Қайднома

Қидирув

Давралар оралиғида: Ким қанчалик йиғинни якунламоқда?

Давралар оралиғида: Ким қанчалик йиғинни якунламоқда?

  28.07.2017 04:58
  0
  1004
Давралар оралиғида: Ким қанчалик йиғинни якунламоқда?

«Локомотив» иккинчи давра ўйинларига ҳозирликни давом эттирмоқда. Бироқ ҳал қилувчи босқич старт олишидан аввал тошкентликлар мамлакат кубоги доирасида учрашув ўтказишади. Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони ҳамда кубоги соҳиби 28 июлда жорий йилги кубок беллашувлари чорак финал жавоб ўйинлари доирасида «Бухоро» қаршилигини енгишга уринади. Ёдингизда бўлса, ушбу икки жамоанинг дастлабки тўқнашувида 0:0 ҳисоби қайд этилган эди. Навбатдаги баҳсда эса ярим финалга қайси жамоа йўл олиши ойдинлашади.

«ҚЎҚОН-1912»

Ўзининг ажойиб ўйинлари билан мухлису мутахассислар назарига тушган иқтидорли ярим ҳимоячи Жавоҳир Сиддиқов «Қўқон-1912»нинг тўлақонли аъзоси бўлди. «Пахтакор»га тегишли Сиддиқов озод агентга айлангач, «Қўқон-1912» билан тўлақонли шартнома имзолади.

Шунингдек, дарвозабон Никита Рибкиннинг трансфер ҳуқуқлари ҳам «Пахтакор»дан сотиб олинди. «Шерлар»дан ижарага олинган яна бир футболчи Андрей Сидоров эса, икки томоннинг келишувига асосан ўз жамоасига қайтиб кетди. «Пахтакор» Андрей Сидоровни Самарқанднинг «Динамо» жамоасига ижарага берди.

Ўз навбатида, ярим ҳимоячи Собир Ҳамидов иккинчи даврани бошқа жамоада ўтказадиган бўлди. Олий лигага қайтишни мақсад қилган «Андижон» ушбу футболчига жиддий қизиқиш билдирди ҳамда томонларнинг ўзаро келишувига асосан Ҳамидов фаолиятини Андижонда давом эттирадиган бўлди.

Айни пайт «Қўқон-1912» «Насаф»га қарши кубок ўйинига тайёргарлик кўрмоқда. Машғулотлар Қўқондаги «Марказий» стадионида икки маҳалдан ўтказиляпти.

 

«НАСАФ»

Иккинчи давра тайёргарликларини ўз қароргоҳида давом эттираётган «Насаф» тўлиқ таркибда машғулотларга киришди. Ўзбекистон ёшлар (U-22) термаси сафига жалб этилган футболчилар ҳам машғулотларни бошлашди. Миллий жамоамиз сафидаги хориж йиғинидан қайтган футболчилар Акмал Шораҳмедов, Фаррух Сайфиев ва Баҳром Абдураҳимовлар ҳам умумжамоа машғулотларига киришдилар. Шунингдек, «Насаф» сафига янги қўшилган Жасур Ҳасанов ва Умарбек Эшмуродовлар ҳам астойдил шуғулланишмоқда.

Ўзбекистон футбол федерацияси Осиё футбол конфедерацияси ҳамда Швейцариянинг «Empower Sports» компанияси билан ҳамкорликда янги лойиҳани амалга ошириш борасида шартнома имзолагани ҳақида хабар берилганди. Келишувга кўра, иккинчи даврадан бошлаб Ўзбекистон чемпионати олий лига учрашувларининг тўғридан-тўғри трансляциялари «Empower Sports» компаниясига тегишли Mycujoo.tv сайтида, олий лига клублари расмий сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида бир пайтнинг ўзида намойиш қилинади. Шу муносабат билан 23-24 июль кунлари Тошкентдаги Raddison Blu Hotel меҳмонхонасида олий лига иштирокчи жамоалари вакиллари учун махсус семинар-устахона ташкил этилди. Мазкур тадбир «Empower Sports» компанияси вакиллари Диего Компаире ва Даниэль Портабелла томонидан олиб борилди.

Унда Швейцария компаниясининг махсус интернет-платформаси бўлган Mycujoo.tv сайтида футбол ўйинларини қай тариқа жонли эфирга узатиш борасида тушунтириш ишлари олиб борилди. Ушбу семинарда «Насаф»нинг икки нафар ходими Туроб Ҳайдаров ва Эркин Комиловлар ҳам иштирок этишди. Иккинчи даврадан бошлаб «Насаф» иштирокидаги уй учрашувларининг видеотрансляциялари «Empower Sports» компаниясига тегишли Mycujoo.tv сайтида ва клубнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий каналлари орқали тўғридан-тўғри намойиш қилинади. Ушбу трансляцияларни ташкил этишда ходимлар керакли билимларга эга бўлишди ва улар орқали клубга зарур жиҳозлар тақдим этилди.

 

«ОЛМАЛИҚ»

«Олмалиқ» Минск шаҳрида ўқув-машғулот йиғини давомидаги сўнгги назорат ўйинини ўтказди. Олмалиқликларга бу сафар Минск шарафини ҳимоя этувчи «Крумкачи» рақиб вазифасини ўтади. Уч ҳафта давом этган машғулотлар якуни ижобий натижа билан якунланди. Футболчилар бу баҳсда рақибга ҳеч қандай имкон қолдиришмади ва 5:0 ҳисобида зафар қучишди. Ўйинда урилган голларнинг барчаси иккинчи бўлимга тўғри келди. Фарҳод Тожиев «хет-трик»ка эришган бўлса, Виктор Клишин ва Санжар Риҳсибоев ўз ҳисобларига биттадан гол ёздириб қўйишди.

Шу тариқа Минскдаги ўқув-машғулотлари якунига етди. Эртага куннинг биринчи ярмида футболчилар сўнгги машғулотни югуриш йўлакчасида ўтказишади.

 

«ПАХТАКОР»

Измитдаги йиғинда «Пахтакор» биринчи назорат беллашувида «Сабаил»дан устун келди. Озарбайжон суперлигаси иштирокчисига қарши учрашувда ташаббусга эришган «шерлар» йирик - 4:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Дастлаб Азим Аҳмедов тўпни рақибдан олиб қўйиб, дарвозани ишғол қилган бўлса, Канюкнинг жаримадан оширган тўпини Симич дарвозага аниқ йўналтирди. Меҳмонлар биринчи бўлимда бунга бир гол билан жавоб беришди.

Танаффусдан сўнг тўп яна рақибдан олиб қўйилгач, бу сафар Ўринбоев зафар қучди. Искандеров эса майдон маркази атрофида белгиланган жарима зарбасини рақиблар дарвозасига аниқ йўллаб, ҳисобнинг йирик кўриниш олишига сабабчи бўлди.

Учрашувда тошкентликлар қуйидаги таркибда ҳаракат қилишди.

«Пахтакор»: Лобанов, Алижонов, Тожиев, Симич (Эрмаматов), Юсупов, Нуруллаев, Аҳмедов (Саъдуллаев), Безерра (Исматуллаев), Канюк (Искандеров), Каримов (Иброҳимов), Ўринбоев.

«БУХОРО»

Давралар оралиғидаги йиғинни Тошкентда ўтказган «Бухоро» «Навбаҳор»га қарши назорат учрашувида майдонга тушди. Ўйинда аввалига наманганликлар ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Сўнгра «Бухоро»дан Азамат Алланиёзов ва Владимир Баенко биттадан тўп киритиб, жамоага иродали ғалабани тақдим этишди. Кичик жароҳатидан аста-секин фориғ бўлиб бораётган тўпурар ҳужумчи Иван Нагаев мазкур учрашувда бошланғич таркибда майдонга тушди.

Бош мураббий Улуғбек Бақоев шу куни қуйидаги таркибдан фойдаланди:

«Бухоро»: Акмал Турсунбоев, Тоҳир Шамсиддинов, Бобур Омонов, Владимир Баенко, Алишер Саматов, Эргаш Исмоилов, Санъат Шихов, Алишер Саноев, Раббимжон Ҳасанов, Ивор Вейцер, Иван Нагаев.

Захирадан майдонга тушганлар: Азамат Алланиёзов, Баҳриддин Ваҳобов, Зоҳир Пиримов, Нозим Умуров.

Мазкур баҳсдан сўнг футболчиларга бир кунлик дам берилди. Эслатиб ўтамиз, 28 июль куни «Бухоро» Тошкентда «Локомотив»га қарши Ўзбекистон кубоги 1|4 финал жавоб учрашувидан ўрин олган ўйинини ўтказади.

 

«БУНЁДКОР»

Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоаси давралар оралиғида ўз таркибига қўшиб олган янги футболчиларни кенг оммага таништирди. Тадбир «Бунёдкор» стадиони матбуот анжуманлари залида бўлиб ўтди. Унда оммавий ахборот воситалари ходимлари «қалдирғочлар»нинг янги аъзоларига айланган футболчилар билан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлдилар. Шунингдек, клуб раҳбарияти томонидан «Бунёдкор»нинг янги футболчилари учун аталган футболкалар ҳам тантанали равишда топширилди.

«НАВБАҲОР»

Наманганликлар Тошкентда ташкил этилган йиғинни якунлашди. Пойтахтдаги машғулотлар сўнггида «Бухоро»га қарши назорат ўйини ўтказилиб, унда «Навбаҳор» 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Учрашувнинг биринчи бўлимида Мирзоҳид Ғофуровнинг зарбасидан сўнг «лочинлар» олдинга чиқиб олишганди. Танаффусдан кейин «Бухоро» дарвозани икки бор нишонга олди.

Учрашувни наманганликлар қуйидаги таркибда ўтказишди:

«Навбаҳор»: Асилбек Омонов, Жаҳонгир Меҳмонов, Дарко Станоевич, Мирзоҳид Ғофуров, Аббос Отахонов, Аъзам Алиев, Дилшод Жабборов, Аббос Махсталиев, Саид Абдужабборов, Ойбек Қиличев, Дониёр Усмонов.

Захирадан майдонга тушганлар: Мирзоҳид Маматхонов, Илҳом Бойдедаев, Мурод Ражабов, Азизбек Турғунбоев, Рўзимбой Аҳмедов, Равшан Хурсанов, Дилшод Ҳамроев.

«Бухоро» билан ўтган ўйинда мураббийлар икки нафар янги футболчини синовдан ўтказишди. Биринчи даврани «Нефтчи»да ўтказган Саиджон Абдужабборов асосий таркибда майдонга тушди. Танаффусдан сўнг эса «Бунёдкор»дан жалб этилган Дилшод Ҳамроев ҳам майдонга тушди. Тошкент йиғинидаги охирги ўйиндан сўнг жамоа аъзоларига бир кунлик таътил эълон қилинди. 25 июлдан машғулотлар Наманганда давом эттирилмоқда.

 

«СЎҒДИЁНА»

Аввал маълум қилганимиздек, жамоа бош мураббийи Даврон Файзиев ўз аризасига биноан клубни тарк этганди. Жамоани ёрдамчи мураббий Диёр Файзиев бошқариб келаётганди. Клуб раҳбарияти ушбу мутахассисни вақтинчалик бош мураббий этиб тайинлади.

Шу билан бирга, «Сўғдиёна»да янги мураббий иш бошлади. Мухлисларга яхши таниш бўлган Зоҳид Нурматов эндиликда жамоада ёрдамчи мураббий сифатида фаолият юритади ва у футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигига масъул бўлади. 53 ёшли мутахассис бунгача олий лиганинг «Насаф», «Динамо», «Гулистон», «Навбаҳор» ҳамда «Андижон» каби жамоаларида Баҳром Ҳакимов ва Бахтиёр Ашурматовга ассистентлик қилган. Қўқонлик мураббийнинг сўнгги иш жойи «Андижон» эди. Ўтган йилнинг май ойида ўз аризасига кўра «бургутлар» билан хайрлашишга қарор қилган Нурматов бунгача ҳеч бир жамоада кўриниш бермай келаётганди.

Жиззахликлар Тошкент йиғини доирасида «Нефтчи»га қарши назорат ўйинини ўтказишди. Унда 2:2 ҳисоби қайд этилди. «Сўғдиёна»нинг голларига Шоҳруҳ Достонов ва Иззатилла Абдуллаевлар муаллифлик қилишди.

Жиззах жамоаси мазкур баҳсда қуйидаги таркибда ҳаракат қилди.

«Сўғдиёна»: Музаффар Абдуллаев, Жавлон Гусейнов, Сардор Қаҳҳоров, Умид Қодиров, Шерзод Жалилов, Азамат Исроилов, Ғайрат Умиров, Сардор Эминов, Сарвар Жўраев, Сардор Қулматов, Ихтиёр Тошпўлатов.

Захирадан майдонга тушганлар: Ширинбой Абдуллаев, Рустам Аъзамов, Санжар Рашидов, Иззатилла Абдуллаев, Суҳроб Қобилов, Алишер Маҳмудов, Шоҳруҳ Достонов, Қаҳрамон Баҳодиров.

 

«ШЎРТАН»

Биринчи даврада «Қўқон-1912» шарафини ҳимоя қилган Руслан Мельзиддинов айни пайт «Шўртан» йиғинида иштирок этмоқда. Унинг Ғузор клубига ўтиш ёки ўтмаслиги ҳозирча маълум эмас.

Олий лиганинг иккинчи даврасига тайёргарликни Тошкентда давом эттираётган «Шўртан»га яна янги футболчи келди. Шу пайтгача «Машъал» сафида тўп сурган ҳужумчи Марадона Сафаров айни кунларда ғузорликлар таркибида шуғулланмоқда. «Шўртан» 22 июль куни биринчи лига вакили «NBU-Осиё»га қарши ўртоқлик учрашуви ўтказиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. Сўнгра ғузорликлар «Локомотив»нинг ўринбосарлар таркиби билан назорат ўйини ташкил этиб, унда ҳам рақибни енгишди - 3:1.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz