Қайднома

Қидирув

Бахтимизга ёшларимиз бор!

Бахтимизга ёшларимиз бор!

  14.07.2017 04:26
  1
  1411
Бахтимизга ёшларимиз бор!

Марказий Осиё футбол ассоциацияси тасарруфидаги яна бир мусобақа якунига етди. CAFA Cup - ўзгарувчан турнир ва бу сафар у ўсмирлар ўртасида кечди.

Нима сабабдан ўтган йили ёшлар тоифасида ўтказилган турнир бирдан ўсмирлар даражасига туширилди, бунисидан бехабармиз-ку, аммо бу ўзгариш Ўзбекистон терма жамоаси учун омадсиз келганини энди бемалол айтиш мумкин.

Бир йил муқаддам Жасур Абдураимов бошчилигидаги ёшлар икки таркиб билан ўйнаб ҳам бемалол ғолибликни қўлга киритган бўлса, бу сафар мамлакатнинг энг сара футболчилари (ўз ёш тоифасида, албатта) иккинчи ўрин билан чекланишди.

Минтақадаги футболи энг кучли мамлакат сифатида (Эронни инобатга олмаганда, улар МОФАга аъзо бўлсада, икки йилдан буён мусобақада иштирок этишдан бош тортиб келишмоқда. Назарга илмаяпти, дейишдан тортиндик) Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ғолибликка асосий даъвогар саналаётган эди.

Боз устига, ўзбек футболи айнан ёшлар ва ўсмирлар тоифасида анъанавий тарзда яхши натижаларга эришиб келган. Шу боис CAFA Cup ғолиблигини ҳам салкам ўзимизники қилиб олгандик. Аммо ўхшамади. Нима учун? Чунки Афғонистон футболи кучлироқ чиқиб қолди. Бир қарашда ғалати эшитилиши мумкин, бироқ афғонистонлик ўсмирлар нафақат Ўзбекистон, балки Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон термаларини ҳам мағлуб этиб, мусобақа ғолибига айланишди. Бунинг учун уларга бор ҳурматимизни баён этамиз. Кучлига тан беришни ҳам ўрганиш лозим.

Аммо ҳамма ҳам мана шу «тан»ни бергиси йўқ, шекилли. Боиси, Душанбедаги мусобақа якунига етгани ҳамоно турли гап-сўзлар кўпайди. Нафсиламрини айтганда, «Афғонистон терма жамоаси» деган гапнинг ўзи қулоққа бошқача эшитилади.

Балки шу сабабдир, CAFA Cup мусобақасида иккинчи ўриндан ҳам кўра айнан Афғонистондан учралган мағлубият кўпроқ алам қилди. Албатта, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Александр Мочинов танқидлардан бенасиб қолмади. Аммо шу ўринда бир фикрни ўртага ташласак - ўсмирларнинг бу мағлубияти ўзбек футболи жиддий ўзгаришларга эҳтиёж сезаётганидан далолат эмасмикан?

Биз - ўзбек футболи мухлислари дунё халқлари орасида алоҳида қобилиятга эгамиз. Чунки болалар жамоасининг арзимаган ғалабасидан ҳам улкан эйфория ярата оламиз. Балки бунга катталар футболида ғалаба кўрмаганимиз сабабдир, билмадим, ишқилиб «Пахтакор»нинг болалар жамоаси «Гранаткин мусобақаси» финалига чиқса ҳам қувонаверамиз.

Бахтимизга бу борада анча омадимиз келган - Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаси бир неча бор жаҳон чемпионатида қатнашди. Ва уларнинг ҳар бири биз учун алоҳида воқелик бўлди. Дилшод Нуралиев бошқарувидаги ўсмирлар терма жамоаси Осиё чемпионатида ғолиб бўлганини эса алоҳида байрам қилдик. Ҳали ҳайдовчилик гувоҳномаси оладиган ёшга етмаган футболчилар қимматбаҳо автомашина соҳибига айланишганди.

Буларнинг барчаси яхши, албатта. Аммо келинг, шу ўринда яна бир масалани эътиборингизга ҳавола қилсак. Мисол тариқасида эса Осиёда биз билан мудом рақобатда бўладиган бошқа бир мамлакатни келтирамиз. Демак, Эрон миллий терма жамоаси яқинда муддатидан аввал ЖЧ-2018 йўлланмасини қўлга киритганини яхши биласиз.

Умуман, уларнинг охирги ютуқларига ҳаммамиз ҳавас билан қараймиз - Эрон мундиалда мунтазам иштирок этиб келмоқда ва ҳатто Мессиси бор Аргентина билан тенгма-тенг ўйнади. Шу ўринда бир саволни ўртага ташлашга изн беринг - Эронда ёшлар футболида натижа масаласи анча муаммо эканини билармидингиз?

Уларнинг ўсмирлари 15 йилдан буён мундиалда иштирок эта олишмайди, ёшлари эса узоқ йиллик танаффусдан сўнг, ниҳоят, ўтган йили жаҳон чемпионатига чиқишди. Ризо Гучаннажод, Сардор Азмун ва Меҳди Таремилар ўз ёши тоифасида мундиалда ўйнамаган. Бунга нима дейсиз?

Эрон футболида ёшлардан улкан натижа талаб қилиш одат тусига кирмаган. Улардан ҳеч ким жаҳон чемпионатида Уругвайни енгишни кутмайди. Шу боис ҳам эронлик футболчиларда 16 ёшдан юлдузлик касалига чалиниш кузатилмайди. Аслида, бу ёшдаги ўйинчининг келажаги шу қадар мавҳум бўладики, у профессионал футболга ўтиш учун машаққатли меҳнат қилиши лозим. Биз эса сал кўзга кўринганлардан юлдуз ясаймиз.

Ўсмир ёшдаги бола ҳали новдадек мўрт бўлади. Уни мақтай-мақтай юлдузга айлантириб ҳам, аксинча, Афғонистондан учралган мағлубият учун танбеҳ бериб ҳам «синдириш» ҳеч гапмас. Шундай экан, танланг - улардан ё ҳозир натижа кутамиз ёки келажакда. Болаларни қисти-бастига олиб, ғалаба талаб қилишни бас қилмас эканмиз, катталар футболида нимагадир эришиш қийин бўлаверади.

Мақола якунида шунчаки, маълумот учун яна бир фактни келтириб ўтмоқчиман. Сервер Жепаров, Темур Кападзе, Одил Аҳмедов, Азиз Ҳайдаров, Виталий Денисов, Сардор Рашидов - уларнинг ҳеч бири жаҳон чемпионатида ўйнашмаган. Аммо профессионал футболда бемалол ўз ўринларини топиб кетишди.

Ҳозир МТЖни уларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ким билади, дейсиз, кеча Афғонистондан енгилган болалар орасидан ҳам шундай футболчилар чиқиб қолар?! Ишонинг, уларнинг ғалабасини ҳозир эмас, 5-6 йилдан сўнг томоша қилган маъқул. Масалан, ЖЧ-2022да. CAFA Cup мусобақасини эса унутиб, янги марралардан умид қилиш мақсадга мувофиқ...

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


Afg'onistonda futbol ularga Fair Play sovrini berilganidan keyin ancha rivojlandi,bu sovrin ulardan oldin bizga berilgandi,o'shandan buyon futbolda aytarli natijalarga erishmadik
14.07.2017 11:06

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz