Қайднома

Қидирув

Чийриқда чиниққан чемпион ёхуд Йоахим Лёвнинг ҳаёт йўли ҳақида

Чийриқда чиниққан чемпион ёхуд Йоахим Лёвнинг ҳаёт йўли ҳақида

  21.07.2017 06:17
  0
  829
Чийриқда чиниққан чемпион ёхуд Йоахим Лёвнинг ҳаёт йўли ҳақида

Конфедерациялар кубоги-2017га иккинчи таркиб билан ташриф буюрган Германия терма жамоаси мусобақа ғолибига айланди. Муваффақиятнинг асосий сабабчиси сифатида яна Йоахим Лёв эътироф этилмоқда.

Биз эса Бундестимнинг бош мураббийи ҳақида дурустроқ маълумотга эга эмасмиз. Жиддий ислоҳотларга дадил қўл урадиган мутахассис мураббийлик соҳасига қандай келган?

Унинг футболчилик фаолияти қаерда кечган? Шу каби саволлар кўпчиликни қизиқтиради, деган умиддамиз.

Дарҳақиқат, Йоахим Лёв футболчилик фаолиятини Швейцария чемпионатининг иккинчи лигасида ўтказган. «Шаффхаузен» таркибидаги ўйинларидан сўнг у ечиниш хонасини ҳаммадан кейин тарк этарди - ювиниб бўлгач, хотиржамлик билан сочларини тарар, ташқи кўринишидан кўнгли тўлганидан кейингина ташқарига йўл оларди. Уни кутиб турган журналистлар эса зое кетган қимматли вақтлари учун афсусланишмасди.

Чунки Лёв уларнинг саволларига тўлиқ жавоб қайтарган ҳолда, ўйинни шошмасдан таҳлил қиларди. Муҳими, ўз мулоҳазалари билан суҳбатдошларини қизиқтириб қўярди. Ваҳоланки, футболчи устози Рольф Фрингердан олган сабоқлари асосида фикр юритаётган бўлсада, мулоқот жонли ва қизиқарли кечарди.

Иккинчи лига ярим профессионал футболчилардан ташкил топган бўлиб, фаровон ҳаёт кечириш учун футболдан ташқари қандайдир бош­қа касб билан жиддий шуғулланишни талаб этарди. Улар орасида боғбон, қурувчи, ҳайдовчи ва бошқа касб эгаларини учратиш мумкин эди.

Лёв ҳам фаолиятининг каттагина қисмини футболдан йироқ соҳада ўтказишга мажбур бўлган. Душанбадан шанбагача у вақтини Danzas Transport AG фирмасининг димиққан офисида ўтказар, турли ҳисобот ва чизмалар билан банд бўларди.

Фақат дам олиш кунлари суюкли «Шаффхаузен» таркибида майдонга тушиб, ўзини қушдек енгил ҳис этарди. Тўғри, транспорт-экспедиция компаниясидан иш топиш Лёвга қи­йинчилик туғдирмади - айнан шу ташкилот жамоанинг расмий ҳомийси эди. Йоахимнинг жамоадоши Аксель Тома ҳам шу фирмада ишлаган, фақат унинг офиси бошқа қаватда жойлашган эди.

Томанинг айтишича, Лёв хизмат доирасида ўта камгап мутахассис бўлган. Футбол майдонида эса уни тўхтатиб бўлмасди. Шаффхаузеннинг жажжигина шаҳарча (30000 аҳолиси бор) эканини ҳисобга олганда, кўпчилик касбдошлари унинг мухлиси бўлишган. Табиийки, уларнинг ўзаро суҳбатлари асосан футбол мавзусида эди:

- Салом, Том! Портда маҳсулотлар ҳужжатларини қабул қилиб ол. Хўш, ўзинг қалайсан, ошна?

- Раҳмат, ёмон эмас. Бу сафар қайси жамоа билан ўйнайсизлар,  Йоги?

- Сафарда, «Волен»га қарши. Боришга улгурасанми?

- Муаммосиз. Ишдан кейин улфатларни олдимга ўтказаман-да, соатига 240 километр тезлик билан учаман. Кўрасан, автобусга етиб оламан. Хавотирланма, мухлисларсиз қолмайсан.

Том Гайсиндан ташқари, фирмада Лёвнинг таниқли мухлислари ҳам анчагина эди. Масалан, бошқалардан бежирим кийиниши билан яққол ажралиб турадиган ёш олифта амалдор Йогини кўнгилочар Германия сафарига таклиф этарди. Аммо Лёв футбол майдонида «шўхлик» қилишни афзал кўрарди.

Тиғиз иш режими ва футбол машғулотлари Йогидан катта куч талаб қилсада, қўшимча машғулотларга ҳам вақт топарди. 90-йилларда ўз жамоадоши Аксель Тома билан ҳамкорликда ипак бўйинбоғларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонага асос солди.

Маҳсулотни реклама қилиш учун эса шаҳар автопарки билан шартнома имзолаб, автобус ҳайдовчилари махсус бўйинбоғларда рейсга чиқишларини ташкил этди. Ўзи ҳам Тома билан Монтана суратлари туширилган бўйинбоғларда юришга одатланди.

Бундан ташқари, одамлар гавжум бўладиган жойларда савдо ташкил этди. Тез орада Лёв бизнесдан воз кечишга мажбур бўлди. Боиси, «Шаффенхаузен» қуйи лигага тушиб кетиш хавфи остида қолганди. 1990 йилнинг охирида жамоани инқироздан халос этиш Рольф Фрингерга юклатилди. Йогидан уч ёшга катта бу футболчи ўйновчи мураббий вазифасида эди.

Айнан шу йигит Лёвда мураббийлик касбига қизиқиш уйғотди. Фригернинг тажрибали миттигина жамоада ўтказган ижобий ўзгаришларининг таъсири янада кучлироқ эди. Мана шу ўзгаришлар жамоа сардори сифатида майдонга тушаётган Лёвда ўчмас из қолдирди.

У мураббий ғояларини амалга оширадиган асосий ижрочи эди. Шу билан бирга Лёвда мураббийларга хос фикрлаш, дунёқараш шаклланиб борди.

Фрингер билан ҳамкорликда ўтган фаолиятдан сўнг Йоги мураббийликдан кўра қизиқарлироқ касб йўқлигига юз фоиз амин бўлди: «Шаффенхаузенда ўтган сўнгги уч йил ҳаётимнинг қаймоғи бўлди. Шу пайтга қадар ҳеч ким Фрингер каби фойдали сабоқ бермаганди.

Биз бир авлод вакиллари бўлсакда, ундан руҳшунослик, ўйин тактикаси, шахснинг шаклланиши ва бошқа масалаларда бебаҳо маълумотларни олдим. Жамоамизда чинакам футбол юлдузлари пайдо бўлганлигини сезмай ҳам қолдим». «Шаффенхаузен»да Йоахим Лёв кашф этган 18 ёшли маҳаллий футболчи либеро позициясидаги етук ўйинлари билан жамоадошларидан яққол ажралиб турарди.

Орадан, 22 йил ўтгач, у мураббий сифатида «Челси» билан ЕЧЛ турнирида ғолиб чиқди! Бу италиялик Роберто Ди Маттео эди. 1992 йили Шаффенхаузендаги барча муаммолар муваффақиятли ҳал этилгач, Лёвнинг фаолияти ҳам якунига етди.

Устози Рольф Фрингер ҳам юқорилаб, «Аарау»ни қабул қилди ва илк мавсумдаёқ ички чемпионатда шоҳсупага кўтарилди. Лёв эса «Вентертура»дан таклиф олиб, эски қадрдони Аксель Тома билан жамоа бошқарувини қўлга олишди.

Уч йилдан сўнг Фрингер уни «Штутгарт»га ассистентликка таклиф этди, кейинги мавсумда Йоги бош мураббий мақомида «шваблар» билан Германия кубогини қўлга киритди. Хуллас, имтиҳон аъло баҳога топширилди.

Энди эътиборингизга Швейцариянинг чекка бир шаҳарчасидаги уч йиллик фаолиятидан кейинги якуний хулосани ҳавола этамиз: ҳар қандай жамоага фақат мураббий ҳаёт бахш этади.

Вақт ўтиб, унинг ўзи ўша ҳаётни қайтариб олади. Агарда жамоани ўз вақтида тарк этишни билмаса! Масаланинг нозик жиҳати ҳам шунда - юз бериши мумкин бўлган фалокатга йўл қўймаслик!

Ишончимиз комил, Бундесманн­шафтни тобора муваффақиятли бош­қариб бораётган ёш, лекин тажрибали мураббий ҳали-вери бу борада бош қотирмаса ҳам бўлаверади.

Ахир унинг навқирон жамоаси нималарга қодирлигини мундиал арафасидаги сўнгги «репетиция»да намойиш этди. Шубҳа йўқки, амалдаги жаҳон чемпиони ЖЧ-2018га ҳам асосий фаворит сифатида ташриф буюради.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz