Қайднома

Қидирув

«Барселона», «ПСЖ» таклифларини рад этган Геррейру, у ким ўзи?

«Барселона», «ПСЖ» таклифларини рад этган Геррейру, у ким ўзи?

  18.07.2017 04:40
  0
  1407
«Барселона», «ПСЖ» таклифларини рад этган Геррейру, у ким ўзи?

Кўпчилик мутахассислар фикрича, Пор­­­­­тугалия терма жа­­­­­мо­а­сининг Кон­фе­де­ра­ция­лар кубоги-2017 финалига чиқа олмаганига Рафаэль Геррейрунинг таркибда йўқлиги сабаб бўлган. Эҳтимол, шундайдир...

Бу борадаги баҳс қанча давом этишидан қатъий назар, аниқ бир тўхтамга келишнинг иложи йўқ. Лекин Геррейрунинг юксак савияси хусусида ҳеч қандай шубҳага ўрин йўқ.

«ПСЖ» уни ўз сафига қўшиб олишга қарор қилганди. Бироқ кутилмаганда рад жавобини олди. Ахир парижликлар бундай ўжарликка кўникишмаган.

«Шундай номдор клубнинг қизиқиш билдиргани кўнглимни тоғдек кўтарди. Бироқ менга мунтазам майдонга тушиш имконини берадиган жамоа керак. Парижда ҳеч ким бундай кафолатни беролмайди. Шу сабабли «Лорьян»да қолишга қарор қилдим», - деганди ўшанда Рафаэль камтарлик билан.

Орадан бир йил ўтиб, «Барселона» таклифини рад этиб, «Сигнал Идуна Парк»да майдонга тушишга розилик берди:

«Таклиф учун «Барса»га раҳмат. Уни рад этиш жуда қийин бўлди. Лекин «Боруссия»да тезроқ камолотга эришишни кўнглим сезиб турибди».

Ҳа, Геррейру чиндан ҳам мўмай даромаддан воз кечди, фақат ўз маҳоратини ошириш ҳақида ўйлади.

Мулоҳаза билан иш кўришга одатланган ёш иқтидор соҳиби грандлар талабини қондиролмай қолишдан хавотирланарди. Бунинг учун ота-онасига миннатдорчилик билдириш лозим - улар фарзандларининг футболга бўлган қизиқишини тақиқламаган ҳолда рисоладагидек билим олишини ҳам жиддий назорат қилишарди.

Хуллас, футбол мактабга халал бермади. Рафаэль Паулетанинг ўйин услубига мафтун бўлганди, уни ТВ орқали кузатиб борар, деворга Педро ва Роналду портретларини илиб қўйганди. 10 йилдан кейин Криштиану билан биргаликда Евро-2016да ғалаба нашидасини сурди.

Геррейрунинг устун жиҳатлари хусусида тўхталадиган бўлсак, ундаги универсаллик ва стандарт зарбаларни ижро этиш санъатини алоҳида таъкидлаш жоиз. Сўл қанот ҳимоя ва ярим ҳимоячи вазифаларини аъло даражада уддалайди. «Кан»да доимо ҳимоя чизиғида ўйнарди, «Лорьян»да аввалига ҳимоя, кейинчалик олдинга ўтказилди. Шу тариқа Рафаэль ўз ҳисобига голлар ва самарали узатмаларни ёза бошлади. Бир қатор гранд жамоалар  эътиборини тортганига қарамай, Геррейру Европа учун нотаниш эди. Аргентина билан бўлган ўртоқлик учрашувида Португалия ғалабасини таъминлаган голни амалга оширганидан кейин вазият умуман ўзгарди. «Бу ҳаётимдаги унутилмас лаҳзалардан бири бўлди. Эртаси куни отам кун бўйи Интернетда мен ҳақимдаги материаллар билан танишди. Табиийки, ўшанда еттинчи осмонда парвоз қилардим. Ҳозир ҳам ўзимни Ерга қайтиб тушган, деб ҳисобламайман», - деганди Рафаэль ҳаяжон билан.

Аслида Геррейру Францияда туғилиб, ўша ерда улғайди. Фаолиятини ҳам Францияда бошлаган, бу мамлакат терма жамоаси таркибидан бемалол жой олиши мумкин эди. Аммо Португалияни танлади. «Бир қарорга келишим осон бўлмади. Охири Португалия шарафини ҳимоя қилишга аҳд қилдим. У қалбимни забт этган. Менга оилам ҳам, агентим ҳам босим ўтказгани йўқ. Бу менинг шахсий танловим».

Дарвоқе, Геррейрудаги ноёб иқтидорни биринчи бўлиб унинг «кумир»и - Педру Паулета кўра олган ва ўсмирлар терма жамоаси мураббийлар штабига тавсия этганди. Якунда Рафаэль бош жамоа билан қитъа чемпиони даражасига кўтарилди. Буни қарангки, нуфузли совринни ўзи туғилиб-ўсган Франция заминида қўлга киритди. Бир пайтлар «Стад Де Франс» ёнидан ўтишар экан, отаси унга қачондир шу стадионда майдонга тушишини айтганди. У пайтда «Боруссия» аъзоси саналиб, дортмундликлар унинг учун 12 млн. еврони санаб беришган.

Шогирдларини турли позицияларда синаб кўришни хуш кўрадиган Томас Тухель мавсумолди беллашувларида Рафани марказга туширди. Мавсум давомида одатий сўл қанотга қайтиб, Шмельцер билан ажойиб жуфтликни ташкил этди. Айнан шу футболчи билан ҳамкорликда жарима майдончасига тўпни аниқ етказиб бериш санъатини ўзлаштирди. Унинг узатмаси эвазига Роналду Конфедрациялар кубогида Россия дарвозасини ишғол этди. Айтганча, терма жамоада Роналду уни доимо қўллаб-қувватлайди.

Шунингдек, Францияда тўп сурадиган Антони Лопеш ҳам унга яқиндан ёрдам бериб туради. «Оёққа турган «Сигнал Идуна Парк»нинг тинимсиз олқишлари остида тўп суриш футболчига қўшимча масъулият юклайди. Бу ердагилар футболни севишади, мени танишади, бу яхши албатта. Лекин оила аъзоларим билан сайр қилиб юрганимда бирга суратга тушишни таклиф қилишларини ёқтирмайман. «Боруссия» дўконига қандай қилиб сездирмасдан кириб чиққанимга келсак, ўғлимга совға олиш учун киришга мажбур бўлгандим. Мухлислар таниб қолмасликлари учун копюшон кийган ҳолда юргандим. Тўғри, бу мен учун осон бўлмаганди». Эндигина 23 ёшга чиққан Рафаэль рафиқаси билан икки нафар фарзандни тарбияламоқда. Улар уйқуга кетишган пайт ўз ишлари билан шуғулланади. Ҳозир уни «ПСЖ» яна ўз сафига чорлаяпти, бир томонда «Ювентус» ҳам бефарқ эмаслигини билдирмоқда. Лекин Геррейру-Шмельцер дуэти ўз имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга улгургани йўқ, олдинда улкан режалар кутиб турибди. Шундай экан, грандлар яна мақсадга эриша олмасалар, ажабланмаймиз. Яна ким билади, дейсиз, балки...

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz