Қайднома

Қидирув

Альваро Арбелоа: «Ниманидир янгилаш вақти келди»

Альваро Арбелоа: «Ниманидир янгилаш вақти келди»

  10.07.2017 03:37
  0
  230
Альваро Арбелоа: «Ниманидир янгилаш вақти келди»

Испаниялик ярим ҳимоячи Альваро Арбелоа футболчилик фаолиятини якунлашга қарор қилди. Ўтган мавсумни «Вест Хэм»да ўтказган футболчи кетиш сабабларини Marca нашрига берган интервьюсида гапириб ўтди.

- Қийин кечган «Вест Хэм»даги мавсумдан сўнг таътилда ҳордиқ чиқаряпсизми?

- Ҳақиқатан ҳам мавсум қийин кечди. Ҳозир бу ҳақда ўйлашни ҳам истамаяпман. Лекин нафақат профессионал, балки шахсий жиҳатдан ҳам қийин бўлди.

- Келажак режаларингиз қандай?

- Хайрлашиш вақти келди. Фаолиятимни якунлаб, бутсаларимни михга илишга қарор қилдим. Кўпчилик қўллаб-қувватлаяпти. Шу билан бирга фаолиятимни давом эттиришимни исташмоқда. Жисмонан бунга қодирман. Лекин руҳан... Футбол мен учун ҳафталик кураш, мусобақа. Шу боис ҳам Хитой ёки АҚШда давом эттириш ниятим йўқ. Ҳар куни бор кучим билан машғулот ўтказардим. Дам олиш кунлари дўстларимга қўнғироқ қилиб, яна битта машқ ўтказишни таклиф қилардим. Энди «стоп» дейиш вақти келди. Айни пайт менга бўлаётган таклифларни тушунчамда футбол ҳисобламайман.

- «Вест Хэм»да ўтказган мавсумингиз фаолиятингизни якунлашингизга сабаб бўлдими?

- Ҳамиша оёқларим қувватдан қолгунча ўйнайман, деб ўйлардим. Лекин охир-оқибат руҳий ҳолатим ва мотивация ўз сўзини айтди. Одам ўз келажагини турлича тасаввур қилади. Бироқ ҳаёт бошқа нарсаларни тайёрлаб қўяр экан. Буни тўғри қабул қилиш керак бўлади. Ўтган мавсум мен ўйлагандек кечмади.

- Сиз учун янги ҳаёт бошланадими?

- Кейинчалик нима билан шуғулланишим ҳақида гапирсам, энди пул учун ўйнамоқчи эмасман. Қайтиб оиламнинг ортимдан кўчиб юришини истамайман. Шундай экан, ниманидир янгилаш вақти келди. Ҳали ҳаётим олдинда ва кўп нарса қилишим керак. Футбол умримнинг муҳим бир бўлими эди. Омадим келгани - 34 ёшимгача ишламадим. Аксинча, ўзим ёқтирган машғулотимни қилдим. Машғулотларга боришдан бахтли эдим. Энди яна ғайратимга ғайрат қўшадиган иш топишни истайман.

- Фаолиятингизни якунлашингиз борасидаги қарорни оилангиз қандай қабул қилди?

- Аввалига ишонишмади. Шунчаки, қизишганида айтворди, деб ўйлашди. Кейин жиддий эканини тушунишди. Албатта, оилам буни оғир қабул қилди. Чунки жисмоний ҳолатим яна ўйнашим учун имкон беради. Аммо қароримни руҳий ҳолатимдан келиб чиқиб қабул қилдим.

- Фаолиятингизни Хаби Алонсо билан тенг якунладингиз.

- Ҳа. Лекин у чиройли тарзда, асосий эшикдан чиқиб кетди. Хаби топ- клубда юқори савияда ўйнаб, фаолиятини тугатди. Унинг учун хурсандман, ҳамиша шундай якунлашни истарди. Яна Алонсо «Бернабеу»да ҳам хайрлашди. Ваҳоланки, рақиб жамоа таркибида эди. Шунга қарамай, стадион Хабини олқишлар билан кузатиб қўйди. Хаби бошқалардан кўра қароримни тўғри қабул қилди.

- Мадридга яшаш учун қайтяпсиз. Нима билан шуғулланишингизни ҳал қилдингизми?

- Нима биландир шуғулланишим аниқ. Чунки ишсиз юролмайман. Бироз ҳордиқ чиқарганимдан сўнг ишга киришаман.

- Яқин йилларда ўзингизни «Реал»да ишлаётгандек тасаввур қиляпсизми?

- «Реал»дагилар клубда ишламоқчи эканимни билишади. У ер менинг уйим, ҳаётим. Аммо ўзим қўнғироқ қилиб иш сўрамайман. Агар чақиришса, бажонидил бораман. Умуман олганда, кейинчалик нима иш билан шуғулланишимни билмайман. Чунки фаолиятимни энди якунладим. Бу ҳақда кўпчилик билмайди. Негаки, буни шу интервью орқали расман маълум қиляпман. Спорт директори лавозимида ишлашим, мураббийлик лицензиясини олишим мумкин.

- Айтайлик, сиз «Реал» спорт директорисиз. Қандай трансферларни амалга оширган бўлардингиз?

- «Реал»да жаҳоннинг энг яхши спорт директори ишлайди. Жамоа таркибида эса ҳақиқий юлдузлар тўп суришмоқда. Айни пайт жамоанинг янги фалсафаси менга маъқул тушди. Негаки, таркибга маҳаллий ёшларни жалб қилишмоқда. Айтиш мумкинки, «Реал» ҳозир «олтин даври»ни бошдан кечирмоқда.

- Агар мураббий бўлганингизда, асосий таркибнинг муқим ўйинчиси ким бўларди?

- Менда ундай ўйинчилар бўлмасди. Кимнидир алоҳида ажратиб олиш қийин. Ҳозир биринчи ва иккинчи жамоа ҳақида гапиришяпти. Аслида эса, «Реал»да бунақаси йўқ. Мадридда  иккита биринчи жамоа бор.

- «Реал»да ўйнаганингизда сизга ёқадиган энг яхши нарса нима эди?

- Ҳар куни жаҳоннинг энг яхши футболчилари билан бирга машғулот ўташ.

А.ЭШОНХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

ЖЧ-2018 расмий тўпи – Telstar 18 тақдим қилинди

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.