Қайднома

Қидирув

Футбол геральдикаси: клублар гербларидаги яширин маъно (+фото)

Футбол геральдикаси: клублар гербларидаги яширин маъно (+фото)

  09.07.2017 06:14
  0
  1509
Футбол геральдикаси: клублар гербларидаги яширин маъно (+фото)

Одатда, футбол клублари қадрдон шаҳри, унинг кучи ва тарихига боғлиқлик касб этиши лозим. Аммо шундайлар ҳам борки, уларда қандай сир яширин эканини англаш қийин. Жамоа гербидаги турли элементлар кишини ўйлантириб қўйиши тайин.

Мисол учун, «Барселона»нинг Англияга қандай алоқаси бор? Чехиянинг «Богемианс» клуби эмблемасида кенгуру нима қиляпти? «Шеффилд Уэнсдей» рамзидаги бойўғли нимадан дарак беради? Буни қарангки, футболга алоқаси йўқдек кўринган ушбу элементларнинг барчаси ўзига хос маънога эга экан.

«Абердин» (Шотландия)

Бу клубнинг эмблемаси гўё оддийдек: ташкил топган йили, жамоа номининг бош ҳарфи... Аммо айнан шу «А» ён томондан қараганда, дарвозага тўп кирган ҳолатни акс эттиради. «Абердин»нинг ишқибозлари ва рақиблари мазкур ҳолатга турлича қарашади: мухлислар тўп рақиб дарвозасида турганини кўришса, қарама-қарши томон аксинча ўйлайди.

«Атлетико» (Испания)

Ертут дарахтига чиқишга уринаётган айиқ 13-асрдан буён Мадрид рамзи ҳисобланиб келади. Қизил-оқ чизиқлар борасида ҳам ҳаммаси тушунарли жамоа тўп сурадиган либос ранги шунақа. Аммо еттита юлдуз нимани англатади? Ҳар галги сов­рин учун биттаданми? Камлик қилади! Ўнликда ҳисобланса, кўп... Аслида, ҳаммаси оддий: бу Катта Айиқ юлдузлар туркумининг рамзий ифодаси - Мадрид тимсоли айиққа яна бир ишора.

«Барселона» (Испания)

Бу клубга Испанияда Каталония миллатчилигининг рамзи сифатида қарашади, шу боис эмблеманинг юқори ўнг қисмидан провинция байроғи жой олганига ажабланмаса бўлаверади. Аммо унинг ёнидаги Англия байроғи кимнидир ушбу клубнинг туманли ўлкага алоқадорлигини тахмин қилишга ёки Каталониянинг Испаниядан ажраб чиқишга интилишини ифодалаётгандек тасаввур уйғотади. Лекин бу ерда ҳам ҳаммаси оддий: қизил хоч футбол ватанидан ташқари, Барселона шаҳрининг ҳам рамзи ҳисобланади.

«Бенфика» (Португалия)

Эмблеманинг асосини ташкил этган қалқонда клубнинг рамзи ҳамда қанотларини ёйган мағрур бургут тасвирланган. Буларнинг бари умумий ҳолатда велосипед ғилдирагига жойланган. Гап шундаки, «Бенфика»га ушбу ҳаракат воситаси ишқибозлари асос солиб, узоқ вақтгача пойгалар Grupo Sport Benfica ташкилотининг асосий йўналишига айланган. Футболга эса қўшимча тармоқ сифатида қарашган.

«Богемианс» (Чехия)

«Кўҳна қитъа» клубида экзотик жониворнинг тасвирланиши жамоа тарихи енгил атлетика ихлос-манд­ларига бориб тақалса керак, деган тахминни келтириб чиқариши тайин. Аммо аслида бундай эмас. 1927 йили ўша пайтларда «Вршовице» деб номланган Прага клуби Авс­тралияга турне уюштирган, сафар чоғи чехларга кенгуру совға қилишганди. Футболчилар уйга қайтгач, ушбу жониворларни ҳайвонот боғига топшириб, уларнинг парваришига кўз-қулоқ бўлишди. Мазкур воқеа сабаб улар «кенгурулар» тахаллусини олишди ва у кейинчалик клуб эмблемасида ўз ифодасини топди.

«Бока Хуниорс» (Аргентина)

Аргентина гранди ҳар бир совринни қўлга киритгач, клуб гербига битта юлдуз қўшишидан ҳамма ҳам хабардор бўлмаса керак. Аммо нега айнан шу ранглар танланган? Гап шундаки, 1906 йили клуб ташкил этилганда, унинг асосчилари узоқ тортишувлардан кейин ҳам жамоа либосига мос рангни танлашда қийинчиликка дуч келишган. Ўшанда якдил қарор чиқарилган: ҳамма биргаликда Буэнос-Айресдаги La Boca портига бориб, биринчи бўлиб қандай тусдаги кема сузиб келишини кутишган. Тўлқинлар узра Швецияга тегишли елканлар кўриниш бергач, Бока учун кўк ва сариқ ранглар танланган.

«Борнмут» (Англия)

«Олчалар» эмблемасида акс этган узун сочли кишининг тўпга боши билан зарба бераётганида қандайдир яширин тимсол бормикан? Бу Антик давр қаҳрамони ёки ҳазилкашлар таъбири билан айтганда, сув париси эмас. Гербда ҳозир ҳам ҳаёт бўлган шахс - 1957-1962 йилларда «Борнмут»да тўп сурган ҳужумчи Дики Доусетт тасвирланган. 169та ўйинда 79та гол урган ушбу футболчи ишончли ўйини ва инсонийлик фазилатлари эвазига ишқибозлар ёқимтойига айланган.

«Вест Хэм»(Англия)

Бу клубнинг эмблемаси оддий ва бироз чалкаш: жамоа, шаҳар номи ҳамда болғалар. Хўш, шакл­нинг ташқи чизиқларига нега мовий ранг танланган? Мазкур ҳолатнинг ўзига яраша асоси бор: ҳазрати олияларининг ҳарбий денгиз кучлари айнан шу тусда. Британия флотининг дастлабки зирҳли крейсери - HMS Warrior кема қурилишига ихтисослашган Thames Ironworks компаниясида тайёрланган. «Вест Хэм»га айнан шу муассаса ишчилари асос солишган. Дарвоқе, ҳар бир болғада асосчиларнинг TIW деб номланувчи компанияси логотипи жойлаштирилган.

«Гент»(Бельгия)

Чехия учун кенгуру қанчалик ноодатий туюлса, Бельгия учун ҳиндулар шу қадар ажиблик касб этади. Аммо «Гент» эмблемасида Американинг қадимий аҳолиси вакилининг тасвирланиши кўп тимсолга эга эмас. Шунчаки, 1985 йили машҳур Баффало Билл Barnum Bailey номли цирк билан Бельгияга гастроль сафари уюштирган. Унинг саҳнадаги чиқиши аввалгилари каби улкан муваффақият қозонди. Маҳаллий футбол жамоаси ишқибозлари Баффало Биллнинг мухлисига айланиб, 1920 йили унинг сиймосини «Гент» эмблемасига жойлаштиришган.

«Динамо» (Бухарест,Руминия)

Руминия пойтахти шарафини ҳимоя қилувчи клуб эмблемасидаги бўрилар илк марта 1998 йили пайдо бўлган. Аксарият ишқибозлар буни жамоа лақаби - «қизил бўрилар» билан боғлашади. Аммо нега бу жониворлар иккита? Гап шундаки, ўтган асрнинг 60-70-йиллари «Динамо»да ака-ука Раду ва Ион Нунвайлерлар тўп суришган, уларнинг ҳар бири жамоада 500тадан ортиқ ўйин ўтказиб, олти мартадан мамлакат чемпионлигини нишонлашган. Шу тариқа ўша даврдаги мухлислар уларга «қизил бўрилар» деб лақаб қўйишган. Кейинчалик бу тахаллус клубнинг фанатлар ҳаракати ва жамоанинг ўзига мерос қолган.

«Кайзер Чифс» (ЖАР)

Яна бир ҳиндунинг сиймоси Аф-рика жанубий қисми - Йоханнесбург шарафини ҳимоя қилувчи «Кайзер Чифс» эмблемасида акс эттирилди. Бу галги кўринишга цирк гастроллари сабаб бўлмади. Клуб асосчиси Кайзер Мотонг аввалги жамоасига содиқлигини шу тариқа кўрсатди, холос. 1968-1971 йиллар давомида Шимолий Америка соккер лигаси иштирокчиси «Атланта Чифс» сафида тўп сурган футболчи ўз юртига қайтгач, Жоржия штати клубининг эмблемасини ортиқча ўзгаришларсиз ўзлаштиришни афзал билди. Жамоага ном танлашда ҳам қийналмади - ўз номига «Чифс» қўшимчасини илова қилди.

«Кёльн» (Германия)

Эмблема марказида Кёльндаги тарихий обида акс эттирилган. Аммо унга эчки қаёқдан келиб қолди? Ҳаммаси ўйновчи мураббий Хенесс Вайсвайлернинг ҳазилидан сўнг бошланди. У 1950 йили шаҳар карнавалига ўзининг уй ҳайвони - эчки билан ташриф буюрди. Ўйинқароқ жонивор кўпчиликнинг эътиборини ўзига қаратгач, кейинчалик ушбу эчкини «Кёльн»нинг ҳар бир баҳсига олиб келиш одат тусини олди. Охир-оқибат Хенесснинг ёқимтойи жамоа рамзига айланди.

«Реймс» (Франция)

Кўпчилик S ва R ҳарфлари клубнинг тўлиқ номи - Stade de Reimsнинг аббревиатураси эканлигидан хабардор. Улар ўртасидаги нақш эса ўзига хос зеб бериб туради. Аммо ушбу элементларнинг шаҳардаги рамз­лардан бири - Реймс бош черковига ўзаро боғлиқлиги борлигини ҳамма ҳам билавермаса керак. Аниқроғи, «Жилмаяётган фаришта» деб номланувчи шакл бинонинг шимолий қисмида акс эттирилган. Ушбу кўринишни бошқачасига «Реймс табассуми» деб ҳам аташади, нақш эса унинг рамзий маъноси ҳисобланади.

«Труа» (Франция)

Франциянинг маъмурий бўлинишидан бехабарлар «Труа» эмблемасидаги «10»нинг нимани англатишини билмасликлари аниқ. Мамлакат 101та департаментга ажратилган бўлиб, уларнинг ҳар бири ўз рақамига эга. Ушбу рақам почта индекслари ва расмий ишлаб чиқариш чоғида қўлланади. Труа шаҳри жойлашган Об департаментига тартибга кўра 10 рақами насиб қилган. Шундай экан, кимдир клубга мактуб йўлламоқчи бўлса, индекс кўрсаткичида адашмаслик учун «Труа» эмблемасига назар ташласа, кифоя.

«Чивас де Гвадалахара» (Мексика)

Клуб эмблемаси деярли тўлиқлигича Гвадалахара гербидан нусха олган, шу боис унда Мексика учун ноодатий кўринган рицарлик дубулғасининг тасвирланиши ҳеч кимни хижолат торттирмайди. Бешта қизил ва олтита оқ чизиқлар эса жамоа либосига ишора қилаётгандек. Аммо мазкур ҳолатда сабаб ва тадқиқот ўртасида чалкашлик юзага келади: ушбу ранг­ларнинг пайдо бўлишига жамоа асосчиси Эдгар Эверартанинг алоқаси бор. Унинг асли келиб чиқиши брюггелик, «қизил-қора» эса Бельгиянинг шу шаҳри байроғида акс эттирилган.

«Шеффилд Уэнсдей»(Англия)

Ушбу клуб эм-б­лемасида бойўғлининг қандай пайдо бўлганини Шеффилдда туғилиб-ўсган фуқарогина билиши мумкин. Агар жамоа Хиллсборо стадионида ўйнаса, демак у ҳудудий жиҳатдан Шеффилдга тегишли, деган фикр илгари сурилади. Аммо ушбу шаҳар ва унинг чегарадоши Аулертон (Owlerton) ўртасида соф рамзий маъно бор. Шу боис ҳар ким ўзини ўзи ёқтирган ҳудуд фуқароси деб билади. Инглизчадан таржима қилинганда Аул (Owl) - бойўғли, уккини билдиради. Қолгани эса ортиқча тушунтиришларсиз ҳам маълум.

«Эспаньол» (Испания)

Бу ерда ҳам кўк-оқ ранглар Барселона шарафини ҳимоя қи-лувчи клубнинг либосига ишора қилаётгандек. Аммо бу тимсол 13-асрда Каталония флотини бош­қарган, денгиз жангларида деярли мағлубият нималигини билмаган Рогер де Лаури хотирасига танланганидан ҳамма ҳам бохабар бўлмаса керак. Ҳарбийнинг шахсий байроғи айнан шу рангларни ўзида мужассамлаштирганди.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

ЖЧ-2018 расмий тўпи – Telstar 18 тақдим қилинди

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.