Қайднома

Қидирув

Англиянинг янги авлоди (+фото)

Англиянинг янги авлоди (+фото)

  09.07.2017 00:23
  0
  2049
Англиянинг янги авлоди (+фото)

Англия термаси ўз тарихида илк бор ёшлар ўртасидаги жаҳон биринчилигида муваффақиятга эришди. Жамоа янги минг йилликда мазкур турнирда тўрт бор иштирок этиб, 13та учрашувнинг бирортасида ғалаба қозонмаганди.

Терма муваффақияти кўпчилик учун кутилмагандек туюлиши мумкин, аммо инглизларнинг янги авлодини кузатиб бораётганлар учун эмас.

Ўтган йили айнан шу мамлакат термаси 19 ёшгача бўлган футболчилар орасида Европа чемпионати ярим финалигача етиб борганди.

Албатта, ёш иқтидор соҳибларининг ҳаммаси ҳам бош жамоа таркибидан ўрин олмаслиги аниқ, бироқ улар орасида 5 нафар иқтидорлилар борки, айнан улар келгуси мавсумнинг ўзида премьер-лигада барчанинг эътиборида бўлсалар, ажабмас.

Фредди Вудман («Ньюкасл»)

Кучли дарвозабонга эга бўлмаган камдан-кам жамоа жаҳон чемпиони бўлиши мумкин. Фредди Вудман — бунинг яна бир ёрқин мисоли. Айнан унинг хизматлари эвазига ушбу юрт вакиллари ғолиб бўлишди. Турнир давомида Вудман ажойиб ўйин кўрсатган ҳолда, бирорта ҳам голга олиб келган хатога йўл қўймади.

«Ньюкасл» дарвозабони мексикаликлар йўлига ғов бўлди - айнан улар чорак финал йўлида инглизлар дарвозаси олдида бир нечта голга тортадиган вазиятларни яратишганди. Фредди асосий қаҳрамонлигини финалда кўрсатди - венесуэлалик Адальберто Пеньяранданинг пенальтидан тепган тўпини қайтарди.

Албатта, омад ҳам посбонга йўлдош бўлди, бироқ бунга қадар Вудман жамоасини қутқаришга улгурганди. Инглиз мухлислари Вудман биринчи терма дарвозасини Жо Хартдан ёмон қўриқламасди, деб ҳазил қилишади, аммо ёш посбонда ҳозирча премьер-лига доирасида ўтказилган бирорта ҳам баҳс йўқ. Ўтган йили «Ньюкасл» иқтидорли футболчини «Килмарнок»га ижарага берди ва Фредди Шотландияда жами14та учрашув ўтказди.

Энди эса Вудман элитага қайт­ган «қарғалар» таркибида. Ёш посбонда Рафаэль Бенитес жамоасида ўйнаб кетиш имкони оз бўлса-да бор. Ўтган йили клубда асосий посбон бельгиялик Матц Селса бўлганди, аммо бир нечта жиддий хатоларга йўл қўйиб, ўз ўрнини 26 ёшли Карл Дарлоуга бўшатиб берди.

Умуман олганда, ЖЧдаги ёрқин иштирокдан сўнг Вудманга премьер-лигада ўзини кўрсатиш учун имконият берилиши аниқ, «Ньюкасл»даги рақобат ҳам бунга шароит яратади.

Фикайо Томори («Челси»)

Олувафикайоми Олувадамилола — марказий ҳимоячининг тўлиқ исми. Англияда эса уни оддийгина Фикайо деб чақиришади. Бу футболчи премь­ер-лигада етакчига айланиш учун ҳамма нарса етарли. Анчайин гавдали бўлишига қарамай, ажойиб тезликка эга, иккинчи қаватда рақобатбардош. Унга етишмаётган ягона нарса - интизом. ЖЧдаги учрашувларнинг бирида Томори майдон марказидан дарвозабонга тўп узатиб, бутун турнирнинг энг кулгули голини урди.

Фикайо Канадада туғилган, ота-онаси эса нигериялик. Болалиги Анг­лияда ўтди. Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, у учта  терма жамоадан бирини танлаши лозим эди. Томори дастлаб Канада термаси учун майдонга тушишга аҳд қилди ва ҳатто, Англияга қарши ўйнади ҳам. Ишониш қийин-у, Маркус Рэшфорд билан учрашув Фикайони бир умрга ўзгартирди.

Ўтган мавсум «Юнайтед»нинг машҳур форварди Англия ёшлар термаси сафида Канадага қарши учрашувда майдонга тушиб, гавдали ҳимоячиларга қарши ҳеч нарса қила олмади. «Ўша баҳс ёдимда. Рэшфорд эндигина элитага чиққанди, канадаликлар мендан Англиядаги ҳаёт тўғрисида сўрашарди. Туманли ўлкада эса Евро ва ЖЧда иштирок этиш имконига эга бўлдим. Бу мен учун яхши имконият эди, бунинг устига Англияда ўсгандим», — деди Томори.

Фикайо «Челси» ёшлари таркибида барча турнирларда ғолиб бўлди, мавсумнинг иккинчи ярмини «Брайтон»­да ўтказиб, элитага чиққанликларини нишонлади. Антонио Конте ўз жамоасида ёш ўйинчига ўрин ажратиш эҳтимоли юқори, бироқ премьер-лигадаги клубни кучайтиришга Томори ҳозирча ожиз.

Льюис Кук («Борнмут»)

Терма жамоа билан 17 ёшгача бўлганлар ўртасидаги Европа чемпионатида бутун йўлни босиб ўтган жамоа сардори. Ўрта чизиқда тўп сурган Кук кўпроқ рақиб ҳужумини йўққа чиқариш учун жавобгар, лекин жамоасининг аксарият ҳужумлари ҳам айнан у орқали амалга оширилган. Вox-to-box ярим ҳимоячисига идеал даражадаги мисол. Барча сардорлардан талаб қилинганидек, Кук ҳам ҳал қилувчи паллаларда асосий ролга чиқади. Гвинея термасига қарши баҳсда узоқдан йўллаган зарбаси жамоасини олдинга олиб чиқди, мексикаликларга қарши кечган оғир учрашувда эса Соланкега ўйин тақдирини ҳал қилувчи узатмани амалга оширди. Бутун Англия Кук билан фахрланади, аммо қадрли «Лидс»и қайғуда. Ўтган йили жамоа нима учундир ярим ҳимоячини «Борн­мут»га арзимаган 7 млн. фунтга сотиб юборди. Чемпионат якунига бориб жамоа юрагидан ўрин олган бўлса-да, «Борнмут»даги биринчи мавсум жароҳатлар боис барвақт поёнига етди. Доно мураббий Эдди Хау раҳбарлиги остида Кукдан премь­ер-лиганинг энг яхши ярим ҳимоячиларидан бири етишиб чиқиши аниқ.

Доминик Калверт-Льюин («Эвертон»)

Англия термаси сафида ёшлар ўртасидаги ЖЧда олтин тўп муаллифига айланган футболчи. Мазкур терма жамоа таркибида «Эвертон» вакилларидан нақ тўрт футболчи тўп сурди. Барчаси ажойиб ўйнаган бўлсада, ғалаба тўпини киритган ўйинчининг ўрни бошқа. Калверт-Льюин ўтган мавсум «ирислар» билан имзоланган шартномани яна беш йилга узайтирди. «Эвертон»дагилар йигитнинг ҳали очилмаган қирралари борлигини дарров пайқашди. Калверт-Льюин «ирислар»нинг ўтган мавсумдаги муваффақиятларига оз бўлса-да ҳисса қўшди. Ҳисобида 11та учрашувда битта гол бор. У ҳужумда ўйнаш истагида, лекин бунинг учун тажрибаси камроқ. Клуб ва терма сафида футболчи сўл қанот вингери ёки ҳужумчи ортида тўп суради. Унчалик гавдали бўлмаса-да, боши билан яхши ўйнайди. ЖЧда у Аргентина дарвозасини ажойиб тарзда нишонга олди, финалда эса кучли ҳимоячидан ўтиб кетиб, гол урди.

Калверт-Льюин Рональд Куманнинг ишончини қозонган ва шу боис, асосий таркибда мустаҳкамланиб олиш имкони юқорироқ. Боз устига, «Эвертон»нинг қанотларида бошланғич таркибдаги ўрин учун рақобат кучли эмас.

Доминик Соланке («Ливерпуль»)

Турнирнинг бош юлдузи. Соланке ёшлигидан барча ёш тоифасидаги терма жамоа таркибида яхшилардан бири ҳисобланган. U-17 ёшлилар ўртасидаги Евро-2014да Англия термасининг энг яхши тўпурари бўлган Соланке терма жамоанинг ажралмас қисмига айланди.  У 2014 йили Чемпионлар Лигасида дебютини нишонлади, бошқа вақтда эса ёшлар клубида тўп киритишда давом этди. Соланке 2014|2015 йиллар мавсумида 41та гол урди, «Челси» эса у билан бирга ўсмирлар ўртасидаги ЧЛда ғолиб бўлди.

Кейинги йили Доминикни «Витесс»­га ижарага бериб юборишди, у ерда ҳам Соланке асосий ҳужумчи бўлди, аммо эредевизияда фақат 7та гол урди. Жорий мавсум футболчи жаҳон чемпионатидагина ўзини кўрсата билди. Конте «Челси» форвардига Лига кубогида ўйнаш имконини бермади. Шунга қарамай, захира таркибида ҳам Соланке жуда кам майдонга туширилди. Доминик — шубҳасиз режадаги форвард, аммо соф ҳужумчи эмас. У нафақат тезлиги ва дриблинглари, балки иккала оёқда бир хил зарба бера олиш қобилияти билан ҳам мақтана олади. Жорий мавсум якунлангач, Соланке «Ливерпуль» билан шартнома имзолади. Юрген Клопп ёш ўйинчиларни тарбиялашни билади. Шундай экан, амалиёт масаласида муаммо бўлмайди. «Ливерпуль» Чемпионлар Лигасидан старт олади ва Доминик биринчи мавсумнинг ўзидаёқ керакли футболчи ва Роберто Фирминога муносиб рақобатчига айланади.

И.ОБИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz