Қайднома

Қидирув

"Металлург"да ҳам ўзгаришлар катта...

"Металлург"да ҳам ўзгаришлар катта...

  30.07.2017 14:00
  0
  716

Иккинчи давра бошланишига қисқа фурсат қолаётганда “Металлург” жамоаси қароргоҳидан кетма кет янгиликларни эшитаётган мухлислар бироз ташвишга тушиб қолишгани бор гап. Охирги янгилик, клубни сўнгги йилларда асосий дарвозабонга айланган Суҳроб Султонов тарк этди. Биз вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида жамоа бошлиғи Шавкат Саидовга юзландик.

Жамоамиз таркибида жиддий ўзгаришлар бўлаётганлиги бор гап. Асосий дарвозабон Суҳроб Султоновга бир неча йиллардан буён ўз олдига катта мақсадларни қўйган жамоалардан қизиқишлар бўлаётганди. Давралар оралиғида уни худди шундай клублардан бири – Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоасига кузатиб қўйдик.Ундан бироз олдинроқ марказий ҳимоячиларимиздан икки нафари билан хайрлашгандик. Ислом Қобилов бизда ижара асосида ўйнаётганлиги боис трансфер ҳуқуқига эга “Бунёдкор”нинг ўйинчини қайтариш борасидаги таклифига эътироз билдиролмадик. У билан U-22 терма жамоамиз сафида Осиё чемпионатининг саралаш баҳсларида муваффақиятли қатнашган Достонбек Турсунов эса иккинчи  даврани ўз вилояти бош жамоаси – “Нефтчи”да ўтказишни хоҳлади. Фарғона клуби мутассаддилари билан музокаралар олиб борганимиздан сўнг уни “Нефтчи”га ярим йиллик муддатга ижарага беришга қарор қилдик. Биринчи даврада бизда деярли ўйин амалиётига эга бўлмаган Вусол Магеррамов “Олмалиқ”да, Дониёр Исмоилов эса “Динамо” (Самарқанд)да ижара асосида тўп суришга рухсат сўрашди. Шунингдек, Камронбей Копадзе, Фарҳод Намозов, Тимур Усмоновлар билан дўстона хайрлашдик. Аммо мухлисларимиз хавотирга тушишмаслигини истардим. Айни пайтдаги таркибимиз билан ҳам ижобий натижаларга эришамиз, деб ўйлайман. 

Қолаверса мураббийларимиз таркибни кучайтириш борасида ҳам изланишяпти. Жумладан, “Обод”дан универсал ҳимоячи Аброр Хусиновни таркибга қўшиб олдик. Мазкур жамоанинг яна бир ўйинчиси, ярим ҳимоячи Дониёр Ҳасановнинг трансфер ҳуқуқи ҳам “Металлург”га тегишли. У билан ҳам клубимиз шартнома имзолаган. Аммо баъзи сабабларга кўра Дониёр бу мавсумнинг иккинчи ярмини ижара асосида ”Қўқон 1912” жамоасида ўтказади. Шунингдек, “Бунёдкор”тарбияланувчиси Жавоҳир Эсонқулов ҳам “Металлург”нинг тўлақонли аъзосига айланди. Асли “Металлург” тарбияланувчилари бўлган Зуфаржон Акбаралиев, Сирож Тошпўлатовлар биринчи лигада маҳоратларини ошириб, тажриба тўплашиб сафимизга қайтишди. Ёшлар таркибидан ҳам бир қатор иқтидорли ўйинчиларни қўрқмасдан асосий таркибга жалб этиш фурсати етди, деб ўйлайман. Иккинчи даврада бунга ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиздейди Шавкат Неъматжонович.

Жамоа бошлиғининг фикри ўлароқ “Бунёдкор”, “Қизилқум” ва “Истиқлол”га қарши назорат учрашувларида марказий ҳимоя чизиғида Худойшукур Сатторов, ҳужумда эса Муҳаммаджон Султонов майдонга чиқишди ва ўзларининг ижобий томонларини намойиш этишди. Муҳаммаджон  “қалдирғочлар” дарвозасига гол киритишга ҳам муваффақ бўлди. Шунингдек, ёшлар таркиби посбони Тимур Тўйчиев, ҳимоячи Аброр Тошқўзиевлар ҳам асосий таркиб юкини бемалол тортишига ишонч бор. Мазкур футболчилар иккинчи даврага тайёргарлик жараёнида асосий таркиб ўйинчилари қаторида шуғулланишаётганлиги фикримиз исботидир. “Металлург” ПФК жамоа таркибига жалб этилган янги ўйинчиларини 31 июль санасида ЎзПФЛ қўшимча буюртмасидан ўтказишни режалаштирган. *** Бекободнинг “Металлург” жамоаси кеча пойтахт вилоятининг “Дўстлик” жамоа хўжалигида навбатдаги назорат учрашувини Тожикистоннинг “Истиқлол” футболчиларига қарши ўтказди. Аввалги кўрик ўйинларига нисбатан бу сафар бекободликларнинг ўйини унчалик қовушмаганлигини айтиб ўтиш лозим. Шундан бўлса керак, мураббийлар штаби танаффусдан сўнг аксарият ўйинчиларни жиддий танқиб остига олди ва уларнинг ўрнига майдонга ёш, ғайратли футболчиларни туширди.

Бевосита ўйин тафсилотига тўхталадиган бўлсак, ҳудудий устунлик “Металлург” футболчилари томонида бўлди. Улар ўйиннинг 17-дақиқасида ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Жаҳонгир Абдумўминовнинг ажойиб тўп оширишидан сўнг Ислом Исоқжонов рақиб дарвозабони билан яккама якка чиқди ва вазиятни голга айлантирди – 1:0. Шундан кейин ҳам маъданчиларда бир қатор имкониятлар бўлди. Бироқ бекободликларга бундай вазиятларда совуққонлик етишмади. “Истиқлол” эса учрашувнинг сўнгги сонияларигача курашдан чарчамади ва ҳакам томонидан қўшиб берилган компенсация вақти ўтиб бораётганда жавоб голини киритиш мақсадига эришди – 1:1.

“Металлург” бу ўйинни қуйидаги таркибда ўтказди: Зафар Сафаев, Мирғиёс Сулаймонов, Ҳикмат Ҳошимов, Дониёр Одилов, Аброр Ҳусинов, Аюбхон Нўъмонов, Жаҳонгир Абдумўминов, Жавоҳир Эсонқулов, Муроджон Тошматов, Ислом Исоқжонов, Зоҳид Абдуллаев.
заҳирадан майдонга тушганлар: Тимур Тўйчиев, Муҳаммаджон Султонов, Аброр Тошқўзиев, Давронбек Каримқулов, Муҳаммадодил Қаҳрамонов, Санжар Қодирқулов, Алишер Зиёвуддинов, Худойшукур Сатторов, Жасур Аҳмедов.


Манба: metallurg-pfc.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz