Қайднома

Қидирув

Ҳам ташкилотчи, ҳам устоз

Ҳам ташкилотчи, ҳам устоз

  24.06.2017 06:19
  0
  563
Ҳам ташкилотчи, ҳам устоз

Геннадий Красницкий номидаги стадион. Шинам, тоза. Энг муҳими, ўсмир болалар билан тўлган. Майдонда ўйин кетмоқда. Ташқарида эса бошқа жамоалар машқ қилишмоқда. Гарчи тор бўлсада, ҳеч ким бир-биридан хафа эмас. 15 ёшли болакайлар «Пахтакор»нинг афсонавий ҳужумчиси Станислав Стадникни хотирлаб, мусобақа ўтказишмоқда. Унда нафақат Тошкент шаҳри ва вилояти, балки Зарафшон ва Бухородан келган йигитлар ҳам иштирок этишмоқда. Ҳаттоки, қўшни республикалар - Қозоғистон ва Қирғизистондан ҳам жамоалар бор. Чунки турнир халқаро мақомга эга.

- Турнирни ташкил қилганларга миннатдорчилик билдираман, - дейди ўзбек футболи фахрийси, 88 ёшли Евгений Валицкий. - Ўсаётган авлод ўзбек футболининг пойдеворини қурган футболчиларни, мураббийларни билишлари керак. Ўтмишсиз келажак бўлмайди.

Эътиборли томони, Валерий Любушин, Эдуард Каграманов, Виталий Иванов, Владимир Фахритдинов каби ўзбек футболи учун жон куйдирган инсонларнинг хотира турнирлари айнан ўтган асрдаги Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси Геннадий Красницкий номидаги стадионда бўлиб ўтади. Тасаввур қилинг, бу ушбу инсонларнинг қариндошларини қанчалик хурсанд қилади.

Бу ҳолатларни Анатолий Лошинин алоҳида эътироф этмоқда. Унинг айтишича, доимий равишда Наримон Жалолов бошчилигидаги Ўзбекистон футбол фахрийлари кенгашидагилар ёрдам бериб туришаркан. Шунингдек, ушбу кенгашга аъзо бўлган Виталий Капустянский ва Анатолий Никитинлар ҳам қараб туришмайди. Улар Красницкий ва Стадниклар билан бирга катта спортга кириб келишган.

Таниқли футбол статисти Владимир Сафаров буклетларни чоп этишда фаол. Иван Шкандин эса меҳмонларни транспорт билан таъминлайди. Дмитрий Шелочковнинг вазифаси - совринлар ва совғалар. Лекин ҳар нима қилганда ҳам ташкилотчилик иқтидори бўлмаса, бундай турнирларни ташкил этиш мушкул. Айнан шу нарса Анатолий Лошининнинг зиммасида.

Лошинин бўйдор, ёши ўтган бўлишига қарамай, кўриниши ёмон эмас. Атрофи ҳамиша ўсмирлар билан гавжум. Доимо спорт формаси, бейсболка ва кроссовкада юради. Лошининни ҳеч қачон костюм ва галстукда кўрмаганман.

- Деярли 20 йил олдин «парад форма»да бўлгандим, - деб эслайди мураббий. - Ўшанда «Туркистон» залида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов менга тантанали равишда «Дўстлик» орденини топширгандилар. Шундан буён галстук тақишни билмайман. Баъзида қўшним ёрдам бериб туради.

Бектемир туманидаги «Водник» массивида катта-ю кичик Алексеични ҳурмат қилади. Шу ерда туғилди, ўсди ва мураббий бўлиб етишди. Ҳамиша қандайдир юмуш бўйича мурожаат қилишади. У билан йўлда гаплашишнинг умуман иложи йўқ.

Болалигидан мактаб ҳовлисида тўп тепарди. Мабодо туман милиция бўлимининг стадионига қўйишса, ҳақиқий байрамга айланиб кетарди. Бу ўша ердаги ягона арена бўлиб, бирорта ҳам майсаси йўқ эди. Шунга қарамай, болалар хурсанд эдилар. Чунки туманда бошқа стадион қурилмаганди.

- Ҳозир болаларга бу ҳақда айтиб берсам, ишонмаётганлари кўзларидан кўриниб туради. Шунчаки, тушунишмайди. Айни пайт барчаларининг футбол учун либослари бор. Тўплар ҳам керагидан ортиқ. Гетраларни 18 ёшга тўлганимда илк бор кийганман,-деб эслайди мураббий.

Ўшанда бўйдор бўлган Толикни дарвозага қўйишган. Ўзингизга маълум, дарвозабонлар ҳимоячиларнинг ўйинларини бошқаришади, баланд овоз билан ҳужумчиларга кўрсатма берадилар. Айнан ўшанда унинг етакчилик хусусиятлари уйғонганди.

Албатта, иқтидорли йигитни кўздан қочиришмади. У «Политотдел», «Пахтаорол» (Сирдарё вилояти) каби жамоаларда тўп сурди. Ҳаттоки, икки мавсумни Рязанда ўтказиб қайтди. Фаолияти давомида кўплаб жамоаларда ўйнади. 42 ёшида эса бутсаларини михга илди. Ўшанда Тошкентнинг «Трамвайчи» жамоасида сардорлик қилди.

- Умуман олганда, у ўйновчи мураббий эди,-дейди ўзбек футболининг яна бир оқсоқоли Иван Шкандин. - Ҳаттоки, ёши катта бўлиб қолганида ҳам ёш йигитлардек бор кучи билан ҳаракат қиларди. Нафақат сўз билан, балки амалда ҳам ёшларга ўрнак кўрсатган. Унинг учун шунчаки ўйинлар бўлмасди. Энг муҳими, пул учун ўйнамасди. Ҳозирги кунда бундайлар деярли йўқ. Ота-оналар ҳам болаларини футбол тўгаракларига келажакдаги молиявий имкониятларни ўйлаб олиб боришмоқда. Бугунги кунда миллионлар ўйини миллионерлар ўйинига айланиб қолди.

Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки йилларда ўсмирлар терма жамоасини Лошининга ишониб топширишди. Унинг қўл остида жамоа Непалда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида иштирок этди. Йигитлар ўшанда ярим финалга қадар етиб боришганди. Тўғри, бу кўрсаткич кимлар учундир камдек туюлар, аммо у пайтлари мазкур натижа биринчилардан саналарди.

Ўша кезлари деярли барча шогирдлари олий лига жамоаларида ўйнашди. Албатта, мураббий бундан фахрланса арзийди. Қайрат Ўтабоев («Пахтакор»), Денис Холиқулов («Андижон»), Дмитрий Лошинин («Сўғдиёна», «Кимёгар»), Игорь Михайлов («Янгиер»), Валерий Воронин («Машук», Пятигорск, Россия), Андрей Власичев («Олой», Ўш, Қирғизистон).

Мана бир неча йилдирки, Янги йил байрами арафасида шогирдлари Лошининнинг икки хонали уйига жамланишади. Йилдан-йилга уларнинг сафи кенгаймоқда.

- Бир сафар уйимга Қозоғистоннинг иккита жамоаси жойлашганди. Меҳмонлар ўша кунни ҳамон эслаб юришади,-деди мураббий сўз охирида.

Тимур Низаев


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz