Қайднома

Қидирув

Мактабдаги футболми ёки футболдаги мактаб? Ёхуд ўзбек футбол мактаблари ҳақида

Мактабдаги футболми ёки футболдаги мактаб? Ёхуд ўзбек футбол мактаблари ҳақида

  16.07.2017 00:26
  0
  302
Мактабдаги футболми ёки футболдаги мактаб? Ёхуд ўзбек футбол мактаблари ҳақида

Кўпчилигимиз мактаб футболи орқали миллионлар ўйинига меҳр қўйганмиз. Мамлакатимизда таълим соҳасида жиддий ўзгаришлар кузатилмоқда, футбол мактаблари сони ортмоқда. Ушбу таълим маскани ўқувчилари халқаро турнирларда қатнашишяпти, ўз келажакларини қуришяпти. Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 7 августдаги 173-сон Қарори билан тасдиқланган «Футбол бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари тўғрисида»ги Низом мактабдаги футболни ривожлантириш учун эмас, аксинча, футбол мактаблари сифатини янада ошириш йўлидаги ҳуқуқий асосдир.

Муқаддима

XXI аср бошида футбол нашрлари орқали Украина мактабларида футбол дарслари киритилгани ҳақида маълумот берилганди. Айни пайт Словения, Хорватия ва Сербияда ҳам умумий таълим тизимида спортнинг ушбу тури амалда қўлланмоқда. Европада шундай ўқув юрти тарбияланувчиларга алоҳида футболчи паспорти ажратилиб, халқаро реестрга киритиляпти. Мабодо, ўзбекистонлик ёш иқтидор соҳиблари ушбу мамлакатларга боришса, улардан ҳам шу каби ҳужжатлар сўралади.

Қитъамиздаги аҳволга назар сол-ганда, Хитой ва Қатар мавзусига тўхталиб ўтмасак бўлмайди. Бугун Чин юртида бутун бошли фубол академиялари ташкил этилиб, уларнинг битирувчилари терма жамоага муносиб равишда тайёрланиши учун исталган шароит яратиб бериляпти. Қатар эса бутун мамлакат бўйлаб футбол мактаблари тизимини ярата олмайди. Чунки аҳолисининг тўртдан бир қисмини ҳиндлар ташкил этувчи бу кичик давлатда футболчилар саноқли, профессионал ўйинчига айланиш ортиқча қийинчиликсиз амалга ошади.

Мақсадлар улкан

Футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернат иқтидорли болаларни танлаб олишни ва умумий ўрта таълим давлат стандартларига мувофиқ таълим жараёнини, кейинчалик олимпия захиралари коллежларида ўқув-тренировка жараёнини давом эттириш учун иқтидорли ва истеъдодли болаларни тайёрлашни, шунингдек уларнинг футбол бўйича республика ёшлар ва ўсмирлар терма командаларида ва бошқа командаларда иштирок этишини таъминлайди.

Мактаблар қандай ташкил этилади?

Футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернат муассис томонидан Халқ таълими вазирлиги билан келишган ҳолда ташкил этилади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтади.

Халқ таълими вазирлиги (республика муассасалари учун), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг муассислари бўлиши мумкин.

Бу турдаги таълим муассасалари жалб этилган барча ўқувчилар контингентини белгиланган санитария нормалари ва қоидаларига мувофиқ ўқувчиларнинг ўқиши ва яшаши учун зарур шарт-шароитлар яратган ҳолда ўқувчиларнинг спорт тайёргарлигини ривожлантиришга йўналтирилган таълим-тарбия жараёни комплекси билан қамраб олиш мақсадида ташкил этилади.

Футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернат жисмоний жиҳатдан тайёрланган, футболга қобилияти бўлган, умумтаълим мактабининг 4-синфини тугатган (10-11 ёш) ва танлов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган ўқувчилардан тўлдирилади.

Қаерга футбол мактаби керак?

Халқ таълими бошқармалари жойларга бориб, футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг ўқув, моддий-техника ва спорт базасини ҳамда бошқа кўрсаткичларини ўрганадилар. Кейин улар комплекс ўрганиш натижаларига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишган ҳолда Халқ таълими вазирлигига футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этиш тўғрисида таклиф киритадилар.

Халқ таълими вазирлигининг тегишли хулосаси асосида футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этиш тўғрисидаги Қарорлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, республика муассасалари учун эса - Халқ таълими вазирлиги томонидан қабул қилинади.

Ўқув-тарбия ва машғулот (тренировка) жараёни сифати бўйича муайян натижаларга эришмаган футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар Халқ таълими вазирлиги тақдимномаси бўйича умумий типдаги умумтаълим муассасаларига қайта ихтисослаштирилади.

Асосий вазифалар нимадан иборат?

Футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:

- болалар-ўсмирлар спортини ривожлантириш учун ишончли захирани шакллантириш ва зарур шарт-шароитлар яратиш, истеъдодли ва иқтидорли болаларни спортга жалб этиш;

- истеъдодли ва иқтидорли болаларни аниқлаш, қўллаб-қувватлаш, ўқитиш, тарбиялаш ва уларнинг индивидуал хусусиятларини ривожлантириш, футбол соҳасида спорт қобилиятини шакллантиришга ва энг тўлиқ даражада амалга оширишга кўмаклашувчи муҳит яратиш, футбол бўйича республика жамоалари учун муносиб спортчилар тайёрлаш;

- ўқувчиларни касб-ҳунарга барвақт йўналтириш, кейинчалик касб-ҳунар таълими дастурларини ўзлаштиришни онгли равишда танлаш учун асослар яратиш.

Ўқув-тарбия ва ўқув-тренировка жараёнини ташкил этиш

Ўқувчиларнинг спорт маҳоратини ошириш учун футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернат томонидан ўқув йили мобайнида ўқув-тренировка йиғинлари ўтказилади.

Ўқувчилар ўқиш даврида ўқув-тренировка йиғинларига борган тақдирда уларни ўқитиш яқин атрофда жойлашган умумтаълим мактаблари базасида ташкил этилади. Бундай ўқишни ташкил этиш учун шарт-шароитлар мавжуд бўлмаганда ўқувчилар ўқитувчилардан йиғинларда бўлишнинг бутун даври учун якка тартибдаги топшириқлар оладилар, қайтиб келишгандан кейин эса дастурнинг тегишли бўлимлари бўйича синов имтиҳонлари топширадилар.

Ўқув-тренировка йиғинларини ўтказиш даврида ўқув-тарбия жараёнини таъминлаш мақсадида улар ўтказиладиган жойларга футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг ўқитувчилари ва ходимлари юборилиши мумкин.

Машғулотларда муддат ҳам муҳим

Бу турдаги муассаса таътиллар даврида ҳам ўқув-тренировка йиғинлари ташкил этади, ушбу йиғинлар йил давомидаги ўқув-тренировка жараёнида зарур бўғин ҳисобланади. Қишки таътиллар даврида йиғинларнинг давом этиш муддати 12 кунни, баҳорги таътиллар даврида 7 кунни ва ёзги таътиллар даврида узоғи билан 60 кунни ташкил қилади.

Ўқувчиларнинг сифатли танланишини таъминлаш мақсадида футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернат ҳудудида 24 кун давом этадиган имтиҳондан олдинги ўқув-тренировка йиғинлари ташкил қилинади. Номзодларни кўрикдан ўтказиш ва танлаб олиш учун футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернат раҳбарияти тренер ва ўқитувчиларни турли мусобақаларга юборади.

Мактабда қанча ўқувчи ўқиши керак?

Футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда синфлардаги ўқувчилар сони 25 нафардан кам ва 30 нафардан кўп бўлмаслиги керак. Синфлар сони таълим жараёнини амалга ошириш учун зарур бўлган санитария нормалари ва қоидаларига боғлиқ ҳолда белгиланади.

Соғлиғига кўра футбол мактабида ўқишни давом эттира олмайдиган ўқувчилар тегишли тиббиёт муассасаларининг хулосалари асосида яшаш жойидаги умумтаълим муассасаларига ўтказилади.

Футбол мактаби ўқувчиларини бош-қа умумтаълим муассасаларига ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Битирувчиларга умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатнома берилади.

Таълимда кимлар иштирок этиши керак?

Ўқувчилар, ота-оналар ёки ота-оналар ўрнини босувчи шахслар, тренерлар таркиби, педагоглар ва тиббиёт ходимлари футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернат таълим жараёнининг қатнашчилари ҳисобланадилар.

Футбол мактаблари ўқувчилари бепул умумий ўрта маълумот олиш, тиббий хизмат билан таъминланиш, турли тадбирларда (мусобақалар, турнирлар, конференциялар, олимпиадалар, кўргазмалар ва танловларда) қатнашиш ҳуқуқига эга.

Ўқувчиларни индивидуал психологик-педагогик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мактаб-интернатнинг психологик-педагогик хизмати мутахассислари томонидан таъминланади.

Ўқув-тарбия жараёнига таълим муассасаларининг ўқитувчилари, футбол бўйича республика жамоаларининг тренерлари ва спортчилари белгиланган тартибда жалб этилиши мумкин.

Мураббийлар ва дарс соатлари

Педагог кадрларни ишга қабул қилиш олий педагогик маълумотга ва олий ёки биринчи малака тоифасига эга бўлган шахслардан танлов асосида амалга оширилади. Тренер-ўқитувчилар учун Осиё футбол конфедерациясининг амалдаги «С» лицензияси мавжуд бўлиши шарт.

Педагог ходимларга ўқув юкламаси ҳажми (педагогик ишлар ҳажми) ўқув режаси бўйича соатлар миқдоридан, шунингдек кадрлар билан таъминланганлик даражасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Саломатликни назорат қилиб бориш

Мактаб-интернатда ўқувчилар соғ-лиғининг ҳолати узлуксиз кузатиб борилади.

Мактаб-интернатнинг тиббиёт ходими тренировка машғулотлари, ўқув-тренировка йиғинлари, мусобақалар ва дам олиш даврида ўқувчиларни тиббий назорат қилишни тренерлар таркиби билан мустаҳкам алоқада амалга оширади.

Ўқувчилар ҳар бир ўқув йили ва календарь йил бошида барвақт ташхис қўйиш ва касалланишнинг олдини олиш мақсадида диспансер кўригидан (тўлиқ тиббий кўрикдан) ўтказилиши керак. Ривожланишида салбий кўрсаткичлар аниқланган тақдирда ўқувчилар тиббий комиссия тавсиясига кўра ўзларининг яшаш жойидаги умумтаълим муассасасига ўтказилади.

Мактабларнинг молиявий таъминоти

Футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернат фаолиятини молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ва ҳомийлик маблағлари (беғараз ёрдам) ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

Футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернатга қўшимча бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш бюджетдан молиялаштиришнинг камайишига сабаб бўлмайди.

Ўқувчилар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бепул овқат билан таъминланади.

Футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўзи уставида қайд этилган мақсадларга мувофиқ бўлган доирада тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин.

Рухсат этилган фаолиятдан тушган даромадлар ҳисобига сотиб олинган мол-мулк футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернат балансида ҳисобга олинадиган мол-мулк таркибига қўшилади.

Футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернат қонун ҳужжатларига мувофиқ таълим масалалари бўйича халқаро фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Фаррухжон ФАЙЗИЕВ, ҳуқуқ магистри


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Карлес Пуйоль - Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришга тайёр!

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.