Қайднома

Қидирув

Паулу Барбоза: Криштианунинг айбдор ёки айбсизлигини билмаймиз

Паулу Барбоза: Криштианунинг айбдор ёки айбсизлигини билмаймиз

  26.06.2017 08:49
  0
  91
Паулу Барбоза: Криштианунинг айбдор ёки айбсизлигини билмаймиз

Криштиану Роналду ва солиқ маҳкамалари ўртасидаги можаро моҳияти нима? Португалиялик машҳур агент  Паулу Барбоза «СЭ» нашри илтимосига биноан, жаҳоннинг энг яхши футболчисини ёмон қийнаётган масала ва бирин-кетин юзага келаётган можаролар сабабини тушунтиришга уринди. Чунончи, аввалги ҳафта тарқалган хабар «Реал» мухлисларини жуда-жуда сиқилтирди.

Португалиянинг A   Bola нашри ўз манбаларига таяниб берган маълумотларга кўра, Криштиану «Реал» президенти Флорентино Перес билан учрашув чоғи жамоадан кетиш ниятида эканлигини рўй-рўст айтган.  Қўшимча қилинишича, айни пайт Конфедерациялар кубогида қатнашаётган футболчи Испания солиқ идораларининг турли айбловларидан безиган. Эслатиш жоиз, испанларнинг даъволарича, Роналду 2011-2014 йиллар оралиғида жами 14,7 миллион еврога тенг солиқ тўловларини яширган.

- Аввало, кўпчиликни қизиқтирган савол: Роналду нега бирданига кетишни истаб қолди?

- Айни пайт футболчининг бу борадаги изоҳидан бехабармиз. Яъни турли манбаларда Роналду атрофидаги охирги воқеалардан келиб чиқиб, шундай сценарий юзага келиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда, холос.

- Хўш, бундай тахмин-хулоса нима билан боғлиқ?

- Кўринишидан, Испания солиқ маъмурияти футболчи томонидан мамлакат ғазнасига топширилаётган тўловларни қатъий текшириб кўришга қарор қилган, шекилли. Криштиану эса буни адолатсизлик, деб ҳисоблайди. Агар Лионель Мессида ҳам шунга ўхшаш муаммо борлигини эътиборга олсак, ҳаммаси оддийдек. Бироқ медиа вакиллари бу можарога бошқача ёндашмоқдалар ва умумий манзарани бўрттириб кўрсатишга уринмоқдалар.

Ўзи тушунарлики, Испанияда футболчиларни диққат билан кузатишади. Хусусан, уларнинг солиқ мажбуриятларини қандай адо этишаётгани ҳам қатъий назорат остида. Маълум вақт олдин «Реал» шарафини ҳимоя қилган Рикарду Карвальо ва Мадрид жамоасини бошқарган Жозе Моуриньога боғлиқ солиқ машмашаларию, текширувлар жараёни уларга қанчалик қимматга тушгани кўпчиликка маълум.

Бу борада ортиқча гапга ҳожат йўқ. Эсласангиз, Карвальо ҳам, Моуриньо ҳам солиқ маъмурияти билан ихтиёрий равишда ҳисоб-китоб қилишганди. Роналду ҳам балки шундай йўл тутиши маъқулдир... Ҳар ҳолда, жараённи судгача чўзишга уринишдан қандайдир маъно йўқ.

- Энди оғриқли масала: футболчиларнинг тўлиқ ҳажмда солиқ тўлашни истамасликлари сабаби нима?

- Ҳаммаси Football Leaks томонидан йўлга қўйилган онлайн-платформа туфайли бошланди. Чунончи, шу орқали футболчиларнинг ҳисоб рақамларига дахлдор молиявий маълумотлар пайдо бўлди. Хусусан, имидж ҳуқуқлари ортидан келаётган даромад Испания солиқ органлари назоратида эмаслиги ойдинлашди. Зеро, футболчилар бу йўналишда асосан бошқа мамлакатларда рўйхатдан ўтган компаниялар билан ҳамкорлик қилишади.

- Бошқача айтганда, улар тариф фоизи пастроқ бўлган бошқа мамлакатларда солиқ тўлашади...

- Ҳа, шундай. Бироқ Испания қонунчилиги бўйича имидж шартномаси дейлик, Японияда расмийлаштирилса ҳамки, испанларга солиқ тўланиши шарт. Шунингдек, келишувни Испания идораларида махсус декларациялаш шарт. Буларнинг барчасига шартномани расмийлаштирган компания ёки фирма масъулдир.

- Роналду ва Мессини қийнаётган муаммолар ўртасида айтарли фарқ йўқ, чоғи...

- Икки футболчи олдида ҳам мазмун-моҳияти бўйича бир хил муаммо бор. Тўғри, улар шаклига кўра, бошқачароқ кўриниши мумкин.

- Роналдунинг кетиш ҳақидаги огоҳлантириши - бу чўчитишми ёки...?

- Фақат ўзидан сўраш керак. Бироқ шуниси тайинки, футболчи қаттиқ ранжиган ва атрофидаги ишлардан мутлақо норози. Эҳтимол, унинг гапи шикоятдир. Биламизки, Криштиану жаҳон футболидаги ёрқин шахс ва «Реал» томонидан мутлақо қўллаб-қувватланишни истайди. У бунга ҳақли ҳам. Қолаверса, турли айбловлар кети узилмаса, футболчининг босимга дош бериши жуда қийин. Бироқ иккинчи томондан олсак, «Реал» юстиция органларини алмаштиролмайди.

- Ҳа, кўринишидан, Криштиану маблағ масаласида жиддий йўқотишга дуч келадигандек...

- Гап расман 15 миллион евро ҳақида кетяпти.

- Бу унинг учун ваҳимали даражада кўп эмас. Шундай экан, можарони чўзишдан нима фойда?

- Менимча, бу саволга Роналдунинг маслакдошлари жавоб беришлари керак. Аниқроғи, шундай йўл тутишни тавсия қилаётганлар. Ахир юқори органлар билан  жанжаллашиб кўриш фикри Роналдунинг ўзидан чиқмагандир. Факт шуки, у солиқ тизими соҳаси бўйича мутахассис эмас. Демакки, атрофидаги аёнлар маслаҳатларига асосан иш тутган...

- Умумий ҳолатга матбуот қандай ёндашмоқда?

- Каталония матбуоти салбий қарашга эга, Мадрид газеталари ва каналлари эса умуман бошқача позицияда. Мисол учун, «Месси иши» кўриб чиқилаётган пайт Леони беармон танқид қилишганди - ҳамма ва ўта қатъий оҳангда. Зеро, жамоатчилик қонунбузарларга нисбатан кескин фикр билдиришга ўрганган. Табиийки, бундай босим остида яшаш ва ишлаш осон эмас.

- Месси солиқ тизимига оид жинояти учун шартли қамоқ жазосига маҳкум этилганди. Роналдуга реал қамоқ жазоси тайинлашлари эҳтимоли ҳам мавжудми?

- Криштианунинг айбдор ёки айбсизлигини билмаймиз. Яъни ҳозирча ҳаммаси ОАВ маълумотлари асосида муҳокама қилинмоқда. Хуллас, субъектив тахминлар... Бироқ бу жараён қанчалик чўзилса, Роналду шунчалик кўп жабр чекади, азобланади. Ўзингиз ўйланг, ҳукумат билан келишмовчиликда яшаш осонми?

- Охирги савол: Роналдунинг «Реал»дан кетиш эҳтимолини қандай баҳолайсиз?

- Шундай сценарий бор экан, ҳар нарса бўлиши мумкин. Аниғи битта: Криштиану маълум даражада хотиржамлик кафолатланадиган жойда ўйнашни истайди. Эҳтимол, Англияда, балки ҳаттоки, Хитойда. Лекин шахсан мен португалиялик сифатида у айбсиз эмаслигини исботлашини истайман. Аммо бу ишонч эмас, балки фактлар ҳукмидаги масала.

А. АҲМЕДОВ  тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz