Қайднома

Қидирув

Гейнрих ва мундиал

Гейнрих ва мундиал

  29.06.2017 04:41
  0
  1583
Гейнрих ва мундиал

Александр Гейнрихни жаҳон чемпионатида кўришни орзу қилганимизда у ҳали сочлари ўзига ярашиб турадиган навқирон йигит эди. Орадан 15 йил ўтди. Унинг сочлари тўкилди, кўриниши ҳам бошқача тус олди. Аммо ҳамон Сашани жаҳон чемпионатида кўриш умидимиз сўнмаган. Айнан уни. Чунки ўтган йиллар давомида Гейнрихнинг ўрнини боса оладиган ҳужумчи барибир чиқмади. У эса ҳамон мундиалга бориш орзусида. Ўн беш йиллик орзу...

Терма жамоамиз ўтган ҳафта Теҳронда жуда оғир ўйин ўтказди. Бу учрашув натижасидан қатъий назар, айтиш лозим - таркибда ўзгариш қиладиган вақт келибди. Ҳозир вазият шундайки, термамизнинг бирор ўйинда майдонга тушадиган таркибини учинчи синф ўқувчиси ҳам олдиндан бемалол айта олади. Нима учун? Чунки у туғилганда айнан шу футболчилар терма жамоа асосий таркибида тўп сурарди. Ҳозир ҳам шундай. Умри-ҳаёти уларнинг ўйинини кузатиб ўтган болакай учун таркибни аниқлаш қийин эканми?

Футболда авлодлар алмашинуви деган термин бор. Одатда, бу жараён икки хил йўналишда кечади - босқичма-босқич, яъни эволюцион. Ёки бирваракайига. Биринчи услубда ишлаш ҳар доим оғир бўлади. Бунинг учун жамоани бир мураббий узоқ вақт давомида бошқариши лозим. Масалан, Алекс Фергюсон «МЮ»даги узоқ йиллик фаолияти мобайнида бирор марта таркиб масаласида муаммога дуч келмаган. Чунки қария ҳар доим энг асосий футболчининг ўрнига бошқасини тайёрлаб борар эди. Мавриди келгани ҳамоно ҳатто етакчилардан ҳам осон воз кечиб юборганининг сабаби шунда. Эсласангиз, Фергюсон ҳеч иккиланмай кимсан Дэвид Бекхэмни «Реал»га сотиб юборган эди.

Худди шу мисолни терма жамоа миқёсида ҳам қўллаш мумкин. Хабарингиз бўлса, Германия терма жамоаси Россияда ўтадиган Конфедерациялар кубогида иккинчи ва ҳатто, учинчи таркиб билан иштирок этади. Жамоа бош мураббийи Йоахим Лев бу ҳолатни қуйидагича изоҳлади: «Россиялик мухлислар юлдуз футболчиларни келаси йили бўладиган жаҳон чемпионатида кўришга улгуришади. Мен эса етакчиларга дам беришим лозим». Олмонлар мураббийи ҳақ. У бир ўқ билан икки қуённи урадиган хилидан чиқиб қолди. Биринчидан, дарҳақиқат, етакчи футболчилар дам олиш имкониятига эга бўлади. Иккинчидан эса, унинг ўзи ҳам асосий таркиб футболчиларининг ўрнини босадиганларни яхшилаб кўздан кечириб олади. Ахир ёш асло бир жойда турмайди. Эртами-кеч, ҳамма футболдан кетади. Қолаверса, миллионлар ўйини ҳеч қачон жароҳатлардан холи бўлмаган.

Таркибни ўз вақтида ёшартирмаган, етакчилар ўрнига бошқаларини тайёрлаб бормаган жамоалар эса авлодлар алмашинувидан кўп азият чекадилар. Чунки футболчиларнинг янги муҳитга бирдан мослашиб кетишлари осон эмас. Бу ўринда ҳам фикримиз мисолсиз бўлмасин. Хитойда ҳозир футболга миллиардлар сарфланмоқда. Аммо терма жамоа ҳамон ўртамиёналик қобиғини ёриб чиқолмаяпти. Чунки таркибни барқарор ушлаб тура олишмаяпти. Ёдингизда бўлса, хитойликлар 2011 йилги Осиё кубогида 22-23 ёшли футболчилар билан иштирок этишганди. Аммо муваффақиятсиз натижадан сўнг таркиб яна 80 фоизга ўзгартирилди. Бундан қандай натижа чиққанини ўзингиз кўриб турибсиз.

Ўзбекистон терма жамоасида ҳам, ўз навбатида, керакли ишлар амалга оширилмаса, худди шу жараён такрорланиши ҳеч гап эмас. Бизда ҳамон ўша Гейнрих ва Жепаровлар терма жамоа шарафини ҳимоя қилиб келишмоқда. Уларнинг ўрнини боса оладиганлар эса беш йил олдин ҳам кўринмаган, ҳозир ҳам йўқ. Аммо бу футболчилар вақти келиб футболдан кетишга мажбур бўлишади. Ўшанда ким асосий таркибда ўйнайди? Қийин савол.

Миржалол Қосимов терма жамоани бошқарган охирги ойларда ЎФФ раҳбарияти томонидан таркибни ёшартириш вазифаси қўйилгани айтилганди. Ўшанда бу хабарга баъзилар истеҳзо билан қараган эди. Мураббий ўз зиммасига юклатилган вазифани бажаришга киришди - Гейнрих умуман чақирилмади, Жепаров ҳам аста-секин четда қола бошлади. Аммо бош мураббий ўзгаргач, бу жараён ҳам аро йўлда қолиб кетди - якунланмади. Эскича иш тизимига ўтилди ва энг қизиғи - у самара берди. Очколар қўлга киритилди ва янги футболчилар ҳақидаги гаплар унутилди.

Аммо бугун яна ўша масалани кўтаришга мажбурмиз. Александр Гейнрих ФИФА расмий сайтига берган интервьюсида ҳамон мундиалда ўйнаш орзусидан воз кечмаганини айтди. Вақт ўтиб бораётгани билан эса иши йўқ. Токи уни термага чақиришар экан, ўттиз бешга кирадими ёки қирққа, ЖЧда қатнашишни орзу қилаверади. Бунда унинг айби йўқ.

Айтинг-айтинг, ишқилиб у мана шу ниятига эришсин. Саша футболдан кетгач эса...

Умар БЕК


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz