Қайднома

Қидирув

Наманганда ўзига хос футбол шоуси

Наманганда ўзига хос футбол шоуси

  22.07.2017 18:29
  0
  575
Наманганда ўзига хос футбол шоуси

Миллионлар ўйини бўлмиш футболнинг мафтункор сеҳри бўлакча. Айнан футбол туфайли бир-бирини танимайдиган кишилар дўстга айланадилар.

Қисқа қилиб айтганда, футбол барчани бирлаштирадиган кучдир. Наманган вилоятида истиқомат қилаётган фахрийлар ва Фарғона вилояти фахрийлари ҳам футбол орқали бир-бирлари билан танишдилар ва бугунги кунда чинакам дўстга айландилар. Ҳозирги кунга келиб улар ўртасидаги муносабатга барча ҳавас қилади. Улар худди ака-укадек қадрдон бўлиб кетишган.

Мана уч йилдирки, улар ўзаро тўпланиб, футбол турнирини ташкил этишади. Бу орқали уларнинг дўстликлари янада мустаҳкамланади. Фахрийларнинг навбатдаги учрашувлари Наманганда бўлиб ўтди. Аниқроғи, гуллар шаҳрида ўзига хос футбол шоуси ўтказилди.

Фарғоналик фахрийларнинг бу сафарги ташрифлари ўзгача бўлди. Меҳмонларни кутиб олиш маросими Намангандаги «Навбаҳор» стадионида ташкил этилди.

Шундан кейин барча фахрийлар бирлашиб, Уйчи туманида яшовчи дўстлари Абдусамат Отахонов хонадонига ташриф буюришди.

Наманганлик ва риштонлик фахрийларнинг кейинги манзили - «Навқирон» жамоасининг собиқ аъзоси Фазлиддин Баҳромовнинг хонадони бўлди. Бундан бир йил олдин Фазлиддин ака фахрийлар сафида майдонда тўп сурар эдилар. Аммо бешафқат ўлим у кишини орамиздан эрта олиб кетди. Мусобақа иштирокчилари Фазлиддин акани ёдга олиб, у кишининг ҳаққига дуолар ўқишди.

Шундан кейин барча бир дастурхон атрофига йиғилди. Йиғилганларга собиқ футболчи Анвар Боқиев ўзининг хотираларини сўзлаб берди. Анвар Боқиевни фарғоналик катта стажга эга бўлган футбол мухлислари яхши танишади.

Анвар ака бир пайтлари «Нефтяник» клубида тўп сурган. Фахрий футболчи ўзининг Фарғонада ўтган йилларини мароқ билан ёдга олди.

Эртасига фахрийлар Уйчи туманидан Косонсой тумани сари отландилар. Футбол ўйинлари айнан Косонсойда бўлиб ўтди.

Бу галги турнирда ҳам тўртта жамоа иштирок этди. «Навқирон», «Хотира-79», «Косонсой» ва «Риштон» фахрийлар жамоалари Косонсойда ғолиблик учун кураш олиб боришди. Дастлаб «Косонсой» ва «Риштон» фахрийлари майдонга тушишди. Ушбу ўйин голларга бой тарзда ўтиб, 9:7 ҳисобида риштонликларнинг ғалабаси билан якун топди.

Иккинчи жуфтликда «Навқирон» ва «Хотира-79» ўзаро куч синашди. Ўйинда рақибдан ҳар томонлама устун келган «Навқирон» фахрийлари 5:1 ҳисобида ғалаба қозонишди.

«Хотира-79»  ва «Косонсой» жамоалари ўртасидаги учинчи ўрин учун кечган баҳс ҳам қизиқарли ва кескин курашларга бой тарзда ўтди. Ўйиннинг асосий вақти 2:2 ҳисобида якунланди. Пенальтилар сериясида омад косонсойликларга кулиб боқди - 3:2.

«Навқирон» фахрийлари эса финалда «Риштон» туманидан ташриф буюрган фахрийларни 4:1 ҳисобида доғда қолдириб, бош соврин эгасига айланишди.

60 ёшдан ошган ва айни дамда кексалик гаштини сураётган фахрийлар иштирокидаги футбол шоуси юқори даражада ташкил этилганини таъкидлаш жоиз. Фахрийларнинг мароқли дам олишлари учун барча шароитлар яратиб берилди. Мусобақа қатнашчилари уйларига хурсанд ҳолда қайтишди. Фахрийлар ўртасида ўтказилган ушбу футбол шоуси барчада бирдек ёқимли таассурот қолдирганини ҳам таъкидлаш жоиз.

Мана шундай шоуни юқори даражада ташкил этган Ҳамидхон Мўйдинхўжаев ва Мамадали Мўминовларга иштирокчилар номидан ўз миннатдорчилигимизни изҳор этамиз.

Айтганча, яна бир хабарни айтиб ўтиш жоиз, шу йилнинг август ва сентябрь ойларида Наманган вилоятида 60 ёшдан ошган ҳаваскор фахрий футболчилар ўртасида «Олтин Водий» турнири ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Аброр Деҳқонов


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz