Қайднома

Қидирув

Омад сенга, Шомуродов!

Омад сенга, Шомуродов!

  14.07.2017 00:28
  0
  2672
Омад сенга, Шомуродов!

Сўнгги йилларда ўзбек футболида «Эшитдик-да!» рукни остида тарқаладиган маълумотлар кўпайиб бормоқда. Асосан ҳажвий журналларга мос келадиган бундай хабарларнинг аксарияти нотўғри бўлиб чиқсада, айрим ҳолларда ҳақиқатга мос келадиганлари ҳам топилади.

Ўнтадан биттаси. Балки йигирмадан биридир?! Майли, бу унчалик аҳамиятли эмас. Муҳими - ўтган ҳафта шунга ўхшаш хабарлардан бири ўз тасдиғини топди: «Бунёдкор» ҳужумчиси Элдор Шомуродов фаолиятини, дарҳақиқат, Россия чемпионатида давом эттиришга яқин турибди.

Унга «Краснодар» ва «Ростов» харидор бўлган. У ёғини сўрасангиз, бу маълумот манбаси ҳам рус сайтларидан - Soccer.ru. Ким билади, дейсиз, балки шунинг учун рост чиққандир?!

Soccer.ru хабарни чиқаргач, россиялик ҳамкасбларимиз ҳали ўзлари ўқиб улгурмай, мамлакатимиздаги сайтларда ҳам бирин-кетин ушбу маълумот тарқалди. «Краснодар»даги манбага асосланиб берилган маълумотда Элдор Шомуродов анча мақталган. Уни ҳатто ўзбек футболининг асосий умиди сифатида кўрсатишган. Афтидан, ўша «Краснодар»да ишлайдиган ходим ўзбекистонлик футболчиларнинг барчасини танимайдиган кўринади. Акс ҳолда, Шомуродовдан кам бўлмаган бошқа иқтидорларни ҳам таниган бўлармиди?!

Шомуродовнинг Россия чемпионатига кетиши эса бир нарсани кўпроқ исботлаб берса керак. Бу трансфер замонавий футболда ёш иқтидорнинг очилишида нафақат бевосита спорт, балки агентлик хизматининг ҳам ўрни катта эканини яна бир карра кўрсатиб беради. Йўқса, юртимизда Шомуродов сингари иқтидорга эга футболчилар кам дейсизми? Етарли! Биргина «Бунёдкор»да бундай ўйинчилар яна кўплаб топилади - Достон Ҳамдамов, Отабек Шукуров, Акром Комилов. Аммо қобилият бўлгани билан, уни очиб берадиганлар топилмаса, ҳаммаси беҳуда кетишини аввал ҳам кўп кўрганмиз.

Энди бу ёғи Элдорнинг ўзига боғлиқ. Хориж чемпионатига бординг, дегани, шу билан барчаси зўр бўлиб кетишини англатмаслигини унинг ўзи ҳам тушуниб турибди, деб умид қиламиз. Шу вақтга қадар жуда кўп футболчимиз хорижда бахтини синаб кўрган, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам ўз ўрнини топиб кетмаган. Айниқса, Россия чемпионатида. Бу ўринда гап нафақат у ерда рақобат катта экани, балки рус футболчиларининг ўзига хос табиатида ҳам бўлса керак. Келинг, шу ўринда Жаъфар Ирисметовнинг фаолиятини мисол қилиб келтирсак.

Ирисметов ўз вақтида Москванинг «Спартак» клуби назарига тушган эди. У дастлаб Россия чемпионатидаги фаолиятини ёмон бошламади, ҳар ҳолда ўзининг чаққонлиги ва гол сезиш қобилияти билан кўпчиликнинг назарига тушди. Аммо барибир, «Спартак»да бир йил ҳам ўйнай олмади. Нима учун? Бу ёғини энди унинг ўзидан эшитган маъқул.

- «Спартак»да қанча ўйнаган бўлсам ҳам нима учун мени чақиришганини тушунмаганман, - дейди Жаъфар Ирисметов. - Жамоадаги ички муҳит ҳавас қиларли даражада эмасди. Футболчилар турли гуруҳларга бўлиниб олишган, аввалдан ўйнаб келаётган тажрибали ўйинчилар янги келганларни назарга илишмасди. Ўзаро ёрдам ҳақида-ку умуман гап бўлиши ҳам мумкинмас.

Бош мураббий Олег Романцев билан эса кўп гаплашмаганман, фақатгина жамоадан кетиш арафасида бир амаллаб унга мурожаат этдим. Аммо у гаплашишни ҳам истамай, шунчаки, ёрдамчиси Шикуновнинг ёнига жўнатди.

Нима учун мени Россия чемпионатида рўйхатдан ўтказишгани тушунарсиз эди. Барибир, майдонга етарлича туширишмаган бўлса... Мабодо фақат Чемпионлар Лигаси учун сотиб олишган тақдирда, кейинчалик дўстона руҳда хайрлашишса бўларди-ку. Боз устига, ўша паллада «Кёльн»дан қизиқиш бор эди. Улар «Бавария»га қарши кечган ўйиндан сўнг менга қизиқиб қолишганди. Аммо «Спартак» раҳбарияти бу ҳақда менга ҳеч нарса айтмади, кейин эса кеч бўлганди. Ўзбекистон терма жамоаси билан Германияга борганимда нима учун «Кёльн»нинг таклифини қабул қилмаганимни сўрашган. Мен эса бу хусусда ҳеч нарса эшитмаганимни айтганман. Демак, фаолиятимни Москва жамоасида давом эттириш пешонамга ёзилмаган экан. Хуллас, «Спартак»дан мана шундай хотиралар қолди...

Мана энди ўзбекистонлик яна бир ҳужумчи фаолиятини Россия чемпионатида давом эттиришга яқин турибди. Истардикки, Элдор Шомуродовнинг фаолияти Ирисметовникидан омадлироқ келсин. Биз шу вақтга қадар Европадаги кучли биринчиликда ўзбек футболчиси бўлишини орзу қилиб келганмиз. Салкам йигирма йил муқаддам Илёс Зейтуллаев мана шундай умид уйғотганди. Аммо унинг кучи ва иқтидори фақат «Ювентус» захира ўриндиғида ўтиришга етди, холос. «Кекса синьора» либосида «А» серияда бирорта ўйинда иштирок этмади, кубокда эса захирадан майдонга тушиб, бир неча дақиқа тўп сурди. Кейин эса аввал «А» серия, кейин «В» серия ва шу тариқа алифбо кетма-кетлигида номланувчи қуйи дивизион жамоаларида ўзини синаб кўрди.

«Яхши ният - ярим давлат», деб бежиз айтишмаган. Мана, ўз олдига эзгу мақсадларни қўйган яна бир ўзбек ўғлони ўз кучини хорижда синаб кўриш имкониятига эга бўлмоқда. Аминмизки, Элдор Шомуродов мамлакатимиздаги барча мухлису мутахассислар ишончини оқлаб, Европа топ-чемпионати элитасида тўп сурган дастлабки ўзбекистонлик футболчига айланади. Асосийси, унинг ортида ҳамиша эзгу тилаклар йўллаб, мунтазам дуода бўладиган халқ турибди. Шундай экан, яхшиликка умид боғлаб, Шомуродовни руслар ўлкасига муносиб тарзда кузатиб қўямиз. Омад сенга ёр бўлсин, Элдор!

Умар БЕК


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz