Қайднома

Қидирув

Виктор Кумиков ва Достон Ҳамдамовлар ой лауреатлари...

Виктор Кумиков ва Достон Ҳамдамовлар ой лауреатлари...

  12.07.2017 20:32
  0
  873
Виктор Кумиков ва Достон Ҳамдамовлар ой лауреатлари...

Июнда олий лиганинг биринчи даврасидаги сўнгги учта тур ҳамда Ўзбекистон кубогининг 1|4 финал дастлабки учрашувлари гувоҳига айландик. Қолаверса, «Локомотив» ҳамда «Металлург» 3-турнинг қолдирилган ўйинида майдонга тушишди. Кескин ва муросасиз курашларга бой тарзда ўтган мазкур баҳсларда етакчи футболчиларнинг фаоллигидан ташқари, айрим жамоалардаги ёшларнинг дебют қилишганига гувоҳ бўлдик. Бундан ташқари, шогирдларини янги ғалабалар сари руҳлантирган мураббийлар юксак эътирофга сазовор бўлишди. Биз ой лауреатларини аниқлашда айнан шу омилларга таяндик. Марҳамат, июннинг энг яхши футболчи ва мураббийлари билан танишинг.

«Бунёдкор»да бош мураббий ўзгаргач, жамоа ўйини ҳам аста-секин ижобий кўриниш ола бошлади. Миржалол Қосимовнинг келиши футболчилар, хусусан, Достон Ҳамдамовни анча руҳлантирган чоғи, «қалдирғочлар» етакчиси деярли ҳар бир баҳсда рақиблар дарвозасини иш-ғол қилишга эришди. Айниқса, июнь ойи 17-рақамли вингер учун анча омадли кечди ва айнан уни лауреатлар рўйхатида энг юқори поғонага муносиб кўрдик. Зарур паллада ташаббусни қўлга олиб, чиройли голлар ураётган Ҳамдамов «Бунёдкор» учун нечоғли муҳим футболчига айланганини намойиш этиб улгурди. Иккинчи даврада ҳам Достондан фаоллик кутиб қоламиз. Балки миллий жамоа мураббийлари таркибда жиддий ўзгаришларга қўл уришса, уни термамиз либосида ҳам кўриб қолармиз?!

Иккинчи ўринни «Олмалиқ» пос­бони Хуршид Хўжаев эгаллади. Ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаш бўйича аксарият амплуадошларига ўрнак бўлаётган кипер кучли жамоаларга қарши баҳсларда ўзидан ёрқин таассурот қолдирмоқда. Мавсум бошида Виктор Кумиков Акбар Тўраевга ишонч билдирган, аммо шогирди шунга лойиқ ўйин кўрсатолмаганди. Натижада масъулият Хўжаев зиммасига юкланди ва ушбу дарвозабон берилган имкониятдан унумли фойдаланиб, асосий таркибга муқим жойлашиб олди. Июнь ойида унинг «Пахтакор» ва «Қўқон-1912»га қарши кечган баҳсларда ўз вазифасини аъло даражада уддалаганига гувоҳ бўлдик.

Учинчи поғонада сўнгги пайтларда номи тез-тез тилга олинаётган ҳимоячи - Мурод Холмуҳаммедов. Ушбу футболчининг миллий термага чақирилгани мухлисларни қанчалик қувонтирган бўлса, керакли паллада унинг майдонга туширилмагани кўпчиликни ранжитгани бор гап. Шунга қарамай, Мурод ўз устида ишлашдан тўхтамаяпти, «Қўқон-1912»ни бугунги кунда бу футболчисиз тасаввур қилиш қийин. Холмуҳаммедов жамоаси ҳимояланаётганда ҳам, стандарт вазиятлар ижро этилаётганда ҳам, ҳаттоки, рақиб дарвозаси олдида хавфли ҳужум уюштирилаётганда ҳам барча масъулиятни ўз зиммасига олишдан асло чўчимайди. Ҳақиқий етакчиларга хос сифат, шундай эмасми?

Июнь ойида фаоллик кўрсатганлар рўйхатига, шунингдек, Драган Черан («Насаф»), Зоҳид Абдуллаев («Металлург»), Игорь Йелич («Олмалиқ»), Санжар Рашидов («Сўғдиёна») каби футболчиларни ҳам қўшиш мумкин. Бу ўйинчилар ҳам лауреатлар кучли учлигига киришга лойиқ ўйин намо­йиш этишди.

Энди энг яхши мураббийлар триоси билан таништирамиз.

Мавсумни муваффақиятсиз бошлаган «Олмалиқ» биринчи давра якунига келиб турнир жадвалидаги мав-қеини анча яхшилаб олди. Демак, олмалиқликларга дастлабки турларда шунчаки, омад етишмагани кундек равшан. Қўлга киритилаётган ютуқларда албатта, Виктор Кумиковнинг ҳиссаси катта. Тажрибали мутахассис шогирдларини қийин вазиятда руҳлантиришни уддалади, бирин-кетин ғалабалар қўлга киритилди, мағлубиятсиз серия қайд этилди. Ушбу кўрсаткичлар самараси ўлароқ, Кумиков июнь ойи лауреатлари орасида биринчи ўринни эгаллади.

Мавсумни омадсиз бошлаган клублардан яна бири - «Пахтакор». Икки марта мураббий ўзгарди, мураккаб вазиятдан чиқиб кетиш вазифаси Жасур Абдураимов зиммасига тушди. Айтиш жоизки, ёш мутахассис ишончни қайсидир маънода оқлади. Сезганингиздек, иккинчи поғона «шерлар» устозига насиб қилди. Ҳа, Абдураимов иккинчи даврада курсисини Шота Арвеладзега бўшатиб беради. Аммо шуниси аниқки, «Пахтакор» бошқарувидаги қисқа муддатли фаолияти давомида олий лигадаги ҳар қайси жамоани кучайтира олиши мумкинлигини исботлади. Пойтахтликларнинг сўнгги икки турда ажойиб ўйин эвазига чиройли ғалабага эришишгани фикримизга яққол далил.

Рўзиқул Бердиевга эса бу сафар учинчи ўрин насиб қилди. Дарҳақиқат, ушбу мутахассиснинг июнь ойида «аждарлар» бошқарувида қайд этган натижалари мақтовга сазовор. «Насаф» олий лига баҳсларида «Шўртан» ва «Навбаҳор»ни мағлубиятга учратди, «Пахтакор»га қарши кечган учрашувда эса яратилган имкониятлардан фойдалана билмаслик қаршиликларга қимматга тушди. Ўз навбатида, Ўзбекистон кубоги 1Ғ4 финал дастлабки ўйинида «Қўқон-1912» йирик ҳисобда таслим этилди. Умуман, «Насаф»нинг иштироки кўпчиликка маъқул тушмоқда. Бундай ижобийликнинг таъминланиши - шубҳасиз, Бердиевнинг меҳнатлари самараси.

Шунингдек, «Металлург» билан ғалабаларга эришаётган Рустам Мирсодиқов, «Локомотив» бошқарувида биринчи даврани кўтаринки кайфиятда якунлаган Мирко Йеличич, ҳамон мухлисларини қувонтираётган «Қўқон-1912» устози Нўъмон Ҳасанов ва «Бунёдкор»ни аввалгидек бар­қарор жамоага айлантиришга уринаётган Миржалол Қосимовнинг июнь ойидаги ишлари ҳам эътирофга лойиқ.

Футболчиларнинг ой давомидаги натижалари

 

№      Футболчи                        Ўйин     Дақиқа      Гол     Энг яхши

 

1.       Достон Ҳамдамов            4           349            4          1

2.       Хуршид Хўжаев               3           270            -1         -

3.       Мурод Холмуҳаммедов   4           344            1          1

 

Изоҳ: фақат расмий ўйинлар ҳисобга олинган.

энг яхши мураббийлар

Февраль

1. Мирко Йеличич («Локомотив»)

2. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор»)

3. Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912»)

Март

1. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

2. Олег Тюлькин («Динамо»)

3. Александр Хомяков («Машъал»)

Апрель

1. Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912»)

2. Александр Хомяков («Машъал»)

3. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор»)

Май

1. Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912»)

2. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

3. Виктор Кумиков («Олмалиқ»)

Июнь

1. Виктор Кумиков («Олмалиқ»)

2. Жасур Абдураимов («Пахтакор»)

3. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

 

энг яхши футболчилар

Февраль

1. Марат Бикмаев («Локомотив»)

2. Мурод Зуҳуров («Бунёдкор»)

3. Темурхўжа Абдухолиқов («Ал-Сайлия», Қатар)

Март

1. Одил Аҳмедов («Шанхай СИПГ», Хитой)

2. Драган Черан («Насаф»)

3. Шоҳруз Норхонов («Обод»)

Апрель

1. Марат Бикмаев («Локомотив»)

2. Филипп Райевац («Қўқон-1912»)

3. Асилбек Омонов («Навбаҳор»)

Май

1. Жавоҳир Сиддиқов («Қўқон-1912»)

2. Марат Бикмаев («Локомотив»)

3. Баҳром Абдураҳимов («Насаф»)

Июнь

1. Достон Ҳамдамов («Бунёдкор»)

2. Хуршид Хўжаев («Олмалиқ»)

3. Мурод Холмуҳаммедов («Қўқон-1912»)

Умумий натижа

Мураббийлар

1. Нўъмон Ҳасанов - 11 очко

2. Рўзиқул Бердиев - 9 очко

3. Виктор Кумиков - 6 очко

4. Мирко Йеличич - 5 очко

5-6. Илҳом Мўминжонов - 4 очко

5-6. Александр Хомяков - 4 очко

7-8. Олег Тюлькин - 3 очко

7-8. Жасур Абдураимов - 3 очко

 ----------------------------------------------

Футболчилар

1. Марат Бикмаев - 13 очко

2-4. Одил Аҳмедов - 5 очко

2-4. Жавоҳир Сиддиқов - 5 очко

2-4. Достон Ҳамдамов - 5 очко

5-8. Мурод Зуҳуров - 3 очко

5-8. Драган Черан - 3 очко

5-8. Хуршид Хўжаев - 3 очко

5-8. Филипп Райевац - 3 очко

9-13. Темурхўжа Абдухолиқов - 1 очко

9-13. Шоҳруз Норхонов - 1 очко

9-13. Асилбек Омонов - 1 очко

9-13. Баҳром Абдураҳимов - 1 очко

9-13. Мурод Холмуҳаммедов - 1 очко

------------------------------------------------

Изоҳ: 1-ўрин - 5 очко, 2-ўрин - 3 очко, 3-ўрин - 1 очко.

Ўткир УМАРОВ

 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz