Қайднома

Қидирув

Янги «Бейл» ҳам бор

Янги «Бейл» ҳам бор

  28.07.2017 06:11
  0
  892
Янги «Бейл» ҳам бор

Мексика миллий жамоасининг энг ҳайратлантирувчи футболчилари. «Ацтеклар» гарчи Конфедерациялар кубогида совриндорлар сафига киролмаган бўлсаларда, Россия майдонларида кўрсатилган тетик ва жанговар ўйин ҳисобига барчада бирдек илиқ таассурот қолдиришди.

Томирларида немислар қони оқаётган ўта тезкор ҳимоячи, Лондон Олимпиадаси юлдузи ва тўпурарликка ихтисослашган орқа чизиқ вакили... Ҳа, Мексика терма жамоаси машҳур Хавьер Эрнандес (Чичарито), Карлос Вела, Гильермо Очоа ва ака-ука - Жонатан ҳамда Жованни  Дос Сантослардангина иборат эмас.

Демак, bombardir.ru сайти маълумотлари асосида Шимолий Америка футболи «гегемони» таркибидаги айрим ижрочилар билан танишамиз.

Юрген Дамм - жаҳон бўйича Бэйлдан сўнг иккинчи

- Бу йигит елдек «учиши» билан жонга тегди - Янги Зеландия терма жамоаси ҳимоячилари юз ифодасидан тахминан шундай муносабатни тушуниб олиш қийин эмасди. Ахир мексикалик ўнг қанот вингери бутун учрашув давомида улар тинкасини беҳад қуритди. КОНКАКАФ вакили бош мураббийи қарорига кўра, дам олган Карлос Вела ўрнини эгаллаган Юрген Дамм ишончни тўла оқлади. Аслида бу футболчи рус диёрига Германия терма жамоаси вакили сифатида келиши ҳам ҳеч гап эмасди. Чунончи, Дамм - немис муҳожири невараси. Унинг бобокалони фашистик зуғум кучайган вақт фарзандларини Мексикага юборган экан. Хуллас, улар Гвадалахара шаҳридан қўним топиб, муқим яшаб қолишган. Юрген ҳам худди яқинлари каби немис мактабида таҳсил олган ва асл ватани тарихини жуда яхши билади. Айтганча, бундан 4 йил олдин 20 ёшли Дамм машҳур Алекс Фергюсоннинг чорловига биноан, «МЮ» кўригида қатнашганди. «Инглизлар ўйин бобидаги савиям маъқул келганини айтишди, бироқ мушакларимни ҳали кучайтиришим ва тезкорликни оширишим зарурлигини тушунтиришди»,-дея хотирлайди футболчи Англия сафарини. Хуллас, у Манчестердан овқатланиш ҳамда тренажёр залида шуғулланишга қаратилган махсус тайёргарлик дастури билан қайтди. Дамм шундан буён Мексикада ўйнамоқда, аммо орзулари анча баланд: «Албатта, жаҳон чемпионати ва Европа ЧЛдек йирик турнирлар ҳавосидан баҳра олишни истайман. Ҳозир бунинг айни пайти, Германия паспортига эгалигим эса Европа жамоаси билан шартнома тузишимда қўл келиши мумкин».

Факт. Юрген Дамм 2015 йили эълон қилинган жаҳоннинг энг тезкор футболчилари рейтингида биргина Гарет Бэйлдан орқада қайд этилганди - унинг тезлик суръати 35,23 кило-метр|соатга тенг (Бэйлнинг натижаси - 36,9 километр|соат).

Ирвинг Лосано - ҳазилкаш бўлажак суперюлдуз

Лосано - 21 ёшли вингер. У ёш бўлишига қарамай, катта тажриба тўплашга улгурди. Ҳарқалай, Мексиканинг кучли клубларидан бири «Пачука»да 149та ўйин ўтказди. Хуллас, у асосий таркибнинг домий аъзоси ва ўрнини ҳеч кимга бераётгани ҳам йўқ. Ирвинг кроват тагидан сакраб чиқиб, клубдошларини чўчитишни хуш кўриши натижасида «Чаки» лақабини олган. Тезлиги бинойидек, дриблинг салоҳияти ҳам чакки эмас. Камтарлиги ва ҳазил-мутойибага ўчлиги эса ҳар қандай даврага ортиқча муаммосиз қўшилиб кетишидан далолат беради. У шунинг баробарида мудом ўрганиш ва ўсишга мойилки, буларнинг барчаси келажакда суперюлдуз мақомини олиши мумкинлигига асосдир. Лосано 21 ёшигача бир қатор муҳим турнирларда ғалаба нашидасини суришга муваффақ бўлди - Мексика кубоги, КОНКАКАФ ЧЛ, ёшлар ўртасидаги Шимолий Америка чемпионати. Йигитча ўтган йили Олимпиада ва Америка кубоги каби йирик мусобақаларда иштирок этди. «Лосано кўпгина устун жиҳатларга эга ва футболда анча узоққа боришини тахмин қилиш мумкин,-дея ишонч билан таърифлайди йигитчани миллий жамоа бош мураббийи Хуан Карлос Осорио.             - Энг асосийси, унда буюк ўйинчилар қаторидан жой олиш учун етарли салоҳият бор. Шунинг баробарида Ирвинг жуда яхши йигит ва шуниси энг кучли томони саналади».

Факт. Лосано қисқа фаолияти давомида анча кучли рақобат шаклланган Мексика олий дивизионида 43та гол урди, ваҳоланки, у ҳимояда тўп суради. «Чаки» эндиликда Голландиянинг ПСВ клуби фанатларини қувонтирса, ажабмас. Дарвоқе, 1 йилча олдин унинг «МЮ» сафига қўшилиши ҳақида гап-сўзлар тарқалганди, яқинда эса «Манчестер Сити»нинг реал харидор эканлиги айтилди. Бироқ камтарин йигит еврофутболга юришини нисбатан камтарроқ жамоада бошлашни маъқул кўрди.

Мигель Лайун - «учувчи» ҳимоячи

Лайуннинг орқа чизиқдаги ҳаракатлари юзасидан саволлар кўп. Бир қарашда, уни россиялик Дмитрий Комбаров билан қиёслаш мумкин, ҳар ҳолда, иккисининг ўйинида маълум ўхшашликлар йўқ эмас - мексикаликнинг ҳужумга фаол қўшилишини мақташ баробарида ҳимоядаги эҳтиётсизлигини тез-тез танқид қилишади. Whoscored портали эса «Порту» чап қанотида тўп сурувчи йигитни тўпни яхши назорат қилувчи, «пас» йўллашни хуш кўрувчи ва стандарт вазиятларни мукаммал ижро этувчи футболчидек тавсифлаган. Унинг заиф жиҳатлари эса - тўпни рақибдан тортиб олишда сустлиги ва эътиборни сақлай олмаслиги. Тушунарлики, булар ҳимоячи учун энг зарур хислатлар ҳисобланади.

Факт. Лайуннинг алоҳида «қуроли» - бу ўнг оёғи билан бериладиган даҳшатли зарба. Унинг учун жарима нуқтасидан гол уриш ҳам муаммо эмас. Мексика футболи умиди шунингг баробарида техник томондан жуда кучли. Хуллас, мутахассисларнинг хулосаларига кўра, унинг жойи ҳимояда эмас.

Орибе Перальта - суперолимпиячи

Мексика терма жамоасида доимо кучли марказий ҳужумчи кўзга ташланган ва ташланмоқда. «Ацтеклар» айнан шундай самарадор йигитларнинг голлари эвазига кетма-кет 6 марта жаҳон чемпионатининг 1|8 финал раундига чиқишди. Тўғри, Харед Боргетти, Куатемок Бланко, Карлос Эрмосильо ва Луис Эрнандес каби голеадорларнинг аниқлик билан ўйнашлари ҳам жамоанинг шу босқичдан ўтишига камлик қилди. Улар айни пайт Мексика термаси тарихидаги тўпурарлар рўйхатининг 2-5-поғонасида боришаётгани кўп нарсадан дарак бериб турибди. Элит рўйхатни эса ҳозирда фаолиятини давом эттираётган доимий ёш - Хавьер Эрнандес бошқариб турибди. Орибе Перальта шундай машҳур ҳужумчилар қаторидан жой олгани билан мақтанишга ҳақли. Мухлислар уни асосан йирик турнирлардаги иштироки орқали билишади. Зеро, Перальта еврофутболга юзланган эмас. Яъни ҳамон маҳаллий чемпионатдаги дарвозабонларни таҳликага солишдан бўшамаяпти.

Факт. Перальта Лондон Олимпиадасида Мексика терма жамоасининг 23 ёшдан катта 3 нафар футболчисидан бири сифатида қатнашиб, турнир бош тўпурарига аталган соврин соҳибига айланди. У аввалига Швейцария термаси посбонини ранжитди ва жамоасининг гуруҳда биринчи бўлишини таъминлади. Кейин япониялик олимпиячиларга қарши кечган баҳсда ўзини кўрсатиб, финалга йўл очди. Ҳал қилувчи баҳсда эса Бразилия термаси дарвозасини 2 бора ишғол қилиб, бош қаҳрамон бўлди. Ваҳоланки, мексикаликларнинг олтин медаль ютишларини ҳеч ким кутган эмасди. «Ацтеклар» Олимпиадада илк бора зафар қучишганини эътиборга олсак, Перальта йиллар давомида тарихий натижа ижодкори сифатида тилга олинади.

Марко Фабиан - ақлини йиғиб олган «кичкинтой»

2012 йилги ўша Олимпиада финалини эсласак, Перальта «олтин гол»ни Марко Фабианнинг узатмасидан сўнг урганди. Олимпия ўйинларидаги ғалаба айниқса, «кичкинтой Марко» (бўйи атиги 171 см.) учун қадрли бўлгани аниқ. Зеро, шундан атиги бир йилча олдин уни терма жамоадан шармандаларча ҳайдашганди. 2011 йилнинг ёзида мексикаликлар фантастик финалда АҚШ термасини 4:2 ҳисобида енгиб, КОНКАКАФ «Олтин кубоги» турнирида ғалабани тантана қилишди ва хотиржам ҳолда, Америка кубогига ҳозирлик кўра бошлашди. Бироқ Аргентинада ташкил этилган турнир стартига бир неча кун қолган вақтда катта жанжал юзага келди: мексикалик футболчилар меҳмонхонада қимматбаҳо буюмлари ва пуллари йўқолганидан шикоят қилишди. Кейин кузатув камералари ёзуви кўриб чиқилди ва ...уларни ўзлари таклиф этишган фоҳишалар ўмаришгани ошкор бўлди. Натижада ички тартибни бузган 8 нафар футболчига 3 минг евродан жарима солинди ва улар уйларига қайтишдан ўзга чора тополмадилар. Фабиан ҳам қоидабузарлар қаторида эди.

Факт. «Кечирилган» 4 нафар футболчидан бири сифатида Олимпиада «заявка»сига кирган Фабиан Лондонда жамоасининг муваффақиятига катта ҳисса қўшди. Айтганча, «қувғин» қилинган 8 нафар футболчидан иккиси (айнан Фабиан ва Жонатан Дос Сантос) Конфедерациялар кубогида ҳам иштирок этди.

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz