Қайднома

Қидирув

Бразилиялик футболчиларнинг Европа майдонларидаги саргузашти

Бразилиялик футболчиларнинг Европа майдонларидаги саргузашти

  29.07.2017 00:23
  0
  1027
Бразилиялик футболчиларнинг Европа майдонларидаги саргузашти

Бразилия футбол мактабидан етишиб чиққан бу футболчилар юксак иқтидорларини намойиш этиш ҳисобига хориж клублари эътиборини ўзларига тортишади.

Қарабсизки, ҳеч қанча муддат ўтмай, уларни «кўҳна қитъа»нинг машҳур клублари ўз сафларига қўшиб олишади. Бу ўйинчиларнинг айримлари юлдузлик даражасига чиққан бўлишса, баъзилари легионер сифатида билдирилган ишончни оқлай олишмаган.

Аммо уларни боғлаб турадиган бир жиҳат бор - вақти келиб, барчалари она юртлари Бразилияга қайтишади. Қуйидаги мақолада айнан шундай футболчилар ҳақида сўз боради.

ЖО

Ёши: 30

Қаерда танилди? ЦСКА, «Манчес­тер Сити», «Эвертон»

Бразилияга қайтган йили: 2017

Ҳозирги клуби: «Коринтианс»

Мавсумдаги статистикаси: 9та ўйин, 5та гол}2та ассист

Жо фаолиятини «Коринтианс»да бошлаган. Бу клуб либосида 81та учрашув ўтказди, кейин эса ЦСКА билан шартнома имзолади. Россияда 18 ёшида гол уришга муваффақ бўлди. Икки мавсумда ўзининг ажо­йиб жиҳатларини кўрсатиб, 30та тўп киритишга эришган ҳужумчи кейинчалик 18 миллион фунт эвазига «Манчестер Сити» сафига ўтди. Лекин шошилинч қарор ўзини оқламади. Жо «шаҳарликлар» таркибида шунчаки «йўқолиб қолди», сўнгра «Эвертон» ва «Галатасарой» каби клубларда ижара асосида вақтини ўтказиб юрди. Унинг ўз юртига биринчи қайтиши 2011 йилга тўғри келди.

«Интернационале» ва «Атлетико Минейро»даги беш мавсумдан сўнг Жо яна легионер номини олди. Унинг бу сафарги саёҳати Осиёнинг БАА мамлакатига бўлди. 2015|2016 йилларни «Ал-Шабаб»да ўтказган бразилиялик кейинги мавсумни яна бошқа бир клубда бошлади. Бу сафарги жамоаси Хитойнинг «Жиангсу Сунинг»и бўлди. Чин юртидаги саёҳат ҳам узоққа чўзилмади. Аниқроғи, бир мавсум давом этди. Кейин эса 30 ёшли футболчи ўзининг қадр­дон жамоаси - «Коринтианс» сафига қўшилди. Ҳозир бу «халқ жамоаси» чемпионат етакчиси бўлиб, ўтказилган 9та турда умуман мағлубиятга учрамади. Жо эса шу клуб етакчиларидан бири.

ДИЕГО

Ёши: 32

Қаерда танилди? «Вердер», «Вольфсбург»

Бразилияга қайтган йили: 2016

Ҳозирги клуби: «Фламенго»

Мавсумдаги статистикаси: 6та ўйин, 3та гол}2та ассист

Диегони «Порту» Декуга ўринбосар сифатида харид қилганди. Аммо бразилиялик футболчининг «аждарлар» сафида ўйини очилиб кетмади. Лекин унинг «Вердер»даги фаолияти шунчаки таҳсинга сазовор. Бундеслигадаги ҳар бир мавсумида Диего 12-13тадан кўп гол урарди. Бироқ бременликлар турнир жадвалининг кучли ўнлигидан уёғига ўтолмасдилар. Ке­йинчалик бразилиялик футболчи Турин гранди - «Ювентус» сафига қўшилди. Италиядаги йиллар ҳақиқатни тушуниш учун етарли бўлди: Диего «А» серияси учун яралмаган. «Вольф­с­бург»­да унинг ишлари янада юришиб кетди, аммо бу кучли жамоа эмасди. «Атлетико»даги ижара ва Туркияда ўтган йиллар Диегога шуҳрат келтирмади ва футболчи ўз юртига қайтди. «Фламенго» таркибида самарадорлик юқори бўлмаса ҳам ўйин бобида барқарорлик жойида.

Зе РОБЕРТО

Ёши: 42

Қаерда танилди? «Бавария»

Бразилияга қайтган йили: 2012

Ҳозирги клуби: «Палмейрас»

Мавсумдаги статистикаси: 3та ўйин

43 ёшли Дмитрий Лоськовнинг қарори хато бўлди. Чунки шу ёшдаги Зе Роберто ҳали тинганича йўқ. Ўтган йили у «Палмейрас» билан мамлакат чемпионлигини қўлга киритганди. Бу ютуқда «қария»нинг хизматлари етарли даражада бўлган. Футболчи 6 йил олдин 37 ёшлик чоғида «Гамбург»дан Қатарга йўл олганди. Бу эса унинг хориждаги сўнгги сафари бўлди. Ке­йинчалик Зе Роберто ўз юртида молиявий жиҳатдан мақтана олмасада, шунга қарамай, кучлилар сафида борадиган «Гремио» ва «Палмейрас»да ажойиб ўйинлар ўтказди. Ишониш қийиндир, аммо 20 йил олдин Зе Роберто Мадриднинг «Реал» клуби асосий таркибида майдонга тушарди.

Луис ФАБИАНО

Ёши: 36

Қаерда танилди? «Севилья»

Бразилияга қайтган йили: 2017

Ҳозирги клуби: «Васко да Гама»

Мавсумдаги статистикаси: 8та ўйин, 5та гол}2та ассист

Бир пайтлари Кануте-Луис Фабиано тандемидан унча-мунча рақиб чўчирди. Александр Кержаков эса бу икки футболчининг қайси биридандир устун келишга қодир эмасди. Фабиано примерадаги 30та ўйин­да ўз ҳисобига 24та гол ёздириб қўйган. Бразилиялик футболчининг Испаниядаги охирги мавсуми 2011 йилга тўғри келди. У мунтазам равишда асосий таркибда ўйнади, ке­йинчалик ўз юртига қайтиб, «Сан-Паулу» сафига қўшилди. Бразилиядаги беш мавсумдан сўнг пуллар уни Хитойга чорлади ва Чин юрти биринчи лигасида ўйнади. «Тянжинь Жианье» таркибида 28та учрашувда майдонга тушган Фабиано 22та гол уришга эришди. Бу голлар клубнинг элитага йўл олишида катта роль ўйнади. Шундан сўнг 36 ёшли футболчи яна ўз юртига равона бўлди.

ГРАФИТЕ

Ёши: 38

Қаерда танилди? «Вольфсбург»

Бразилияга қайтган йили: 2015

Ҳозирги клуби: «Атлетико Паранаэнсе»

Мавсумдаги статистикаси: 7та ўйин

Бу футболчи «Вольфсбург»нинг бундеслигадаги биринчи чемпионлигини нишонлашида энг асосий қаҳрамонлардан бири бўлган. Жеко-Графите жуфтлиги ўша мавсум 54та гол урганди. Уларнинг статистикасида деярли тенглик бўлган: 28та бразилияликда, 26та боснияликда. Бу пайтга келиб Графите 30 ёшни қаршилаганди. Кейинчалик яна ярим йил «бўрилар» таркибида ўйнаган бразилиялик футболчи фаолиятини БАА ва Қатар чемпионатларида давом эттирди. Осиёдаги тўрт йиллик «изғиш»дан сўнг Графите яна ўз ватанига - бу сафар Бразилиянинг иккинчи лигасига қайтди. «Санта Круз»­даги 19та ўйинда ўз номига 13та гол ёздириб қўйган футболчининг ке-йинги фаолияти «Атлетико Паранаэнсе» билан боғланди.

Фелипе МЕЛО

Ёши: 33

Қаерда танилди? «Фиорентина», «Ювентус», «Галатасарой»

Бразилияга қайтган йили: 2017

Ҳозирги клуби: «Палмейрас»

Мавсумдаги статистикаси: 4та ўйин

Европадаги фаолиятини Испания­да бошлаган Фелипе Мело «Мальорка», «Расинг» ва «Альмерия»даги «юриши»дан сўнг Италиянинг «Фиорентина» клубига ўтди. У ерда ўзини кўрсата олган футболчи 25 миллион евро эвазига «Ювентус» аъзосига айланди. Аммо Мело Туринда ўзини кўрсата олмай, борган сари пастга шўнғиб, кераксиз ўйинчига айланиб қолди. Кейинчалик ижара асосида «Галатасарой»га ўтган Фелипе юқори даражада ўйинлар кўрсатиб, ажойиб мавсум ўтказди. Натижада турклар унинг трансфер ҳуқуқини тўлалигича сотиб олишди. Икки йил мобайнида ўзини ҳар томонлама кўрсата олган футболчи яна Италияга қайтди. Бу сафар «Интер» таркибига. «Нерадзурри» ҳозирча футболчининг Европадаги сўнгги жамоа­си бўлиб қолмоқда. Айни пайт Фелипе Бразилиянинг «Палмейрас» клубида фаолият олиб бормоқда.

Мишель БАСТОС

Ёши: 33

Қаерда танилди? «Лилль», «Лион»

Бразилияга қайтган йили: 2014

Ҳозирги клуби: «Палмейрас»

Мавсумдаги статистикаси: 5та ўйин

«Лилл»даги фантастик мавсуми билан танилган «Палмейрас»нинг яна бир футболчиси. Бастос ўшанда гол}пас тизими бўйича 26 баллга сазовор бўлганди. Сўнгра Франциянинг ўша пайтлардаги гегемони - «Лион» сафига кўчиб ўтди. Мишелнинг жамоадаги даври яхши кечди ва жами уч ярим мавсум «шерлар» шарафини ҳимоя қилди. Унинг «Шальке» сафига ўтиши хато бўлди ва у ердан БААга йўл олган футболчи ижара асосида «Рома»да ҳам ўйнади. Кейинчалик ўз ватанига йўл олди. Навбатдаги уч мавсумни «Сан-Паулу»да ўтказган вингер мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. 2017 йилдан эса «Палмейрас» сафига қўшилди.

БРЕНО

Ёши: 27

Қаерда танилди? «Бавария»

Бразилияга қайтган йили: 2015

Ҳозирги клуби: «Васко да Гама»

Мавсумдаги статистикаси: 9та ўйин

Брено ёшлигидан жуда иқтидорли бўлган. «Сан-Паулу» тарбияланувчиси «Бавария»га ўтганида эндигина 19 ёшда эди. Аммо Германиядаги тўрт йилнинг иккитасида тахминан 10 мартадан майдонга тушди. Кейинчалик ижара асосида «Нюрнберг» сафига қўшилди, бироқ бу жамоадаги фаолияти ҳам яхши чиқмади. Бренонинг бундай тақдирига алкоголь ичимликларнинг ҳам таъсири бор, десак муболаға бўлмаса керак. Зеро, 2011 йили футболчи мана шу ва бошқа бир қатор салбий одатлари туфайли 9 ойга озодликдан маҳрум қилинган. 2015 йили жонажон «Сан-Паулу»си орқали яна футболга қайтди. Ҳозирда ижара асосида «Васко да Гама» шарафини ҳимоя қилмоқда.

МАЙКОН

Ёши: 35

Қаерда танилди? «Интер»

Бразилияга қайтган йили: 2017

Ҳозирги клуби: «Аваи»

Мавсумдаги статистикаси: 1та ўйин

Майкон Моуриньо бошқарувидаги «Интер»да юқори даражадаги ўйинлар кўрсатди. Ўша мавсум «қора-кўклар» «олтин дубль» қайд этиб, Чемпионлар Лигаси ғолиблиги ва Италия чемпионлигини қўлга киритишганди. Майкон эса дунёнинг энг кучли ўнг қанот ҳимоячиларидан бирига айланди. Кейинчалик Жозе Моуриньо бразилиялик ҳимоячини «Реал»да ҳам кўришни хоҳлаганди. «Қаймоқранглилар» уни сотиб олишга уриниб кўришди. Аммо шайхлар бразилияликни «Манчестер Сити»га чорлашди. Футболчининг Англиядаги фаолияти кўнгилдагидек чиқмади. Сабалета билан рақобатда ютқазган Майкон бир йилдан сўнг «Рома»га ўтди. Майдонга камдан-кам ҳолларда тушсада, шартномасининг охиригача «бўрилар» сафида қолди. Кейин эса ўз ватанига қайтиб, «Аваи» аъзосига айланди. Майконнинг ишлари Бразилияда ҳам яхши кечаётгани йўқ. Футболчи жорий мавсум бор-йўғи бир марта майдонга тушган, холос.

ФРЕД

Ёши: 33

Қаерда танилди? «Лион»

Бразилияга қайтган йили: 2009

Ҳозирги клуби: «Атлетико Минейро»

Мавсумдаги статистикаси: 7та ўйин, 2та гол}1та ассист

«Лион»нинг энг гуллаган ва Франция футболида гегемонлик қилган даврларида унинг таркибида Фред ҳам бўлган. Бразилиялик футболчи жамоанинг уч маротаба мамлакат олтин медалларини олишида ёрдамлашган. Аммо стадион билан боғлиқ вазият туфайли футболчи ўз юртига қайтди. «Флуминенсе»да ўтказган ажойиб етти йили мобайнида Луис Фелипе Сколари уни терма жамоанинг асосий форвардларидан бирига айлантирди. 2016 йили «Атлетико Минейро»га кўчиб ўтган ҳужумчи ҳозирда айнан шу жамоа шарафини ҳимоя қилмоқда.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz