Мана, Конфедерациялар кубоги-2017 ниҳоясига етди. ЖЧ-2018 репетицияси вазифасини бажариб берган бу турнир ўйинлари МДҲ мамлакатлари футбол мухлисларида ўзгача қизиқиш уйғотгани тайин.
Қизиқиш сабаби тушунарли, албатта. Бу улкан ҳудудда яшовчи мухлислар илк бора жаҳон чемпионати нафасини яқиндан ҳис қилишди. Гўё қўл узатса етгудек жойда жаҳоннинг кучли жамоалари тўп суришди.
Миллионлаб мухлислар Криштиану Роналду шундоққина яқинларида эканлигини сезиб туришди. Бундай вазиятда жаҳон чемпионати йўлланмаси билан боғлиқ умидлар яна бир бор юракларда жўш уриши аниқ.
Ўтган чоршанба куни довон оша пойтахтдан водийга қайтар эканмиз, ҳайдовчи Абдуҳаким ака хаёлимизни бўлди:
- Нима деб ўйлайсиз, Роналду гол урадими? Узоқ йиллар Ҳакимжон ака Ҳошимов билан бирга ишлаганман. У киши бундай паллада тинч ўтиролмасди...
Ҳа, «Навбаҳор»нинг чемпионлиги унинг номи билан биргаликда тарихга битилди. Ҳакимжон ака каби неча ўнлаб футбол фидоийлари миллий терма жамоамизнинг мундиалда иштирок этишини орзу қила-қила бу фоний дунёдан ўтиб кетишди. Ўзи уларни раҳмат қилсин ва термамизга мундиал эшикларини очсин. Роналдуга келсак, унга қойил қолиш керак. Ҳарқалай, Россияга келди ва бу - турнир учун байрам...
Суҳбатимиз қизиган чоғ патир бозорига етибмиз. Тунги бозорда ҳаёт қайнайди. Кўпчилик Португалия ва Чили терма жамоалари ўртасидаги ярим финал натижасини сўрайди. Ҳамкасбимиз ўғли Асадбекка футбол тўпи сотиб олди. Ўзини Дилшод Эсоналиев, деб таништирган сотувчи Асадбекка ва терма жамомизга омад тилади. Ўша лаҳзада қўл телефонимиз садо берди. Ғуломжон Ҳамидов домла!
- Муҳаммаджон, пенальтилар серияси бўйича ҳисоб - 0:3. Чили термаси фойдасига. Роналду пенальти тепмади...
Домлага хабар учун миннатдорчилик билдирдик. Тунги бозор яна-да жонланди. Ҳамма тақдир кулиб боққан терма жамоамиз ҳақида сўзлай бошлади. Қисқаси, Конфедерациялар кубоги-2017 юртимиз футбол мухлислари қалбидаги жаҳон чемпионати орзу-оловини яна ҳам кучлироқ алангалатди.
Хўш, Конфедерациялар кубоги қайси жиҳатлари билан кишини мулоҳазага чорлайди? Қуйида айни шу мавзуга эътибор қаратамиз.
1. Видеотакрорлар футболда нақадар зарурлиги йирик турнир давомида яна бир марта ўз исботини топди. ОФК ҳам бу тажрибани тезроқ амалиётга жорий этса, қитъамиз футболида ҳакамларни нохолислигига анча-мунча чек қўйиларди. Агар 2012 йили видеотакрорлар тизими бўлганидами, япониялик ҳакам Одил Аҳмедовнинг Эрон термаси дарвозасига урган голини ҳисобга олиши аниқ эди. У ҳолда Вадим Абрамов истеъфога чиқарилмасди ва терма жамоамиз тараққиётидаги ритм бузилмасди. Майли, афсусдан энди фойда йўқ. Муҳими, тараққиёт шуъласи келажакда термамиз йўлларини ёритсин.
2. Португалия термаси иштирокидаги 5та ўйин шуни исботладики, Конфедерациялар кубоги шунчаки, ўткинчи турнир эмас. Мусобақа даражаси жаҳон чемпионати репетицияси қабилидаги мақомдан юксакроқ. Бу турнир ғолиби Германия терма жамоаси чемпионлар чемпионидир. Шунингдек, ККнинг ҳар бир соврини футболчилар учун қадрли. Акс ҳолда, Пепе 3-ўрин учун кечган баҳснинг сўнгги дақиқаларида қаҳрамонона гол урмасди. Учрашувнинг биринчи бўлимида пенальтини амалга оширолмаган Андре Сильва эса «овертайм»да яна 11 метрли жарима нуқтасига яқинлашмасди. Шу маънода айтсак, Конфедерациялар кубоги-2021нинг бундан ҳам ёрқинроқ ўтишини тахмин қилиш мумкин.
3. Россия футболи бу турнирга катта умид билан қараганди. Афсуски, бу умидлар Станислав Черчесов шогирдлари томонидан рўёбга чиқарилмади, ишончлар оқланмади. Тўғри, Россия термасида ўйин руҳи янгиланди, бироқ кучли рақибларни енгиш учун шунинг ўзи етарли эмас. Жамоа маҳорат бобида барибир, оқсади. Янгиланаётган Россия термасининг ЖЧ-2018да ҳам айтарли натижа қайд этишига ишониш қийин, очиғи. Шундай экан, «У ҳолда бизнинг термамиз жаҳон чемпионатига боришидан нима наф?» - деган савол туғилиши табиий. Наф бор ва бу маълум натижа билан белгиланмайди. Аёнки, футбол мухлислар учун ижобий натижаси билан қизиқарлидир. Лекин биз қанчадир муддат натижаларни унутишга мажбурмиз. Асосийси - жаҳон чемпионати финал босқичи руҳи билан яшаш, шу жараённи бошдан кечириш. Албатта, бу фикр кўпроқ нисбатан ёш футболчиларга тааллуқли.
4. Аксарият мухлислар турнир финалида Германия ва Португалия терма жамоалари ўртасидаги баҳсни кўришни истагандилар. Зеро, Йоахим Лёв шогирдлари ўйинида аввалдан мавжуд аниқликдан ташқари, ҳужум ва ҳимояни мақсадга мувофиқ ташкиллаш услуби сайқалланибди. Кўриб кўз қувнади ўйиндаги аниқлик ва мақсадга мувофиқликни. Демак, замонавий футболда тўпни аниқ узатиш эмас, балки мақсадга мувофиқ, фойдали ва ривожлантирувчи, ҳужум ва ҳимояни кучайтирувчи тарзда майдоннинг ўша лаҳза учун муҳим саналган нуқтасига йўллаш, шу жойни ҳис қилиш ва топиш зарур омил саналади. Йоахим Лёв томонидан тайёрланган дарс ишланмаси Роналду синовидан қандай ўтишини кўпчилик шу боис, катта иштиёқ билан кутаётганди. Аммо Клаудио Бравонинг қаҳрамонлиги бу иштиёқни сўндирди.
5. Бу турнирда Осиё қитъаси эмас, балки ОФК вакили қатнашди. Улкан қитъа футболи Конфедерациялар кубоги-2017 тажрибасидан бебаҳра қолди. Мазкур ҳолатни ФИФА мутасаддилари жиддий ўйлаб кўришса арзийди. Ўзи учун курашмайдиган Осиё футболи ФИФАнинг марҳаматига муҳтож, чоғи.
Хуллас, Конфедерациялар кубоги-2017 бизга аввалги турнирларга нисбатан шиддатлироқ туюлди. Унинг шу руҳи терма жамоамизга ғайрат бахш айлашидан умидвормиз.
Муҳаммад Вали
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20