Қайднома

Қидирув

«Бавария»нинг иши «беш» ёхуд Бундеслиганинг ўтган мавсум сарҳисоби

«Бавария»нинг иши «беш» ёхуд Бундеслиганинг ўтган мавсум сарҳисоби

  30.06.2017 00:18
  0
  758
«Бавария»нинг иши «беш» ёхуд Бундеслиганинг ўтган мавсум сарҳисоби

Аввалроқ Италия «А» серияси якунларига тўхталгандик. Энди навбат - Германия чемпионатига. Одатдагидек, бундеслига шиддатли баҳсларга бой тарзда ўтди ва Мюнхен гранди қаторасига бешинчи марта бош совринни қўлга киритди. Демак, эътиборимиз марказида олмон юрти ички биринчилиги сарҳисоби.

«БАВАРИЯ»

Анъанага мувофиқ, 11 килограммли «ликопча»ни боши узра баланд кўтарганда Филипп Ламнинг юзидан мамнуният балқиб турганди. «Бавария» сардори ушбу ҳаракатни қаторасига бешинчи марта амалга оширди. Бундеслигада ҳозирга қадар чемпионлик серияси бу қадар узоқ чўзилмаганди. Эслатиб ўтамиз, Мюнхен клубидаги муваффақиятларга қария Хайнкес даврида пойдевор қўйилиб, 2012|2013 йили жамоа ўзи қатнашган барча йирик мусобақаларда зафар қучганди. Сўнгра Гвардиола уч марта Германия чемпионатида шогирдларини энг юқори ўринга олиб чиқди. Ниҳоят, ушбу натижани давом эттириш Анчелоттига насиб қилди. Ваҳоланки, «Бавария»дан кўпроғини кутишганди - айниқса, Европа ареналарида. Италиялик мутахассис айнан ЕЧЛ бош совринини қўлга киритиш мақсадида таклиф этилганди.

Энди Анчелотти мюнхенликларнинг соф ниятини кейинги мавсум рўёбга чиқаришга уриниб кўради. Бунинг учун асосий таркибни бироз шакллантиришга тўғри келади. Зеро сафда Лам ва Хаби Алонсо бўлмайди. Филипп 8 марта чемпионликка эришиб, Шолль, Кан ва Швайнштайгернинг рекордини такрорлаганди. Шубҳа йўқки, Лам собиқ клубдошларининг кўрсаткичини янгилаши мумкин эди. Бироқ жорий йилнинг 20 май куни 33 ёшли ҳимоячи ўзининг сўнгги, «Бавария»даги 517-ўйинини ўтказди. Умуман, бунга қадар Ламни Германиянинг энг яхши футболчилари қаторига киритиб улгуришганди. Ҳаммаси тушунарли: жаҳон чемпиони (2014), ЕЧЛ ғолиби (2013), бундеслиганинг саккиз карра чемпиони, олти карра мамлакат кубоги соҳиби. Германия чемпионатида 385та, мамлакат термасида эса 113та учрашув ўтказган. Эътиборлиси, бирор марта қизил карточка олмаган! Ушбу натижа еврокубоклар ва Германия кубоги мусобақасига ҳам тааллуқли.

Айнан ўша куни Хаби Алонсони ҳам кузатиб қўйишди. 35 ёшли испаниялик ярим ҳимоячи «Ливерпуль» (2005) ва «Реал» (2014) сафида ЕЧЛда ғолиб чиққан, терма жамоада жаҳон (2010) ҳамда Европа (2008, 2012) чемпионлигини қўлга киритган. Сўнгги уч мавсум мюнхенликлар таркибида ажойиб ўйин кўрсатиб, ҳар сафар ғолиблик нашидасини сурди. Клуб раҳбари Румменигге испаниялик футболчининг «Бавария» сафига қўшилиши сўнгги йиллардаги энг яхши трансфер бўлганини таъкидлади. Шунингдек, мутасадди испаниялик хавбекнинг ҳар доим ҳам рақибдан тез югуриш шарт эмаслиги, шунчаки, тезкор фикрлаш лозимлигини исботлаганини таъкидлади.

«ЛЕЙПЦИГ»

Гарчи «Бавария» якуний жадвалда энг яқин таъқибчисини 15 очкога ортда қолдиргани намоён бўлсада, ҳисоб бўйича 54-чемпионат мюнхенликлар учун осон ўтди, дейиш қийин. Бунинг асосий сабабчиси - «Лейпциг». Олий дивизионда яхшигина шов-шув кўтарган жамоа қисқа муддатда қуйи лигадан Чемпионлар Лигасигача бўлган масофани босиб ўтди. Шижоатли ва ақлли футбол намойиш этиш, қарши ҳужумдаги ақлли ҳаракатлар (унинг ёрдамида ўтган мавсум 14та гол урилди) туфайли бош мураббий Хазенхюттль ва спорт директори Рангник бошчилигидаги жамоа узоқ муддат «Бавария»га жиддий рақобат туғдириб, турнир жадвалида мюнхенликларни таъқиб этди. Ҳаттоки, 13-турдан сўнг пешқадамга айланиб олди.

Ҳозир ҳеч ким «Лейпциг»нинг муваффақиятини тасодифга йўймаяпти. Клубдаги механизм худди Швейцария соатлари каби ишлаяпти, жамоа етакчилари Вернер (чемпионатда 21та гол урди), Форсберг (22та самарали узатма муаллифига айланиб, 2014|2015 йиллар мавсумида Де Брюйне томонидан ўрнатилган бундеслига рекордини такрорлади), ўрта чизиқдаги Кейта ва Демме ижобий хислатлари орқали шерикларини ғалаба сари руҳлантириб туришди.

«БОРУССИЯ» Дортмунд

«Сариқ-қоралар» учун мавсум осон ўтмади. Ўтган ёз Хуммельс, Мхитарян ва Гюндоганнинг кетиши, тажрибаси камроқ футболчиларнинг сафга қўшилиши ҳеч гап эмасди. Муаммолар фақат майдонда эмасди. Февраль ойида дортмундлик ишқибозлар ҳақоратли плакатлар орқали «Лейпциг» манзилига хабар йўллашгач, Германия футбол иттифоқи бунга қарши жиддий жазо белгилади: кейинги баҳсда «Боруссия» «Вольфсбург»га қарши баҳс юритди ва «қовоғарилар»нинг машҳур уй стадиони жанубий қисми (Европадаги тик туриб кўриладиган энг катта трибуна, 25000 мухлисга мўлжалланган) бўшаб қолди. «Боруссия» Д. раҳбари Ватцке бунга қуйидагича муносабат билдирди: «Жанубий трибунасиз Дортмунд гўёки тўпсиз футбол демакдир».

Кейинчалик вазият янада аянчли тус ола бошлади. «Монако»га қарши кечган ЕЧЛ чорак финалининг биринчи учрашуви арафасида жамоа автобуси ёнида портлаш рўй бериб, оқибатда жамоа ҳимоячиси Бартра қўлидан жароҳатланди. Ўйин эртасига ўтказилди, аммо бунга қадар дортмундликлар руҳий босимдан халос бўлиб улгуришмаганди ва оқибатда ютқазиб қўйишди. Охир-оқибат машъум воқеадан сўнг баҳснинг эрта ўтказилганидан норози бўлган бош мураббий Тухель ҳамда клуб раҳбари Ватцке ўртасида низо келиб чиқди. Германия ОАВнинг дарҳол жамоа устозининг ўзгариши ҳақида хабар тарқатди ва якунда бу тахминлар ўзини оқлади.

«ХОФФЕНХАЙМ»

Бу клуб ҳам ҳақли равишда ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритди. «Хоффенхайм» мавсум давомида бир кўрсаткич бўйича Европада ягоналигини сақлашга эришди - қитъанинг етакчи чемпионатларида «мағлубият» устунини нисбатан узоқроқ «қуруқ» сақлаб туриш бўйича бошқаларга ўрнак бўлди. Ва албатта, бундеслигадаги энг навқирон мураббий, ўтган йили жамоани қуйи лигага тушиб кетишдан сақлаган 29 ёшли Нагельсманн бу сафар шогирдлари билан Чемпионлар Лигасида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. «Хоффенхайм» таркибидан Зюле, Руди (бу икки футболчи келгуси мавсум «Бавария» либосини кийишади), Демирбая ҳамда Вагнер миллий терма устози Лёвнинг эътиборига тушишди. Нагельсманнинг Германиядаги обрўси шу қадар юксакки, аксарият мутахассислар яқин келажакда унинг Мюнхенда Анчелоттининг ўрнини эгаллашини таъмин қилишмоқда.

ОҚЛАНМАГАН ИШОНЧ

«Бўрилар»нинг муваффақиятсизлиги

Германия термаси мергани Гомес (154та гол билан бундеслига тўпурарлари «абадий» рўйхатида 14-ўринни эгаллаб турибди, у ҳар 120 дақиқада тўп киритган; бу борада у фақат 105 дақиқалик кўрсаткичга эга Герд Мюллердан ортда бормоқда), Бразилия термаси аъзоси Луис Густаво, 2016 йилги Европа чемпиони Виейриньо, «Милан» ва «ПСЖ» эътиборини ўзига қаратган швейцариялик чап қанот ҳимоячиси Родригес, Польша термаси етакчиларидан бири Блашиковски. Якунига етган мавсумда «Вольфсбург» шарафини шу ва бошқа маҳоратли футболчилар ҳимоя қилишди. Бу жамоа ўтган йилнинг апрелида ўтказилган ЕЧЛ чорак финалида Мадриднинг «Реал» клубини мусобақадан чиқариб юборишига бир баҳя қолганди (уйда - 2:0, сафарда - 0:3). Навбатдаги мавсум давомида бош мураббий Хеккингнинг ўрнини Йонкер эгаллади, аммо бу ўзгариш аҳволни яхшилашга камлик қилди.

ҚАҲРАМОН

Обамеянгнинг рекордларни янгилаши

Сўнгги турнинг «Вердер»га қарши кечган қизғин баҳсида дортмундликлар уч очколик бўлиб, шу тариқа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўлланма берувчи ўринни эгаллашди. Обамеянг эса «Боруссия»нинг бош қаҳрамонига айланди. Унинг биринчи голи ҳақиқий футбол деликатеси бўлди. Дембеле «Вердер» жарима майдончаси томон ҳаводан тўп узатганда Пьер-Эмерик дарвозага тескари ҳолда турганди. Аммо габонлик ҳужумчи чаққон ҳаракатлар эвазига қайрилишга улгуриб, ажойиб гол муаллифига айланди.

У томонидан киритилган иккинчи тўпнинг қадри янада юксакроқ эди. Ҳисоб 3:3 бўлиб турган паллада жорий мавсум учта пенальтини кўкка совурган Обамеянг энг масъулиятли дамда «нуқта»дан зарба йўллашда адашмай, бременликлар киперини ранжитди - 4:3! Форварднинг юксак савияси ва ундаги совуққонлик сўнгги турда тўпурарлик кўрсаткичини 31та голга (хорижликлар ўртасида бундеслига рекорди!) етказишга ҳамда мерганлар пойгасида Левандовскидан устун чиқишга замин яратди. Ҳозир габонлик ҳужумчига Европа грандлари, шунингдек, Хитой клублари жиддий қизиқиш билдиришмоқда. Демак, Обамеянг янги мавсумни бошқа клубда бошласа, асло ажабланмаймиз.

ОМАДСИЗ

Гётце деярли «радар»дан йўқолди

ЖЧ-2014 финалида Аргентина термаси дарвозасига киритилган муҳим гол муаллифи сўнгги марта 18-турда кўриниш берди. «Боруссия» Д.нинг «Майнц»га қарши ўтказган учрашувида у захирадан майдонга тушди. Бунга қадар чемпионатда 10та ўйин ўтказиб, (атиги 4тасида тўлиқ тўп сурган) биттадан гол ва самарали узатма муаллифига айланган. Бир неча йил муқаддам Германия футболи жавоҳирига қиёсланган футболчи учун мақташга арзигулик натижа эмас, албатта. Марио машғулотларда астойдил тер тўкди, ўзини аямади, аммо шунга қарамай, аввалги формасини тиклай олмади. Кейинчалик маълум бўлишича, шуғулланиш жараёни ва ўйиндаги иштирок пайти унда чарчоқ аломатлари кузатилган. Маълум муддат ўтгач, ниҳоят, Гётцеда моддалар алмашинувида муаммо борлиги ойдинлашди.

Шундан буён у ҳақда кўп маълумот эшитмадик - 24 ёшли футболчи омма эътиборидан яширинмоқда, тинчлик истаётгани тушунарли. Ваҳоланки, яқинда Йоахим Лёв бу шогирдининг айни дам ўзини яхши ҳис қилаётгани, тегишли терапияга қатнаётгани ва муолажалар ижобий таъсир этаётганини таъкидлаганди. Мутахассисларнинг фикрича, Марио ҳозир шошмасдан, имкон қадар янги мавсум олдидан эҳтимолли юкламаларга тайёрланиши лозим. Шу тариқа у навбатдаги чемпионатни кўтаринки кайфиятда бошлаши мумкин.

КАШФИЁТ

Вернердан қолган ёрқин таассурот

Штутгартда туғилган Тимо Вернер доимо катта иқтидор эгаси эканлигини намойиш этган. Мисол учун, 2013 йили Германия футбол иттифоқи томонидан 17 ёшлилар ўртасидаги энг яхши футболчига топшириладиган Фриц Вальтер олтин медалига сазовор бўлди. Қолаверса, «Штутгарт» сафида ёшлар бўйича қатор рекордларни ўрнатган. Хусусан, жамоада дебют қилган энг навқирон ўйинчи (17 ёшу 164 кун) сифатида олий дивизиондаги голлари ҳисобини очган (17 ёшу 200 кун). Умуман, бундеслигада «дубль» муаллифига айланган энг ёш (17 ёшу 249 кун) футболчига айланди.

Лекин барибир, сўнгги йилларда омади юришмаётган «Штутгарт»да ўзини бахтиёр ҳис қилмади, чунки унинг жамоаси 2015|2016 йиллар мавсуми якунида қуйи лигага равона бўлди. Тимо 95та ўйинда 13та тўп киритди, холос.

Ниҳоят, «Лейпциг» уни 10 миллион еврога харид қилди ва Вернернинг асл истеъдоди айнан шу клубда очилди. Бундеслигада 31та ўйинда майдонга тушган тезкор, техникаси юқори, голга чанқоқ футболчи рақиблар дарвозасини 21 марта ишғол қилди. Бу кўрсаткич якунига етган мавсум германиялик ўйинчилар орасида энг яхшиси бўлди. Табиийки, бундай ҳужумчи Йоахим Лёвнинг эътиборидан четда қолмасди ва жорий йилнинг 22 март куни ўтказилган Англия термасига қарши баҳс(1:0)да Вернер миллий жамоа сафида (асосий таркибда) дебютини нишонлади.

РАҚАМЛАР

«Фрайбург» футболчиси Нильс Петерсен «жокер» сифатида 19та гол уриб, бундеслиганинг энг яхши натижасини қайд этди. Аввалги рекорд «Бавария» вакили Александр Циклерга (18) тегишли эди. Умуман, бу галги мавсум захирадан майдонга тушганлар, аввалги йиллардан фарқли равишда, анча сермаҳсуллик кўрсатишди - 124та гол. Солиштириш учун: ўтган мавсум бундай голлар сони «атиги» 85та эди.

Обамеянг рақиблар дарвозасини 31 марта ишғол қилди. Бундеслига тарихида фақат уч футболчига 30тадан ортиқ тўп киритиш насиб қилганди: Герд Мюллер (уч марта), Дитер Мюллер ва Лотар Эммерих (бир мартадан).

Ҳакамлар томонидан белгиланган пенальтиларнинг 72 фоизи аниқ амалга оширилди - бу сўнгги 6 йилдаги энг паст кўрсаткич.

2016|2017 йиллар мавсумида жами 877та гол урилди, бу аввалги чемпионатдагидан (866) бироз кўпроқ. Ўртача ҳисобда бир ўйинда 2,9та тўп киритилди. Голларга бой ўтган баҳслар бундеслиганинг дастлабки мавсумида (1963|1964) кузатилиб, ўшанда битта баҳсга ўртача 3,57та (240та баҳсда 857та гол) тўғри келганди.

Германия чемпионатининг навбатдаги мавсумида ҳар бир ўйинни ўртача 41 500 томошабин бевосита стадиондан кузатди. Қаторасига 9-марта 40 минглик довонни босиб ўтган бундеслига ҳозирча мухлислар ташрифи бўйича жаҳоннинг энг яхши биринчилиги бўлиб турибди. Аммо аввалги йилларга нисбатан пасайиш бор, зеро ўтган чемпионатларда бу кўрсаткич 42 мингдан ошганди.

ФИКРЛАР

«Дастлаб дўл ёғди, кейин чақмоқ чақди, сўнгра момақалдироқ - буларнинг бари мавсумга тўлиқ мос тушяпти», - деганди «Вольфсбург» ҳужумчиси Марио Гомес табиат инжиқликлари туфайли менхенгладбахликларга қарши баҳс бошқа муддатга қолдирилганда.

«Рибери кеча «Бавария»нинг уй ўйинларига ҳамиша чипта топиб беришини айтди. Бундан хабар топганим яхши бўлди», - деди Филипп Лам.

«Квартира қидириш чоғида бир марта рад этишди, чунки хонадон хўжайини узоқ муддат яшайдиган кишини хоҳлаётганди», - деди Маркус Вайнцирль «Шальке» бош мураббийи сифатида таништирилаётганда.

«Мен ҳали ҳеч қачон Дортмундда ютқазмаганман, чунки бу ерда аввал ўйнамаганман», - деди «Боруссия» М. устози Андре Шуберт «қовоғарилар»га 1:4 ҳисобида бой берилган ўйин арафасида.

ОМАДЛИЛАР

«Бавария», «Лейпциг» ҳамда «Боруссия» Д. кейинги мавсум ЕЧЛда иштирок этишади. «Хоффенхайм» эса 4-саралаш раундида қатнашади. «Кёльн» Европа Лигаси гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўлланма олди.

«Боруссия» Д. Германия кубогида «Айнтрахт»ни мағлубиятга учратиши натижасида «Кёльн» ёнига «Герта» ҳам қўшилди. Акс ҳолда, берлинликларни саралаш баҳс­лари кутаётганди. Дортмундликларнинг ғалабаси «Фрайбург»ни ҳам қувонтирди: энди бу жамоа ҳам ЕЛда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

«Ингольштадт» ва «Дармштадт» бундеслигани тарк этишди, уларнинг олий дивизиондаги ўрнини «Штутгарт» ҳамда «Ганновер» эгаллашади. «Вольфсбург» эса «ўтиш ўйини»да Брауншвейгнинг «Айнтрахт»ига қарши баҳс юритади.

Манба: «СЭ», Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz