Қайднома

Қидирув

Азиз Ибрагимов: «ЕЧЛда ўйнашни маъқул кўрдим»

Азиз Ибрагимов: «ЕЧЛда ўйнашни маъқул кўрдим»

  14.07.2017 02:37
  0
  1171
Азиз Ибрагимов: «ЕЧЛда ўйнашни маъқул кўрдим»

Энди Латвия чемпионатида ҳам тўп сурадиган футболчига эгамиз. Аниқроғи, тажрибали ярим ҳимоячи Азиз Ибрагимов ўзини ушбу мамлакат футболида синаб кўради.

Ҳамюртимиз Юрмаланинг «Спартак» клуби билан шартнома имзолади. У Латвия клубига озод агент мақомида кўчиб ўтди. Ибрагимов бунгача Эроннинг «Машин Сози» жамоаси сафида ўйнаганди. Маълумот учун, Латвия вирслигасида 7та жамоа иштирок этади.

«Спартак» 11та учрашувда 22 очко жамғариб, турнир жадвалида пешқадамлик қиляпти. Юрмалаликлар 2-ўриндан жой олган «Рига» жамоасидан битта ўйин кам ўтказишган. Бу клуб ҳисобида 20 очко бор. Машҳур «Вентспилс» эса 11 очко билан 6-поғонадан жой олган.

Азиз Ибрагимов янги жамоаси сафига етиб бориб, илк машғулотда қатнашишга ҳам улгурди. Биз футболчимиз билан боғланиб, ундан интервью олдик.

- Азиз, мухлислар учун бироз кутилмаган қарорга келдингиз. Умуман, Латвия варианти қандай пайдо бўлди?

- Ҳаммаси агентлар орқали амалга ошди. Аниқроғи, Вадим исмли яқин дўстим, футбол агентим «Спартак»дан таклиф борлигини айтди. Ўша пайт бошқа бир нечта жамоадан ҳам чақирув олгандим. Ўйлаб кўргач, Латвияда тўп суришни маъқул кўрдим. Бунга етарлича асослар бор. Аввало, бу шаҳар Прагадаги уйимга яқин. Иккинчидан, «Спартак» ЕЧЛда иштирок этади. Учинчидан, Юрмала денгиз бўйида жойлашган курорт шаҳар, ҳавоси жуда ҳам тоза. Қолаверса, жамоа айни пайт чемпионатда пешқадамлик қиляпти.

- Янги клубингизда яратилган шароитлар маъқул келдими?

- Секин-аста танишяпман. Ҳаммаси яхши. Стадионнинг шундоққина ёнидан уй беришди. Денгиз ҳам яқин.

- Қанча муддатга шартнома имзоладингиз?

- Келишув мавсум сўнгигача тузилди. Агар ҳаммаси маъқул келса, битим яна бир йилга узайтирилиши мумкин.

- Машғулотларда фарқ сездингизми?

- Албатта, фарқи жуда катта. Барибир, Европа футболи ҳавоси сезилиб турибди. Жамоамизда икки нафар хорватиялик ва шунча беларуслик, шунингдек, украиналик ҳамда россиялик легионерлар бор. Бош мураббий польшалик мутахассис. Машғулотлар қатъий интизом ва тартиб асосида ўтказилади, бир дақиқа кеч қолсангиз, машқларга киритилмайсиз. Ҳаттоки, машғулот чоғида ҳамманинг кийими бир хил бўлиши керак.

- Ўзбекистондан ҳам таклифлар бўлдими?

- Албатта. Чорловлар етарлича эди. Лекин Европа клубидан тушган таклифни афзал билдим.

- Латвия чемпионатининг савияси баланд эканми?

- Уни энди ўйнаб кўрганимдан сўнг биламан. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам ЕЧЛда қатнашамиз. Шунинг ўзи биз учун катта шараф.

- Эрон чемпионатида ўйнаганингиздан афсусланмадингизми?

- Нега энди афсусланишим керак? Эрон биринчилиги Осиёдаги кучли чемпионатлар учлигида эътироф этилади. У ерда ўйнаш орқали ўзига яраша тажриба орттирдим.

- Янги жамоангизнинг уй стадиони, клуб базаси, мухлислари ҳақида ҳам маълумот берсангиз. «Спартак» хусусий клубми?

- Худди шундай. Ҳозирча жамоанинг базаси йўқ. Ҳамма футболчиларга хонадон ажратилган. Стадион жаҳон андозаларига тўлиқ жавоб беради. Фақат майдони сунъий қопламали.

- Олдин ўйнаган клубларингиз билан таққослаганда, маош етарлими?

- Ҳа, шартноманинг молиявий томони ҳам мени қониқтирди. Лекин ҳар доим ҳам пулни биринчи ўринга қўймайман.

Камол НУР суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

ЖЧ-2018 расмий тўпи – Telstar 18 тақдим қилинди

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.