Қайднома

Қидирув

«Шальке» тарбиялаган юлдузлар билан танишинг! (+фото)

«Шальке» тарбиялаган юлдузлар билан танишинг! (+фото)

  20.07.2017 09:23
  0
  1673
«Шальке» тарбиялаган юлдузлар билан танишинг! (+фото)

«Шальке» хавбеки Леон Горецка Конфедерациялар кубогида ўзгача ёғду сочди. Янги кўринишдаги Германия термаси ярим ҳимоясидан жой олган ёш футболчи айниқса, ярим финалда 2та аниқ зарбаси орқали қайсидир сабабларга кўра, бундеслига ўйинларини томоша қилмайдиган мухлислар эътиборини ҳам ўзига қаратди.

Аслида немис футболи ихлосмандлари ушбу супериқтидор билан яхши танишлар. Дейлик, «Бавария»нинг Леонга кўз тикканига анча бўлди. Мюнхенликлар шу ёздаёқ Горецкани харид қилиб, Хаби Алонсо ўрнини ёпишни ўйлагандилар, бироқ чамаси 25-30 млн. евро тежашни ўйлашди, чоғи.

Чунончи, келажаги порлоқ йигит яна бир йилдан сўнг озод агентга айланади ва бундеслига байроқдори бир чақа сарфламай, уни ўз томонига оғдириши мумкин. Лекин қуйида фақат Горецка эмас, балки «Шальке»нинг бошқа тарбияланувчилари ҳақида ҳам гаплашамиз.

Зеро, бу клуб охирги 10-12 йилда еврофутболни мунтазам юлдузлар билан таъминлаб келмоқда. Умуман олганда, Гельзенкирхен жамоаси шахсий мактаби, селекцион ишлари ва ажойиб иқтидорларни кашф қилиш тизими билан фахрланишга ҳақли.

Тўғри, қуйида эътироф этилаётган барча футболчилар болалик чоғиданоқ «Шальке» бағрида шуғулланишмаган, лекин уларнинг ҳар бири УЕФА мезони бўйича клуб тарбияланувчисидир.

Ҳарқалай, ҳозирги қоидаларга кўра, 15-21 ёшли даврида 3 йил ёки кўпроқ вақт клуб рўйхатида турган футболчи унинг шахсий тарбияланувчиси ҳисобланади.

Месут ОЗИЛ (трансфер нархи — 50 млн. евро)

Жамоаси: «Арсенал»

Озил айнан Гельзинкирхенда туғилган, аммо болалик йиллари турли спорт мактабларида таҳсил олиш билан ўтган. Асли турк йигитининг ҳозирги даражага чиқишида отасининг хизмати катта. Чунончи, катта Озил ўғлидаги алоҳида иқтидорни вақтида пайқаб, уни дарҳол муносиб мактабга жойлаштирган. Месут илк профессионал шартномасини камтарона «Рот-Вайсс Эссен» клуби билан тузди. Лекин «Шальке»нинг синчков селекционерлари кўп ўтмай, 16 ёшли ўспиринни ўз жамоалари сафига қўшиб олишди. Шу тариқа Месут атиги 1 йилдан сўнг «Шальке» ёшлар таркибидан асосий жамоага «сакради». Ўша вақт «Шальке» таркиби жуда кучли эди ва Озил жонажон шаҳри жамоасида кўп вақт қололмайди. Натижада отаси - Мустафо тавсиясига кўра, «Вердер» сафига қўшилиб, Томас Шааф қўл остида ўйнайди. Айтганча, «Шальке» бу тарбияланувчиси эвазига 5 миллион евро ҳам олган эмас.

Мануэль НОЙЕР (трансфер нархи — 40 млн. евро)

Жамоаси: «Бавария»

«Шальке» мухлислари Нойерни ҳали-ҳамон сотқинликда айблашади. Негаки, Гельзенкирхенда вояга етган ва 4 ёшидан шу жамоага «боғланган» кипер якунда «Бавария»га ўтишни маъқул кўрди. Аслида-ку, бундай танлов учун Мануэлни айблаш унча тўғри эмас. Ахир ҳар бир инсон мустақил қарор чиқариш ҳуқуқига эга. Хуллас, «Фельтинс Арена» ёқимтойи 2011 йили «Бавария» билан шартнома тузиб, фаолиятидаги энг катта қадамлардан бирини ташлайди. Мана, Нойер шу-шу Гельзенкирхенда ҳар сафар мухлисларнинг ҳуштакбозликка йўғрилган «илиқ» қабулларига учрамоқда. Ваҳоланки, асосий гап голкипер ёки мухлисларда ҳам эмас. Шунчаки, «Шальке» раҳбарияти Нойер учун таклиф этилган 30 миллион евродан воз кечолмаганди. Сабаб - футбол соф бизнес. Факт шуки, «Шальке» тарбияланувчиси ўша вақт жаҳоннинг иккинчи қимматбаҳо киперига айланиб, клуб ғазнасини сезиларли даражада тўлдирганди. Боз устига, гельзенкирхенликларга ҳар доим ҳам ўз юлдузлари билан хайрлашиш чоғи лоақал, 1 евро ишлаш насиб этмайди... 

Лерой САНЕ (трансфер нархи — 35 млн. евро)

 

Жамоаси: «Манчестер Сити»

«Шальке» тарихидаги энг яхши трансферлардан бири. Эътибор беринг, гельзенкирхенликлар Сане трансфери учун «шаҳарликлар»дан 50 миллион евро олишди. Яъни жамоа раҳбарлари бу сафар юксак иқтидор эгасининг шартномаси тугашидан олдинроқ бир тўхтамга келишди. Ахир «Манчестер Сити» дуч келган ҳар бир 20 ёшли йигитча учун шунча тўлайвермайди. Сане «Шальке» мактабидаги 9 йиллик таҳсилдан кейин «Байер»да тажриба ошириб, клуб сафига қайтганди. Унинг юқори тезлиги, дриблинг салоҳияти, 2-3 нафар рақиб орасига қўрқмай кириб боришини кўрган «Сити» раҳбарлари охир-оқибат, катта харажатдан тийилишмади. Энг муҳими, Лерой трансфери ортидан «Шальке»нинг молиявий аҳволи анча ўнгланди.

Юлиан ДРАКСЛЕР (трансфер нархи — 35 млн. евро)

Жамоаси: «ПСЖ»

Юлиан 8 ёшидан «Шальке» тизимида шуғуллана бошлади. 17 ёшу 117 кунлик чоғи эса жамоанинг асосий               таркибида майдонга тушиб, бундеслига тарихидаги энг ёш 4-дебютант бўлди. Аввалига асосан захирадан ўйинга қўшиладиган йигитча Германия кубоги доирасида «Нюрнберг»га қарши кечган учрашувнинг 119-дақиқасида узоқ масофадан йўллаган зарбаси билан  «Шальке»га ғалаба тақдим этди. Яна 2 ойдан сўнг Дракслер Германия кубогини боши узра баланд кўтарди. Гельзенкирхенликлар финалда «Дуйсбург»ни 5:0 ҳисобида енгиб, ўз тарихларидаги охирги муҳим совринни расмийлаштиришди. 2014 йилга келиб, футболчи Германия термаси билан жаҳон чемпионати тахтига кўтарилди ва вақт ўтиб кетаётганини сезиб, гранд жамоалардан бирига ўтишни хоҳлаб қолди. Яъни «Шальке» раҳбарларидан ўзини ЕЧЛда ўйнайдиган бирор жамоага сотишларини сўради. Шу тариқа Дракслер трансфери 2015 йил амалга ошди - «Вольфсбург» унинг учун 43 миллион евро тўлади. Дарвоқе, Конфедерациялар кубоги-2017нинг энг яхши футболчиси мақоми айнан Юлианга насиб этди.

Жоэль МАТИП (трансфер нархи — 25 млн. евро)

Жамоаси: «Ливерпуль»

Матип Бохумда таваллуд топиб, 8 ёшидан «Шальке» мактабига қатнай бошлади. Мураббийлар кейинчалик уни турли позицияларда синаб кўришди. Дейлик, Жоэль профессионал футболга таянч ярим ҳимоячиси сифатида кириб келди. Яъни «Шальке»нинг асосий таркибидаги дебют ўйинида ярим ҳимоячи вазифасини бажарган Матип меҳмонда «Бавария» дарвозасига аниқ зарба йўллаб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди. Кейинчалик асли камерунлик йигитни ҳимояга суришди. Бироқ Матипнинг орқа чизиқдаги ҳаракатлари тинмай танқид қилинди. Ваҳоланки, у унчалик ёмон ўйнамаётган, балки бутун жамоанинг иши юришмаётганди. Муҳими, жиддий эътирозларга қарамай, бўйдор ҳимоячига талаб пасайгани йўқ. Мана, аввалги ёз Юрген Клопп уни «Ливерпул»га чорлади. Эътиборлиси, «қизиллар» бақувват камерунлик учун бир тийин ҳам беришмади. Ваҳоланки, ўша пайт Матипнинг трансфери 18 млн. еврога баҳоланаётганди. Хуллас, Жоэлнинг имкониятларини яхши билган Клопп клуб раҳбариятини унга муносиб шахсий шартнома таклиф этишга кўндирди.

Леон ГОРЕЦКА (трансфер нархи — 23 млн. евро)

Жамоаси: «Шальке»

«Шальке» селекционерлари Горецкани бундан 3 йил муқаддам «Бохум»дан 3,3 млн. еврога сотиб олишганди. Гельзенкирхенликлар харидни расмийлаштириш чоғидаёқ янги авлоднинг энг иқтидорли вакилларидан бирига эга бўлишганини яққол сезишган. Аммо жароҳат ва ошқозон тизимига боғлиқ хасталик Леоннинг иқтидори юзага чиқишини бир неча  йил ортга сурди. Шунга қарамай, ярим ҳимоячи аввалги ёз сафга қайтиши ҳамоно жамоа мухлислари унга  «Шальке»нинг янги етакчиси сифатида қарашди. Муҳими, футболчи бу ишончга муносиб жавоб бериб, бирин-кетин рақиблар дарвозасини ишғол қила бошлади. Натижада «ўткир» кўзли Йоахим Лёв йигитчани Германия миллий жамоасида синаб кўришни пайсалга солгани йўқ. Ҳар ҳолда, кўпчилик Горецканинг Конфедерациялар кубоги «заявка»сига киришини кутмаганди. Мана, воқеаларнинг кейинги ривожи шуни кўрсатдики, Леон жамоада Сами Хедира билан бемалол рақобатлашиш салоҳиятига эга. Тўғри, унинг Тони Кросс даражасига етишига бироз эрта. Энг аламлиси эса, «Шальке» шундай тарбияланувчиси ортидан ҳам ҳеч вақо ололмайди, шекилли.

Бенедикт ХЁВЕДЕС (трансфер нархи — 18 млн. евро)

 

Жамоаси: «Шальке»

Хёведес — «Шальке»нинг тирик афсонаси. У 2001 йилдан буён клуб шарафини ҳимоя қилмоқда. Хуллас, Бенедикт 16 йиллик фаолияти давомида жамоанинг оғир ва яхши кунларини кўрди. Дейлик, бу орада Германия чемпионати кумуш медали соҳибига айланди, шунингдек, миллий кубок ва суперкубок совриндори бўлди. Асосийси, гельзенкирхенликлар сардори Германия термаси билан Бразилияда жаҳон чемпионлигини тантана қилди. Умуман, 29 ёшли Хёведес футболдаги йўлидан нолимаса ҳам бўлаверади. Ахир Гельзенкирхен жамоаси «мотори» сифатида мухлислар қалбини тўлиқ забт этганининг ўзи катта гап. Тўғри, у ҳам вақтида кучлироқ клуб сафига қўшилишни ўйлаган, аммо омадсизлик панд берган. Яъни оғир жароҳат сабаб, грандлар сафига қўшилиш орзуси амалга ошмади. Энди эса кетиш ҳақида ўйламайди, бундан маъно ҳам йўқ. Демакки, Хёведес бутун фаолиятини битта жамоага бағишлаган кам сонли футболчилар қаторидан жой олса, ажабмас.

Сеад КОЛАШИНАЦ (трансфер нархи — 15 млн. евро)

Жамоаси: «Арсенал»

Қанчалик ғалати туюлмасин, Сеад ҳам «Арсенал» таркибини эркин агент мақомида тўлдирди. Гап шундаки, Карлсруэ шаҳрида туғилган асли босниялик йигит «Шальке» билан шартномаси муддатини узайтиришни истамади ва Арсен Венгер бундан унумли фойдаланди. Айтиш ўринли, Колашинац Гельзенкирхен клубига 18 ёшида «Штутгарт»дан кўчиб ўтганди. У бир неча йил давомида клуб паноҳида бўлиб, нимжон ва бироз бесўнақай йигитдан универсал ҳимоячига айланди. Сеад айни пайт орқа чизиқнинг чап қаноти ва марказида, шунингдек, таянч ярим ҳимоя ҳудудида бирдек ишончли ҳаракатланади - чинакам «олтин». Биргина камчилиги - жароҳатга нисбатан мойиллиги. Айнан шу ҳолат Колашинацнинг барқарор ўйнашига халақит беради. Факт шуки, ҳимоячи янги мавсумни дунёнинг энг кучли лигасида ва машҳур клубда бошлайди. «Шальке»нинг яна қуруқ қолганига келсак, бунга аввалги раҳбарлар жавоб беришлари керак. Зеро, улар вақтида Сеадни шартнома муддатини узайтиришга кўндира олишмаган.

Макс МАЙЕР (трансфер нархи — 14 млн. евро)

Жамоаси: «Шальке»

«Шальке»нинг яна бир иқтидори. Макс 2009 йилдан буён Гельзенкирхенда ўйнамоқда. Германия термаси таркибида 4та учрашув ўтказишга улгурганига қарамай, Йоахим Лёв уни Конфедерациялар кубоги «заявка»сига киритмади. Чунки охирги мавсум Майер учун унча яхши ўтмади - асосан захирадан майдонга тушиш билан чекланди. Аслида у сифатли футбол кўрсатиш масаласида тенгқурларидан сира қолишмайди. Энди савол: яна бир йилдан кейин «Шальке» билан шартномаси муддати тугайдиган футболчининг кейинги тақдири қандай кечади? У Гельзенкирхенда ўйнашда давом этиб, «Шальке» етакчиси бўлишга уринадими ёки айримлар каби катта клубларга «қочиб», жамоани ҳеч вақосиз қолдиради? Буни вақт кўрсатади, албатта.

------------------------------------

Изоҳ: трансфер суммалари transfermarkt.de сайти маълумотлари бўйича келтирилган.

А.ЭШОНХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz