Қайднома

Қидирув

Мурод Холмуҳаммедов: «Хитойда ғалабага эришсак, ишончим комилки, корейсларни ҳам енгамиз»

Мурод Холмуҳаммедов: «Хитойда ғалабага эришсак, ишончим комилки, корейсларни ҳам енгамиз»

  12.07.2017 15:25
  2
  2191
Мурод Холмуҳаммедов: «Хитойда ғалабага эришсак, ишончим комилки, корейсларни ҳам енгамиз»

Олий лига-2017нинг ортда қолган биринчи давраси ҳақида нима дейиш мумкин? Ўйинлар жуда қизиқарли ва курашларга бой тарзда ўтди, кутилмаган натижалар қайд этилди.

Совринли ўринлар учун курашиши тахмин қилинган клубларнинг очко йўқотиши, аксинча, ўртамиёналарнинг турнир жадвали юқори қисмида юриши мухлислардаги қизиқишни янада оширди. Бунинг натижасида стадионларга секин-аста томошабинлар қайта бошлашди.

Мавсум кашфиётлари қаторига ҳеч иккиланишсиз «Қўқон-1912»ни ҳам қўшса бўлади. Нўъмон Ҳасанов қисқа фурсатда рақобатбардош жамоа шакллантира олди. Қўқонлик футболчилар биринчи давранинг сўнгги турида «Олмалиқ» майдонида дуранг (0:0) қайд этишди. Виктор Кумиков шогирдларининг бир неча турдан бери мағлубиятга учрамай келаётганини инобатга олсак, бир очко ҳам ёмон натижа эмаслиги ойдинлашади.

Биз «Қўқон-1912» етакчиларидан бирига айланиб, тез орада миллий термадан чақирув олган тажрибали ҳимоячи Мурод Холмуҳаммедовдан интервью олдик.

- Мурод, кўз тегмасин, мавсумни жамоангиз сингари кўтаринки кайфиятда ўтказяпсиз. Сиз амалга оширган ўзига хос бу «камбэк»нинг сири нимада?

- Барига мураббий сабабчи, деб ўйлайман. Унинг ишончи ва қўллаб-қувватлаши. Шундан бошқа ҳеч қандай сири йўқ.

- Аввал ўйнаган жамоаларингизда, хусусан, «Пахтакор»да сизга мураббийлар томонидан бундай ишонч билдирилмаганмиди?

- Қайсидир маънода имконият берилган бўлиши мумкин. Масалан, «Пахтакор»да ўзимни эркин ҳис этолмаганман. «Қўқон-1912»да эса ана ўша эркинликни ҳис қиляпман.

- Демак, Нўъмон Ҳасановнинг бу борада ҳиссаси катта бўлган, шундайми?

- Ҳа, бу йилги ютуқларимда ушбу мутахассиснинг улуши беқиёс. Ҳар ҳолда менинг шахсий фикрим шундай.

- Нўъмон Ҳасанов ҳақида нима дея оласиз? Машғулотларни қандай ташкил қилади?

- Жуда ҳам меҳнаткаш мураббий. Нўъмон ака жамоани ўйинга яхши тайёрлай олади. Бошқача бўлиши мумкин эмас, чунки ўзи жуда яхши футболчи бўлган.

Шу сабаб, шогирдининг нимани хоҳлаши, нимага қодирлиги, ҳаммасини билади. Ўтказаётган машғулотлари фойдали ва шу билан бирга қизиқарли.

- Ўйин олдидан футболчиларни руҳлантириш мақсадида энг кўп айтадиган гаплари борми?

- Биз рақиб қандай кучга эга бўлишидан қатъий назар, қўрқмаслигимиз кераклигини, кучли эканимизни уқтиради. Улар ҳам бизга ўхшаган инсон эканлиги, хотиржамлик билан тўп суришимиз лозимлигини айтади.

- Мурод, ўртада маълум муддат ўйинингизда пасайиш кузатилди...

- Бу жароҳат билан боғлиқ бўлса керак, деб ўйлайман. Сабаби, орада жиддий шикастлангандим. Бир йилдан ошиқроқ вақт мобайнида ундан қутулолмай, тўлиқ тикланиш қийин кечди. Балки шу туфайли ўйинимда пасайиш кузатилгандир?! Аммо ўз устимда ишлашдан тўхтамадим.

Астойдил меҳнат қилганнинг ҳаракатлари зое кетмас экан. Албатта, ҳозирги эришган ютуқларим билан тўхтаб қолмоқчи эмасман. Изланишда давом этаман. Бундан ҳам юқори натижаларга эришишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман.

- Термага қайтганингиз билан табриклаймиз. Бош жамоамиз либосида майдонга ҳам тушдингиз. Таассуротлар қандай?

- Миллий терма сафида тўп суриш ҳар бир футболчининг орзуси ҳисобланади. Катта танаффусдан сўнг яна бош жамоадан чақирув олдим. Астойдил меҳнат қилинса, мураббийлар назари ва эътиборидан четда қолинмас экан.

Афсуски, муҳим учрашувда Эрон термасига имкониятни бой бериб қўйдик. Ўйинимиз умуман қовушмади. Дарвоза томон берилган зарбаларимиз ҳам ўхшамади. Хуллас, бизнинг кун эмас экан. Шунга қарамай, жаҳон чемпионати финал босқичига чиқиш имкониятларимиз сақланиб қолди.

Бахтимизга қатарликлар ўз майдонларида асосий рақибимиз - Жанубий Кореяни мағлуб этишди. Шу тариқа иккинчи йўлланма учун кураш қайтадан бошланди. Энди ҳаммаси ўз қўлимизда. Гуруҳнинг қолган учрашувларида ғалаба қозонсак, мундиал йўлланмасига эга чиқамиз. Бунинг учун биринчи галда Хитойда ғалаба қозонишимиз шарт. Агар мазкур вазифани уддаласак, ишончим комилки, корейсларни ҳам енга оламиз.

Тошкентда кечадиган баҳс финалга айланади. Ҳозир буни ҳамма тушуниб турибди. Гуруҳдаги қолган жамоалар ҳам жуда кучли. Осонликча очко беришмайди. Лекин астойдил ҳаракат қилинса, иккита ўйинда 6 очко жамғара оламиз. Бундай қийин вазиятда барчамиз бирлашишимиз шарт.

Мухлислардан термамиз футболчилари ва мураббийларини қўллаб-қувватлашларини сўрайман. Уларнинг олқишлари ҳозир биз учун ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Гуруҳнинг сўнгги икки учрашувида руҳий тайёргарлик биринчи ўринга чиқади.

Қайси жамоа руҳан кучли бўлса, ўшанинг кўчасида байрам бўлади. Ўйлайманки, пойтахтимиздаги учрашувда асосий рақибимиз - Корея термасини мағлуб этиб, халқимизнинг кўп йиллик орзусини рўёбга чиқарамиз.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


Murod Xolmuxamedov zo'r himoyachi va futbolimiz kaxramonlaridan biri.Unga Mtj da va jamoasida jaroxatlardan xoli bo'lishini va omad uni aslo tark etmasligini yaratgandan so'rab kolaman!!!
13.07.2017 14:06

Xitoyni yutamiz,lekin Koreyslarga yutqizamz,keyin Konbebol dan Panamaga qarshi o'ynaymiz,bundayam yutqizamz,mening taxminim shunday
12.07.2017 17:27

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz