Қайднома

Қидирув

Олий лига дастлабки босқичида қайси футболчилар фаоллик кўрсатишди?

Олий лига дастлабки босқичида қайси футболчилар фаоллик кўрсатишди?

  14.07.2017 06:12
  0
  1572
Олий лига дастлабки босқичида қайси футболчилар фаоллик кўрсатишди?

Олий лиганинг муросасиз курашлар ва кутилмаган ҳисобларга бой ўтган дастлабки босқичида қайси футболчилар фаоллик кўрсатишди?

Ким дарвозаси дахлсизлигини сақлашда бошқа ҳамкасбларига намуна бўлди-ю, мудофаа чизиғи мустаҳкамлигини таъминлаш чоғида кимлар маҳорат кўрсатди?

Ушбу рўйхатга ярим ҳимояда жавлон урганлар ва тўп-урарлик маҳоратини намойиш этган ҳужумчиларни ҳам қўшса, ажойиб жамоа ташкил топади.

Шундай экан, келинг, биринчи давранинг бош қаҳрамонларидан иборат рамзий терма тузамиз. Хўш, айнан қайси футболчилар ушбу рўйхатдан ўрин олишга лойиқлар?!

ДАРВОЗАБОН:

Хуршид Хўжаев («Олмалиқ»)

Виктор Кумиков шогирдлари ҳозирча ҳимоя чизиғида анча ишончли ҳаракат қилишмоқда. Айниқса, дарвоза дахлсизлигини сақлашда Хуршид Хўжаев мақтовга лойиқ иш бажарди. Бунинг самараси ўлароқ, олмалиқликлар дастлабки 15та турдан сўнг ўтказиб юборилган голлар сони бўйича «Локомотив»­дан кейинги энг яхши натижани қайд этиб туришибди.

Муқобил вариант: Игнатий Нестеров («Локомотив»)

ҲИМОЯЧИЛАР:

Акмал Шораҳмедов («Насаф»)

Бу футболчи қайси жамоада тўп сурмасин, жанговарликни асло йўқотмайди. Мана, «Насаф»да ҳам ўйинга тезда киришиб, Рўзиқул Бердиевнинг ишончини қозонди. «Аждарлар»нинг ҳимоя ва ҳужумдаги ҳаракатларида мунтазам қатнашувчи Акмал Шораҳмедов ҳақли равишда давра рамзий термасидан ўрин эгаллади.

Муқобил вариант: Дарко Гожкович («Қўқон-1912»)

Мурод Холмуҳаммедов («Қўқон-1912»)

Қўқонликларнинг 77-рақамли футболчиси - клубини алмаштирганидан сўнг ҳақиқий кучини кўрсатганлардан бири. Нўъмон Ҳасанов бошчилигидаги жамоани бугунги кунда Мурод Холмуҳаммедовсиз тасаввур қилиш қийин. Айниқса, стандарт вазиятларни ижро этиш масъулияти тўлалигича унинг зиммасига юклатилган. Хуллас, барча ижобий сифатларга эга ҳақиқий етакчи.

Муқобил вариант: Кахи Махарадзе («Локомотив»)

Владислав Косминин («Олмалиқ»)

Албатта, жорий мавсум миллий чемпионатимизда легионерлар иштирокига алоҳида тўхталиш даркор, уларнинг аксарияти билдирилган ишончни оқлашмоқда. Шулардан бири - «Олмалиқ» ҳимоячиси Владислав Косминин. Юқорида қайд этганимиздек, олмалиқликлар ўз дарвозалари дахлсизлигини сақлашда эътирофга лойиқ кўрсаткичга эришишди. Бунда, албатта, белоруслик футболчининг ҳиссаси катта.

Муқобил вариант: Фаррух Сайфиев («Насаф»)

ЯРИМ ҲИМОЯЧИЛАР:

Достон Ҳамдамов («Бунёдкор»)

Биринчи давра «қалдирғочлар» учун оғир кечди. Аммо бош мураббийликка Миржалол Қосимов тайинлангач, футболчиларда ижобий ўзгариш кузатилди. Айниқса, Достон Ҳамдамов деярли барча учрашувларда голедорлик хусусиятини намойиш этди. Натижада, «Бунёдкор» турнир жадвалида нисбатан юқорилашга эришиб, танаффусга 7-ўринда чиқди.

Муқобил вариант: Санжар Рашидов («Сўғдиёна»)

Жавоҳир Сиддиқов («Қўқон-1912»)

Нўъмон Ҳасанов қўл остида ўзидан ёрқин таассурот қолдирган футболчилардан яна бири. Қўқонлик ишқибозлар томонидан «Ўзбек Мессиси» номига лойиқ кўрилган Жавоҳир Сиддиқовнинг рамзий термадан ўрин олгани ҳеч кимни ажаблантирмаслиги тайин. Зеро у шундай эътирофга лойиқ ўйин кўрсатди.

Муқобил вариант: Ойбек Қиличев («Навбаҳор»)

Жалолиддин Машарипов («Локомотив»)

Мана бу футболчининг жорий мавсумдаги иштирокига фақат тасанно айтиш даркор. «Шерлар» сафини тарк этиб, «темирйўлчилар» либосини кийган Жалолиддин Машарипов ҳар бир баҳсда юқори савияли футбол намойиш этди. Ҳужумларни бошлашда, гол уришда ва айниқса, шерикларини самарали узатмалар билан таъминлашда мақтовга муносиб иш бажарди.

Муқобил вариант: Шерзод Каримов («Пахтакор»)

Баҳром Абдураҳимов («Насаф»)

Қаршиликлар мураккаб вазиятларга тушиб қолганда энг кўп ким наф келтирганини биласизми? Ҳа, бу - Баҳром Абдураҳимов. «Насаф»нинг биринчи даврадаги деярли барча ўйинларини тўлиқ 90 дақиқа майдонда ўтказган ярим ҳимоячи ўз ҳисобига 5та гол ёздириб қўйди. Аксарият учрашувлар қайдномасида энг яхши футболчи номига лойиқ кўрилди. Агар у рамзий термадан жой олмаганда, бу адолатдан бўлмасди, албатта.

Муқобил вариант: Ивор Вейцер («Бухоро»)

ҲУЖУМЧИЛАР:

Марат Бикмаев («Локомотив»)

Олий лига-2017нинг дастлабки босқичида номи энг кўп тилга олинган футболчи. «Темирйўлчилар» сафида тўпурарлик салоҳиятини намойиш этган Марат Бикмаев миллий жамоада ҳам етакчилардан бири ҳисобланади. Ишончимиз комилки, жароҳатга йўлиқмаганда, маҳоратли форварднинг голлари сони янада кўпроқ бўларди. Лекин шикастланганига қарамай, Бикмаев мерганлар пойгасида ҳамон пешқадамликни сақлаб турибди.

Муқобил вариант: Драган Черан («Насаф»)

Филипп Райевац («Қўқон-1912»)

Бу футболчи ўз ўйини билан шуни кўрсатдики, шериклари уни қулай вазиятга чиқаришса кифоя, деярли ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланади. Тез фикрлайдиган, чаққон, ҳақиқий форвардларга хос барча жиҳатларга эга Филипп Райевац ҳам рамзий термадан жой олишга ҳақли, бизнингча.

Муқобил вариант: Зоҳид Абдуллаев («Металлург»)

Иван Нагаев («Бухоро»)

Мавсум бошида жиддий муаммоларга йўлиқиши тахмин қилинган бухороликларнинг Улуғбек Бақоев қўл остидаги иштироки ёмон чиқмади. Мураббийлик фаолиятини эндигина бошлаган собиқ ҳужумчи тажрибасини шогирдлари билан баҳам кўрмоқда. Айниқса, тўпурарлик хусусиятларини Иван Нагаевга ҳам юқтирган, чоғи, «Бухоро»нинг 77-рақамли форварди ўз ўйини ва голлари билан кўҳна шаҳарлик ишқибозларни анча хушнуд этди.

Муқобил вариант: Амиржон Сафаров («Динамо»)

БОШ МУРАББИЙ:

Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912»)

Жорий йил энг кўп шов-шув кўтарган жамоа, шубҳасиз, «Қўқон-1912» бўлди. Унинг бош мураббийи Нўъмон Ҳасановнинг мавсумолди йиғинларда селекция ва тайёргарлик жараёнини кўнгилдагидек ўтказгани расмий учрашувларда ўз сўзини айтди. Ушбу мутахассиснинг ишни тўғри йўлга қўйиши натижасида аксарият футболчилар ўсишга эришдилар, легионерлар ўзларини кўрсатдилар, клубда ҳақиқий ғолибларга хос муҳит яратилди ва буларнинг самараси ўлароқ, қўқонликлар оралиқ танаффусга 2-ўринда чиқишди. Ишончимиз комилки, бундай фаоллик ва рақобатбардошлик иккинчи даврада ҳам сақланиб қолади.

Муқобил вариант: Виктор Кумиков («Олмалиқ»).

Дилмурод ПАРПИЕВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz