Қайднома

Қидирув

Терма жамоа бўлгач, унинг бош мураббийи ҳам бирга бўлиши керак эмасми?

Терма жамоа бўлгач, унинг бош мураббийи ҳам бирга бўлиши керак эмасми?

  29.06.2017 06:22
  0
  1846
Терма жамоа бўлгач, унинг бош мураббийи ҳам бирга бўлиши керак эмасми?

Равшан Ҳайдаров бош мураббийлигидаги Ўзбекистон U-22 терма жамоаси шу йилнинг 30 июнь - 6 июль кунлари Қатар пойтахти Доха шаҳрида ўтказиладиган халқаро мусобақада иштирок этади. Бу ҳақида Ўзбекистон футбол федерациясининг расмий сайтида хабар берилди. Мақоланинг бош жумласи худди ўша хабардан айнан кўчириб олинган.

Шунинг учун ҳеч қандай шубҳага асос йўқ - Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Қатардаги мусобақада иштирок этса керак. Аммо жамоа билан бирга бош мураббий ҳам Дохага борадими ёки йўқ, бунисини энди аниқ айта олмаймиз. Бир марта оғзимиз куйган.

Мақолани ўқигувчи мухлисда «Терма жамоа бўлгач, унинг бош мураббийи ҳам бирга бўлиши керак эмасми?», деган ҳақли савол туғилиши муқаррар. Очиғи, ўзимиз ҳам олимпиячиларнинг Хитой сафарига қадар худди шундай фикрда эдик. Аммо Равшан Ҳайдаровни U-22 эмас, миллий терма жамоа билан Эронда кўргач, сиз каби бизнинг ҳам ҳайратимиз чексиз бўлган.

Мураббий ўзига бириктирилган жамоани шу қадар хотиржамлик ва совуққонлик билан сафарга юбориб, ўзи бошқа томон йўл олдики, бунга анча-мунча одамнинг сабру бардоши етмаган бўларди. Масалан, худди шу жамоани 6 йилдан буён бошқариб келган Жасур Абдураимов бирор марта хоҳ сафар ва хоҳ ўзимизда бўлсин, жамоани ёлғиз қолдирмаганди.

У ёғини сўрасангиз, худди шу таркибни ўзи шакллантирган ва баъзи футболчиларни гўдаклигидан танийди. Бу футболчиларнинг имкониятини у каби яхши биладиган инсон йўқ. Аммо шунда ҳам жамоани ҳеч ёлғиз қолдирмаган. Равшан Ҳайдаров эса...

Қатардаги халқаро мусобақа ҳақида расмий хабар пайдо бўлганидан сўнг қилган биринчи ишимиз, аввало, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг иш режаси билан танишиб чиқиш бўлди. ЎФФдан бирор гап олиш анча қийин бўлса-да, ҳар ҳолда билганимиз шу бўлдики, 30 июнь - 6 июль кунлари МТЖнинг бирорта йиғини режалаштирилмаган экан. Хайрият, дедик. Ҳайтовур, бу сафар Ўзбекистон олимпия терма жамоаси хориждаги мусобақани бош мураббий билан бирга ўтказади, шекилли.

Ўзбек футболида бир-бирини инкор этувчи, мантиққа тўғри келмайдиган қарорлар жуда кўп бўлган. Шулар ичида энг абсурди - кетма-кет уч марта миллий терма жамоа бош мураббийига олимпиячилар ҳам ишониб топширилгани бўлса керак. Энг аввал бу ишга Вадим Абрамов қўл урди ва Лондон-2012 йўлланмасини бой берди. Ваҳоланки, ўша таркибда иқтидорли футболчилар бир талай эди ва бемалол Олимпиадага бориш мумкин бўлган. Аммо Абрамов охирги қадам қолганда «қоқилди» - БААга ўз майдонида ютқазиб қўйди (2:3).

Кейин Миржалол Қосимов ҳам ёшлар тизгинини ўз қўлига олди. Бахтимизга бу сафар иш Олимпиада йўлланмасига қадар етиб бормади. Қосимов 23 ёшгача бўлган футболчилар билан Осиё ўйинларида иштирок этди. ЎФФ қайтиб бу тажрибага қўл урмаса керак, деб умид қилгандик.

Адашган эканмиз. Самвел Бабаяннинг олдида Абрамов ва Қосимовнинг иши «писта пўчоқ» бўлиб қолди. Бири-ку Олимпиада учун курашни охирига қадар олиб борганди, иккинчиси эса қитъа даражасидаги мусобақа билан чекланган. Бабаян эса унисини ҳам, бунисини ҳам расво қилди. Осиё чемпионатида энг шармандали натижани қайд этиб, биратўла Олимпиада йўлланмасини ҳам «сувга оқизди».

Шунақа гаплар. Аммо уч йилдан сўнг Токиода бўладиган Олимпиададан умидимиз катта эди. Нима учун ҳали бўлмаган мусобақа ҳақида «эди», дея ўтган замон шаклида гапираётганимизга сабаб эса шундаки, унда иштирок этиши лозим бўлган жамоадан ҳам аста-секин файз кетаётгандек. Жасур Абдураимов бу жамоани жуда яхши шакллантирди, гап бўлиши мумкин эмас. Ўйинларини берилиб томоша қилардик. Бироқ у «Пахтакор»га вақтинча бош мураббий этиб тайинлангани ҳамоно олимпия терма жамоасидан истеъфога чиқарилди. Ва айнан шу қарор ЎФФнинг мантиққа тўғри келмайдиган ишлари сирасига киради. Нима учун? Ҳозир тушунтираман.

Ўзбек футболида шу вақтга қадар икки жойда ишлаган мураббийлар жуда кўп бўлган - Вадим Абрамов, Миржалол Қосимов, Самвел Бабаян ва... Жасур Абдураимов ҳамда Равшан Ҳайдаров. Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, Жасур Абдураимов «Пахтакор»га вақтинча бош мураббий бўлгунга қадар шу клубнинг ўринбосарлар жамоасини ҳам бошқариб келган. Бироқ бу ҳолат нима учундир олимпия терма жамоаси бош мураббийи бўлишига асло халал бермаганди. Халал берадиган ҳолат кейинчалик, яъни Ҳайдаров ишсиз қолгач юзага келди, шекилли.

Қизиқ томони, Равшан Ҳайдаров ҳам вақтида Ўзбекистон миллий терма жамоасида ёрдамчилик қилиш билан бирга «Пахтакор»да бош мураббий сифатида фаолият юритди. Қолаверса, ҳозир ҳам икки ишда ишлаяпти - МТЖда ёрдамчи, олимпиячиларда эса бош мураббий. Аммо унга нисбатан ҳеч қачон эътироз бўлмаган. Энди савол - ЎФФ Жасур Абдураимовни олиб ташлаб, Равшан Ҳайдаровни бош мураббийликка қўйиш орқали нима ютди? Мантиқни топа олмаяпсизми? Биз ҳам.

Албатта, бу билан ЎФФнинг истеъфо ҳақидаги қарорини қораламоқчи эмасмиз - мураббий термани эмас, клубни маъқул кўрган экан, бу унинг танлови. Истеъфо ҳам тўғри берилгандир. Аммо нима учун Равшан Ҳайдаров? Мана шуниси энди тушунарсиз. Нима, бошқа мураббий йўқмиди? Ахир ўтган йиллар давомида олимпия терма жамоасига панжа орасидан қараганимиз қандай оқибатга олиб келганини кўрмадикми? Ўйлаб кўринг, айни вақтда икки жойда ишлаётган Ҳайдаровнинг аввалги Абрамов, Қосимов ва Бабаяндан нима фарқи бор?

Бу саволнинг жавобини кимдир бера оладими? Биз-чи, биз нима қилайлик? Лондон-2012 ва Рио-де-Жанейро-2016 билан бўлгани сингари Токио-2020 билан ҳам хайрлашиб қўяверайликми? Ахир ҳаммаси яна эски сценарий бўйича кетмоқда-ку...

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz