Қайднома

Қидирув

Хитой термаси Германия чемпионатида бу қандай ғоя?

Хитой термаси Германия чемпионатида бу қандай ғоя?

  07.07.2017 06:28
  0
  909
Хитой термаси Германия чемпионатида бу қандай ғоя?

Хитой ёшлар (U-20) терма жамоаси 2017|2018 йиллар мавсумида Германиянинг жануби-ғарбий регионал лигасида иштирок этади. Шу муносабат билан «СЭ» нашри мазкур лойиҳанинг нюансларига тўхталиб ўтди.

ҒОЯ ҚАНДАЙ ПАЙДО БЎЛДИ?

 

Ҳаммаси Германия ва Хитойнинг 2016 йил ноябрда футбол соҳасида ҳамкорлик қилиш ҳужжатини имзолаганидан кейин бошланди. Келишув Германия канцлери Ангела Меркель ва Хитой раҳбари Си Цзиньпинлар иштирокида амалга оширилди. Ҳамкорликнинг дастлабки қисми 5 йил муддатга мўлжалланган. Шу лойиҳага кўра, Хитой ёшлар терма жамоасининг Германия регионал лигасида қатнашиши ойдинлашди.

БУ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

Чин юрти вакиллари конкурсдан ташқари беллашишади, яъни расмий турнир жадвалига Хитой термасининг натижалари қўшилмайди. Лекин ҳар бир турда жамоа биттадан назорат ўйини ўтказади. Германия жануби-ғарбий лигасида 19та жамоа бор. Бу эса хитойликларга ҳар бир турда биттадан ўйин ўтказиш имконини беради. Шу тариқа осиёликлар бутун мавсумни Германияда ўтказишади. Тахминларга кўра, жамоа Гейдельберг яқинидаги базалардан бирига жойлашади. Хитой термаси ўз стадиони бўлмагани боис, барча учрашувларни рақиблар майдонида ўтказади.

МАҲАЛЛИЙ ЖАМОАЛАРГА ҚАНДАЙ НАФ?

Жануби-ғарбий регионал лигадаги ҳар бир клуб хитойликлар билан иккитадан ўйин ташкиллаштиргани учун 15 минг евродан олади. Шунинг­дек, чипталар ва маркетингдан тушадиган пуллар ҳам ўзларига қолади. Албатта, бундай ўйинлар жамоалар учун керак. Чунки турда дам олган аксарият клублар турнир ритмидан чиқиб кетмаслик учун спарринг-рақиб қидиришади.

ХИТОЙЛИКЛАРГА-ЧИ?

Хитой термаси раҳбарлари олмон ўлкасидаги доимий ўйин амалиёти орқали жамоани 2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиадага кўнгилдагидек тайёрлашни мақсад қилишган. Шу ўринда айтиш жоиз, Германия тўртинчи дивизионининг савияси анча баланд. Мисол учун, ушбу лига вакили «Валльдорф» (мавсумда 11-ўринни эгаллади) мамлакат кубоги баҳсларида бундеслига жамоаси «Дармштадт»ни мусобақадан чиқариб юборди. Бундан ташқари, «Вальдхоф», «Саарбрюккен», «Киккерз Оффенбах», «Ульм», «Штутгартер Киккерз», «Хомбург» (жорий мавсум якунида 5-дивизионга тушиб кетди) каби жамоалар ўз вақтида Германия футболи элитасида ўйнашган.

ТАРАФДОРЛАР БОРМИ?

Германия футбол иттифоқининг маълум қилишича, тўртинчи дивизион клублари бунга ижобий муносабатда бўлишган. Жумладан, «Штутгарт» ёшлар жамоаси (жануби-шарқий регионал лигада ўйнайди) раҳбари Марк Кинле шундай деди: «Турда дам олган пайтларимизда шундоқ ҳам назорат баҳси учун рақиб излаймиз. Энди эса тақвимда иккита ўртоқлик учрашуви ташкил этилади. Боз устига, ўйинни ўтказиш учун бошқа шаҳарга боришимизга ҳожат йўқ».

«Киккерз Оффенбах» директори Кристофер Фиори эса, хитойликларга қарши ташкилланадиган беллашувлар орқали жамоалар яхшигина даромад қилишлари мумкинлигини таъкидлади.

КИМ НОРОЗИ?

Албатта, бунга танқид кўзи билан қараганлар ҳам учради. Хусусан, «Вальдхоф» (Мангейм) вакиллари хитойликларга қарши ўйнамасликларини маълум қилишди. Бу борада клуб раҳбари Маркус Компп қуйидагиларни гапириб ўтди: «Бундай учрашувлар маркетинг борасида фойдали бўлиши мумкин. Бироқ регионал алоқаларни бузмаслик керак. Клубларда бунданда муҳимроқ муаммолар бор. Масалан, «Вальдхоф» хитойликлар билан ўйнагандан кўра, «Пирмазенс»га қарши назорат ўйини ўтказишни маъқулроқ, деб билади. Бу жамоа қолган бешта клуб билан бирга қуйи лигага тушиб кетди».

Албатта, «Пирмазенс»дагилар ҳам янги келишувдан норозилар. Клуб раҳбаридан бири Кристоф Радтке Zeit Online нашрига берган интервьюсида «Олтита жамоа қуйи дивизионга тушиб кетди. Германия футбол иттифоқи эса Хитой термасини қўшмоқда. Биз мазкур қарорни қабул қилишга мажбурмиз, лекин бу - ҳақиқий капитализм»,-деди. Ушбу танқидга бошқа клублар ҳам қўшилишди.

ЯКУНИЙ ҚАРОР ҚАЧОН ҚАБУЛ ҚИЛИНАДИ?

Умуман олганда, хитойликларнинг регионал лигадаги иштироклари борасида музокаралар давом этмоқда. Шартнома ҳозирча имзоланмади. 11 июль куни регионал лига менежерларининг йиғилиши бўлиб ўтади. Унда барча масалага ойдинлик киритилиб, 28 июль куни бошланадиган мавсум тақвими ҳам аниқланади.

И.РАҲИМОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Месси майдонни голсиз тарк этган ўйинда, Аргентина маҳорат бобида Россияга дарс берди

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.