Қайднома

Қидирув

Гол уролмаслик ёки тўп ўтказишдан чўчиш «хасталиги»

Гол уролмаслик ёки тўп ўтказишдан чўчиш «хасталиги»

  01.08.2017 21:19
  0
  655
Гол уролмаслик ёки тўп ўтказишдан чўчиш «хасталиги»

Гол уриш ёки тўп ўтказиш - футбол моҳиятини белгиловчи қонуниятлардир. Ўйин бошландими, демак, ҳар икки жамоада гол уриш имкони ёки дарвозасидан тўп ўтказиш хавфи мавжуд. Бу барчага маълум ҳақиқат. Айни шу ҳолатни тан олган, шубҳасиз, ҳақиқат руҳида тўп сурадиган жамоада гол уролмаслик ёки тўп ўтказиб юборишдан хавотирланиш кайфияти сезилмайди. Футбол қонуниятига кўра, ўйланган ва машқларда тобланган режадан қатъий назар, ўйин жараёнида кутилмаган ҳолатлар ҳам юз бериши табиий ҳол. Ўйин мезонларини теран тушунадиган мураббий бундай вазиятларда асабийлашмайди, аксинча, шогирдларини руҳан қўллаб-қувватлайди. Аниқроғи, чин мураббий бу ишни жамоа бошқарувини қўлга олган заҳоти амалга оширади. Чунки муайян ўйин арафаси ёки унинг давомида футболчиларни руҳий таъсир воситасида кўнгилдагидек «уйғотиш» қийин. Зеро, ҳар ишда бўлгани каби футболда ҳам қалб бирдан руҳий қувватга тўлмайди. Қолаверса, ўйин арафаси ёки танаффусда футболчига сўзлар таъсирида қисқа далда бериш имкони бор, холос. Леонардо Бонуччидек футболчининг «Ювентус»дан кетиши баъзан мураббийда шу имкон ҳам бўлмаслигидан далолат...

Савол туғилиши табиий: нима учун бу сафар айни мавзуга эътибор қаратяпмиз? Гап шундаки, миллий терма жамоамиз аксарият учрашувларда гол қўйиб юборишдан чўчиб ўйнайди. Дарвозадан тўп ўтказиб юбориш терма жамоамиз учун фожиа мисоли, гўё. Нима учундир шу «касаллик» бош жамоамизнинг қон-қонига сингиб кетган. Оқибатда муҳим учрашувлар ҳақиқатан ҳам, аламли мағлубиятлар билан якунланади. Баҳс бошланиши билан «Тўп ўтказиб юбормаслик керак!» шиори руҳи миясини банд қилган футболчи ўзини хотиржам сезмайди, хато қилмасликка тиришади ва мавжуд имконларини ишга сололмайди. Охир-оқибат, сўнгги дақиқаларда футболчи наинки жисмоний, балки руҳий жиҳатдан ҳам чарчайди. Икки томонлама толиққан футболчи эса майдондаги вазиятни тўла-тўкис англай олмайди ва рақиб гол уриши учун қулай шароит юзага келади. Хўп, дейлик, тўп ўтказиб юборилди. Шунга нима? Ўйин тугашига бир дақиқа борми? Бор! Бу вақт имкон демакдир. Терма жамоамиз эса учрашув якунига етарлича дақиқа қолганида тўп ўтказиб юборса ҳамки, тушкунлик домига қулайди. Футболчиларимиз феъл-атворини яхши билган мухлислар ҳам «Шуниси керак эмасди!» дея тиззаларига уришади. Яна такрорлаймиз, гол қўйиб юборилиши фалокатми? Рақиб гол урганида, терма жамоамиз уриши мумкин эмасми? Мумкин, албатта! Ахир миллий жамоамизнинг ҳозирги расмий рақиблардан кам жойи йўқ. Вакилларимиз рақибнинг битта голига 2та ёки бундан ҳам ортиқ аниқ зарба билан жавоб қайтара олишади. Ҳа, гол уриш тайёр ошни тановул қилиш эмас. Биз бундай қиёсдан йироқмиз. Бироқ айни чоғда «Терма жамоа аъзоси қийин вазиятда гол уриши шарт» қабилидаги қараш тарафдоримиз ҳам.

Не-не учувчилар қалтис вазиятда, деярли умидсиз ҳолатларда таваккалига иш тутишади ва самолётни эсон-омон қўндириш йўлини топишади. Чироқ ўчган, компьютерлар ишламаётган бўлса ҳамки, таҳририят газетани тайёрлаш ва чоп этишга эришади. Ҳаммасига сабаб - профессионал бурч. Шундай йўлдан бориш - терма жамоа аъзосига айланган футболчининг муқаддас вазифаси. Шу маънода айтсак, ўйинга тайёр бўлмаса ҳам, мураббий чорловини қабул қилиш, ва буни ватанпарварликка менгзаш ҳақиқий футболчи учун муносиб саналмайди. Жарроҳ ўзини тайёр ҳисобламаса, операция хонасига кирмайди. Негаки, инсон тақдири билан ҳисоблашмаслик - жарроҳ учун касбга хиёнатдир. Шундай экан, ўйинга шай ҳолатга келмаган футболчининг ҳам «Ватан учун майдонда ўлишга тайёрман!» қабилида тўп суришга чоғланиши оқлаб бўлмайдиган хатти-ҳаракатдир. Йўқ, сен шу ўйинда жон фидо қилишинг шарт эмас. Шунчаки, ўрнингни муносибларга бўшат ва янги имконларингни кут! Ҳар бир футболчи Ватан шарафи, миллат шаъни нуқтаи назаридан лозим топилса, мураббийга ўзидан кучлироқ бошқа ижрочини тавсия этиши даркор. У айтсинки, «Ҳарчанд ишонч билдирманг, ҳарчанд ҳаракат қилмайин, барибир, терма жамоада муносиб тўп суролмайман. Сиз эътибор бермаётган анави йигит эса қатъиятли ва мушкул аҳволда ҳам гол уришга қодир!»

Ширин романтика бу сўзлар, тўғрими? Йўқ, тўғри эмас. Футболимизда ширин романтика даври аллақачон ортда қолган. Футболчиларимиз орасида ҳам ҳақиқат юзига тик қарайдиганлар анча-мунча топилади. Мураббийлар штаби ана ўшаларнинг фикр-мулоҳазаларига ҳам қулоқ тутса ва тегишли хулоса чиқарса, терма жамоамиздаги руҳият тубдан янгиланади. Тўп ўтказиб юборилгач, рақибга икки ҳисса жавоб қайтариш муаммога айланмайди. Қаранг, аввалроқ «Челси» немис «Бавария»сига 2:3 ҳисобида имкониятни бой берганди. Куни кеча эса Флоридода кечган «Эль-класико»да «Реал» азалий рақиби - «Барселона»дан шундай кўринишда енгилди. Ҳар икки баҳсни кузатиб, очиғи, «Челси» ва «Реал»ни кўпроқ олқишладик. Нега? Чунки уларда енгилиш кайфияти мутлақо сезилмади. Дейлик, «Реал» Роналдусиз ҳам Зидан фалсафаси бўйича тўп сурди. «Челси» - «Интер» баҳсида эса итальянлар 2та тўп фарқ билан олдинга чиқиб олишгач, «кўклар» шиддатлироқ ўйнашди. Назаримизда, «Бавария»да руҳий маром бузилган. Чунки жамоа «Милан»га қарши баҳсда аёвсиз курашолмади. Фақат йирик мағлубиятдан кейингина ўзини бироз ўнглади. Лекин бу ўнгланиш ҳам мустаҳкам, эмас, чоғи. Акс ҳолда, Карло Анчелотти шогирдлари «Челси» билан баҳсдаги йирик ҳисобни минимум даражада қисқаришига йўл қўйишмасди. Европа Лигаси учинчи саралаш раундида эса «Краснодар» Даниянинг «Люнгбю» клуби дарвозасига сўнгги сонияларда гол урди. Игорь Шалимов ўзи бошқараётган машина газини шундай босиб турдики, бунинг натижаси ўлароқ, футболчилар рақиб жарима майдончасини мутлақо ўраб олишди. Аёнки, бу ҳам осон эмас, аммо «Краснодар»га гол зарур эди. Голга зарурат кучайганидан кейин «қамал» даражаси ҳам ошди. «Локомотив» ва «Бухоро» ўртасида Ўзбекистон кубоги ярим финали йўлланмаси учун кечган жавоб баҳсида афсуски, биз юқорида тилга олган ҳолат кузатилмади. Бухороликлар 90 дақиқа давомида кучли рақибга муносиб қаршилик кўрсатишди. Улуғбек Бақоев шогирдлари асосий вақт давомида бир қатор қулай вазиятдан фойдаланишолмади. Биз энг муҳим паллада «Бухоро» «Асосий вақтда бўлмаса, қўшимча бўлимларда гол урамиз» қабилидаги шашт билан тўп суришига ишонгандик. Начора, ишончимиз ўзини оқламади. Улуғбек Бақоев - терма жамоамизнинг собиқ ва тажрибали футболчиси. Не тонгки, биз мулоҳаза юритган мавзу - «касаллик» у билан Бухорога ҳам борибди. Бунақаси кетмайди. «Бухоро» лоақал битта гол уриши, шунга куч ва имкон топиши керак эди. «Бирники мингга, мингники туманга», деганларидек, шундагина миллий жамоамизда охиригача курашиш, гол уришга ишонч ва иштиёқ руҳи мустаҳкамланади.

 

Муҳаммад Вали


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz