Қайднома

Қидирув

Юрген Клопдан ажабтовур ва «ўткир» фикрлар

Юрген Клопдан ажабтовур ва «ўткир» фикрлар

  21.07.2017 23:25
  0
  682
Юрген Клопдан ажабтовур ва «ўткир» фикрлар

Замонавий футболнинг мураббийлар йўналишидаги энг ёрқин, шунинг баробарида «телбанамо» сиймолардан бири - Юрген Клопп 16 июнь куни 50 ёшли юбилейини нишонлади. Шу баҳона германиялик мутахассиснинг турли вақтларда турли масалалар юзасидан айтган эътиборли ибораларини ёдга олишни лозим кўрдик. Зеро, унинг «ўткир» сўзларида бутун фаолият йўли намоён...

Англия. Британиянинг ўзига хос томонлари ҳақида: «Шаҳарлар  марказидафутболстадионлари - буАнглияучуноддийҳолвакўпнарсанианглатади».

«Бавария». «Боруссия»нинг бош рақобатчиси ҳақида: «Ихтиёримиздакамонваўқларйўқэмасди, агармўлжалнитўғриолганимизда, «нишон»ниурардик. Муаммо шундаки, «Бавария»да базука (танкка қарши динамореактив қўл гранатомётининг америкача номи) бор экан».

«Барселона». Ғалабаларга чемпионча муносабат ҳақида: «Шогирдларимга «Барса» иштирокидаги ўйин-лар видеоёзувини ҳеч қачон кўрсатмайман. Чунки каталонияликларнинг мавсум давомида 5 868та голни қандай нишонлашларини кўрсатишдан маъно йўқ. Ахир улар ҳар сафар клуб тарихидаги биринчи голни ургандек хурсандчилик қиладилар. Аслида ғалабадан ҳаққоний қувониш ҳиссини сақлаб қолиш муҳим»

Гётце. Марионинг «Бавария»га ўтгани ҳақида: «У кетди, чунки Гвардиолани ёқтиради. Бу менинг хатоим, бошқа ҳеч кимники эмас. Чунки бўйимни 15 см. пастроқ қилолмадим ва испанчани ҳам ўрганмадим».

Дортмунд. «Боруссия»даги даври ҳақида: «Дортмундда ёмон лаҳзаларга дуч келмадим. Ҳаттоки, бир сония ҳам...».

Ёшлик. 2011 йили «Бавария»ни Мюнхенда мағлуб этган «Боруссия»нинг ёш таркиби ҳақида: «Дортмунд» бундан 19 йил аввал шу ерда ғалаба қозонганида, кўплаб шогирдларим кўкрак сути билан озиқланишарди».

Йоахим. Германия терма жамоаси бош мураббийига муносабати ҳақида: «Лёв менга ёқади ва уни ҳурмат қиламан. Чунки айнан мен ишлатадиган шампунь ва дезодорантни танлайди».

Иштиёқ. Ўхшамаган биринчи бўлимдан кейинги кўрсатмаси ҳақида: «Танаффусда футболчиларга «ёмшоқ» гапирдим - «Бу ерда барибир, яна 45 дақиқа вақт ўтказишимиз керак экан, футбол ўйнасак бўлмайдими...?»

Иқтидор. Футболчилик фаолияти ҳақида: «Хаёлимдаги ишни майдонда намойиш этиш ҳеч қачон насиб этмади. Яширмайман, иқтидорим 5-лига даражасида эди, ақлим эса бундеслигага тортарди. Натижада футболчи сифатида иккинчи дивизиондан юқорига кўтарилолмадим».

Камолот. Ҳаёти ва натижалари ҳақида: «Жуда кўп нарсага эгаман - оила, пул, футбол. Устозларим ҳам, ота-онам ҳам келажагим шундай бўлишини тасаввур қилмагандилар. Хуллас, ҳавас қилса арзийдиган ҳаёт».

Кумир. Спорт оламидаги ёқимтойи ҳақида: «Аслида ҳеч қачон Норвегияга борган эмасман, аммо қишки спорт тури вакили - Уле-Эйнар Бьорндалендан шунчаки, ҳайратланаман. Назаримда, у бутун тарих бўйича  энг яхши спортчилардан биридир. Хуллас, имкон туғилса, биатлон томошасидан сира қайтмайман».

«Ливерпуль». Ҳозирги иш жойи ҳақида: «Ер юзидаги ўзига энг ишонган одамдек кўринишни истамайману, аммо ўйлашимча, «Ливерпуль» учун энг муносиб танловман».

«Майнц». Ҳимоячи сифатида ўйнаган даври ҳақида: «Майнц жамоаси таркибида тўп сурганимда, баъзи ўйинларимизда стадионга тахминан 800 нафаргина  мухлис  кирарди. Шанба, ёмғир, трибуналарда зерикиб ўтирган бир неча юз киши. Мабодо майдонда ўлиб қолганимиздами, буни ҳеч ким сезмас ва дафн маросимига ҳам келмасди».

Масъулият. Ғалаба ва мағлубиятлардан кейинги ҳиссиёти ҳақида: «Барчасига ижобий томондан қарашга ўрганганман. Тўғри, ғалабани хотиржам қабул қиламану, мағлубият учун ўзимни айбдордек ҳисоблайман. Бундай пайт ўзимни қўярга жой тополмайман, лекин айни шундай туйғу табиий масъулиятимни оширади».

Мақом. Ўзи ва даражаси ҳақида: «Агар Моуриньо «беназир» бўлса, мен  оддийман - шварцвальдлик йигит. Оддий футболчи эдим, мураббийлик бобида ҳам ўзимни буюклар сирасига қўшмайман».

Муаммо. Асосий муаммоси ҳақида: «Ҳаётимда битта кўргилик бор - олдин жуда кўп бемаъни гапларни айтиб юборганман ва уларни ҳеч ким унутмаган».

Муҳит. «Энфилд»нинг муҳимлиги ҳақида: «Менимча, мураккаб учрашувларда стадиондаги муҳит ҳал қилувчи омилга айланиши мумкин».

Норасмийлик. Шахсий имиджи ҳақида: «Биласизми,  «Гамбург»га нима учун тўғри келмаганман? Икки йигит уйимга келди ва уларга кўринишим ёқмади: спорт костюми ва шунга ўхшаш нарсаларни кийиб олгандим. Кейин шунчаки, узр сўрашди ва... Билишимча, уларга савлатли мураббий керак экан...».

Нуқта. Келажаги ҳақида: «Шундай кун келадики, ўзим учун ҳаммасига нуқта қўяман. 60 ёшдан ўтгач, мураббийлик қилишим эҳтимоли жуда-жуда паст».

Об-ҳаво. Кубок финалида «Бавария» устидан қозонилган 5:2 ҳисобли  ғалаба ҳақида: «Об-ҳаво янада иссиқроқ бўлиши ҳам мумкин эди».

Режа. Футболда воқеалар ривожини олдиндан билиб бўлмаслиги ҳақида: «Биринчи бўлим учун ажо-йиб режамиз бор эди, лекин 2та гол қўйиб  юбордик. Энди ўша режани ахлат қутисига ташлаб юборсак ҳам бўлаверади».

Робин Гуд. «Реал» устидан қозонилган ғалаба ҳақида: «Реал»ни 4:1 ҳисобида тор-мор этганимиздан сўнг йигитларга баралла гапирдим - «Ҳа, бойларни худди Робин Гуддек талашга қодирмиз».

Романтика. Футболга умумий ёндашуви ҳақида: «Йўқ, оддий орзуманд эмасман, балки ўйин масаласида чин романтик ҳисобланаман».

Садоқат. Футболчиларни жароҳатдан сўнг сафга қайтишларини қандай кутиши ҳақида: «Садоқатли аёл қамалган эрини озодликка чиқишини қандай кутади? Мен четда қолган шогирдларимнинг қайтишларига худди шундай илҳақман».

Сахийлик. Рождестводаги қимматбаҳо совға ҳақида: «Болалигимда мени   совғалар билан эркалатишмаган, аммо бир сафар Санта велосипед олиб келиб, ғоят қувонтирди. Афсуски, совғани зинадан олиб чиқаётиб, ғилдирагини қийшайтириб қўйдим».

Соврин. «Ливерпуль» билан сов-рин ютиши ҳақида: «Бордию, 4 йил ичида лоақал битта совринга эга чиқолмасак, кейинги мавсум Швейцарияда иш бошлайман».

Соғлом фикр. Ўзининг кучли тарафи ҳақида: «Менда ҳаммасидан ҳам соғлом фикрлаш яхши ривожланган. Ҳаётни тўлиқ тушунаман».

Стадион. «Аншлаг» қадрига етиш зарурлиги ҳақида: «Агар ҳар икки ҳафта стадионимизда 80 минг киши зерикадиган бўлса, келажакда ўзимиз учун янги арена топишимизга тўғри келади».

Тақдир. Туғилиши ва оиласи ҳақида: «2 нафар опам бор ва мен ҳам қиз бола бўлиб туғилганимдами, оиламиздаги болалар сони янада кўпаярди. Тушунарлики, отам ўғил фарзанд кутган ва Юргеннинг дунёга келиши билан унинг орзулари рўёбга чиққан».

Телбалик. Ўзини ёқтирувчилар ҳақида: «Тентак футболчилар мени бошқача ҳурмат қилишади. Нима учун? Очиғи, билмайман».

Турмуш ўртоғи. Садоқатли умр йўлдошининг фаолияти ҳақида: «Улла болалар учун китоб ёзади. Гарри Поттерга ўхшаш, аммо фақат футбол мавзусида. Унинг асарида калтакда учадиган Гарри Поттер йўқ - соф футбол».

Фанатлар. Четдагилар муносабати ҳақида: «Одамларнинг нима дейишларига эътибор бермайман. Ахир ҳаммаси натижага боғлиқ. Кеча - зўр йигит, эртага  - жиннисиз, агар жамоангиз ютқазиб қўйса, албатта...».

Финал. ЧЛ финалида «Бавария»га ютқазилган ўйин ҳақида: «Фақат битта гап бор - ҳаммаси аъло даражада ўтди. Лондон - Олимпиада пойтахти. Об-ҳаво - яхши, ҳаммаси зўр. Фақат натижа...».

Хэви-метал. Венгер таянадиган футбол ҳақида: «Арсен тўп назорати ва «пас» орқали ўйнашни хуш кўради. Унинг жамоаси худди оркестрдай, лекин сокин мусиқани ижро этади. Мен эса тўс-тўполон - хэви-метал тарафдориман!»

Хуммельс. 2014 йили Хуммельснинг «МЮ»га ўтиши хусусидаги гап-сўзлар ҳақида: «Агар бу янгилик рост бўлса, шупургини бутунлигича ейман».

Чак Норрис. Буюк ва даҳшатли актёрнинг футболдаги ўрни ҳақида: «Чак Норрис «Боруссия» таянч ярим ҳимоясида чакки кўринмасди, менимча».

Чидам. «Плимут»нинг «Ливерпуль» босимига дош бергани ҳақида: «Плимутда қанча одам яшашини билмайман-у, аммо бугун бутун шаҳар аҳолиси жамоанинг жарима майдончасига тизилиб олгандай туюлди».

«Шальке». «Шальке» мухлисига бундеслигадаги ғалаба ҳаяжонини тушунтиролмагани ҳақида: «Тушунмайдиган одамга турли ранглар қандай жило беришини англатиш имкони борми?»

Шварцвальд. Қадрдон ўлкасида ўтган болалиги ҳақида: «Шварцвальдда вояга етдим. Қишлоғимизда 1500 киши истиқомат қиларди. Мен кетгач, 1499 нафар қолди. Сиз билишингиз керак бўлган нарса фақат шу».

Энергия. Имконият ва меҳнатсеварлик ҳақида: «Ўз салоҳиятим ва ожиз томонларимни биламан ва куч-қувватимни шунга мос равишда сарфлашга интиламан. Умуман олганда, ишлашни хоҳлаган инсон буни суткасига 24 соат давомида амалга оширади. Ҳаттоки, ухлаётганида ҳам».

Қизил карточка. Мураббийлик фаолиятидаги биринчи қизил карточка ҳақида: «Илк четлатилиш масаласида озгина ғурурланаман. Ўшанда захира ҳакамига яқинлашиб, уни саволга тутдим - «Шеф, сизда хатолар лимити қанча? Агар 15та бўлса, унда 1тагина қолди».

Қуръа ташлаш. Рақиб танлаш ҳақида: «Кубок қуръаси? Йўқ, уни кўрмадим, нима бўлган тақдирда ҳам, «Бавария»га қарши ўйнашимизга тўғри келади. Бунинг ўрнига «Қонун ва тартиб» сериали лавҳаларига кўз тикдим».

Қувонч. Ҳис-ҳаяжонга тўла реакцияси ҳақида: «Ҳаёт жуда қисқа, шунинг учун ҳар қандай қувончли лаҳзани байрамга айлантириш керак».

Ғазаб. Нимага тоқат қилолмаслиги ҳақида: «Футбол ёки шахсий ҳаётда айримларнинг бошқа киши ишига аралашишидан қаттиқ ғазабланаман. Бу худди автоҳалокатни хотиржам томоша қилиб туришга ўхшайди: ёрдамга шошилиш ўрнига смартфонни қўлга олиб, бемалол барчасини тасвирга тушира бошлайдилар. Бундайларни кўргани кўзим йўқ».

Клопп - замонамизнинг энг оқкўнгил мураббийларидан. Зеро, атайин бунчалик ҳис-ҳаяжонга берилиш баробарида беғубор ва «ёввойи»ликни сақлаб қолиш мумкин эмас. Ҳозирча АПЛда рок-н-ролл урф бўлгани йўқ, аммо мураббийнинг «Ливерпул»даги ишини қуруқ рақамлар билан баҳолаш аллақачон бошланди. «Қизиллар» ҳозирча «отишмади», лекин Юрген энди 50 ёшини қаршилади ва Англия футболини лол қолдириш учун вақти етарли. Ахир немис мураббийининг ўй-фикрлариёқ унинг оддий одам эмаслигидан  далолат, гарчи ўзи оддийликка даъво қилсада...

Ш.КАРИМОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz