Қайднома

Қидирув

Корейс футболи инқироз арафасидами?

Корейс футболи инқироз арафасидами?

  18.07.2017 00:18
  0
  1712
Корейс футболи инқироз арафасидами?

Ўзбекистон термаси Эронда нурсиз ўйин оқибатида енгилгач, форслар Осиёда биринчи, жаҳонда учинчи бўлиб, Россия мундиали йўлланмасини нақд қилишди ва ҳолат биздан кўра, Ж.Корея терма жамоаси мухлисларию, корейс футболи раҳбариятига оғир ботди.

Ваҳоланки, жамоа Қатар сафаридан очкосиз қайтган бўлса ҳамки, турнир жадвалида 2-ўриндан пастга тушгани йўқ. Лекин корейсларни олдинда Эрон (ўз майдонларида) ва Ўзбекистон (сафарда) термаларига қарши кечадиган ҳал қилувчи ўйинлар кутиб турибди.

Мамлакат футбол ассоциацияси Ули Штиликенинг жамоани финиш маррасидаги баҳсларга муносиб тайёрлай олишига шубҳа билан қаради, чоғи, немис мутахассисига чиқиш эшиклари кўрсатиб қўйилди. Мана, энди корейс­лар миллий жамоасига янги бош мураббий ҳам тайинланди.

Аммо маҳаллий мухлислар хавотири кучаймоқдаки, асло камаймаяпти. Ҳар ҳолда, улар футбол мутасаддиларидан кескин ўзгаришларга қўл уришни талаб қилишяпти. Хўш, Ж.Корея футболининг асл муаммоси нима, унга чиндан ҳам, инқироз хавф соляптими?

Қандай муаммолар бор?

Жанубий Корея миллий жамоаси 31 август кунига белгиланган Эрон термасига қарши ЖЧ саралаши ўйи­нини Сеулдаги муҳташам Seoul World Cup Stadiumда ўтказадиган бўлди. Жанубий Корея футбол ассоциация­си бу ҳақда расман баёнот бериб, мухлисларни терма жамоани алоҳида иштиёқ билан қўллаб-қувватлашга чақирди. Тушунарлики, ушбу ўйинда мезбонларни ғалабадан бошқа натижа сира қониқтирмайди. Ҳозирда терма жамоа салоҳиятига нисбатан ишонч анча паст. Чунки футболчилар руҳияти яхши ҳолатда эмас. Боз устига, жамоа бошқарувини қўлга олган Шин Тае Йонг юксак савияли мураббийлар қаторига кирмайди. Аслида мухлислар бош мураббий ролида айни пайт футбол ассоциациясида фаолият кўрсатаётган Ким Хо Гон иш бошлашини кутишганди. Янги бош мураббий аввало, бир қатор муаммоларни ҳал этиши керак, шунингдек, ундан юқори босимга дош бериш баробарида шогирдларини эркин ўйнашларини таъминлаш талаб қилинади. Дейлик, жамоанинг асосий юлдузи ва ишонган «тоғи» - Сон Хюн Мин 13 июнь куни Қатарда бўлган баҳсда жароҳатланди ва унинг қачон сафга қайтиши номаълум. Терма жамоа сардори Ки Сонг Йонг ва янги иқтидорли голкипер Квон Сун Таэга эса сариқ карточкалар лимити хавф солмоқда. Улар Эрон термасига қарши кечадиган ўйин­да огоҳлантирилсалар, унда 5 сентябрь куни Тошкентда жамоадошларига ёрдам бера олмайдилар. Бироқ энг катта муаммо футболчилар руҳиятини кўтариш масаласи, барибир. Ҳа, корейсларни бироз хотиржам қиладиган жиҳат ҳам йўқ эмас. Чунончи, Эрон термаси бош мурабббийи Карлуш Кейруш Сеулда асосан захира  футболчиларига имконият бериши мумкин. Қолаверса, у ЖЧ чиптаси масаласи муддатидан аввал ҳал этилгани важидан қатъий тартибга асосланган одатий ўйин услубидан салгина чекиниб, бошқача тактикаларни амалда синаб кўрса, ажабмас. Хуллас, форсларнинг асосий ишни бажаришга улгурганлари мезбонларга баъзи енгилликлар берса керак.

Эсласангиз, Ж.Корея термаси бундан аввалги мундиал саралашининг сўнгги турида айнан эронликлар билан ўйнашганди. Мухлислар 2013 йилнинг 18 июнида Ульсандаги «Мунсу» аренасида ташкил этилган ўша баҳсда жамоани чиройли тарзда қўллаб-қувватлашган, бироқ мезбонлар 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйгандилар. Фақат якунда ўша машҳур автогол қўл келиб, корейслар тўплар нисбатидаги кичик устунлик эвазигагина мундиалга тўғридан-тўғри йўл олишганди. Лекин корейс футболи раҳбарияти мухлисларнинг жиддий норозиликлари таъсирида ўша куннинг ўзида бош мураббий хизматидан воз кечганди. Бу сафар корейслар ўша «қарз»ни узиш ҳақида Эрон вакилларига пинҳона мурожаат этишлари ҳам ҳеч гап эмас. Лекин Кейрушдек айёр ва пихини ёрган мураббий бундай илтимосга осонгина кўнмаса керак. Умуман олганда, Сеулда ўтадиган ўйин куни стадионни бундан 4 йил аввалгидек лиқ тўлдириш осон эмас. Зеро, маҳаллий мухлислар айни пайт жамоа­дан хафалар. Боз устига, корейслар табиатан эҳтирослилар ва стадиондаги муҳит уларга қаттиқ таъсир қилиши олдин ҳам кузатилган. Ҳарқалай, Ж.Корея футбол ассоциация­си раҳбарларидан бири маҳаллий Football Journal нашрига шу хусусда интервью бериб, хавотир борлигини яширмади: «Эрон термасига бой берилган сафар ўйинини эсласак, стадионга йиғилган 75800 мухлиснинг босими футболчиларимизни издан чиқарганди. «Озоди»даги тирбандликни кўрган йигитларимизни ўйин бошланмасидан титроқ босгани четдан аниқ сезилганди. Воқеаларнинг кейинги  ривожи барчага маълум». Шундан келиб чиқсак, агар Сеулда мухлислар футболчиларни етарли даражада қўллаб-қувватлашмаса ва эътироз билдиришса, унда уларнинг ўзларини кўрсатишлари қийин масала. 

Янги бош мураббий нималарга қодир?

Жанубий Корея футбол ассоциацияси матбуот хизматининг 4 июль куни тарқатган расмий хабарига кўра, жамоа бош мураббийи лавозимига Шин Тае Йонг тайинланди. 46 ёшли мутахассис бунга қадар Жанубий Кореянинг U-20 тоифасидаги терма жамоасига устозлик қилаётганди. 1970 йилнинг 11 октябрида таваллуд топган Йонг Йеунгнам университетида таҳсил олган. Шин Тае футболчилик фаолияти давомида ярим ҳимоячи сифатида тўп сурган ва 1992-1997 йиллар давомида мамлакат миллий жамоанинг 23та ўйинида қатнашиб, 3та гол урган - Исроил, Вьетнам ва Эрон термалари дарвозасига. Мураббийлик фаолиятида эса «Брисбен Роар» (Авс­тралия, 2005-2008 йиллар) ва «Сеонгнам Ильва Чунма» (2010-2012 йиллар) клубларида ишлаган (ассистент ҳамда бош мураббий сифатида). 2014-2016 йиллар оралиғида эса Ж.Корея миллий жамоаси бош мураббий вазифасини вақтинча бажарувчи мақомида ва ассистент ролида фаолият юритди. Шин Тае Йонг шунингдек,  2015-2016 йилларда Ж.Корея олимпия термасига устозлик қилди. 2016 йилга келиб, унга мамлакатнинг U-20 тоифасидаги жамоасини топширишганди.

Шин Тае Йонгнинг мураббийлик соҳасидаги ютуқлари анча камтарона: 2010 йили «Сеонгнам» клубини Осиё Чемпионлари Лигаси ғолиблигига етаклаган бўлса, жорий йил ёшлар ўртасидаги ЖЧ-2017да Ж.Корея ёшлар термасини кучли 16таликка олиб кирди. Қолаверса, олимпиячилар ҳам унинг бошқарувида Рио-2016да чакки иштирок этишмади - 1|4 финал. Тактикасига келсак, бу мураббий ҳужумкор футболга мо­йил ва ҳар қандай ҳолатда ҳам, ғалабани кўзлайди. Лекин унинг ҳужумкорликка ҳаддан ортиқ берилиб, шошилинч қарорлар чиқаргани баъзан жамоасини қийин аҳволга тушириб қўяди. Чунончи, бундай ҳолатлари ҳам кўп учраган.  «Сеонгнам Ильва Чунма» клуби сафида 12 йил ўйнаган Шин Таенинг ўзи охирги пайтлар классик футбол шайдосига айланганини бот-бот таъкидлайди. Лекин ўйин давомида тактикани ўзгартириш йўлида таваккал иш тутишдан тийилади. Йонг миллий жамоа бош­қарувини қўлга олгач, таркиб асосини легионерлардан тузишга урғу беришини яширгани йўқ.

Бош мураббий олдида қандай танловлар бор?

Агар Шин Тае Йонг терма жамоа­ни ЖЧга олиб чиқса, у билан автоматик тарзда 2018 йилга қадар шартнома тузилади. Бу мутахассис  ҳозирги миллий  жамоанинг кўплаб футболчиларига ёшлар термасида устозлик қилган. Мисол учун, Ли Жае Сунг ва Ли Чанг Мин кабиларни айнан у кашф этган. Шундай экан, янги мураббий аксарият футболчилар имкониятини яхши билади ва жамоадаги муҳитни осонгина ўзгартириши мумкин. Шин Тае Йонг номзоди айни шу омилларга асосан танлангани аниқ. Бразилия мезбонлик қилган Рио-2016 Олимпиадасини эсга олсак, Шин Тае шогирдлари гуруҳ босқичида Германия термасини ортда қолдириб, 1-ўринга жойлашишди. Тўғри, кейин чорак финалда камтарин рақиб - Гондурас Олимпия термасига имкониятни бой беришди. Бразилияда айниқса, яқиндагина Франциянинг «Дижон» клуби сафига қўшилган Квон Чанг Хун бор маҳоратини намойиш этганди. Аммо миллий жамоа ва Олимпия термасини ўзаро таққослашдан қандайдир маъно йўқ. Корейсларнинг  саралаш босқичидаги айни ҳолатлари ва тақвимдан хурсанд эмасликлари тайин. Дейлик, улар Эрон термасининг Сеулга иккинчи таркиб билан ташриф буюришига умид боғлаш баробарида ЖЧга чиқиш имкониятидан деярли мосуво бўлган хитойликларнинг ўз майдонларида бизнинг жамоага қарши бор куч билан ўйнамасликлари эҳтимолини эътибордан соқит қилишмаяпти.

Ж.Кореянинг айрим нашрларида Эрон термаси билан ўйин учун Сеулдаги стадион танлангани танқид остига олинмоқда. Аниқроғи, футбол ассоциациясига ҳаққоний ҳийла ишлатиш хислати етишмаётган экан. Журналистларнинг айтишларича, ўйинни бирор чеккароқ ҳудудга суриш орқали форсларга йўл азобини кўпайтириш ва шу аснода уларни ҳолсизлантириш фойда берарди. Лекин биламизки, Эрон термаси учун бундай «финт»лар чўт эмас. Буни олдинги саралаш циклларида кўп кузатганмиз.

Айни пайт 47 ёшли Шин Тае Йонгнинг Ули Штиликедан фарқ­ли ўлароқ, футболчилар билан тезда тил топишиши тахмин қилинмоқда. Сўнгги пайтлар унинг севимли клуби - «Сеонгнам»дан терма жамоага футболчи чақирилмаётганди. Энди яқин орада 25 ёшга тўладиган ҳужумчи Хванг Уи Жо олдинги чизиқда Ли Кеун Хо билан тандем ҳосил қилса, ажабмас. Алоҳида таъкидлаш жоиз, Ж.Корея терма жамоаси бу сафарги ЖЧ саралаш босқичи давомида етарлича танқидларга учради. Кўпчилик ҳаттоки, «Корейс футболи Осиёдаги ўз ўрни ва услубини йўқотиб қўйди!» қабилида эътироз билдирмоқда. Хуллас, Шин Тае Йонг зиммасида корейс футболига янгилик олиб кириш ва умумий ҳолатни ижобий томонга буришдек мураккаб вазифа турибди. Буни нечоғли уддалашини эса вақт кўрсатади.

Президентнинг янги ғояси иш берадими?

Мамлакат ОАВ маълумотларига таяниб айтсак, терма жамоанинг ЖЧ саралаш босқичи доирасидаги охирги 2та ўйини Ж.Корея футбол ассоциацияси президенти Чунг Монг Гю тақдирини белгилаб бериши мумкин. Яъни жамоа финиш маррасида ЖЧ-2018 йўлланмасини қўлга киритолмаса, унда ассоциация раҳбари истеъфога чиқади ва корейс футболида катта инқилоб амалга оширилади. 55 ёшли Чунг Монг Гю 1988 йили Оксфорд университетининг сиёсат, фалсафа ва иқтисод йўналиши бўйича магистр даражасини олган. 1994-1996 йилларда «Ульсан Хюндай» клуби соҳиби саналган. Ж.Корея футбол ассоциацияси президенти лавозимига эса 2013 йили сайланган. Монг Гю 1997 йили жаҳон иқтисодий форумида «Эртанги куннинг 100 нафар глобал етакчиси» рўйхатидан жой олганди. Ассоциация бошқарувчиси июнь ойи охирларида маҳаллий ОАВга интервью берар экан, шундай деганди: «Миллий жамоа ва U-23 термасига яхши савиядаги мураббийлар таклиф этиш ҳаракатидамиз. Хавотирга ўрин йўқ». Хуллас, Шин Тае Йонг номзоди айнан унинг тавсияси бў­йича танлангани эҳтимоли катта.

Айтганча, Чунг Монг Гю ЖЧ-2030ни Ж.Корея, Япония, Хитой ва КХДРда ташкилллаш учун биргаликда курашиш ғоясини илгари сурди. У қўшма ариза ҳақида аллақачон ФИФА­га хабар жўнатган. Лекин мазкур ғояга бошқа тарафларнинг муносабатлари қандайлиги хусусида аниқ маълумот йўқ. Дейлик,  КХДР вакиллари бунга қарши чиқсалар керак.

Айтганча...

Шин Тае Йонг германиялик мутахассис ишлатмаган режадан фойдаланмоқчи

Шин Тае Йонг Жанубий Корея термаси бош мураббийи ваколатини қўлга олгач, илк матбуот анжуманида ўз фикр­ларини равон баён этди: «Миллий жамоамизни қийин аҳволда қабул қилганимга қарамай, бундан фархланаман ва юксак ишонч учун мамлакат футбол ассоциацияси президенти, Техник қўмита ва ташкилот расмийларига миннатдорчилик билдираман. Ж.Корея термаси қаторасига 9-марта ЖЧга чиқиши учун барча имкониятларни ишга солишим тайин. Бу жамоада олимпия ёки U-20 термасидаги ишимдан фарқли равишда, мамлакатнинг энг яхши футболчиларини танлаш ҳуқуқига эгаман. Агар футболчи менинг услубимга тўғри келса, унинг клубда ўйин амалиётига эга эканлиги ёки йўқлигидан қатъий назар, терма жамоага таклиф этаман. Кўпчилик Сон Хюн Мин «Тоттенхэм»­да миллий жамоадагидан анча яхши ўйнашини таъкидлайди. Мен Ули Штиликега ўхшамайман. Яъни у ишлатмаган режадан фойдаланиб, Сон Хюн Минни бошқача усулда ўйнатаман».

46 ёшли мутахассис якунда футболчилик давридаги армони, мураббий ролидаги орзуси ҳамда ЖЧ-2018 саралаш босқичининг қолган 2та ўйинида нималарга эътибор қаратиш кераклиги хусусида ҳам гапирди: «Футболчиликка боғлиқ битта армоним бор - жаҳон чемпионатида иштирок этиш насиб қилмади. Бу ишни мураббий ролида бажаришга тайёрман. Жанубий Корея термаси Осиёда ҳеч қайси жамоадан кам эмас. Айни пайт аввало, ҳимоявий ўйинга эътибор қаратишимиз керак. Ўйлайманки, мустаҳкам ҳимоя ташкил қилишга қодирмиз. Чунончи, саралашнинг қолган 2та ўйинида эҳтиёткорликни оширишимиз шарт. Дейлик, битта гол билан чекланиш эвазига бўлсада, барқарор ҳимоявий ўйин намойиш қилишимиз талаб этилади». Маълумот учун эслатма, корейслар 31 август куни ўз майдонларида Эрон термаси билан куч синашишади ва 5 сентябрда Тошкентда миллий жамоамизга қарши майдонга тушади.

ФИКРАТ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz