Қайднома

Қидирув

«Бекорчи» юрган таниқли мураббийлар

«Бекорчи» юрган таниқли мураббийлар

  25.07.2017 03:36
  0
  1383
«Бекорчи» юрган таниқли мураббийлар

Football.ua ишсиз мураббийлар ҳақидаги туркум мақолаларини давом эттиради. Дарҳақиқат, бугунги кунда Европада «бекорчи» мутахассислар бисёр.

Баъзилари грандларни бошқаришга қодир бўлишса, айримлари аутсайдерларни қийин вазиятдан олиб чиқиш тажрибасига эгалар.

Шунингдек, бошқа қитъаларни забт этишга қарши чиқмайдиганлари ҳам бор. Хўш, бу рўйхатдан кимлар ўрин олишган?

1. Айтор КАРАНКА (Испания)

Охирги жамоаси: «Мидлсбро»

Истеъфога чиққан вақти: 2017 йил 16 март

Каранка Жозе Моуриньога узоқ вақт ёрдамчилик қилган. Шундан сўнг ўзининг мураббийлик фаолиятини бошлади. Дастлабки уриниш ёмон чиқмади. Испаниялик мураббий «Мидлс­бро»ни Англия премьер-лигасига олиб чиқди. Жамоа бунгача деярли 10 йил давомида чемпионшипда қатнашаётганди. Аммо жамоа элитада мазмунли футбол кўрсата олмай, биринчи йилнинг ўзидаёқ қуйи дивизионга қайтди. «Боро» мавсум давомида ўз ўйинини топа олмаганидан сўнг Каранкага чиқиш эшиклари кўрсатилди.

Қаерда иш бошлаши мумкин? Афтидан, Айтор Англияда қолмоқчи. Испаниялик мутахассисга «Лидс» ва «Сандерленд»дан таклиф тушганди. Аммо уларнинг биринчиси ўзига устоз топиб бўлди. «Қора мушуклар» эса ҳали ҳам Каранка номзодини кўриб чиқишмоқда.

2. Паулу БЕНТУ (Португалия)

Охирги жамоаси: «Олимпиакос»

Истеъфога чиққан вақти: 2017 йил 6 март

Бу мутахассис Португалия терма жамоасидаги фаолияти орқали яхши таниш. Евро-2012 мусобақасида жуда яхши иштирок этган португаллар пенальтилар сериясида бўлажак чемпион - Испанияга имкониятни бой беришганди. Аммо терманинг кейинги фаолияти кўнгилдагидек ўтмади. ЖЧ-2018да гуруҳ босқичини учинчи ўринда тугатишди ва муддатидан олдин мусобақани тарк этишди. Шундан сўнг терма жамоадан кетган Бенту 2016 йил «Крузейро» бош мураббийига айланди. Эътиборлиси, ўша йилнинг ўзидаёқ Бразилия клубини ҳам тарк этиб, «Олимпиакос»да иш бошлади. Аммо 2017 йили Бентунинг бу жамоадаги фаолияти ҳам якунланди.

Қаерда иш бошлаши мумкин? «Порту», «Бенфика», «Спортинг» — икки томонга ҳам қулай бўлган эҳтимоли юқори вариантлар.

3. Хуанде РАМОС (Испания)

Охирги жамоаси: «Малага»

Истеъфога чиққан вақти: 2016 йил 27 декабрь

«Днепр»нинг собиқ устози «Малага»да ёмон ишламаганди, бироқ 2016 йилнинг қишида жамоани тарк этди. Раҳбарият ва мураббий ўртасидаги тушунмовчиликлар бунга сабаб бўлди. Натижалар эса ёмон эмасди: Рамос билан «Малага» 11-ўринда бораётганди.

Қаерда иш бошлаши мумкин? «Малага»ни тарк этган пайтлари Рамос билан Лиссабоннинг «Спортинг» клуби қизиқаётганди. Мутахассиснинг ўзи хоҳласа, балки яқин кунларда уни шу клуб бошқарувида кўриб қолармиз?!

4. Боб БРЭДЛИ (АҚШ)

Охирги жамоаси: «Суонси»

Истеъфога чиққан вақти: 2016 йил 27 декабрь

Брэдли — Европа футболидаги Шимолий америкаликлардан бири. Мураббий ЖАРдаги мундиалда АҚШ терма жамоаси билан озми-кўпми муваффақиятларга эришган. Бобнинг кейинги фаолияти турли мамлакатларда кечди: Миср, Норвегия, Франция... Унинг «Суонси»даги кўриниши эса кутилмаган бўлди. Ҳайрон қоладиган жойи йўқ, «турналар» ўтган мавсум бир қатор кутилмаган қарорларни қабул қилишди. Америкалик мураббийнинг келиши эса шулардан бири эди. 2та ғалаба, 2та дуранг, 7та мағлубият - Брэдлининг «Суонси»даги натижаси.

Қаерда иш бошлаши мумкин? Европада Брэдлига қизиқиш паст. Шунинг учун тажрибали мутахассиснинг ўз юртига қайтиб, МЛС топ-клубларидан бирини бошқариши кутилмоқда.

5. Алан ПАРДЬЮ (Англия)

Охирги жамоаси: «Кристал Пэлас»

Истеъфога чиққан вақти: 2016 йил 22 декабрь

Алан Пардьюнинг «Ньюкасл» ва «Кристал Пэлас»даги фаолияти худди бир хил ёзилган сценарий каби кечди. Мураббий жамоага келгач, катта ўзгаришларни амалга ошириб, Европа оммасини ҳайратга солганди. Аммо ўйин бобида чўққига чиққандан сўнг қулаш кўзга ташланди ва бу жараён мураббий истеъфоси билан тугади. Аммо ушбу мутахассиснинг маҳоратига шубҳа қиладиганлар кам топилади. Масалан, Пардью «Пэлас»ни бошқараётган пайтлари ҳаттоки, Англия терма жамоасидан таклиф олганди.

Қаерда иш бошлаши мумкин? Бундай мураббий узоқ вақт клубсиз қолмаслиги аниқ. Агар АПЛда топилмаса, чемпионшип фаворитлари уни иш билан таъминлашга тайёрлар.

6. Франческо ГВИДОЛИН (Италия)

Охирги жамоаси: «Суонси»

Истеъфога чиққан вақти: 2016 йил 3 октябрь

Гвидолиннинг истеъфога чиқарилиши «Суонси» ва Англия футболи мухлисларида бир қатор саволларни келтириб чиқарганди. Италиялик тажрибали мутахассис жамоани ёмон бошқармаётганди. Аммо истеъфосидан олдин кетма-кет учта - икки марта «Сити»дан ва бир марта «Ливерпул»дан мағлубият қабул қилиб олганди. Лекин бу натижа мураббийдан воз кечиш учун етарли баҳонами?

Қаерда иш бошлаши мумкин? Гвидолин фаолиятини давом эттириши учун «А» сериядан бир нечта яхши таклифлар бўлмоқда. Де Бурдан кейин «Интер» айнан Франческони жалб этишни режалаштирган, аммо музокаралар якунига етмай қолганди.

7. Роберто Ди МАТТЕО (Италия)

Охирги жамоаси: «Астон Вилла»

Истеъфога чиққан вақти: 2016 йил 3 октябрь

Мураббийлар фаолиятидаги яна бир нохуш мисол. «Челси» билан Чемпионлар Лигасидаги ғалабадан сўнг Ди Маттео деярли топ-мутахассислар қаторига қўшилганди. Аммо жамоанинг кейинги фаолияти бир хил кечмади ва италиялик мураббий тез орада истеъфога чиқди. Сўнгра «Шальке», «Астон Вилла»ни бошқарган Роберто барибир, муваффақиятсизликлардан чиқиб кета олмади. Бирмингемликлар бошқарувида 12та ўйинда бор-йўғи битта ғалаба қайд этгач, бу жамоадан ҳам кетишга мажбур бўлди.

Қаерда иш бошлаши мумкин? Албатта, Ди Маттеонинг обрўси ҳавас қиладиган даражада эмас. Аммо мураббий ўзини яна бир маротаба қаердадир синаб кўриш ниятида. Бу Осиё жамоаларидан бири бўлиши мумкин.

8. Бруно ЛАББАДИА (Германия)

Охирги жамоаси: «Гамбург»

Истеъфога чиққан вақти: 2016 йил 25 сентябрь

«Гамбург» сўнгги йилларда ўзининг энг ёмон даврини бошдан ўтказмоқда. Йилдан-йилга қандайдир мўъжиза уларни элитада ушлаб турибди. Ушбу жамоа охирги марта 2015|2016 йиллар мавсумида Лаббадиа қўл остида яхшироқ натижага эришганди. Аммо бу ҳам узоқ давом этмади. Клуб янги мавсум бошидаги 5та учрашувда бор-йўғи 1 очко жамғарди. Мазкур натижадан кейин бош мураббий истеъфога чиқарилди. Сўнгра «Гамбург» бошқача йўлга ўтди - ўзиниг элитадаги ўрнини сўнгги турнинг охирги дақиқаларида сақлаб қолмоқда.

Қаерда иш бошлаши мумкин? Лаббадиа — бундеслига учун муҳим шахслардан бири саналади. Элитанинг ўртамиёна клублари бу мураббийни иш билан таъминлашга доимо тайёр туришади. 

9. Лоран БЛАН (Франция)

Охирги жамоаси: «ПСЖ»

Истеъфога чиққан вақти: 2016 йил 22 июнь

Айни пайт ишсиз юрган мураббийлар орасида энг машҳури. Блан «ПСЖ» бошқарувида кўплаб совринларни қўлга киритди. У жамоани тарк этганидан сўнг эса чемпионат бой берилди. Албатта, парижликларнинг асосий мақсади - ЕЧЛ бош совринини қўлга киритиш. Бланнинг истеъфоси сабаби ҳам айнан шу бўлганди.

Қаерда иш бошлаши мумкин? «Галатасарой», «Фиорентина», «Лилль», «Интер», «Барселона»... Ўз вақтида бу жамоаларнинг ҳаммаси ушбу мутахассисга таклиф билан чиқишганди. Баъзилари аллақачон янги мураббий топиб ҳам бўлишди. Кимлардир франциялик мутахассис билан келиша олмаяпти. Бланга чорловлар етарлича, аммо унинг ишга қайтиши ўзи билан боғлиқ ҳолат.

10. Реми ГАРД (Франция)

Охирги жамоаси: «Астон Вилла»

Истеъфога чиққан вақти: 2016 йил 29 март

Реми Гарднинг ишсиз юрганига бир йилдан ошди. «Лион»даги фаолиятидан сўнг франциялик мутахассис Бирмингемдан яхшигина таклиф олганди. Аммо у ердаги фаолияти тўлалигича муваффақиятсиз ўтди. Омадсиз мавсумдан сўнг унинг кетишини биринчи навбатда мухлислар хоҳлашганди. Чунки ўша йили «Астон Вилла» ҳақиқатан жуда беқарор жамоага айланганди.

Қаерда иш бошлаши мумкин? Ремига ҳозирча Франциянинг «Лорьян» клубидан таклиф бор. Тез орада Гард Франциянинг ўртамиёна клубларидан бирини қабул қилиб олса, ажабмас.

А.Эшонхонов тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz