Куни кеча тажрибали ҳамкасбимиз Раҳимжон ака Ирисов билан ҳаётнинг баланд-паст, равон ва ўнқир-чўнқир йўллари хусусида узоқ суҳбатлашдик. У киши Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи таассуротларини тўлқинланиб сўзлади.
- Бугун Исҳоқхон Ибрат ҳазратларининг руҳлари шод. Икромхон Нажмиддиновнинг кучига яна куч қўшилди. Ортда қолган ҳар бир эзгу иш кишининг нурли келажагини белгилайди. Тўғри, эзгу амалларингизни кимдир яқиндан билади. Бошқа бировга бу жараён номаълум. Шунга кўра, муносабатлар ҳам турлича бўлади. Мана, бир асрдан зиёдроқ вақт ўтиб, Ибрат домла орзу қилган дамлар келди. Кимнинг ким эканлигини биладиган раҳбар - халқнинг бахти. Фидойи журналист ҳақ сўзларни айтди. Шу суҳбатдан сўнг мулоҳаза юритишда янада холисроқ бўлишимиз лозимлигини англадик.
Хабарингиз бор, ЎФФ президенти Мираброр Усмонов ҳукуматимиз томонидан «Дўстлик» ордени билан мукофотланди. Мўътабар ёш, юрт ва мамлакат олдидаги хизматлари учун у киши шундай мукофотга лойиқ топилди.
Эътибор беринг, мухлислар уммонидаги кучли довуллар ҳали охиригача тинмаган бир паллада ЎФФ раҳбарига эътироф кўрсатилди. Бу - биз учун ибрат! Ибрат домлани қадрлаган инсоннинг ибрати бу! Ҳаммаси ҳақида ўйлар эканмиз, хаёл қурғур яқин ва узоқ тарих оралаб кеза бошлади. Ибрат домла 100 йилча муқаддам Наманган матбаасига асос солганди. Орадан шунча узоқ муддат ўтгач, инқироз ёқасига келган Наманган матбааси яна қаддини ростлаши учун шахсан мамлакат президенти кўмаклашмоқда. Қойил! Офарин! Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди. Эндигина жаҳонга бўйлаётган мустақил юрт футболи ҳам ўз-ўзидан халқаро миқёсда эътироф этилмайди. Муҳим тарихий жараёнларда бошқарувчи шахс ва бошқарувчилик санъатининг аҳамияти беқиёс. Буни билган билади, билмаган эса йўқ. Сир эмаски, мухлисларимиз орасида ЎФФ ва унинг раҳбарияти фаолиятини маъқулламайдиганлар ҳам топилади. Бизнингча, бу - табиий жараён. Барчага бирдек ёқиш қийин. Қолаверса, ЎФФнинг миллий жамоамиз бош мураббийи масаласида танлаган позицияси хусусида ўзимиз ҳам бир неча бор танқидий мулоҳазалар битдик. Газетамиз ҳамиша холис танқид тарафдори ва бир-икки салбий ҳодиса боис, умумий ёки якуний хулоса чиқаришдан йироқмиз. Шу маънода айтсак, Мираброр Зуфаровичнинг давлат мукофоти билан тақдирланиши - айни муддао. Ҳар бир иш ўз вақтида бўлгани маъқул. Мираброр Усмонов 70 ёшда ва ЎФФ янгиланиш арафасида. Шундай вазиятда ортга назар ташламоқ ва амалга оширилган хайрли ишлар учун ЎФФ раҳбарини олқишламоқ - улуғ фазилат.
Футболимиз бир неча марта йил якунлари бўйича ФИФА ва ОФК томонидан рағбатлантирилди. Очиғи, барча номинантлар ҳам Равшан Эрматов каби рақобатчилардан яққол устунлик қилишмагани аниқ. Сервер Жепаров иккинчи бор Осиёда йилнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинганида ёки бир йўла 3 нафар ёш футболчимиз ўз йўналишларида даъвогарларнинг якуний учталик рўйхатидан ўрин олганида, ўзимиз ҳам беихтиёр ҳайратланганмиз. Шахсий фикримизча, ўша лаҳзаларда футболчиларимизга омад шунчаки, кулиб боқмаганди. Бундай вазиятда кимнинг тоши оғирлик қилса, омад тарозисининг палласи у томон оғади. Демоқчимизки, ОФК залворли раҳбари сабаб ҳам ЎФФга ҳурмат кўзи билан қарашни ўрганди. Узатилган қўли ҳавода муаллақ қолган форс ҳакамининг аҳволини кўрган Осиё футбол жамоатчилиги ЎФФ раҳбарининг аслида кимлигини англаб етди. Халқаро расмий тадбирлар чоғи салобат ва сурур билан қўр тўкиб туришни ҳар бир раҳбар ҳам эплайвермайди. Мираброр Усмонов - шу ишни уддалаганлар илғори.
Юқоридагиларнинг барчаси - яқин тарих. Кечаги ютуқлар - ҳали мухлислар ёдидан ўчмаган шод-хуррамлик. Айнан Мираброр Зуфарович бош-қош бўлган футболимизнинг бу нурафшон лаҳзаларига. «Трактор»да ишлаб юрган Вадим Абрамовга бирдан юксак ишонч билдирилиши кимнинг хаёлига келган дастлаб? Мираброр Усмоновнинг! Кейинчалик бу мураббийни кутилмаганда истеъфога чиқарган ҳам шу инсон! Рио-2016 мусобақалари чоғи Ҳасанбой Дўсматов биринчи олтин медални қўлга киритгунча энг кўп куйинган ҳам Мираброр Усмонов эди. Бошқача айтганда, футболимизнинг халқаро ютуғини ҳаммадан кўра, кўпроқ хоҳлайдиган инсон ҳам ЎФФ раҳбари! У ҳамон янги ютуқлардан умидвор. Аниққи, хусусан, футболчиларимиздан жаҳон чемпионати йўлланмасини кутмоқда. Ирмоқлар катта дарёлар сари ошиқади, шошилиб оқади. Катта дарёлар эса уларни бағрига олиб, сокин ва қудратли оқими билан улкан уммонлар сари боради. Таъбир жоиз бўлса, Мираброр Усмонов ҳам барча яхши-ёмон гаплар, ижобий ва салбий натижаларни бағрига босиб, футболимизни янги зафарларга чорламоқда. Вақт эса жуда оз қолди. У бизни узоқ куттирмайди. Мустақиллик айёми кунлари икки тарихий синовдан ўтади. Мираброр Усмонов байрам кайфиятига натижанинг таъсирини теран тушунадиган раҳбар. Демак, шунга яраша саъй-ҳаракат бўлиши аниқ. Бироқ ҳаракатлар самараси ЎФФ ва унинг раҳбарияти хоҳиш-иродасигагина боғлиқ эмас. Майли, мураббий мавзусини нари сурайлик, ахир футболчиларимиз ҳам ғалаба учун шахсий масъулиятни ҳис қилишлари керак эмасми? Хўш, миллий жамоамизнинг қайси аъзоси «90 дақиқалик баҳс учун 90 кун тайёргарлик!» шиори остида шахсий режа ишлаб чиққан ва унга қай даражада амал қилмоқда? Бу саволлар футболчиларимизга ҳавола. Ҳарқалай, ғалаба учун Игорь Сергеевнинг ўша икки ўйинда жон фидо қилиши - ғирт мантиқсизлик. Ўйин чоғи оғзини каппа-каппа очиб майдонга йиқилгандан кўра, тайёргарлик жараёнида ўзини қийнаган футболчи ҳурматга сазовор. Ана, араб футболида Сардор Рашидовнинг имкониятлари юксак баҳоланмоқда. Араблар кимга қанча пул сарфлашни яхши билишади. Уларнинг кўзларига Роналду бўлиб кўринаётган Сардор терма жамоамиз учун муҳим ғалаба голларини қачон уради? Яна савол! Ҳолбуки, ғалаба учун савол ёки фидойилик ҳақидаги ажабтовур сўзлар эмас, балки ГОЛ керак, кўп ГОЛ! «Оғиздаги ош эмас бу!» дер балки баъзи футболчилар. Ҳа, оғиздаги ош эмас, балки майдондаги ишдир ГОЛ!
Ўша голлар шукуҳи ва орзуси ила Сизни қутлаймиз, Мираброр Зуфарович!
Муҳаммад Вали, InterFUTBOL газетаси
Манба: iff.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20