Қайднома

Қидирув

Хави: «Бош мақсадим – «Барселона»да ишлаш»

Хави: «Бош мақсадим – «Барселона»да ишлаш»

  22.07.2017 02:36
  0
  698
Хави: «Бош мақсадим – «Барселона»да ишлаш»

Бетакрор Хави Эрнандес шу ҳафта Австрияда «Ал-Саад» сафидаги шериклари билан мавсумолди тайёргарлик жараёнига киришади.

Бўлажак мавсум унинг учун Қатардаги учинчи ва бутун футболчилик фаолияти бўйича охиргиси бўлиши мумкин. Зеро, таниқли ярим ҳимоячи яқин келажакда мураббийлик соҳасига қадам қўймоқчи. Хавининг Mundo Deportivo мухбири билан суҳбати шундан далолат...

- Мана, ёшингиз 37дан ўтди ва ҳамон тўп суряпсиз. Яна қанча муддат ўйнамоқчисиз?

- Камида бир йил. Айни пайт ўзимни яхши ҳис қиляпман. Ўйнаш баробарида мураббийлик сирларини ўзлаштиряпман, турли тактик услублар билан танишяпман. Бу тажриба келажакда асқотишига ишонаман. Хуллас, бугунги асосий вазифам - футболчиларга сабоқ беришнинг самарали усулларини ўрганиш.

- Келаси йили «Барселона»да дебют қилганингизга роппа-роса 20 йил тўлади...

- Вақтнинг тез ўтишини қаранг. Айниқса, ишлар юришиб турганида, унинг қандай ўтганини сезмай қоласан. Яъни мунтазам равишда майдонга тушиб, шонли ғалабаларга эришсанг, йиллар сониялардек ўтиб кетади. Аммо уларнинг гашти ўзгача.

- Ҳозир футболчи сифатида мулоҳаза юритяпсизми ёки мураббий мақомида?

- Ўйлашимча, 50х50 нисбатида. Ўйин стратегияси ўлароқ, бўлажак жамоамни тасаввур қилишга уринаман. Шу билан бирга «Барселона» анъаналари хусусида мушоҳада юритаман. Бундай пайт мураббийга ўхшаб кетаман. Бироқ футболчиларга хос ўй-фикрлар ҳам мени тарк этган эмас. Ахир ҳамон майдондаман.

- Тасаввурингиздаги жамоа «Барселона», шундайми?

- Яширмайман, бу бош мақсадим! Айнан «Барса»да ишлашни истайман. Мураббийликдан бошқа лавозимда бўлса ҳам, майли. Тўғри, офисда диққинафас бўлиб ўтиришдан кўра, мураббийлик билан шуғулланганим мароқлироқ. Аммо бу орзуни рўёби йўлида кўпроқ тер тўкиш, тинмай изланиш талаб этилади. Тажриба ҳам катта аҳамиятга эга, албатта.

- Қизиғи, бир неча йил муқаддам ўзингизни мураббий ролида тасаввур қилолмаслигингизни айтган эдингиз. Қандай ўзгариш юз берди?

- Эсимда, ёшлар жамоасида ўйнаганимда ҳам, худди шунга ўхшаш ҳолатга тушгандим. Яъни ўшанда ўзимни «Барса»нинг асосий таркибида тасаввур қилолмаганман. Ўзи дунёқараш ўзгариб турадиган хилқат. Бир неча йил аввал Йохан Кройфф шундай деганди: «Дунёдаги энг ҳузурбахш юмуш - ўйнаш, иккинчи яхши иш  - мураббийлик курсисида ўтириш!» Хуллас, келажагимни идора хизматчиси эмас, мураббийлик ролида кўряпман.

- Сиздан қандай мураббий чиқишини кузатишни ҳамма бирдек сабрсизлик билан кутаётгани тайин.

- Табиатан устозликка мойилман. Бу борада айрим таклифлар ҳам йўқ эмас. Бироқ ҳозир чалғимаслигим керак. Биринчидан, машғулотлардан четда қолишимга тўғри келади, иккинчидан, ҳали мураббийлик лицензиясига эга эмасман. Лицензия олиш учун эса Мадрид ёки Барселонага боришим керак, бироқ ҳозирча бўш вақтим йўқ.

- Қатар терма жамоаси мураббийлар штабига кириш сиз учун мақсадга эришишнинг биринчи босқичими?

- Ҳа, бу муҳим қадам бўлишига шубҳам йўқ. Ўйлашимча, қатарликлар танловда адашмадилар. Феликс Санчес кўнгилдагидек иш юритмоқда, малака ва тажрибаси етарли. Унга Серхио Аллегро кўмаклашмоқда ва мен ҳам қўлимдан келганича ёрдам беришга тайёрман. Бундай жамоанинг бир бўлаги бўлиш - фахр.

- 2 йилдан буён Қатарда яшаяпсиз. Испанияликларга бу мамлакат хусусида қандай маълумотлар бера оласиз?

- Доимо дилимдагини тилимга чиқаришга одатланганман. Қатарда бўлмаган кишиларга маслаҳатим битта: албатта, бир саёҳатга чиқинг. У ерда фаровон ҳаёт кечириш мумкин, хорижликларга муносабат яхши. Хуллас, фақат ижобий фикрлар бирдиришим мумкин. Ўзига хос дин ва маданият мавжудлиги ўз-ўзидан тушунарли. Буни ҳурмат қилишимиз шарт.

- Бугунги «Барселона» ҳақида қандай фикрдасиз?

- Олисда бўлсамда, жамоани мунтазам кузатиб бораман. Ҳозирда дунёнинг энг яхши футболчилари - Месси, Неймар ва Суарес «Барса» таркибида тўп суришмоқда. Иньеста, Бускетс ва Пике ҳам ажойиб, Хорди Альба ва тер Штеген улардан қолишмайди. Жамоа яна 3-4 нафар ўйинчи билан таркибни кучайтирмоқчи. Хуллас, каталонияликлар юксак вазифаларни бемалол уддалашга қодирлар.

- Хўш, Вальвердега қандай баҳо берасиз?

- Раҳбарият мураббий танлашда оқилона иш тутиб, тўғри қарорга келди. Вальверде ишлашга шай, билим ва тажрибаси етарли. Унинг «Барса»даги ўйин амалиёти аҳамияти ҳам катта. Қолаверса, у клубни яхши биладиган Позанко билан ҳамкорликда иш олиб боради.

- Мессининг тўйи баҳона узоқ Аргентинада собиқ жамоадошларингиз билан дийдорлашдингиз. Улар янги мураббий ҳақида нима дейишди?

- Дарҳақиқат, жамоа ҳаётининг янги босқичи хусусида кўп суҳбатлашдик. Барча футболчилар бош мураббийдан хурсандлар ва уни қўллаб-қувватлашлари аниқ. Жамоа охирги мавсумда ягона соврин билан чекландики, бу нисбатан омадсизлик сифатида қабул қилинади.

«Мадрид» мухлислари бунга алоҳида эътибор қаратишлари аниқ. Шундай экан, сара футболчиларни жамлаган «Барселона»да янги ғалабалар сари интилиш учун катта асос бор.

- Хусусан, Месси янги шартномага имзо чекди...

- «Барса» учун энг муҳим янгилик шу! Ахир жамоа Мессига, Месси эса жамоага муҳтож.

- Эҳтимоли бор Верратти трансферига қандай қарайсиз?

- Ажойиб юриш. У ўз позицияси бўйича 3 нафар етакчидан биридир. Жисмоний ва техник жиҳатдан юксак савия соҳиби.

- Верраттининг трансфери масаласида жамоага ёрдам бера оласизми? Яъни Қатардаги алоқалар воситасида «ПСЖ» соҳибларига таъсир ўтказишингиз мумкинми?

- Бундай қилишни хаёлимга ҳам келтирмайман! Зимдан иш тутишга хушим йўқ.

- Кўпчиликнинг фикрича, Верратти айнан сизнинг услубингизда тўп сурар экан...

- «Хави услуби» ҳамон мавжуд. Умуман, Иньеста, Бускетс, Ракитич, Денис Суарес ва Месси каби юлдузлар ижросидаги ўйин услубини «Барселона»ники сифатида баҳолаш мумкин. Тўғри, охирги мавсум натижалари айрим муаммолар борлигидан далолат. Лекин жамоанинг умумий спорт формаси талаб даражасида.

- Нима деб ўйлайсиз, Иньестанинг айни ҳолати Хавининг Испаниядаги сўнгги мавсумини эслатмаяптими?

- Йўқ, Андрес ҳамон барча муҳим баҳсларда майдонга тушмоқда. Мен эса охирги мавсум давомида кўплаб ўйинларни ўтказиб юборгандим. Иньеста кетишга шошилмаслиги керак. У «Барса»да мақташга арзигулик из қолдирди, Испаниянинг энг яхши футболчиларидан бирига айланди. Агар спорт формасини талаб даражасида сақлай олса, шартномани бемалол узайтириши мумкин. Буниси энди ўзига ҳавола.

- «Реал»нинг қаторасига икки марта ЧЛ ғолиби бўлгани ва тўхтовсиз кучайиб бораётгани сизни хавотирга солмаяптими?

- Дарҳақиқат, «Реал» - кучли жамоа. Умидворманки, жамоам янги мавсумда мадридликлар ҳукмронлигига чек қўяди. «Барса»нинг худди Гвардиола давридагидек яққол устунликка эришишини таъкидлаш фикридан йироқман.

Лекин аминманки, муносиб қаршилик кўрсатишга кучи етади. Тушунарлики, «Барселона» ҳам Ла-лига, ҳам ЧЛда ғолиб чиқишни истайди. «Реал» эса тараққиётдан ортда қолмасликка ҳаракат қилади.

Ахир уни Зидандек машҳур юлдуз бошқармоқда. Буюк Зизунинг мураббийлик йўналишидаги ютуқларига муносиб баҳо бермаслик - адолатсизлик!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz