Қайднома

Қидирув

Темур Кападзе Бабаян истеъфосини истаганмиди?

Темур Кападзе Бабаян истеъфосини истаганмиди?

  06.07.2017 00:13
  0
  3417
Темур Кападзе Бабаян истеъфосини истаганмиди?

Темур Кападзе - ҳурматга лойиқ футболчи. Узоқ йиллар Ўзбекистон миллий жамоаси шарафини ҳимоя қилди, олий лиганинг етакчи клубларида тўп сурди. Терма сафида энг кўп майдонга тушиш ва чемпион бўлиш бўйича турфа рекордлар соҳиби.

Биз уни ҳар доим охирига қадар курашадиган ва аксарият ўйинларни бошида боғич билан якунлайдиган жанговар футболчи сифатида яхши эслаб қолганмиз.

Мана шу жанговар футболчи ўтган ҳафта турли интернет сайтлари ва «Халқаро Пресс-клуб» кўрсатуви қаҳрамонларидан бирига айланди. Табиийки, мавзу ҳам ўша анъанавий - Ўзбекистон миллий жамоаси атрофида айланди.

Темур бу сафар ҳам жанговарлик сифатини кўрсатди ва оқимга қарши бориб, деярли ҳамма танқид қилаётган терманинг ёнини олиб чиқди. Ҳамма футболчилар ҳам бош жамоадаги фаолиятини якунлагач, бу қадар куюнчаклик билан уни ҳимоя қилавермайди. Темур эса бу ишни бажаришдан асло тортингани йўқ. Шунинг ўзи ҳам унга бўлган ҳурматни янада ошириб юбормайдими?

Кападзе иштирокидаги бир соатдан зиёд давом этган видеомурожаатни кўрган бўлсангиз керак?! Кўрмаганлар ярим ҳимоячининг «Пресс-клуб»даги уч дақиқалик чиқишидан бохабар бўлса, етарли. Унинг гапларини англаб олиш учун шунинг ўзи кифоя қилади. Темур терма жамоа либосини киймай ҳам унинг шарафини ҳимоя қилишда давом этмоқда.

«Мен бу гапларни бош мураббийнинг ёнини олиб ёки бошқа манфаатни кўзлаб айтмаяпман. Бир нарсани тушунишимиз лозим - қуруқ танқидлар билан бирор нарсага эришиб бўлмайди. Танқид албатта керак нарса, аммо меъёрида бўлиши лозим. Футболчиларнинг шахсиятига ўтиш эса умуман бўлмағур иш.

Бизни олдинда иккитагина ўйин кутиб турибди ва унда ғалаба қозонсак, жаҳон чемпионатига чиқамиз. Бундай вақтда футболчилар руҳини синдириб, ҳар хил гаплар айтиш эмас, балки уларни қўллаш керак. Агар мундиалда иштирок этиш нияти бўлса, марҳамат, футболчиларни қўллаб-қувватланг. Ҳозир ҳаммасидан ҳам шу муҳим», - дейди Кападзе.

Хўп, бу гапларда жон борми? Очиғини айтсам, шахсан ўзим термамизнинг охирги ўйинларидан кескин норози бўлган мухлислар сирасига кираман. Биз жамоада ўзгариш рўй бериши учун қўлимиздан келган барча ишни қилдик. Интернет сайтларида норозилик билдирдик, танқидий мақолаларни ўрам-ўрам босиб чиқардик.

Аммо якуний натижа шу бўлдики, Ўзбекистон футбол федерацияси яна Самвел Бабаянга ишонч билдирди. Бу иш қай даражада тўғри ёки нотўғрилигини вақт кўрсатади.

Бироқ Темур Кападзе бир нарсада ҳақ бўлса керак: энди танқидларни бас қилиб, терма жамоа атрофида яна бирлашадиган вақт келди. Охирги марта. Мундиалга чиқишни истар эканмиз, сўнгги кучларни йиғиб, яна бир бор «Ўзбекистон!» дея ҳайқиришимиз лозим.

Танқид нима учун керак? Албатта, иш сифатини яхшилаш учун. Аммо у самара бермаётган ва аксинча, иш ортга кетишига сабаб бўлса нима қилиш лозим? Бу саволни энди ҳар биримиз ўзимизга бериб кўрайлик.

«Бургага аччиқ қилиб, кўрпани куйдирма», дейди доно халқимиз. Биз ҳозир худди шу ишни амалга оширмаяпмизми? Агар мана шу танқидлар сабаб терма жамоа футболчилари руҳиятидаги тушкунлик кучайиб, ҳал қилувчи ўйинлар бой берилса, ким айбдор бўлади? Бабаянми? Федерациями? Ёки бизми?

Очиғи, бу саволга ҳозир жавоб беришни истамаган бўлардим. Айбдор қидириш - энг охирги иш. Бунга ҳали улгурамиз. Жуда иштиёқингиз баланд бўлса, қоғоз ва қалам олинг-да, ким қаерда хато қилганини ёзиб боринг.

Аммо энди гапиришни бас қилинг. Ҳаммасини охирги дамларга олиб қў-йинг. Мавриди келса айтарсиз. Келмаса эса... Ишқилиб келмасин. Хўп, денг, келмасин. Ахир Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатида ўйнашини истар бўлсангиз, ўша «маврид» келмагани маъқул-ку.

Темур Кападзенинг видеомурожаатини кўрмаганлар бўлса, имконини топиб кўриб чиқишни яна бир бор маслаҳат берамиз. Бундай интервьюни анча-мунча телеканалда учратмайсиз. Ярим ҳимоячи бор дардини очиб-сочган.

Танқидлар жамоага қандай зиён келтираётгани, улар туфайли футболчилар терма йиғинига боришни ҳам истамай қолгани ва ички муҳит қай даражада бузилиб бораётганини куюнчаклик билан гапирган.

Агар сиз ҳақиқий мухлис бўлсангиз, бу гаплар албатта таъсир қилиши лозим. Самвел Бабаяннинг истеъфога чиқишини кўпчилик истади. Шу жумладан, мен ҳам. Аммо энди истаймизми ёки йўқ, у саралашнинг охирига қадар ишлайди.

Чика ҳам у билан бўлади, пука ҳам. Ишонинг, довга сиздан кўра унинг нарсаси кўпроқ тикилган. Ғалаба қозонишни у ҳам истайди. Терма жамоадаги ҳар бир футболчи ҳам.

Агарда бу ғалабани сиз ҳам истагудек бўлсангиз, энди тош отишни бас қилинг. Иккитагина ўйинга ўзингизни чоғланг, терма жамоани қўллаб-қувватланг. Охирги марта шу ишга ўзингизда куч топа олинг.

Шояд сентябрнинг илк ҳафтасида бир-биримизни табриклаш насиб этса. Амаллаб жаҳон чемпионатига чиқиб олайлик, у ёғи бир гап бўлар. Ана, Сардор Раҳматуллаев кузда федерацияда катта ўзгаришлар бўлишини ваъда қилмоқда. Бу ўзгаришлардан кейин бизнинг ҳам бағримизга шамол тегиб қолар...

Икром ЭГАМБЕРДИЕВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Карлес Пуйоль - Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришга тайёр!

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.