Қайднома

Қидирув

Эдинсон Кавани: «ПСЖ» ЕЧЛ финалида ўйнашга яқин»

Эдинсон Кавани: «ПСЖ» ЕЧЛ финалида ўйнашга яқин»

  05.07.2017 03:31
  0
  1057
Эдинсон Кавани: «ПСЖ» ЕЧЛ финалида ўйнашга яқин»

Якунига етган мавсум Эдинсон Кавани учун бутун фаолияти давомидаги энг яхшиси бўлди - у рақиблар дарвозасини 49 марта ишғол қилди.

Шунга қарамай, уругвайлик ҳужумчи France Football нашрига берган интервьюсида камтарликни сақлаган ҳолда гапирди: «Шунчаки, «ёлланма ишчи»ман, қолаверса, айрим жиҳатлар устида ҳали кўп тер тўкишим лозим».

«БУЮК АДОЛАТСИЗЛИК БЎЛДИ...»

- Ўтган мавсум фаолиятингиз давомида кузатилган энг яхшиси, шундайми?

- Шахсий кўрсаткичларга қарасак, шундай, шубҳасиз. Статистика ҳаммасини кўрсатиб турибди.

- Аммо клубингиз бу борада ортиқча мақтанолмайди...

- Фикрингизга қўшиламан. Ўтган йилнинг ёзида янги мураббий келди, унинг услубига мослашишимиз талаб этиларди. Ҳа, мавсум муваффақиятсиз кечди. Эмерининг ўз ғоялари билан иш бошлагани тайин. Аммо ишончим комил, ҳар қандай ўзгариш аввалига баъзи йўқотишларга олиб келади. Жамоамиз билан худди шундай ҳолат юз берди, биринчи даврада барқарор ўйнолмадик, кўп хатоларга йўл қўйдик. Чемпионатнинг иккинчи қисмида эса ўйинимизда ўсиш кузатилди. Эҳ, агар эртароқ уйғонганимизда-ми, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилардик.

- Қайси муваффақиятсизлик нисбатан оғриқли бўлди: чемпионлик бой берилганими ёки ЧЛни тарк этиш?

- Ўйлашимча, иккинчиси. Зеро, ўз майдонимизда «Барса»га қарши ажойиб ўйин кўрсатдик, сафарда эса... Бундай якунга муносиб эмасдик. Футболга хос бўлмаган воқелик кузатилди. Ҳаммаси ўта омадсиз келди, ёқимсиз тасодифлар занжири панд берди...

- Май ойи охирида берган интервьюнгизда бу мағлубият футбол тарихида қолишини айтгандингиз. Сизнингча, ушбу баҳс 30-40 йилдан кейин ҳам ёдга олинадими?

- Худди шундай. Бу воқеа клуб тарихида қолади. Якуний натижа бизни «синдирди». Тушуниб бўлмайдиган даражадаги ҳодиса...

- Ваҳоланки, Каталонияда айнан сиз тўп киритиб, ҳисобни ўзгартирганингиздан (1:3) кейин «Барса»дан яна 3та гол уриш талаб этилганди. Ўйин якунланишига ярим соатча вақт қолган паллада йўлланма тақдири «ПСЖ» фойдасига ҳал бўлганини ўйлагандирсиз...

- Йўқ. Ростини айтсам, ўша пайт асло бўшашмаслигимиз кераклигини тўлиқ англаб тургандим. Яъни қарши ҳужумларда яна имконият туғилиши, «Барселона»нинг олдинга ўтишидан фойдаланиш лозимлигини ўйлаганим ҳам рост. Тўғри, ҳисоб 3:1 кўринишини олгач, воқеалар бундай ривожланиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди. Аммо... Бу - футбол тарихидаги буюк адолатсизлик. Ҳар ҳолда, натижа ўйинга мос эмасди.

- Нега энди адолатсизлик?

- Бу шунчаки шахсий фикрим эмас. Ўша учрашувни қайта томоша қилинг-а!

- Ҳакамликка шаъма қиляпсизми? Барчасига рефери айбдорми?

- Сиз - журналистлар ҳаммасидан жуда яхши хабардорсиз. Деталларга тўхталмоқчи эмасман, фақат битта гап айтаман: ўша ўйинда ақлга сиғмас ҳолатлар юзага келди. Аммо нима бўлишидан қатъий назар, олдинга интилиш лозим. Йўқ, ёқимсиз вазиятларни дарров эсдан чиқариш ярамайди - улар ўзига хос сабоқ. Қолаверса, мавсум давомида ижобий ҳиссиётларни ҳам бошдан кечирдик.

«ЎСИШДА ДАВОМ ЭТИШИМИЗ ШАРТ»

- ЧЛ финалини томоша қилгандирсиз?! Нима деб ўйлайсиз, «ПСЖ»нинг «Реал» даражасига чиқишига яна қанча бор?

- Ҳеч қанча! Мана, Франция чемпионатида ҳам, ЧЛда ҳам юқори сифатли футбол кўрсатдик. Албатта, жамоа энг яхши эканлигини мунтазам исботлаши керак. Миллионлар ўйини элитасидан мустаҳкам жой олиш учун яна бирозгина тажриба орттирсак, бас. Аммо ишончим комил, «ПСЖ» яқин орада ЧЛ финалида ўйнайди.

- Хўш, янги мавсумда «ПСЖ» учун қайси мусобақа муҳимроқ - ички чемпионатми ёки ЧЛ?

- Асосийси, мураббийимиз фикрига қўшиламан, ўсишда давом этишимиз шарт. Тўғри, ЧЛ - ажойиб, лекин Лига 1 ҳам муҳим. Ахир асосий база айнан шу турнирда шаклланади. Хуллас, шахсан мен учун чемпионлик унвонини қайтариш нисбатан аҳамиятлироқ.

- Бироқ Франция футбол жамоатчилиги ва матбуоти клуб учун ички чемпионатдаги ғолиблик нақдлигию, асосий эътибор евротурнирга қаратилиши лозимлигини таъкидламоқда. Омманинг бундай ёндашуви жамоага халал бермасмикан?

- Ҳа, кўпчилик ниҳоят, ЧЛ кубогини ютишимизни кутяпти. Аммо турли гап-сўзларга жиддий қараш унчалик тўғри эмас. Инчунин, биз учун ҳаммаси ўта муҳим. Аммо асосий турнир сифатида ички биринчиликни танлаймиз, барибир. Зеро, унда муваффақият қозонмай туриб, ЧЛда юқори ўринларга даъво қилиш мумкинми?

- Шуниси борки, «ПСЖ» Франциянинг энг бой клуби сифатида Лига 1да чемпион бўлиши шарт. Бу фикр мантиқан тўғрими?

- Халқ футболни ўзи истаганча қабул қилади. Аммо футболчи сифатида шахсий фикрим сал бошқача: миллионлар ўйини кутилмаган воқеалар ва «сюрприз»ларга бойлиги билан ҳам жозибадордир. Хайриятки, футболда ҳамма нарсани пул ҳал қилмайди. Шундай экан, «ПСЖ» бой бўлгани учун чемпионатда тинимсиз зафар қучиши шартлиги ҳақидаги гап-сўзларга чек қўйиш лозим. Ҳаммасининг ўз мавриди бор, даражамиз етган тақдирда муваффақият қозонамиз. Бунинг учун табиийки, маълум ишларни бажариш керак. Қолаверса, рақобатчилар жим қараб туришмайди.

«ҲАМ ҲУЖУМ, ҲАМҲИМОЯДА...»

- Келинг, энди ўз ҳақингизда гаплашамиз...

- Умид қиламанки, бу 10 дақиқадан кўп вақт олмайди (кулади).

- Ўтган мавсум ниҳоят, ҳужумнинг олдинги чизиғида тўп сурдингиз. Ўйинингизда ўзгариш сезилдими?

- Йўғ-е, 2013 йили Парижга келган бўлсам, клуб мендан айнан шундай ўйин кутганди. Бу ерга «Наполи»дан марказий ҳужумчи сифатида келгандим, ахир. Мана, аввалги мавсум ўзимни қулай сезадиган нуқтада тўп сурдим ва барчаси яхши чиқди.

- Аммо «эски одат»га кўра, ҳимояга ҳам кўмаклашдингиз...

- Шундай футбол тарафдориман. Ҳа, имкон қадар рақиблар дарвозасига яқинроқ ҳудудда ўйнашни маъқул кўраман, ҳаракатланиш чоғи эркинликка эгаман. Шунинг баробарида ўйин услубим мудофаа ишларига бевосита кўмаклашишни ҳам тақозо этади.

- Агар ҳимоячиларга ёрдам бермаганингизда, янада кўпроқ гол уришингиз мумкинмиди?

- Бундай фикрлаш ноўрин. Аксинча, ортга қайтиб ўйнашим рақиб дарвозасини ишғол қилишда жуда асқотади.

- Ахир тинимсиз югураверишдан сўнг гол уришга куч етмай қолиши ҳеч гап эмас-ку...

- Табиатингизга қарши иш тутмасангиз бўлди, ҳаммасини уддалайсиз.

- Эмери бу борада қандай фикрда?

- Мураббийимиз нималарга қодирлигимни билган ҳолда, шунга мувофиқ, олдимга аниқ вазифалар қўяди.

«АСОСИЙСИ - КЕККАЙМАСЛИК...»

- Ибрагимович кетгач, жамоадаги ролингиз анча ўзгарди. Шу маънодаги қарашларга қўшиласизми?

- Йўқ, ҳаммаси аввалгидек. Дейлик, фикрлаш ва ўзимни тутиш масаласида мутлақо ўзгармадим. Ҳамон ўша Каваниман. Яъни биринчи навбатда, ўз ишимни профессионал даражада бажаришга интиламан. Муҳими - яхши тайёрланиш ва имкон қадар кўпроқ ўйнаш.

- «ПСЖ» раҳбарияти ўртадаги шартнома муддатини узайтириб, клуб рамзига айланишингизни хоҳлади. Бундай ёндашув ва жараён характерингизга зид эмасми?

- Йўқ, раҳбарият узоқ муддатли келишувга шунчаки, тавваккалига имзо чекмади. Ҳаммаси аввало, майдонда зиммамдаги ишларни нечоғли бажаришимга боғлиқ. Умумий ҳолатим талабга жавоб беришини ўз ўйиним билан кўрсатишим керак. Францияда юқори савия ғалабага элтиши ҳақида гапиришни ёқтиришади, бироқ ишончим комилки, даражанинг ўзи етарли эмас. Яна бир муҳим жиҳат бор - бу кеккаймаслик.

- Лекин «ПСЖ» сизни ўзига хос тижорат маркаси сифатида кўтармоқчи...

- Буларнинг барчаси - маркетинг. Яна нима дейишим мумкин? Ҳаммаси клуб манфаатлари йўлида амалга оширилмоқда. Ҳақиқат шуки, мен бўлмасам, бошқасидан шу мақсадда фойдаланишади.

- Аммо танлов сизда тўхтади...

- Шундай. Ўзимни шунчаки, «ёлланма ишчи» сифатида биламан ва клуб ривожи йўлида ҳар нарсага тайёр туришим шарт. Омма олдида тез-тез кўриниш бериш ҳам ҳаёт тарзимга заррача таъсир ўтказмайди.

- Кавани ҳаётда оғир-босиқ йигит, аммо майдонда бунинг акси. Мисол учун, ҳакамлар билан кўп тортишади...

- Қандай бўлсам, шундайман. Майдонда футбол билан яшайман, бор кучимни сарфлашни истайман. Албатта, ҳамма хато қилиши мумкин, жумладан, ҳакамлар ҳам. Мен эса баъзан ўзгалар хатосидан қаттиқ аччиқланаман.

- ТВ орқали ҳам футбол кўрасизми?

- Ҳа! Фақат ўзимга ёққан ўйинни. Мабодо у эски бўлса ҳам, томоша қилавераман.

«ТЕХНИКАМ МУКАММАЛ ЭМАС...»

- Ўтган мавсум «ПСЖ»да Каванига боғлиқлик ҳолати сезилди...

- Йўқ, бундай эмас. Ҳар бир жамоада марказий ҳужумчининг асосий вазифаси тайин - гол уриш. Буни уддалаш учун самарали узатма берадиганлар хизматига эҳтиёж сезасиз, барибир.

- Аммо дуч келган ҳужумчи ҳам битта мавсум давомида 50тача гол уравермайди...

- Ҳамманинг фаолиятида оқ ва қора давр бўлади. Баъзан рақиб дарвозасини омадинг чопгани эвазига ишғол қиласан, гоҳида эса ишинг сира қовушмайди.

- Сўнгги мавсум техникангиз мукаммал эмаслиги танқид қилинди...

- Бу фикрга тўлиқ қўшиламан! Техник салоҳиятни мукаммаллаштириш учун ишлашим зарур жиҳатлар бор. Аммо футболга қанча киши қизиқса, улардан шунчалик кўп фикр чиқади. Кимдир Мессини яхши кўради, бошқа биров Криштиану Роналдуни. Бироқ шубҳа йўқ - Лионель энг зўри. Албатта, бу ҳам шахсий фикрим. Умуман, уларнинг иккиси ҳам жаҳон футболи гигантидир.

- Шаънингизга йўлланаётган танқидлар сизни нечоғли ранжитади?

- Танқидий қараш - бу касбимизнинг бир қисми. Аммо ҳар бир фикрга жиддий қулоқ солиш ярамайди. Ҳарқалай, барчасини юракка яқин олиш фақат зарарингизга ишлайди. Умуман, ҳеч нарса мени асл мақсадимдан қайтаролмайди. Мақташса, бу бежиз эмаслигини исботлаш учун янада кўпроқ ишлайман. Танқид қилишяптими? Демак, камчиликлардан қутулиш йўлида ҳаракатдан тўхтамаслигим керак.

- Охирги савол: айни ҳозир Парижда ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

- Ҳаммаси кўнгилдагидек. Ахир 4-йилки, шу ердаман. Аслида омма олдида кўриниш беришни унча ёқтирмайман. Авваллари тил масаласи қийинчилик туғдирарди. Ҳозир эса французчада бемалол гаплашаман.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz