Қайднома

Қидирув

Пресс-клубда қолган профессионал ўйлар

Пресс-клубда қолган профессионал ўйлар

  28.06.2017 16:41
  0
  1810
Пресс-клубда қолган профессионал ўйлар

Ўтган ҳафтада Халқаро Пресс-клубда спорт олами, мамлакатимизда спортни ривожлантириш, олимпия ҳаракати ва хусусан, футбол мавзусига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Бироқ унда Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаяннинг истеъфоси муҳокама қилинмаслиги ҳақида Халқаро Пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжаев маълумот берганди.

Ўзаро муҳокама аввалида

«Ҳурматли футбол ишқибозлари. Сўнгги ҳафтада Ўзбекистон миллий жамоасининг Эрон термаси билан бўлиб ўтган ўйин натижалари қизғин муҳокама қилинмоқда. Биз футбол мухлисларининг кўп минглик мурожаатларини инобатга олган ҳолда, навбатдан ташқари матбуот анжуманини белгиладик.

Халқаро Пресс-клуб ўз ҳудудида футбол мутассадилари шахсияти иштирокчилар томонидан таҳқирланишига ва хақоратланишига йўл қўймайди. Асосий ниятимиз - футбол оламида бўлаётган турли гап-сўзлар ва миш-мишлар, қарама-қарши фикр­ларга батафсил ойдинлик киритиш.

Тўғри, биз ютқаздик. Лекин бу мағлубиятнинг ички нафис оламимизни бузувчи ғазабли таҳлилидан кўра, ўзбек футболининг эртанги кунини: 5-10 йилдан кейинги ҳолатини ўйлаш ва тавсиялар ишлаб чиқишимиз муҳимроқ.

Халқаро Пресс-клуб форматига кўра, биз «сариқ матбуот» учун сенсация яратиш ёки айбдорларни излаш мақсадидан йироқмиз. Аксинча, келажакда ижобий натижаларга эришиш учун мустаҳкам пойдевор яратиш йўлидаги очиқ мулоқот тарафдоримиз. Илтимос, улуғ айём кунлари бир-биримизга ҳурмат ва одобни сақлайлик», - дейилади Шерзодхон Қудратхўжаев баёнотида.

 

Анжуманга хос вазият

Таниқли журналист, сиёсий фанлар номзоди Шерзодхон Қудратхўжаев давлат ва нодавлат ОАВ амалга ошира олмаган ишни уддалади. У Эронда учралган мағлубиятдан сўнг терма жамоа атрофидаги ва ЎФФга бўлган муносабатни илиқлаштириш йўлида жонбозлик кўрсатди. Профессионал журналистика этикаси талабларига мос равишда футболимиз атрофидаги муаммолар юзасидан холисона фикрлар алмашинувини ташкиллаштирди. Яъни, ўртада воситачи вазифасини бажарди.

Лекин мусоҳаба тарафларининг фикри бир жойдан чиқмаслиги олдиндан кутилгани ҳам рост. ЎФФнинг «2017-2020 йилларга мўлжалланган футболни янада ривожлантиришнинг узоқ муддатли дастури» дея бонг урган ҳужжати ҳақида шу анжуманда тайинли бир фикр эшитиш илинжида эдик.

Пресс-клуб ўтказган тадбирга терма жамоа штабидан мураббий, профессионал клублардан бирининг (мисол учун, муаммолар гирдобида қолгани тахмин қилинаётган «Обод») раҳбариятидан вакил ёки оппонент сифатида бирор-бир масъулни таклиф этиш керак эди, фикримизча.

 

Жавоблар берилди, бироқ...

Ушбу матбуот анжуманида ЎФФ вице-президенти Сардор Раҳматуллаев, «Келишилган ўйинларга қарши кураш қўмитаси» раиси Аҳрол Иноятов иштирок этди. Унда бошқа спорт турларидан фарқли равишда, футболга давлат томонидан жуда кўп маблағ ажратилаётгани юзасидан савол-жавоблар кўп янгради. Вақт чегараланганлиги сабабли матбуот анжуманида жавобсиз қолган саволларга ЎФФ вакиллари ҳам жавоб қайтаришди ва у Халқаро пресс-клуб томонидан эълон қилинди.

Анжуманда янграган саволлар бўйича айрим фикрларимизни баён этиб ўтсак.

- ЖЧни ўртача 5 миллиард инсон кузатади, бу катта туристик бозор эканлигини билдиради... (Ўзбекистонни реклама қилиш нуқтаи назаридан)

Бизнингча, бу нафақат Ўзбекистонни, балки футболчиларнинг ўзи учун ҳам яхшигина реклама. Хорватия сингари илк мустақил бўлган кезлари мундиалда қатнашган кичик мамлакат бугун Европада ҳам сайёҳлик нуқтаи назаридан, ҳам футболчилар бозори эканлиги билан алоҳида ажралиб туради.

- Трансфер сайтида берилган маълумотларга кўра, Лобанов, Сергеев, Ҳошимов ва Андреевнинг нархларига ўртача 200 минг евродан қўшилган. Мазкур ҳолат иш-қибозларда «Бабаян ўзига қарашли футболчиларнинг нархини ошириш мақсадида уларни миллий жамоада ўйнатяпти», деган фикрни келтириб чиқармоқда.

Тўғри, «Пахтакор» футболчилари учун Самвел Бабаян футбол агенти эмас, лекин уларнинг олдинги муносабатларига назар ташласак, ушбу муносабатларнинг шунчаки иш жараёнидан ҳам кўпроқ аҳамият касб этиши ойдинлашади. Акс ҳолда, Игорь Сергеевнинг Хитойда ҳеч нарсани қойиллата олмаганига қарамай, терма жамоа ҳужум чизиғини бўшатмаслигини қандай тушуниш мумкин?

- Нега тўртта мағлубиятдан ке-йин ҳам Бабаян истеъфога чиқарилмаяпти?

Аслида, тўртта мағлубият - бу Бабаянники эмас, балки бутун футболимизнинг айни юзи. Унинг ўрнида бошқаси бўлганида ҳам шу омадсизликлар кузатилиши мумкин эди. Тўғриси, Суриядан қабул қилинган мағлубиятдан сўнг қатъий ҳаракат қилиш талаб этиларди. Айни пайт мураббийни алмаштиришдан кўра, футболчиларга кўпроқ таъна тоши отиш керакмикан?! Эсингизда бўлса, ЖЧ-2006 саралаш босқичида Қувайт билан ўйиннинг биринчи бўлимида 0:2 ҳисобида ютқазиб турган футболчилар стадиондаги мухлислар важоҳатидан сўнг ғалабани ўзлариники қилишган эди. Демак, ҳаммаси футболчиларни қандай қилиб ўйнатишда қоляпти.

- Миллий терма жамоанинг фаолиятини шаффоф қилиш (мисол учун, муайян ўйинчининг айнан қайси кароматига кўра чақирилганини айтиш) имконияти борми?

Бунинг учун барча турдаги ОАВ бир ёқадан бош чиқариши керак. Терма жамоага номзод футболчиларнинг айни ҳолати юзасидан журналист ва футбол мутхассиси фикри газета ва сайтларда мунтазам бериб борилиши лозим. Саша Гейнрихнинг Қосимов даврида термага қайтарилгани ёдингизда бўлса керак?!

- ЖЧ йўлланмаси қўлга киритилмаса, бунинг учун аниқ жавоб берадиган шахслар борми? Бўлса, улар кимлар? Агар бўлмаса, нега бундай жавобгарлар йўқ?

Иш берувчи бирор ходимни ишга олаётганда ўз шарт-шароити ва талабларини тушунтиради. Ходим ҳам ўз талабларини қўяди. Синов муддати белгиланади. Иш бошланади. Терма жамоа бошқаруви тўғри меҳнат муносабатларига ўхшамайди. Шунчаки, ҳар бир цикл якунида футболимиз раҳбарияти мураббийлар штаби ишига баҳо бериш тизимини яратиши лозим. Керак бўлса, тавсиянома тизими ишлаб чиқилсин. Ахир, хорижда янги иш жойига борган ходимнинг тавсияномаси бўлмаса у ишга олинмайди-ку!

- Ҳали-ҳануз долзарб бўлиб турган муаммо - Ўзбекистон олий лигаси савиясини кўтариш ва миллий чемпионат ўйинларига мухлисларни жалб қилиш бўйича қандай чоралар кўрилиши керак?

Лотереялар билан бир иш чиқариш қийин. «Қўқон-1912» ёки «Динамо» сингари жамоаларга ўйнаш имконини бериш даркор. Ҳомийлар, аниқроғи, футболга чин дилдан ишқибозлик қилувчи маҳаллий тадбиркорлар жалб қилиниб, футболчилар ва мураббийлар рағбатлантирилиши, натижалар аксинча бўлганда, мухлислар жамоаси (фан-клуб эмас!) улардан изоҳ талаб қилиш ҳуқуқини қўлга киритиши керак!

- Нима учун миллий чемпионатимизнинг аксарият клублари ҳалигача давлат бюджетидан молиялаштирилмоқда?

Давлатнинг молиявий кўмаги ҳали кўп асқотади. Фақат бу тизимни мукаммалаштириш лозим. Бюджетдан ажратиладиган пуллар, майли, бир «қозонга йиғилмасин», лекин ҳеч бўлмаса, уларнинг сарфи юзасидан изоҳ талаб қилиниши мақсадга мувофиқ! Хориждан легионер жалб этиш чоғида давлат бириктирган пулни ишлатиш бўйича аниқ механизм ишлаб чиқилиши керак.

- Авлодлар алмашинувидаги тур-ғунлик сабаблари нимада?

Бизда «футболдан вақтида кетиш» деган тушунчанинг ўзи бўлмаса керак. Терма жамоа ёки клубга янги қон қу-йилиши жараёни учун 1-2 йил камлик қилади. Буни мухлислар ҳам тушунади. Мана, авлодлар алмашинувидаги муаммолар Японияда ҳам бор. Лекин улар буни ҳужум чизиғига катта эътибор қаратиш эвазига ёпишяпти. Ёки БАА термасида истеъдодлар кўп, лекин уларнинг энергиясини тўғри йўналтирадиган одам йўқ! Бизда эса на янгилайдиган ҳужум чизиғи бор, на югуртирай десанг, қувватли футболчи! Бу саволга фақат футбол назариётчилари жавоб беролмаса, биз ожизмиз!

- Ўзбек футболининг келажакдаги ҳолати ёки замонавий тил билан айтганда, футболимиз ривожланиш концепцияси мавжудми?

«2017-2020 йилларга мўлжалланган футболни янада ривожлантиришнинг узоқ муддатли дастури» ишлаб чиқилганлиги ҳақида гапиришди. Лекин унинг лойиҳасини ЎФФ расмий сайти ёки бирор-бир нашрда беришнинг иложи бор эди-ку! Бу оддий лойиҳа-ку! Ҳеч қандай тижорат сири эмас.

Майли, сентябрь ойи ҳам келар, узоқ кутилган дастурни ҳам кўрармиз. Фақат унда аниқ ишлар баён қилинган бўлсин-да! Яқинда газетамиз орқали хусусий футбол клубларини ривожлантиришнинг амалий чоралари ҳақида мақола ёзгандик. Янги дастурда хусусий клубларга ҳам бир-икки қатор жой ажратилади, деган умидимиз йўқ эмас.

Берилмай қолган саволлар

Бизнингча, анжуманда иштирок этган масъулларга футболга оид қуйидаги саволлар берилмади ёки уларни бериш учун шунчаки, вақт етмади:

- Жисмоний тарбия ва спортга ихтисослашган олий ўқув юртлари ва факультетларда футбол бўйича назария мутахассислари тайёрланиши қай даражада?

- Нега профессионал футбол клублари аксар ҳолларда йил охирига бориб юридик шахс сифатида тугатилаверади ва уларнинг аксар футболчилар олдидаги қарзлари тўланмай қолаверади?

- Профессионал фаолиятини тугатган фахрий футболчиларга эътибор қай даражада?

- Ўзбекистонда хорижда бўлгани каби профессионал футболчилар касаба уюшмаси борми? Бор бўлса, у амалда фаолият кўрсатадими?

- Бизда хусусий клублар тўлақонли ривожланиши учун уларга имтиёзлар тизими яратиладими (спорт принциплари нуқтаи назаридан эмас, албатта)?

- Терма жамоамизга хорижлик футболчини олиб келиб, уни маҳаллийлаштириш амалиёти тикланиши керакка ўхшайди. Бунга ЎФФ раҳбарияти қандай қараркин?

Фаррухжон ФАЙЗИЕВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz