Қайднома

Қидирув

Энди терма натижаси учун мураббийлар жавоб бермаслиги мумкинми?

Энди терма натижаси учун мураббийлар жавоб бермаслиги мумкинми?

  30.06.2017 03:39
  0
  2754
Энди терма натижаси учун мураббийлар жавоб бермаслиги мумкинми?

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ-2018 финал босқичига чиқиши учун жуда яхши имконият юзага келди. Гарчи Эронга имконият бой берилган бўлса-да, Қатар термаси Жанубий Корея жамоасини мағлуб этиб, бизни яна курашга қайтарди. Ҳамма гап тақдир тақдим этаётган туҳфадан фойдаланишда қолди. Гуруҳимизнинг яна бир учрашувида Сурия ва Хитой термалари ўзлари учун муҳим икки очкодан маҳрум бўлишди.

Демак, қолган икки ўйинда ғалаба қозонсак, халқимизнинг бир неча йиллик орзуси амалга ошади. Бош мураббийга ишонч бутунлай йўқолган айни пайтда футболчиларнинг ўзлари ягона мақсад йўлида бирлашишлари шарт. Сафарда Хитойни мағлуб этиб олсак, Тошкентдаги Ўзбекистон - Жанубий Корея учрашуви ҳақиқий финалга айланади.

Буни футболчиларнинг ўзлари ҳам яхши тушуниб туришибди. Эрон термасига қарши кечган баҳсда миллий жамоамиз ҳужумчиси Марат Бикмаев майдонга туша олмади. У жароҳат сабаб Тошкентда қолишга мажбур бўлди. Биз ушбу футболчимиздан бугуннинг энг долзарб мавзуси - термамизнинг айни пайтдаги ҳолати юзасидан интервью олдик.

- Марат, учрашувни телевизорда кўрдингиз. Шахсий фикрингиз ва хулосаларингиз қандай бўлди?

- Афсуски, ўйинимиз умуман қовушмади. Бир томондан Эрон ҳам бунга йўл қўймади. Мезбонлар жуда тартибли ўйин намойиш этишди. Менимча, мураббийлар бизнинг футболчиларга ҳимоядан ўйнашни айтишган. Билишимча, асосий мақсад гол ўтказиб юбормаслик бўлган. Бундан ташқари, футболчиларимиз катта босим остида қолиб кетишганди. Боиси, «Озоди» стадионидаги учрашувда ғалаба қозонишимиз шарт эди. Чунки бу ўйинда терма жамоамизнинг ЖЧ-2018 финал босқичига чиқиш масаласи ҳал бўларди. Ана шу босим натижасида ўйинимиз ўхшамади.

- Эрон дарвозаси томон умуман тўғри зарба берилмади. Темурхўжа Абдухолиқов томонидан тепилган якка-ю ягона зарба ҳам ноаниқ кетди. Ҳужумчи сифатида бу ҳолатни қандай изоҳлайсиз?

- Ҳар бир жамоа рақибга қараб ўйин намойиш этади. Эрон шу куни бизга умуман ўйин бермади. Зарба йўллаш эмас, жарима майдончасига яқинлаштиришга ҳам йўл қўймади. Шомуродовда яхши имконият юзага келганди. Лекин у тўпни рисоладагидек тўхтата олмади. Бу ерда рақиб жамоани ҳам эсдан чиқармаслик керак. Таиландга қарши кечган ўйинда биз майдонда жуда эркин ҳаракат қилгандик. Чунки рақиб шунга имконият яратиб берганди. Эрон эса умуман бошқа тоифадаги рақиб.

- Ўзимизнинг ҳимоядаги иккита қўпол хато эвазига Эронга мундиал чиптасини тақдим этдик. Бунга нима дейсиз?

- Биринчи голда Азмуннинг индивидуал ҳаракатига тан бермай иложимиз йўқ. Майдон марказидаги қўпол хатоимиз Сардорга совға бўлди. Унинг тоифасидаги ҳужумчилар бундай имкониятни қўлдан чиқармайдилар. Ҳужумчининг савияси ҳам шундай вазиятларда билинади. Билмадим, шахсан менга дастлаб ўша вазиятда ўйиндан ташқари ҳолат бордек туюлди. Балки адашаётгандирман?! Чунки такрорий вазиятни кўрмадим. Нима бўлган тақдирда ҳам, ҳимояда бундай қўпол хатоларга йўл қўймаслик керак. Ўтказиб юборилган иккинчи голда эса футболчиларимизнинг чарчаб қолганлиги кўзга ташланиб қолди. Марказий ҳимоячиларимиз рақибга деярли қаршилик кўрсата олишмади.

- Ўйинга тайёргарлик пайтида, яъни ўқув-машғулот йиғинларида мураббийлар томонидан Азмунни алоҳида қўриқлаш ҳақида кўрсатма берилмаганмиди?

- Нафақат Азмун, балки Эрон терма жамоасининг барча футболчилари хавфли. Сардор ўз вазифасини бажарди. Бутун ўйин давомида майдонда кўринмади, лекин ҳужумчи бажариши керак бўлган вазифани уддалади. Битта вазиятни голга айлантирди. Айнан мана шундай ҳолатларда ҳужумчига ҳақиқий баҳо берилади. Биласизми, мен бу ўйинни тезроқ унутишни хоҳлардим. Бахтимизга Қатар бизга ёрдам бериб юборди ва ҳозир ҳаммаси ўз қўлимизда. Гуруҳнинг қолган иккита учрашувида ғалаба қозонсак, аввалги мағлубиятлар эсдан чиқиб кетади.

- Жароҳат сабаб муҳим учрашувда терма жамоага ёрдам бера олмаганингиз алам қилгандир?

- Албатта. Ўша куни кечгача уйда ўтирдим. Турли саволлар тинчлик бермасди. Футболчиларимиз яхши етиб боришдими? Кайфиятлар қандай экан? Ўйинда ғалаба қозона олишармикан? Куни бўйи шу ҳақда ўйлаб ўтирдим. Муҳим ўйинда жамоадошларингга ёрдам бера олмасанг, жуда алам қилар экан. Бошқа томондан, тан беришни ҳам билиш керак. Ҳозирги пайтда Эрон биздан кучли. Бежизга улар муддатидан аввал мундиалга чиқишмади. Кучлини кучли дейиш лозим.

- Қатарнинг ғалаба қозонишига ишонганмидингиз?

- Мени ҳайратга солган нарса шу бўлдики, Қатар жасорат кўрсатиб, Кореядек кучли жамоани мағлуб этди. Мен қатарлик футболчиларнинг профессионаллигига қойил қолдим. Энди худди шундай профессионаллик ва жасоратни Эрон терма жамоасидан ҳам кутиб қоламиз. Ҳозирдан тахмин қилиш мумкинки, эронликлар Кореяга иккинчи таркиб билан боришади.

Лекин барибир, биз бошқа ўйинлар ҳақида ўйламаслигимиз керак. Чунки жаҳон чемпионатига чиқиш ўз қўлимизда. Бунинг учун Хитой ва Жанубий Кореяни ютсак бўлди. Корейслар билан сафарда тенгма-тенг ўйнаганмиз. Уларнинг қандай кучга эга эканликларини биламиз. Шундан келиб чиқиб, Тошкентдаги ўйин финал мақомида ўтишини жуда ҳам хоҳлайман.

- Жанубий Корея тўрт йил аввалгидек кучли эмас, деган фикрга қўшиласизми?

- Юрген Гёде бош мураббий бўлган пайтда Корея билан ўйнаб, 1:2 ҳисобида ютқазгандик. Адашмасам, ўша ўртоқлик учрашувида биздан ягона голни Саша Гейнрих урганди. Кейин ушбу термага Осиё кубогида ҳам тўқнаш келдик. Улар ўша пайт ҳам кучли бўлган, ҳозир ҳам шундай. Ўйин ўтказиладиган кун келаверсин, биз рақибга ҳақиқий кучимизни кўрсатамиз. Бизнинг жамоа ҳам аввалгидан кучайган.

- Хитойга Марчелло Липпи мураббийлик қиляпти. Италиялик мутахассиснинг салоҳиятига ортиқча таъриф бериш шарт эмас. Нима деб ўйлайсиз, Липпининг терма жамоадаги иши кўрина бошладими?

- Сурияга қарши кечган ўйинда Хитойнинг ўзгарганини кўрдим. Ҳисобда ортда қола туриб, якунда иродали дурангга эришишди. Мен Тошкентда кўрган Хитой билан ҳозиргисининг ўртасида ижобий ўзгариш бор. Липпи қисқа фурсатда жамоада кичик бўлса-да, яхши томонга ўзгариш қила олди, деб ўйлайман. Лекин биз ҳозирги ҳолатда Хитойни мағлуб эта оламиз. Тошкентдаги учрашувда ҳам бу вазифани ортиқча қийинчиликсиз уддалагандик.

- Умуман, мураббийнинг терма жамоадаги роли қандай? Мен бу ерда фақат Хитой термаси устозини назарда тутмадим...

- Мураббийнинг учрашувга танлайдиган тактикаси, ўйиннинг боришини уқий олиши жуда катта аҳамиятга эга. Албатта, ҳар бир мутахассис ўз қарашига мувофиқ иш юритади. Мен бу ерда уларнинг ишини муҳокама қилмоқчи эмасман.

- Интервьюларингизнинг бирида «Бизнинг мураббий танлаган тактика - бу биринчи галда гол ўтказмаслик», дегандингиз. Ҳақиқатан ҳам Бабаян танлаган тактика шунга асосланганми?

- Қийин саволлар билан мушкул ҳолатга тушириб қўйдингиз. Қандай жавоб беришни ҳам билмайман. Ҳа, буни тан олиш керак, биринчи галдаги вазифамиз дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолиш. Кейин эса, вазият туғилиши ҳамоно ҳужум уюштириб, рақиб дарвозасини ишғол қилиш.

- Кутилмаган жойдан имкониятнинг тақдим этилиши футболчиларга қўшимча куч, яъни мотивация берадими? Ўзингларда шу нарсани ҳис қила бошладингларми?

- Албатта. Қатар тақдим этган имкониятдан ҳаммамиз хурсанд бўлдик. Яратганнинг ўзи ҳар сафарги саралашда бизга қўшимча имконият тақдим этади. Бунинг учун беҳисоб шукр айтамиз. Энди шу имкониятдан фойдаланмасак бўлмайди. Агар тақдиримизга ёзилган бўлса, биз албатта, Россияга борамиз.

- Бунинг учун биринчи галда Хитойни мағлуб этиш шарт. Бу ўйинга русча айтганда, «умри, но победи» шиори остида чиқиш керак...

- Ҳа, албатта. Майдонда жон бериб бўлса ҳам ғалабага эришиш шарт. Насиб қилса, Хитойни мағлуб этиб, Тошкентда финални ўтказамиз. Биласизми, гуруҳ босқичининг 3-туридан сўнг менда шундай ички туйғу пайдо бўлди: гўё ЖЧ-2018 йўлланмаси тақдири пойтахтимизда ўтадиган сўнгги тур учрашувида ҳал бўладигандек. Билмадим, нимага, лекин ўша пайтдан бери шу ҳақда ўйлаяпман. Умид қиламанки, кейинги икки учрашувда ғалаба қозониб, мундиал чиптасини қўлга киритамиз. Эришилган муваффақият мухлисларга қандай қувончли лаҳзаларни туҳфа этишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди.

- Эрондан учралган мағлубият ҳамда Қатарнинг Кореянинг устидан эришган тарихий ғалабаси орасида ижтимоий тармоқларда футболчилар ва мураббийлар шаънига яхшгина «илиқ» фикрлар билдирилди. Терма жамоа аъзоси сифатида мухлисларга айтар гапингиз борми?

- Ҳозирги ҳолатда ҳамма ягона мақсад йўлида бирлашиши шарт. Акс ҳолда, ижобий натижага эриша олмаймиз. Шундай вазият ҳозир юзага келди. Мухлислар ҳам чин юракдан бизга омад тилашлари керак.

- Хитойдаги ўйингача Денисов ҳам, сиз ҳам жароҳатдан фориғ бўласизлар. У ердаги иқлимга мослашиб, шунга яраша тайёргарлик кўриб борилса, ўйлаймизки, Хитойдан ғалаба билан қайтамиз.

- Насиб қилса, шундай бўлади. Лекин Хитойда унчалик ҳам иссиқ эмас. Фақат у ерда намгарчилик бироз юқори. Тайёргарлик кўриш учун ихтиёримизда икки ой вақт бор. Ўйлайманки, ҳаммаси яхши ўтади.

- Кўпчиликнинг фикрича, гуруҳнинг қолган икки муҳим ўйинига хориждан кучли мураббий олиб келиш керак. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?

- Бу ерда мураббийни алмаштиришдан ҳеч қандай фойда йўқ. Улар роль ўйнамай қолишлари ҳам мумкин. Ҳамма гап биз футболчиларда қолган. Мураббийни ўз жойида қолдириш керак. Шунчаки, жаҳон чемпионатига чиқиш йўлида бирлашишимиз лозим.

Шахсий фикрим, бундай ўйинларда мураббийнинг учрашувга танлайдиган тактикаси биринчи ўринга чиқмайди. Энг муҳими, футболчилардаги иштиёқ бўлади. Агар биз ростдан ҳам мундиалга чиқишни истасак, қолган икки учрашувда ғалаба қозонишимиз шарт. Ҳар қандай ҳолатда ҳам битта ўйинга фикрни бир жойга жамлаб тайёргарлик кўрилса ва майдонга тушиб буни исботласа бўлади.

- Аввало, ЖЧ-2018 финал босқичига тўғридан-тўғри чиқиш насиб қилсин. Лекин «В» режаси ҳақида ўйлайдиган бўлсак, гуруҳларда 3-ўринни эгаллаган жамоалар «плей-офф»да ўзаро тўқнаш келишади. Шу маънода, иккинчи квартетдаги ўйинларни ҳам кузатиб боряпсизми?

- Ҳа, албатта. Гуруҳ пешқадами Япония Ироқ билан дуранг ўйнади. Австралия ўз уйида Саудия Арабистони терма жамоасини мағлуб этди. Японияда 17, Австралия ва Саудия Арабистони терма жамоаларида 16тадан очко бор. Шунинг ўзиёқ бу гуруҳда кураш қандай кескин кечаётганини кўрсатиб турибди.

Лекин шахсан мен «плей-офф» ўйинлари тўғрисида умуман ўйлаётганим йўқ. Мундиал йўлланмасини тўғридан-тўғри қўлга киритиш учун тайёр имконият турганида бу ҳақда ўйлашнинг ўзи аҳмоқлик. Қолаверса, бу галги имконият аксарият футболчилар учун сўнггиси бўлади. Мен, Гейнрих, Жепаров ва бошқа фахрийларининг охирги уриниши. Буни ҳамма тушуниб турибди. Айнан шу омил бизга қўшимча куч бағишлаши шарт.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz