Қайднома

Қидирув

Футбол тарихидаги энг қимматбаҳо дарвозабонларни биласизми?

Футбол тарихидаги энг қимматбаҳо дарвозабонларни биласизми?

  26.06.2017 04:43
  0
  1368
Футбол тарихидаги энг қимматбаҳо дарвозабонларни биласизми?

«Манчестер Сити» клуби яқинда 23 ёшли Эдерсон Мораес учун 40 миллион евро тўлаб, уни футбол оламининг энг қимматбаҳо иккинчи голкиперига айлантирди. Хуллас, бу борадаги рейтинг пешқадами - Жанлуижи Буффон ҳамон ўз мақомини сақлаб турибди. Қуйида трансфери ниҳоятда кўп маблағ талаб қилган дарвозабонлар ҳақида маълумот олишингиз мумкин.

Петр ЧЕХ. Нархи: 14 млн. евро. Ҳаракат йўналиши: «Челси»  «Арсенал». Йил: 2015. «Челси» 2 йилча олдин мураккаб ҳолат қаршисида қолди: фахрий Петр Чех ва ёш Тибо Куртуадан бирини танлашига тўғри келди. Якунда «аристократлар» чехиялик киперни дўстона тарзда «Арсенал»га қўйиб юборишди. Илк мавсумда бу қарор хатодек кўринганди, аммо ҳозир бундай баҳолаш учун асос йўқ.

Самир ХАНДАНОВИЧ. Нархи: 15 млн. евро. Ҳаракат йўналиши: «Удинезе»  «Интер». Йил: 2012. Словениялик кипер ўша вақт топ-клуб сафидан жой олганди, аммо «Интер» шу-шу Европа футболи элит гуруҳидан четда қолмоқда. Умуман, бир неча йилки, Самирнинг кучлироқ клубга йўл олиши тахмин қилинмоқда, аммо... Дейлик, ҳозирда унинг «Манчестер Юнайтед»га ўтиши хусусида гап-сўзлар бор.

Ян ОБЛАК. Нархи: 16 млн. евро. Ҳаракат йўналиши: «Бенфика»  «Атлетико». Йил: 2014. «Матрасчилар» словениялик киперни Тибо Куртуа (у ижара муддати тугагани боис, Лондон «Челси»си ихтиёрига қайтганди) ўрнига сотиб олишди. У ўринбосарлик вазифасини ўрнига қўйди ва жорий ёзда энди «МЮ»да Давид де Хеа ўрнини эгаллаши хусусида хабарлар чиқмоқда.

Анжело ПЕРУЦЦИ. Нархи: 17,9 млн. евро. Ҳаракат йўналиши: «Интер»  «Лацио». Йил: 2000. 17 йил олдинги трансфер. Анжело «Интер»да атиги 1 мавсум ўйнагач, Римга кўчиб ўтган ва фолиятининг охирги 7 йилини «Лацио»га бағишлаганди. Эътиборлиси, Перуцци хайрлашув мавсумида «А» сериясининг энг яхши дарвозабони сифатида эътироф этилганди.

Клаудио БРАВО. Нархи: 18 млн. евро. Ҳаракат йўналиши: «Барселона»  «Манчестер Сити». Йил: 2016. Хосеп Гвардиола Манчестер клубида иш бошлагач, Жо Хартни Италияга жўнатди ва унинг ўрнини «Барселона» кипери билан тўлдирди. Мураббий ўз қарорини чилилик дарвозабон жамоа ҳужумини бошлашда беназир эканлиги билан изоҳлаганди. Бироқ бу трансфердан самара чиқмади, якунда «шаҳарликлар» яна янги дарвозабон сотиб олишдан ўзга чора тополмадилар.

Анжело ПЕРУЦЦИ. Нархи: 19 млн. евро. Ҳаракат йўналиши: «Ювентус»  «Интер». Йил: 1999. Элит рўйхатга 2та трансфер орқали тушган ягона кипер. Перуцци 1999 йилнинг ёзида мураббий Марчелло Липпи билан ҳамроҳликда «Юве»дан «Интер» сафига ўтди. Туринликлар унинг ўрнига Эдвин ван дер Сарни сотиб олишган, бироқ голланд кипери жамоанинг тўлақонли юлдузига айланолмаганди. Натижада «Юве» Жанлуижи Буффон харидига қўл уради, сал кейинроқ.

Себастьян ФРЕЙ. Нархи: 21 млн. евро. Ҳаракат йўналиши: «Интер»  «Парма». Йил: 2001. Янги аср аввалида «Парма» етарли маблағга эга эди ва Жанлуижи Буффонни муносиб нархда сотиб, унинг ўрнига Фрейни харид қилади. Француз «қандолатчилар» сафида чакки таассурот қолдирмайди, аммо клуб молиявий танглик сабаб, уни қайта сотишга мажбур бўлади.

Давид де ХЕА. Нархи: 25 млн. евро. Ҳаракат йўналиши: «Атлетико»  «МЮ». Йил: 2011. Ўша машҳур Эдвин ван дер Сар ўрнига таклиф этилган испан кипери жуда суст бошлади. Айтишларича, унга ҳаттоки, мажбуран таом едиришган. Муҳими, Алекс Фергюсон ишончни йўқотмади ва мана, де Хеа жаҳондаги энг кучли голкиперлардан бирига айланди. «Реал» шу ёз Давидни Испанияга қайтармоқчи ва эҳтимолки, унинг энг қимматбаҳо киперлар рейтингида Жанлуижи Буффондан ҳам ўзиб кетиши ҳеч гап эмас.

Франческо ТОЛЬДО. Нархи: 26,5 млн. евро. Ҳаракат йўналиши: «Фиорентина»  «Интер». Йил:  2001. Флоренцияликлар аслида Тольдони «Парма»га сотмоқчи бўлишганди, бироқ унинг ўзи бу вариантни рад этиб, «Интер»га ўтишни маъқул кўрди. 4 мавсум «нерадзурралар» шарафини бинойидек ҳимоя қилганидан кейин эса бразилиялик Жулио Сезар туфайли захира ўриндиғига чекинди. Шу тариқа вақтида жаҳоннинг энг яхши голкиперларидан бири саналган Франческо нақ 5 йил давомида Милан жамоасининг захирасида ўтириш билан кифояланди.

Мануэль НОЙЕР. Нархи: 30 млн. евро. Ҳаракат йўналиши: «Шальке»  «Бавария». Йил: 2011. Бу рўйхатда «Бавария» таянч ярим ҳимоячисига нима бор? Жиддий гапирсак, қимматбаҳо киперлар рекордини айнан Нойер янгилаши мумкин эди. Бироқ у Мюнхенга эртароқ кўчиб ўтди, чоғи...

ЭДЕРСОН. Нархи: 40 млн. евро. Ҳаракат йўналиши: «Бенфика»  «Манчестер Сити». Йил:  2017. Бразилиялик дарвозабон олдида масъулиятли вазифа турибди. У аввало, «шаҳарликлар» тарафкашларининг Клаудио Браво қиёфаси ва унинг иштирокидаги даҳшатли оқшомларни унутишларига ёрдам бериши керак.

Жанлуижи БУФФОН. Нархи: 52,8 млн. евро. Ҳаракат йўналиши: «Парма»  «Ювентус». Йил: 2001. «Ювентус» беназир Буффон учун тўлаган пулига заррача ачинмаса керак. Ваҳоланки, орадан 16 йил ўтибдики, бу трансфер рекорди янгилангани йўқ.

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz