Қайднома

Қидирув

Ўжарнинг иши юришса…

Ўжарнинг иши юришса…

  10.07.2017 06:24
  0
  455
Ўжарнинг иши юришса…

Ўтган мавсум еврофутбол кашфиётларидан бирига айланган «Аталанта» Италия «А» сериясида 4-ўрин банд этди. Ушбу натижа кўп йиллар ўз тактикаси учун курашган, бу  йўлда ҳаттоки, қўл остидаги футболчилар билан неча-неча марта низога борган, клублар президентлари томонидан етарлича танқидга учраган мураббийнинг машаққатли меҳнатлари самарасидир. Гап ўжарлиги билан танилган Жан Пьеро Гасперини ҳақида.

Гасперини оиласи вакиллари 2008 йилнинг 10 ноябрида байрам дастурхони атрофида тўпланишди. Жан Пьеро тўнғич ўғли - Давидени туғилган куни билан табриклаш мақсадида «Женоа»нинг кечки машғулотини бекор қилганди. Айём айни қизиган паллада тадбир сабабчиси ўрнидан турди. «Отажон, сизни яхши кўраман! Аммо «Ювентус» менинг энг ёқтирган клубим  бўлиб қолаверади...»,-деди Давиде. У 25 ёшга тўлганди, бир неча кундан сўнг туринлик футболчилар ажойиб совға тайёрлашди: отасининг «Женоа»сини бутунлай тор-мор қилишди - 4:1. Кичик Гасперини бахтиёр эди, аммо Жан Пьеро фарзандидан асло ранжигани йўқ: «Ўзим айбдорман! Чунончи, уни айнан «кекса синьора»га ишқибозлик қилишга даъват этганман». Гап шундаки, «Ювентус» бу мураббий учун кўп нарсани англатади. Шунинг баробарида фаолиятидаги энг оғриқли нуқта ҳам айнан Турин суперклуби билан боғлиқдир. Гасперини 1970 йиллар бошида умидли ярим ҳимоячи сифатида гавдаланганди: «Ётганимда ҳам, турганимда ҳам эгнимдан оқ-қора рангли либос тушмасди. Ҳар гал бозорга борганимизда ота-онамдан айнан шу тусдаги кийим харид қилишларини сўрардим». Кейинчалик Гасперини ҳаётидаги асосий воқеа рўй берди. Яъни энди «Юве» асосий таркибига яқинлашганида, Турин клуби раҳбарияти ривожланиш  йўналишини ўзгартирди. Натижада жамоа таркибида Жанубий америкаликлар сони ортди ва Жан Пьеро кетишга мажбур бўлди. Дастлаб ижара келишуви асосида «Реджина»да ўйнаган ярим ҳимоячи кейин «Палермо»дан қўним топиб, бутун фаолиятини шу клубда ўтказди. Қисқаси, унга «А» серияси ўйинларида «кекса синьора» либосини кийиш насиб қилмади.

Тўғри, қаҳрамонимиз Туринга қайтди, фақат мураббий сифатида. 1994 йили клуб примаверасида иш ўрни бўшагач, «Ювентус» ўз тарбияланувчисини эсга олди. Айнан шу таклиф таъсирида Гасперинининг мураббийлик соҳаси бўйича пайдо бўлган шубҳалари ўз-ўзидан йўқолди. У ўша пайтдаги жамоасини ҳозир ҳам энтикиб эслайди. «Ажойиб таркиб... Биз ҳар ҳафта тўпланиб, йигитларнинг бирор топ-клубда тўп суришларини муҳокама қиламиз. Ишончим комил, Кассани, Маттео Паро ва Илёс Зейтуллаев келажаги порлоқ футболчилар»,-деганди Гасперини. Бироқ у тилга олган учликдан фақат биринчиси чинакам муваффақиятга эришди. Жан Пьеро кейинчалик Паро ва Зейтуллаев катталар футболида ўзларини тиклаб олишлари учун уларни «Женоа»га чорлади, аммо бундан кутилган самара чиққани йўқ. Ўшанда, яъни 2003 йили улар биргаликда ҳаётдан завқ олишарди. Гасперини йўлга қўйган оилавий муҳит натижа келтирди. «Юве» ёшлари ўсмирлар ўртасидаги халқаро турнир финалида «Славия»ни мағлубиятга учратишди. Дарвозабон Матуш Козачикнинг матонатли ҳаракатларига қарамай, туринликлар 90-дақиқада чехлар дарвозасини иш-ғол қилишди. «Ювентус» ижросидаги ҳужумкор футбол трибунада ўтирган «Кротоне» агентларини эътиборсиз қолдирмади ва улар эртасигаёқ Гасперинини ўз жамоаларига таклиф этишди. Жан Пьеро кўнди ва бир уринишда «Кротоне»ни шов-шувли тарзда «В» сериясига олиб чиқди. Ўша пайт Италияда очиқ ўйин кўрсатишга одатланишмаган ва Гасперинининг қўрқмай 3-4-3 тактикасини танлаши ажабланарли ҳолат эди. Шу сабабми, уни мавсум давомида Коверчано мураббийлар мактабида нутқ ўқиш учун тез-тез чақиришди. Гасперини ўз лекцияларида Италия учун янгилик саналган тактика бўйича батафсил тушунча берарди. «Унинг нутқи шу қадар қизиқиш уйғотардики, лекция пайти бошқа нарсага чалғиш имконсиз эди. Гасперини - ҳужумкор футболнинг ҳақиқий ихлосманди»,-деганди машғулотларда қатнашган «Сампдория» бош мураббийи Марко Жампаоло.

Гасперини ўжар ва бу характери футбол майдони ташқарисида ҳам кузатилади. «Жан Пьеро бирор нимага ишончи комиллигини таъкидласа, уни шаштидан қайтариш қийин. Қанчалик кўп далил келтирманг, сизни асло тингламайди»,-деганди Gazzetta dello Sport журналистларидан бири. 2009 йил баҳорида «Женоа» 3:0 ҳисобида ғалаба қозонаётган паллада ҳам, Гасперини шогирдларини «Фиорентина» дарвозаси томон кўпроқ ҳужум уюштиришга ундади. Ярим соатдан кейин эса таблода бошқача натижа порлади - 3:3. Энг ёмони, якунда жамоалар тўплаган очколар тенг бўлиб қолди ва қўшимча кўрсаткичлар бўйича флоренцияликлар 4-ўринни эгаллашди. Шундан сўнг Гасперини фаолиятида омадсиз кунлар бошланди. Яна 2 йил ўтиб, мутахассис «Интер» бошқарувида иш бошлади, аммо ишқибозлар томонидан «Жамоа тарихидаги энг ёмон мураббий» мақомини олди. «Гасперинидан мени ярим ҳимояга қўймаслигини кўп сўрардим, аммо у мени тингламасди»,-деганди Уэсли Снейдер. Жампаоло Паццини ҳам ундан норозилигини яширмаганди: «Гасперини менга асосий таркибдан жой ажратмади. Ваҳоланки, машғулотларда юқори кўрсаткичларни қайд этардим. Нима дердим, бу унинг қарори».

Гасперинининг ўжарлиги «Палермо»даги фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатди. У сицилияликлар билан 2012|2013 йиллар мавсумида ўсишга эришолмади, февралда «Аталанта»дан қабул қилинган мағлубият эса истеъфосига олиб келди. «Уни жамоага чақирганимдан афсусдаман. Жан Пьеро - «Палермо» тарихидаги энг ношуд мураббий»,-деганди клуб президенти Маурицио Зампарини. Қайғули ҳолатда Гасперинининг «Женоа»га қайтишдан ўзга чораси қолмаганди. Зеро, Генуядагина унга тўлиқ ишонишарди ва шу ишонч самараси ўлароқ, жамоа 2015 йили 6-ўринни эгаллади. «Жан Пьеро айнан бизда ишлаш учун туғилган мурабий. Генуя ташқарисида эса иши қовушмайди, барибир»,-де-йишганди Гасперинини янги саргузаштларга кузатишни истаганлар. Ўтган йилнинг ёзига келиб, мураббий «Аталанта»дан таклиф олди ва бунга дарҳол розилик берди. Бироқ сентябрь ойи ўрталаридаёқ Бергамода уни ёқтирмай қўйишди. Чунончи, «Аталанта» дастлабки 5та турда атиги 3 очко тўплади - бу борада биргина «Кротоне»нинг кўрсаткичи ёмонроқ эди. Хуллас, жамоа ўз майдонида «Палермо»га ютқазгач, президент Антонио Перкасси мураббийни ишдан бўшатишни ўйлади. У ўйиндан сўнг якуний тўхтамга келиш учун ўғли Лука ва спорт директори Жованни Сарторини ҳузурига чақирди. Қарангки, улардан бири кутилмаганда, Жан Пьерога яна битта имконият бериш лозимлигини айтди. Клуб раҳбари ўйлаб-ўйлаб, бунга кўнди ва Гасперини ниҳоят, ишончни оқлади. Орадан 9 ой ўтгач, «кўк-қоралар» ҳужумкор 3-4-3 схемаси самарасини кўришди. «Аталанта» иккинчи даврада атиги 2та ўйинни бой берди ва мавсум финишида 4-ўринни эгаллади. «Кьево»га қарши кечган сўнгги учрашув якунланиши ҳамоно «Аталанта» етакчиси Алехандро Гомес ва қолган футболчилар Гасперинини ҳавога «отиш» мақсадида у томон югуришди. Бергамолик ишқибозлар эса клуб тарихидаги энг яхши мураббийни қутлаш илинжида майдонга тушишга уринишдию, тартиб посбонлари улар йўлини базўр тўсиб қолишди.

Яқин-яқингача «Аталанта» ва Европа Лигаси тушунчалари бир-бирига мутлақо  зид эди. Мана, уларни уйғунлаштириш вазифасини Жан Пьеро Гасперини муваффақиятли уддалади. Ҳа, бу мураббий учун кўпчилик томонидан белгиланган меъёрларни бузиш чўт эмас.

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Месси майдонни голсиз тарк этган ўйинда, Аргентина маҳорат бобида Россияга дарс берди

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.