Қайднома

Қидирув

Ўзбек футболи ёхуд футболда кашфиётлар қандай қилинади?

Ўзбек футболи ёхуд футболда кашфиётлар қандай қилинади?

  02.07.2017 08:16
  0
  949
Ўзбек футболи ёхуд футболда кашфиётлар қандай қилинади?

2001 йил Самарқанд шаҳрида ташкил қилинган ФИФАнинг «С» тоифасидаги лецензияси учун ўқув курсида қатнашгандим. Курсни эса Япониялик мутахассис Фужита жаноблари олиб борган эди. Меҳмонхонада дарвозабон билан битта хонада туришимга тўғри келганди. У билан ҳазил – ҳузил, у-бу ҳақда гаплашиб баҳс бойлашдик: ўнта жарима зарбасидан ўнта гол ураман! У эса ҳозиржавоблик билан: уролмайсиз! -деди.

Эртаси куни машғулотдан кейин баҳсимизни давом эттирдик. У дарвозада, мен жарима майдони ташқарисидан зарба йўллаяпман: ўнта зарба, ўнта гол! Дарвозабон биронта зарбамга ҳам ташлана олмади. Фақат кўзлари билан «кузатиб» қўйди. Барча зарбаларим мен мўлжал олган жойга бехато борарди. Фужита ҳам бизни баҳсимизни кузатиб турган экан, таржимон билан олдимга келиб саволларга кўмиб ташлади. Қандай қилиб тепаяпсиз? Бунинг сири нимада? Яна тўпни бошқатдан қўйдириб тепдира бошлади. Зарба кетидан зарба ва голлар. Олдинлари ўзимдаги бу «руҳий ҳолат»ни фарқига бормасдим. Кўпинча мана шу «руҳий ҳолат»да футбол ўйнардим, гоҳида бу «ҳолат»ни йўқотиб қўйган вақтларим ҳам бўлган. Футболчининг шундай «руҳий ҳолат»и бор-ки, бу ҳолатда руҳ бутун танани ва оёқларингизни зарбага мослайди. Футболчи бу «ҳолат»га кира олса, жарима зарбасидан зарба берадими  ёки футбол ўйини жараёнида зарба берадими,  бунинг мутлақо аҳамияти йўқ. Тўп сиз мўлжал олган жойга бехато боради. Фақат бу ҳолатга кира олишни ўрганишимиз керак.

Қандай қилиб бу «ҳолат» кириш мумкин? Бу ҳолатга, бу «Ўзга олам»га кириш дарвозаси қаерда жойлашган?

Футболга нисбатан Ишқ ва Муҳаббат туфайли, ундан олинадиган лаззатланишнинг авж юқори эмоционал кўтаринкилик ҳолатида олтинчи сезги ишга тушиб кетади. Агар буни мунтазам ва тартибли равишда ўтказилса, шартли рефлекс пайдо бўлиб, бу вақтда мия тўлиқ ишлайди.

Масалан, Мессига ўхшаган «ихтиро»чи кашшофлар бу ИЛМдан қандай фойдаланиш мумкинлигини онгсиз равишда ўзи учун кашф қилди. Месси бунинг нима эканлигини тушунтириб бера олмайди, лекин қандай фойдаланишни билади. ИЛМ мавжуд. Худодан келган ИЛМ бор. Уни табиатнинг ўзи намоён қилиб қўйибди. Ҳар бир инсон интеллектуал салоҳиятига қараб бу чексиз илмдан улуш олиши мумкин. Мессида бор нарса футболчиларимизнинг ҳаммасида бор. Фақат бу ИЛМдан қандай фойдаланишни ўрганишимиз керак. Албатта, албатта ҳеч ким ҳеч кимни такрорлай олмайди. Ҳар ким ўзига хос. Мен футболчиларнинг  футбол майдонидаги самарадорлиги ҳақида гапираяпман. Самарадорлигингиз Мессиникидан ҳам яхшироқ бўлиши мумкин.

У ва бу ҳолатларга етишиш учун қандай ва нимани машқ қилиш лозим?

Агар бу матнни қандайдир замонавий синчков қўлланмалар ҳаваскорига кўрсатилса борми, у шу заҳоти ҳасаддан ҳушидан кетиб йиқилиши мумкин. Чунки сизнинг олдингизда қатъий, имкон борича лунда, тарашланган ва силлиқланган кўрсатма ётган бўлади.

Ўтган йили «Интер футбол» газетасида 120 кгли бақалоқ  Бас ван Велзен ҳақида ёзишди. У «Леверпул» футболчилари Марио Балотелли ва Мирон Марковични ўзининг жарима зарбалари билан ҳайрат кўчасига етаклаган эди. У қандай қилиб тепиш «техника»сини қўлга киритди? Аслида «техника»  атамаси ноёб футболчиларнинг «ноёб» ҳаракатларини тушунтириб бериш учун қўлланилади. «Техника» деган нарса йўқ, шунчаки танани бошқариш бор.

Футбол дунёси фақат Месси ва Криштианулардан иборат эмас. Аслини олганда бутун футбол дунёси сиздан иборат. Кимнингдир ихтиросига бошқа кимлардир таъзим қилиб юришибди. Энг қизиғи, уни истеъдод дея тасаввур этиб, нотўғри йўлдан кетаяпсиз. Сиз ўзингиз яратинг, ўзингиз амал қилинг! Ўзингизни кузатув остига олинг, сиз бир пайтни ўзида «лабаратория»сиз, шу вақтни ўзида «тажрибадаги қуёнча»сиз, айни дамда профессор ҳам ўзингизсиз. Яратинг! Тўла ишонч билан шуни айта оламанки, «у» сизда бор.

«Ҳолва, ҳолва», деб қанча гапирма, барибир оғзинг чучимайди. Шунақа дейилармиди? Лекин «текин, текин» дейилсачи? Оҳ, қанчалик ёқимли, лаззатли! Ўртадаги фарқ эса бор – йўғи биттагина «мен» номли кичкинагина дангаса.

Нима учун кўпчилик футболчиларимизнинг жаҳон бозоридаги нархи миллион долларга ҳам тортмайди?  Бунинг сабаблари қаерда? Аслида, ҳар бири йигирма милион долларлик истеъдодни кўтариб юришган бўлишса-да.

Биз ўз шогирдларимизни қандай қилиб ўзимизга ўхшатиб қўямиз? Биз унинг табиий ҳолатини ривожлантириш ўрнига, кераксиз нарсаларни тиқиштирамиз: у ёққа югур, бу ёққа чоп! Биз, шогирдларимиз биздан – да юксакроқда бўлишларини ҳоҳлаймиз. Уларни биздан ҳам узоқроққа боришларини орзу қиламиз. Улар ҳар жиҳатдан биздан яхшироқ бўлишига ҳаракат қиламиз. Фикримга кўшиласизми?

Мана, буюк ҳазиллардан бири: Биз тарбия беришни ошириб юбордик. Уларни нима қилиб қўйдик?  Зомби. Ёки робот десаммикин?  Етакланиб юрадиган, ҳар доим кимдир тўғри маслаҳат бериб туришига, ҳар доим кимдир тўгри йўл кўрсатиб туришига ўргатдик.

Хўш, бундан нима келиб чиқаяпти? Ўзбек футболига бир угирилиб қаранг, мана шулар келиб чиқади. Мен ўзбек футболчиларининг савиясини назарда тутаяпман. Бошқа соҳаларга «тил» теккизганим йўқ. Айнан футболчининг савияси ўзбек футболи савиясини белгилаб беради. Шу билан шуғулланамиз.

Савияни ўзи нима? Савия, бу –футболчининг фикрлаш қобилияти, дунё футболида тутган ўрни ва ўз олдига қўйган орзу – мақсадлари билан белгиланади. Энди бу хақида сал кейинроқ гаплашамиз. Ҳар ҳолда йуналишни кўрсатиб қўйдим.

Кичкинагина саёҳатни ҳоҳлайсизми? Яқинда «Насаф жамоаси ёшлари билан тренинг – семинар ўтказишимга тўғри келди. Уларга шунақа савол билан мурожаат қилдим: Сиз футбол майдонида ўзингизни худди «денгиздаги наҳанг»дек ҳис қилишларинг учун нималар ҳалақит беради? Улар чуғурлашиб санай бошлашди… Шунчаки ўйин тарзида саккизта муаммони санаб беришди. Қаранг –а! Буларнинг ҳаммаси руҳият билан боғлиқ муаммолар эди. Футбол фақат жисмоний, техник, тактик машғулотлардан иборат эмас. Бу уччаласи тарозининг бир палласи бўлса, руҳиятнинг ўзи иккинчи паллани ташкил қилади. Ҳозирги замон ўзбек футболидаги энг долзарб масала, бу руҳият билан боғлиқдир. Инсон руҳий оламида чексиз имкониятлар яширинган. Уни кашф қилиб ўз фойдамизга, муваффақиятимизга ишлата олишимиз, бу энди бошқа масала.

                                                                                                                                        Маҳмаюсуф Бердиев


Манба: sports.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz