Қайднома

Қидирув

Европа чемпионати қаҳрамонларининг тарихи (1-қисм)

Европа чемпионати қаҳрамонларининг тарихи (1-қисм)

  25.07.2017 20:58
  0
  987
Европа чемпионати қаҳрамонларининг тарихи (1-қисм)

21 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Европа чемпионатининг энг яхши ўйинчилари таҚдири. Хабарингиз бордир, яқиндагина U-21 тоифасидаги Европа чемпионати ниҳоясига етди.

Польша майдонларида ташкиллаштирилган мусобақада германиялик ёшлар «ака»ларидан ўрнак олган ҳолда, тахтга кўтарилишди. Аммо турнирнинг энг яхши футболчисига аталган асосий индивидуал соврин ғолиб жамоа вакилига насиб этгани йўқ.

Хуллас,  «Олтин тўп» финалчи - Испания термаси юлдузи Дани Себальос мулкига айланди. Келинг, шу баҳона «қўҳна қитъа»нинг ёшлар ўртасидаги чемпионатида шундай эътирофга эришган лауреатлар кейинги тақдирига бир назар соламиз.

Алоҳида қайд этиш керак, U-21даги соврин улардан айримлари учун бутун фаолият йўлларидаги энг асосийси бўлиб қолди. Хуллас, бугун 1978-1990 йиллар оралиғидаги турнирлар тарихи ва тўлқинини кўриб чиқамиз.

ЕВРО-78 (U-21)

Воҳид ХАЛИЛХОЖИЧ (собиқ Югославия)

Ўша пайтда:

25 ёш, «Вележ»

Турнирда: 6та ўйин, 6та гол

Ҳозир:

64 ёш, Япония терма жамоаси бош мураббийи

Собиқ Югославия терма жамоасида: 15та ўйин,

8та гол

Ютуқлари: собиқ Югославия кубоги соҳиби; Франция чемпиони

Ёшлар ўртасидаги илк Европа чемпионати 1978 йили олимпия тизимида ўтказилган: аввалига квалификацион раунд, кейин тўғридан-тўғри «плей-офф». «Олтин тўп»нинг илк лауреати босниялик Воҳид Халилхожичга келсак, кўпчилик уни яхшигина мураббий сифатида билади. Ҳар ҳолда, Кот-д~Ивуар ва Жазоир термалари ҳамда «Трабзонспор» клубида чакки ишламаган. Аммо Халилхожич вақтида жуда истиқболли футболчи саналган. У 10 йил давомида Босниянинг «Вележ» клубида ўйнагач, 29 ёшида «Нант» (Франция) сафига қўшилиб, бу жамоа тарихидан жой олади: 163та ўйин, 93та гол. Айни пайт Япония терма жамоасига устозлик қилаётган мураббий профессионал футболчи сифатида охирги марта «ПСЖ»да кўриниш берганди.

ЕВРО-80 (U-21)

Анатолий ДЕМЬЯНЕНКО (собиқ иттифоқ)

Ўша пайтда:

21 ёш, «Динамо» К.

Турнирда: 6та ўйин

Ҳозир:

58 ёш, ишсиз

Собиқ иттифоқ терма жа-моасида: 80та ўйин, 6та гол

Ютуқлари: собиқ иттифоқ чемпиони (5 марта); собиқ иттифоқ суперкубоги соҳиби (3 марта); собиқ иттифоқ кубоги соҳиби (4 марта); Кубок эгалари кубоги соҳиби; Украина чемпиони; Украина кубоги соҳиби

Замонавий Украина термаси ёшлар ўртасидаги қитъа биринчилиги финал раундига 2 марта чиқди - 2006 ва 2009 йилларда. Украина футболи вакили эса Европанинг энг яхши ёш футболчиси мақомини анча олдин олганди. Собиқ иттифоқнинг ўша ёшлар термасида чап қанот латерали сифатида ўйнаган Демьяненко Евро-80 кашфиёти бўлганди, кейинчалик эса Киев «Динамо»сининг алмаштирилмас футболчиси даражасига чиқди. Шунингдек, собиқ иттифоқ терма жамоасида ҳам ёрқин из қолдирди (ўйинлар сони бўйича 4-яхши кўрсаткичга эришди). Ҳисоб бўйича иккинчи лауреат бутсаларини михга илгач, «Динамо» (Киев), «Нефтчи» (Боку) ва «Насаф» (Қарши) клубларини бошқарди. Мавсум-2012|2013да маълум муддат «Волин»га устозлик қилгач, мураббийлик ишида танаффус олди ва ҳали қайтганича йўқ.

Евро-82 (U-21)

Руди ФЁЛЛЕР (Германия)

Ўша пайтда:

22 ёш, «Мюнхен 1860»

Турнирда: 6та ўйин, 4та гол

Ҳозир:

57 ёш, «Байер» спорт директории

Германия терма жамоасида: 90та ўйин, 47та гол

Ютуқлари: жаҳон чемпиони; Италия кубоги соҳиби; ЧЛ ғолиби

Фантастик ҳужумчи «Вердер» учун 137та ўйинда 97та гол уриб, Германия чемпионатида чинакам шов-шув кўтарганди. «Рома» сафига қўшилгач, маҳсулдорлиги анча пасайган бўлсада, Италия кубоги соҳибига айланди, шунингдек, бундестим таркибида жаҳон чемпионати олтин медалини ютди. Фёллер шундан сўнг «Марсель» билан ЧЛда ғалабани тантана қилди. Кейинчалик ўзини мураббийликда ҳам синаб кўрди: «Байер» ва «Рома» клублари ҳамда Германия термасида. ЖЧ-2002да жамоаси 2-ўрин билан кифояланганидан сўнг эса бу соҳадан йироқлашди ва 2005 йилдан эътиборан, Леверкузеннинг «Байер» жамоаси спорт директори сифатида ишламоқда.

ЕВРО-84 (U-21)

Марк ХЕЙТЛИ (Англия)

Ўша пайтда:

22 ёш, «Портсмут»

Турнирда: 6та ўйин, 6та гол

Ҳозир:

55 ёш, ишсиз

Англия терма жамоасида: 32та ўйин, 9та гол

Ютуқлари: Франция чемпиони; Шотландия чемпиони (6 марта); Шотландия Лига кубоги соҳиби (3 марта); Шотландия кубоги соҳиби (2 марта)

Новча ва бақувват Хейтли марказий ҳужумчи сифатида ўйнарди. Эътиборлиси, у ёшлар ўртасидаги қитъа чемпионатида кетма-кет 2 марта қатнашиб, ақл бовар қилмас ўйинлари билан барчани ўзига қаратганди. Табиийки, бундай футболчининг «Портсмут»да узоқ вақт қолмаслиги тайин эди. Аммо Маркнинг «Милан»га ўтиши омад келтирмади - ҳужумчи жароҳатлардан кўп азобланди. Кейин «Монако» орқали «Глазго Рейнжерс» сафига қўшилиб, чинакамига совринларга кўмилди. Футболчилик фаолиятига нуқта қўйгач эса, 90-йилларда «Халл Сити»ни бошқарди ва бу соҳадан бутунлай йироқлашди. Айтганча, Хэйтлининг ўғли ҳозирда Шотландиянинг «Данди» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда.

ЕВРО-1986 (U-21)

Маноло САНЧИС (Испания)

Ўша пайтда:

21 ёш, «Реал»

Турнирда: 6та ўйин

Ҳозир:

52 ёш, ТВ эксперти

Испания терма жамоасида: 48та ўйин, 1та гол

Ютуқлари: Испания чемпиони (8 марта); УЕФА кубоги соҳиби (2 марта); Испания суперкубоги соҳиби (5 марта); Испания кубоги соҳиби (2 марта); ЧЛ ғолиби (2 марта); Қитъалараро кубок эгаси

«Реал» афсонаси Мануэль Санчиснинг ўғли турнирга Мадрид клубининг тажрибали таянч ярим ҳимоячиси сифатида борганди. Чунончи, жамоада 3 мавсум ўйнашга улгурганди. Маноло бутун фаолияти давомида «Мадрид»га содиқ қолиб, унинг либосида 700 мартадан ортиқ майдонга тушди, клуб футболида имкони бор деярли барча совринларни қўлга киритди. Мураббийлик соҳасида эса ишлашни хоҳламай, телевидение эксперти бўлди.

ЕВРО-88 (U-21)

Лоран БЛАН (Франция)

Ўша пайтда:

22 ёш, «Монпелье»

Турнирда: 6та ўйин

Ҳозир:

51 ёш, ишсиз

Франция терма жамоасида: 97та ўйин, 16та гол

Ютуқлари: Франция кубоги соҳиби (2 марта); Франция чемпиони; Испания суперкубоги соҳиби; Испания кубоги соҳиби; Кубок эгалари кубоги соҳиби; жаҳон чемпиони; Европа чемпиони; Англия чемпиони

Блан фаолиятини «Монпелье»да ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида бошлади, бироқ вақт ўтиши билан марказий ҳимоячига айланди. У ёшлар ўртасидаги Европа биринчилигига йўл олишгача «Монпелье»да 251та ўйин ўтказишга улгурганди. Лоран кейинчалик Франция («Монпелье» ва «Осер»), Испания («Барселона») ҳамда Англия («МЮ»)да муносиб тўп сурди, етарлича соврин ютди. Муҳими, 1998 йили мундиал ғолибига айланган Франция терма жамоаси таркибида Зайниддин Зидан, Фабьен Бартез, Лилиан Тюрам кабилар қатори бош ролни бажарди. Унинг ўйинлардан олдин Бартезнинг ялтироқ бошини ўпиши ўша жамоанинг ўзига хос белгисига айланганди. Блан бутсаларини михга илгач, «Бордо» ва «ПСЖ» клублари ҳамда Франция термасини бошқарди, аммо 2016 йили ишдан кетгани бўйича бўш юрибди.

ЕВРО-90 (U-21)

Давор ШУКЕР (собиқ Югославия)

Ўша пайтда:

22 ёш, «Динамо» З.

Турнирда: 6та ўйин,

4та гол

Ҳозир:

49 ёш, Хорватия футбол федерацияси президенти

Хорватия терма жамоасида: 69та ўйин, 45та гол

Ютуқлари: Испания чемпиони; Испания суперкубоги соҳиби; ЧЛ ғолиби; Қитъалараро кубок соҳиби

Хорват голеадори аввалига собиқ Югославия («Осиек», «Динамо» З.), кейин Испания («Севилья», «Реал») чемпионатида рақиблар дарвозабонларини роса ранжитди, фаолияти охирида эса АПЛ («Арсенал», «Вест Хэм») ва бундеслига («Мюнхен 1860»)да жавлон урди. Давор шунингдек, Хорватия термаси билан ЖЧ-98 бронза медалини ютишдан ташқари, ўша мундиалда 6та гол уриб, «Олтин бутса»ни ҳам қўлга киритди. Шукер футболчилик фаолиятини тугатгач, Загребда шахсий академиясини очди - Davor Suker Soccer Academy. 2012 йилдан эса Хорватия футбол федерацияси президенти лавозимини эгаллаб турибди.

ЕВРО-92 (U-21)

Ренато БУЗО (Италия)

Ўша пайтда:

23 ёш, «Сампдория»

Турнирда: 6та ўйин, 3та гол

Ҳозир:

47 ёш, ишсиз

Италия терма жамоасида: -

Ютуқлари: Италия чемпиони; Италия суперкубоги соҳиби

Ҳужумкор ярим ҳимоячи Евро-92 стартига қадар «Ювентус» ва «Фиорентина» сафида «А» сериясининг 100тадан кўп ўйинида иштирок этганди. Қитъа биринчилигида эса «Сампдория» вакили сифатида қатнашиб, ёрқин нур сочган Бузо кейинчалик катталар орасида «йўқолиб» қолди. Хусусан, «Сампа»дан кетгач, «Наполи», «Пьяченца», «Кальяри» ва «Специя» клубларида ўзини кўрсатишга уринди, бироқ унга Италия миллий жамоасида либосини лоақал бир марта кийиш ҳам насиб этмади. Янги соҳада эса «Специя, «Фиорентина» ва «Кьево»да бош мураббийга ассистентлик қилди, қуйи дивизион жамоаларини мустақил бошқариб кўрди. Аммо 2014 йили бу ишдан узоқлашди.

ЕВРО-94 (U-21)

Луиш ФИГУ (Португалия)

Ўша пайтда:

21 ёш, «Спортинг» Л.

Турнирда: 5та ўйин

Ҳозир:

44 ёш, «Интер» раҳбарияти вакили

Португалия терма жамоасида: 127та ўйин, 32та гол

Ютуқлари: Португалия кубоги соҳиби; Испания чемпиони (4 марта); Испания кубоги соҳиби (2 марта); Испания суперкубоги соҳиби (3 марта); Кубок эгалари кубоги соҳиби; Европа суперкубоги эгаси (2 марта), ЧЛ ғолиби; Қитъалараро кубок соҳиби; Италия чемпиони (4 марта); Италия кубоги соҳиби; Италия суперкубоги эгаси (2 марта)

Фигу - жаҳон футболи афсонаси. У Евро-94да португаллар «олтин авлоди» (Руи Кошта, Абель Шавьер, Риу Бенту...)га етакчилик қилганди. Луиш ёшлар ўртасидаги мусобақадан 1 йил ўтгач, Испанияга йўл олиб, «Барселона» либосини кийди. Каталонияда 5 мавсум давомида 249та ўйинда майдонга тушиб, 45та гол урган ҳолда маҳаллий фанатлар ёқимтойига айлангач, ...«Реал» таклифини қабул қилдию, бир зумда «буюк сотқин» мақомини олди. Мадридда ҳам 5 йил ўйнаб, 7та соврин ютгач, Италияга кўчиб, «Интер»нинг қаторасига 4 марта скудетто соҳиби бўлишида бош роллардан бирини ижро этди. Фаолиятини якунлаганидан кейин эса Милан клубида қолиб, раҳбарлик лавозимларидан бирини эгаллади.

ЕВРО-96 (U-21)

Фабио КАННАВАРО (Италия)

Ўша пайтда:

22 ёш, «Интер»

Турнирда: 4та ўйин

Ҳозир:

43 ёш, «Тянжин Куанжин» бош мураббий

Италия терма жамоасида: 136та ўйин, 2та гол

Ютуқлари: УЕФА кубоги эгаси; Италия кубоги соҳиби (2 марта); Италия суперкубоги соҳиби; жаҳон чемпиони; Испания чемпиони (2 марта); Испания суперкубоги эгаси

Евро-96 стартидан 1 йилча олдин «Наполи»ни «Парма» билан алмаштирган Фабио бу клуб сафида 4та биллур соврин ютди - УЕФА кубоги, Италия суперкубоги ва мамлакат кубоги (2 марта)ни. 28 ёшида эса «Интер», яна 2 йилдан кейин «Юве» билан шартнома тузди ва Туринда ниҳоят, «А» серияси ғолиби бўлди. Бироқ кейинчалик 2та чемпионлик унвони ҳам бекор қилинди кўпларники қатори. 2006 йили эса жаҳон чемпиони мақомида «Реал»га ўтди. Ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида энг яхши футболчи сифатида эътироф этилганлардан атиги иккиси ке-йинчалик France Footballдан «Олтин тўп» қабул қилди - айнан Каннаваро ва Фигу. Италиялик ҳимоячи ўйинчилик фаолиятига Саудия Арабистонида хотима ясаб, мураббийлик ишини Осиёда бошлади. Хусусан, 2016 йили «Тянжин Куанжин» бошқарувини қўлга олиб, клубнинг Хитой супер-лигасига чиқишини таъминлади.

P.S.: 1998-2017 йиллар оралиғидаги Европа чемпионати (U-21) бош лауреатлари билан газетамизнинг нав-батдаги сонларида танишишингиз мумкин.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz