

Мавсум рамзий термаси

Жанлуижи Доннарумма («Милан») - Андреа Конти («Аталанта»), Маттиа Кальдара («Аталанта»), Леонардо Бонуччи («Ювентус»), Алекс Сандро («Ювентус») - Муҳаммад Салоҳ («Рома»), Марек Гамшик («Наполи»), Ража Наингголан («Рома»), Дрис Мертенс («Наполи») - Андреа Белотти («Торино»), Эдин Жеко («Рома»)

Захира: Жанлуижи Буффон («Ювентус»), Федерико Фасио («Рома»), Дани Алвес («Ювентус»), Лукас Билья («Лацио»), Алехандро Гомес («Аталанта»), Пауло Дибала («Ювентус»), Гонсало Игуаин («Ювентус»)

Ишончни оқламаганлар рамзий термаси

Жо Харт («Торино»), Штефан Лихтштайнер («Ювентус»), Жейсон Мурильо («Интер»), Маттиа Де Шильо («Милан»), Мариу Руи  («Рома»), Марсело Брозович («Интер»), Салли Мунтари («Пескара»), Эмануэле Жаккерини («Наполи»), Риккардо Сапонару («Эмполи»|«Фиорентина»), Леонардо Паволетти («Женоа»|«Наполи»), Филип Жоржевич («Лацио»)

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz