Қайднома

Қидирув

Наоя Шибамура: Фозил терма жамоада ўйнашга муносиб ва ҳақли

Наоя Шибамура: Фозил терма жамоада ўйнашга муносиб ва ҳақли

  09.07.2017 03:38
  0
  3014
Наоя Шибамура: Фозил терма жамоада ўйнашга муносиб ва ҳақли

Ёдингиздами, 2012-2013 йилги мавсумларда япониялик футболчи Наоя Шибамура Ўзбекистон олий лигасида тўп сурганди? Ўшанда у «Пахтакор» ва «Бухоро» жамоалари шарафини ҳимоя қилганди.

2012 йили ҳимоячи «шерлар» таркибида бор-йўғи битта ўйинда майдонга тушиб, 45 дақиқа ўйнаган. Ўша йили «Бухоро»га кўчиб ўтган япониялик футболчи 12та учрашувда майдонга тушди. Бу ўйинларда у 3та сариқ карточка ишлаб олди.

2013 йилги мавсум Наоя учун яна ҳам омадли чиқди. «Кунчиқар юрт» футболчиси «Бухоро» либосида 26та ўйин ўтказди. Учрашувларда атиги икки бор огоҳлантирилди. Умуман олганда, Шибамура ўзидан ёмон таассурот қолдирмаганди.

Ўзбекистондан кетган Наоя маълум муддат Польшада ўйнади. Мана икки йилдирки, у она юрти Японияда футболчилик фаолиятини давом эттиряпти. Биз Наоя Шибамура билан боғланиб, ундан интервью олдик.

- Наоя, юртимизни тарк этишингизга нима сабаб бўлганди?

- Ўзбекистонда икки йил ўйнадим. Ҳеч иккиланишсиз айтишим мумкин, бу мамлакат Япониядан сўнг менинг иккинчи ватанимга айланган. Ўзбекистонни жуда яхши кўраман. Айниқса, одамлари ва миллий таомларини роса соғинаман. Тошкент ва Бухоро шаҳарлари умрбод ёдимда қолади. Бевосита саволингизга келсак, ўзимни янги чемпионатда синаб кўришга қарор қилдим. Ўша пайт бир нечта давлат клубларидан таклифлар олгандим. Ўйлаб кўриб, улар орасидан Польша вариантини танладим. Европа клубида ўйнашни афзал билдим.

- Сизга Ўзбекистонда нима ёқмади?

- Бундай нарсанинг ўзи бўлмади. Ёзнинг иссиқ келишини инобатга олмаса, ҳаммаси ажойиб. Ўзбеклар футболни яхши кўришади. Айниқса, Бухорода миллионлар ўйини ихлосмандлари бисёр экан.

- Польшадан кейин Японияга қайтдингизми?

- Худди шундай. Япониянинг «Вентфорет Кофу» жамоаси билан шартнома имзоладим. Ўтган йили шу клуб шарафини ҳимоя қилдим. Бу йилдан эътиборан Токио шаҳри жамоасида ўйновчи мураббий сифатида фаолият юритяпман. Футболга бўлган меҳрим сабаб бу спорт туридан йироқлашиб кета олмасдим ва мураббийлик фаолиятини бошлашга қарор қилдим.

- Футболчилик даврингизга назар ташлаб, ундан кўнглингиз тўлдими?

- Ҳар ҳолда ёмон эмас. Лекин бундан ҳам яхши бўлиши мумкин эди. 2014-2015 йилги мавсумда Польшанинг «Стомил» клубида ўйнадим. Бу жамоа таркибида 38та учрашувда майдонга тушдим. Легионер сифатида икки йил Латвиянинг «Вентспилс» клубида тўп сурдим. Ўзбекистоннинг энг номдор жамоаси - «Пахтакор» либосини кийиш насиб қилди. «Бухоро»да бир ярим мавсум самарали ўйин ўтказдим.

Япониянинг бир нечта клублари шарафини ҳимоя қилдим. Ҳар бир футболчининг катта орзуларидан бири - легионер сифатида ўйнаш. Менга шундай бахт насиб қилган. Лекин термада ўйнамаганим мен учун армон бўлиб қолди. Балки қачонлардир миллий жамоада мураббийи сифатида ишларман.

Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ҳозир мураббийликка астойдил киришганман. Тажрибали устозлардан соҳа сир-асрорларини ўрганяпман. Фаолиятим давомида яхши мураббийлар қўл остида ўйнадим.

- Ўзбекистонлик футболчилар билан гаплашиб турасизми?

- Албатта. Асосан «Пахтакор» ва «Бухоро»да бирга тўп сурганлар билан ижтимоий тармоқ орқали суҳбатлашамиз, Ўзбекистон ҳақида кўп маълумот сўрайман. Юртингизда дўстларим кўп. Улар орасида мухлислар ҳам бор, ҳаммалари илиқ фикрларни ёзишади. Бундан жуда ҳам хурсанд бўламан.

- Ҳозир Япония J-лигасида ўзбекистонлик футболчи ўйнаяпти. Аниқроғи, Фозил Мусаев «Жубило Ивата» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. Бундан хабарингиз борми?

- Бўлмасам-чи, бир неча йил аввал дўстлашганмиз. Япония чемпионатида жуда яхши ўйин кўрсатяпти. Ҳеч иккиланишсиз айтишим мумкинки, Мусаев J-лиганинг энг кучли таянч ярим ҳимоячиларидан бири. Қисқа фурсатда Япония чемпионатига мослашиб кетди. У учун хурсандман. Дарвоқе, яқинда Фозил миллий жамоа йиғинидан қайтди. Ўзбекистон термаси иштирокидаги ўйинда майдонга тушдими?

- Афсуски, йўқ. Мураббийлар штаби унга имконият беришмади. Ҳар иккала баҳсда ҳам захирада қолдирилди.

- Афсус. Мусаев бугунги кунда ўз позициясидаги энг кучли футболчи. Шахсан мен шундай фикрдаман. Акс ҳолда, «Жубило Ивата» мураббийлари унга ишонч билдиришмасди. Ҳар бир ўйинда майдонда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қиляпти. Голлар ҳам уряпти. Очиғи, унинг термада нима сабабдан захирада қолаётганини тушунмадим.

- Япония термасининг ЖЧ-2018 финал босқичига чиқишига ишонасизми?

- Албатта. Лекин гуруҳда ўта чигал вазият юзага келган. Саудия Арабистони ва Австралия термалари ҳам мундиалга чиқиш учун кураш олиб боришяпти. Бизнинг жамоа 17 очко билан гуруҳда пешқадамлик қиляпти. Саудия Арабистони ва Австралия ҳисобида 16тадан очко бор.

Навбатдаги турда Саудияга қарши кечадиган ўйин кўп нарсага ойдинлик киритади. Шу ўринда Ўзбекистон термасига ҳам саралашнинг қолган икки ўйинида омад тилайман. Энг муҳими, ҳаммаси ўз қўлингизда. Футболчилар астойдил ҳаракат қилишса, ЖЧ-2018 финал босқич йўлланмаси қўлга киритилади.

К.АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz