Қайднома

Қидирув

Давралар оралиғида: Кимда қандай тайёргарлик...

Давралар оралиғида: Кимда қандай тайёргарлик...

  13.07.2017 11:15
  0
  903
Давралар оралиғида: Кимда қандай тайёргарлик...

Амалдаги чемпион иккинчи давра баҳсларига ҳозирликни ўз қароргоҳида ўтказмоқда. Унда жамоанинг деярли барча аъзолари иштирок этишяпти. «Локомотив» машғулотларига истеъдодли футболчи Идрис Бикмайкин қўшилди. У «темирйўлчилар»нинг Минскда ўтадиган хориж йиғинида қатнашади. Шунингдек, ўз юртига бироз ҳордиқ чиқариш учун йўл олган Муҳаммад Коне ҳам йиғинга Беларусь пойтахтида қўшилади.

«Пахтакор»га тегишли бўлган ярим ҳимоячи Жалолиддин Машарипов биринчи даврани «Локомотив»да ижарада ўтказди. Олинган маълумотларга кўра, у «темирйўлчилар» сафида қолишга қарор қилган. Шу тариқа Машариповнинг йил охирига қадар «Локо»да тўп суриши ойдинлашди.

Юқорида айтиб ўтилганидек, «Локомотив» Минскда йиғин ташкил қилади. «Темирйўлчилар» Беларусь сафарига жами 24 нафар футболчи билан йўл олишди. Ушбу рўйхатдан қуйидагилар жой эгаллашди:

Дарвозабонлар: Игнатий Нестеров, Маъмур Икромов, Рустам Нортожиев;

Ҳимоячилар: Муҳаммад Коне, Ислом Тўхтахўжаев, Шерзод Файзиев, Шуҳрат Муҳаммадиев, Салим Мустафоев, Олег Зотеев, Сергей Прохоров, Фаррух Ибрагимов;

Ярим ҳимоячилар: Кахи Махарадзе, Сардор Мирзаев, Икром Алибоев, Темур Кападзе, Садриддин Абдуллаев, Саламат Қутибоев, Диёр Туропов, Азизбек Омонов, Жалолиддин Машарипов;

Ҳужумчилар: Мурод Бобожонов, Марат Бикмаев, Идрис Бикмайкин, Блессинг Олабиран Муйива.

Таъкидлаш жоизки, Муйива ҳамда Бикмайкин жамоа сафида кўрикдан ўтишади. Агар уларнинг ҳаракатлари мураббийлар штабига маъқул келса, ҳар икки футболчи ҳам «Локомотив» аъзосига айланади.

 

«ҚЎҚОН-1912»

Биринчи даврани кўтаринки кайфиятда ўтказган «Қўқон-1912» футболчилари қисқа муддатли таътилдан қайтдилар. Чирчиқ шаҳрида ташкил этилган машғулотлар кунига икки маҳалдан бўлиб ўтмоқда. Ўйинчилар бош мураббий томонидан ишлаб чиқилган режа бўйича ҳозирлик кўришмоқда.

Ўзининг ажойиб ўйинлари билан қўқонлик мухлислар меҳрини қозонган Қувондиқ Рўзиев жамоага қайтди. Рўзиев иккинчи даврани «Қўқон-1912» сафида ўтказади. Сербиялик легионерлар Дарко Гожкович ҳамда Филипп Райевац эса йиғинга бироз кечроқ қўшиладилар. Улар айни дамда ўз юртларида ҳордиқ чиқармоқдалар.

Жамоа машғулотларида дарвозабон Музаффар Абдуллаев иштирок этмаяпти. Унинг иккинчи даврани собиқ жамоаси - «Сўғдиёна»да ўтказиш эҳтимоли юқори. Шунингдек, Руслан Мелзиддинов клуб билан хайрлашди. Фаолияти давомида «Нефтчи», «Бунёдкор», «Бухоро» каби жамоалар шарафини ҳимоя қилган футболчи қўқонликлар сафини тарк этиб, эркин агентга айланди.

«Қўқон-1912» июль ойида битта расмий ва иккита назорат ўйинида иштирок этади. 28 июль куни Ўзбекистон кубоги чорак финал жавоб учрашуви доирасида «Насаф»га қарши баҳс юритади. Мазкур ўйин Қўқонда бўлиб ўтади. Бундан ташқари, «Қизилқум» (16 июль) ва «Нефтчи» (21 июль) клубларига қарши ўртоқлик учрашуви ташкил этилади.

 

«НАСАФ»

Давралар оралиғидаги қисқа таътилни якунлаган «Насаф» ҳам тайёргарликни бошлади. Машғулотлар клубнинг Қарши шаҳридаги қароргоҳида олиб борилмоқда. Унда Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги U-22 термаси йиғинига жалб этилган Дониёр Нарзуллаев, Бобур Абдухолиқов, Шароф Муҳиддинов, Умиджон Эргашев, Азизжон Ғаниев ва Одилжон Ҳамробеков қатнашишмаяпти.

Таркибдаги ўзгаришларга тўхталадиган бўлсак, жамоани дарвозабон Элдорбек Суюнов ва ҳимоячи Шерзод Аъзамов расман тарк этишди. Ушбу футболчилар келгусидаги фаолиятларини «Пахтакор»да давом эттиришади. Тез орада ўйинчилар рўйхатига янгилар қўшилиши кутилмоқда.

«Насаф» иккинчи давра тайёргарликлари доирасида 17 июль куни Тошкентда «Навбаҳор» билан ўртоқлик учрашуви ўтказади. 18 июль куни эса «аждарлар» тиббий назоратдан ўтишади.

 

«ОЛМАЛИҚ»

Виктор Кумиков шогирдлари 10 июль куни Беларусь олий дивизиони вакили «Нафтан» жамоасига қарши назорат ўйини ўтказишди. Мазкур баҳсда «Олмалиқ» устози машғулотларда иштирок этаётган барча футболчиларга имконият берди. Анча қизиқарли ва шиддатли тарзда ўтган ўйин давомида олмалиқликлар рақибдан ҳар томонлама устунликка эришишди. Учрашувда илк голга жамоанинг янги вакили Зафар Полвонов муаллифлик қилди. У Камолиддин Мурзоев томонидан ошириб берилган тўпни боши билан рақиб дарвозасига жойлади. Орадан кўп ўтмай Полвонов Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаровга ҳисобни 2:0 кўринишга келтиришда кўмаклашди. Иккинчи бўлимда «Олмалиқ» футболчилари кўплаб голли вазиятлар яратишганига қарамай, улардан унумли фойдалана билишмади. Ўйин давомида ҳар бир футболчининг айни дамдаги тайёргарлик даражаси синовдан ўтказилди.

«Олмалиқ»-«Нафтан»

(Новополоцк)-2:0

Голлар:Зафар Полвонов, Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров.

«Олмалиқ»: Хуршид Хўжаев, Раҳматулло Бердимуродов, Шавкат Муллажонов, Владислав Косминин, Ислом Иномов, Шоҳназар Норбеков, Игорь Йелич, Дилшод Жўраев, Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров, Камолиддин Мурзоев, Зафар Полвонов.

Захирадан майдонга тушганлар: Акбар Тўраев, Низомиддин Зиёвуддинов, Вусол Магеррамов, Азиз Суюнов, Хуршид Мухторов, Шаҳбоз Умаров, Лутфулла Тўраев, Фарҳод Мусабеков, Шота Григалашвили, Ғулом-Ҳайдар Ғуломов, Санжар Рихсибоев, Виктор Клишин, Фарҳод Тожиев, Муҳаммад Исаев.

 

«БУХОРО»

Биринчи даврани 6-ўринда якунлаган бухороликлар ҳал қилувчи босқичда ҳам имкон қадар мухлисларни хурсанд этиш мақсадидалар. Бунинг учун жамоа танаффус пайти ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Улуғбек Бақоев бошчилигидаги мураббийлар штаби аниқ режа асосида йиғин олиб бормоқда. Унга кўра, жамоа аъзолари 11 июль куни Тошкент вилоятидаги Чимён тоғ ён бағрида жойлашган дам олиш масканида йиғилдилар. У ерда ўқув-машғулот йиғини 17 июлга қадар давом этади. Шундан сўнг футболчиларга икки кунлик дам берилади. 20 июлдан эса иккинчи босқич йиғини старт олади.

Бу сафарги йиғин Тошкентда ўтади. Шу куннинг ўзида жамоа аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилади. 21 июль куни эса йиғиндаги илк синов-назорат баҳсида майдонга тушилади. Спарринг рақиб сифатида «Бунёдкор» ёшлар жамоаси танланган. Умуман олганда, Тошкентдаги йиғин чоғида «Бухоро» 23 июль куни «Навбаҳор»га қарши ҳам синов-назорат учрашувида майдонга тушади. Маълумки, 28 июль куни Улуғбек Бақоев бошқарувидаги жамоа Тошкентда Ўзбекистон кубоги 1|4 финал босқичи жавоб учрашувида «Локомотив»га қарши ўйин ўтказади. Мазкур учрашувга шу тариқа тайёргарлик кўриш мақсад қилинган.

Таркибдаги ўзгаришларга келсак, жорий мавсумнинг дастлабки қисмини «Навбаҳор»да ўтказган Алишер Саматов ва Тоҳир Шамсиддинов эндиликда «Бухоро»да ўйнайдиган бўлишди. Жамоа ушбу футболчилар билан расман келишувга эришди. Айтиш жоизки, Саматов биринчи даврада «лочинлар» таркибида 10та (775 дақиқа) ўйинда иштирок этган. Шамсиддинов эса 8та (294 дақиқа) учрашувда ҳаракат қилган. Шунингдек, «Бухоро» куни кеча Алишер Саноевни ортга қайтарди. Ўтган йили бухороликлар сафида тўп суриб, ёрқин ўйинлари билан маҳаллий мухлисларда илиқ таассурот қолдирган Саноев жорий мавсум бошида Тошкентнинг «Бунёдкор» клубига кўчиб ўтганди. «Қалдирғочлар» таркибида Осиё Чемпионлар Лигасида ўйнаб, ўзига яраша тажриба орттирган Алишердан мураббийларнинг умиди катта. Мухлисларга «Насаф»даги ёрқин фаолияти орқали яхши таниш бўлган Азамат Алланиёзов жорий мавсумнинг дастлабки қисмини «Қизилқум»да ўтказди. Яқинда Азамат навоийликлар билан хайрлашгач, бухороликлардан тушган таклифни қабул қилди. Биринчи даврани «Бухоро» сафида ўтказган дарвозабон Эркин Жабборов, ярим ҳимоячи Жасур Ҳасанов ва ҳужумчи Алишер Шоғуломов эса фаолиятларини бошқа жамоада давом эттиришади.

 

«БУНЁДКОР»

«Қалдирғочлар» тайёргарлик жараёнини олиб бориш баробарида таркибга янги ўйинчиларни жалб этишни ҳам унутишмаяпти. Хусусан, жамоанинг собиқ футболчиси Воҳид Шодиев билан шартнома имзоланди. Маҳоратли ҳужумчи Малайзиядаги фаолиятидан кейин жорий мавсумнинг биринчи даврасини «Қизилқум»да ўтказганди. Шунингдек, «Бунёдкор» йиғинида Анвар Ғофуров ва Сардор Собирхўжаевлар ҳам иштирок этишмоқда. Клуб тез орада ҳар икки ўйинчи билан шартнома имзолайди. Ғофуров ўтган мавсумнинг иккинчи даврасида «Обод»га ўтиб, фаолиятини ўша ерда давом эттириб келаётганди. Собирхўжаев эса биринчи даврада Ғузорнинг «Шўртан» клуби сафида тўп сурган.

 

«МЕТАЛЛУРГ»

«Бунёдкор»нинг ёш ҳужумчиси Жавоҳир Эсонқулов «Металлург»га қайт-ди. У Бекобод клубининг Бўстонлиқ туманида олиб борилаётган йиғинида иштирок этмоқда. Айни пайт «Металлург» сафида «Бунёдкор»­га тегишли бўлган Ислом Қобилов, Санжар Қодирқулов ва Муҳаммадодил Қаҳрамонов каби футболчилар ҳам бор.

 

«ДИНАМО»

Самарқандликлар 11 июлдан Тошкент вилоятининг Чимён тоғ ён бағрида ўқув машғулотларини бошлашди. Тоғли ҳудудда ўтадиган 9 кунлик йиғин давомида мураббийлар штаби футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилашга жиддий эътибор қаратади. 20 июлдан эса «Динамо» Тошкентда тўпланади. 10 кун давом этадиган йиғин доирасида тўртта назорат учрашуви ўтказилиши белгиланган. Жумладан, «Навбаҳор», «Локомотив-БФК», «Қизилқум» ва «NBU-Осиё» жамоаларига қарши ўйинлар ташкилланади.

Назорат учрашувлари:

20 июль: «Динамо»-«Навбаҳор»

21 июль: «Динамо»-«Локомотив-БФК»

22 июль: «Динамо»-«Қизилқум»

25 июль: «Динамо»-«NBU-Осиё»

 

«НАВБАҲОР»

«Лочинлар»нинг иккинчи давра тайёргарлиги Тошкентда ўтказилади. Пойтахт йиғинидаги назорат ўйинларида «Навбаҳор»га рақиблик қиладиган жамоалар номи ҳам маълум бўлди. Дастлабки учрашув 17 июль куни Қаршининг «Насаф» клубига қарши ўтказилса, 20 июль санасида Самарқанднинг «Динамо» жамоаси билан ўйин ташкил этилади. 23 июлга белгиланган баҳсда эса наманганликларга «Бухоро» рақиб бўлади.

Ўтган мавсумнинг дастлабки қисмини «Навбаҳор»да ўтказган Сардор Азимов фаолиятини Наманганда давом эттириши мумкин. Бир йилдан бери «Бунёдкор»да тўп суриб келаётган Сардор асосий таркибдан муқим жой эгаллай олмаяпти. Шу боис футболчи «Навбаҳор»га қайтиб, футболчи сифатида янада ўсишни кўзламоқда. Ўз навбатида, Миржалол Қосимов қанотдаги рақобат кучлилиги туфайли Азимовни қўйиб юборишга қарши эмас.

 

«СЎҒДИЁНА»

Жиззахликлар посбони Шоҳруҳ Эшбўтаев эркин агент сифатида жамоани тарк этди. Ушбу дарвозабон 21 ёшда бўлиб, олий лиганинг энг ёш киперларидан бири ҳисобланади. У биринчи даврада «Сўғдиёна»нинг бир нечта ўйинлардаги ғалабасига муносиб ҳисса қўшганди.

 

«ШЎРТАН»

Иккинчи даврага қизғин ҳозирлик кўраётган ғузорликлар таркибига янги футболчилар келиб қўшилмоқда. Жумладан, В.Легай ва Г.Кочнев қўл остида ўтаётган машғулотларда Суннатилла Мамадалиев («Сўғдиёна»), Ҳасанбой Эргашев («Навбаҳор») ва Аббос Омонов («Машъал») кабилар иштирок этишмоқда. Аслида, бу ўйинчилар «Шўртан» учун бегона эмас. Уларнинг уччаласи ҳам ўтган йили Ғузор жамоаси шарафини ҳимоя қилишганди. Тақдир таққозоси билан яна жонажон жамоаларига қайтишди ва «Оқ бўрилар»нинг иккинчи даврадаги зафарли юришларига ўз ҳиссаларини қўшиш ниятидалар.

Ўз ўрнида яна бир янгиликни айтиб ўтиш керак, 11 июль куни «Шўртан»нинг мураббийлар гуруҳи ва футболчилари Тошкентдаги Республика спорт тиббиёт илмий-амалий марказида ўз саломатликларини текширувдан ўтказгач, кечга яқин тайёргарлик жараёнларини давом эттириш мақсадида яна Ғузордаги қароргоҳларига қайтишди. У ердаги машғулотлар 18 июлга қадар давом эттирилади.

 

«НЕФТЧИ»

Фарғона клуби ярим ҳимоячиси Саиджон Абдужабборов озод агентга айланди. Йил бошида «Нефтчи»га келган футболчи айни пайт ўзига бошқа жамоа қидирмоқда. Абдужабборов биринчи даврада 10та ўйинда майдонга тушиб, жами 183 дақиқа ҳаракат қилди

«Бухоро» ярим ҳимоячиси Жасур Ҳасанов иккинчи даврани «Нефтчи»да ўтказадиган кўринади. Айни пайт ушбу футболчи фарғоналиклар маш-ғулотларида иштирок этмоқда. Эслатиб ўтамиз, Ҳасанов ўз вақтида Вадим Абрамов бошчилигида «Локомотив» клуби ва Ўзбекистон олимпия терма жамоасида ўйнаган.

Қиргулида йиғин ўтказаётган «Нефт-чи» 11 июль кунги машғулотларда икки таркибга бўлинган ҳолда назорат баҳси ўтказди. Айтиш жоизки, Вадим Абрамов мазкур тайёргарлик жараёнига бир қатор янги футболчиларни таклиф қилган ва уларни синовдан ўтказмоқда. Мураббийлар штабига маъқул келган ўйинчилар жамоада олиб қолинади. Назорат учрашувида асосий ва ёшлар жамоаси таркиблари аралаш ҳолатда ҳаракатланди ва ушбу баҳсда асосийдагилар ғалабага эришдилар.

 

«ОБОД»

Тошкентнинг «Обод» футбол клуби фаолиятини тугатган бўлсада, бу борада ПФЛга расмий мактуб йўлламаган. Жамоанинг кейинги тақдири ПФЛ сукут сақлаётгани учун ҳам номаълумлигича қолмоқда. Аввалроқ Тошкент клуби ўзига тегишли бўлган футболчиларга жавоб бериб, уларни озод агентга айлантиргани айтилганди.

Ўз вақтида Ўзбекистон миллий терма жамоасида тўп сурган ҳужумчи Павел Соломин «Обод» учун хориждан ҳомийлар топгани ҳақида хабар тарқалди. «Обод» тасарруфида бўлган корхона фаолиятини тугатган бўлса-да, янги ҳомий унинг олий лигадаги тайёр ўрнига эга чиқиши мумкин. Мазкур ҳолатда гап айнан қайси ташкилот ҳақида кетаётгани айтилмаган. Аввалроқ футбол агенти Санъат Шарипов Павел Соломиннинг шу соҳада меҳнат қилаётгани ҳақида айтиб ўтганди.

Бунгача Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаяннинг ҳам «Обод» раҳбарияти билан учрашиб, клубни қўлга киритиш истаги борлигини айтгани ҳақида хабарлар чиққанди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz